Қўшилган қиймат солиғи ҳақида


 

     Тошкент вилояти давлат солиқ бошқармаси раҳбари ва мутахассислари, Қуйичирчиқ туман ҳокими, туман прокурори ва давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ҳамкорлигида туман тадбиркорлари билан яқиндан учрашиб, қизиқарли, асосийси фойдали суҳбатлар, шунингдек, бугуннинг энг долзарб масалаларидан бири — қўшилган қиймат солиғи ҳақида содда тилда тушунтириш мақсадида семинар ўтказди.

Семинарда иштирокчилар томонидан асосан қуйидаги саволлар бўйича мурожаат қилинди.
- Солиқлар қайси мақсадларга ишлатилади?
-Барчамиз солиқ тўловчимиз. Кўпчиликда бир табиий савол туғилади. Солиқлар нимага сарф бўлади?
- Энг кам иш ҳақининг миқдори ҳақида тушунтириш беринг?
- Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг ҳисоб-китоби, йил якунлари бўйича йиллик молиявий ҳисобот тақдим этиладиган сана қачон?
-Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлаш муддатлари қачон?
     Жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғидан озод этилиши тўғрисидаги саволлар берилди ва мутахассислар томонидан қуйидаги жавоблар айтиб ўтилди. Солиқлар нимага сарфланиши тушунтирилди. Солиқлар бюджет даромадларини шакллантиришнинг асосий манбаси бўлиб, ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатларига, нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш харажатларига, иқтисодиёт харажатларига, марказлаштирилган инвестицияларни молиялаштириш харажатларига, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларини, адлия ва прокуратура органларини сақлаб туриш харажатларига, судларни сақлаб туриш харажатларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини сақлаб туриш харажатларига ва бошқа харажатларга ишлатилади.
     Шундай экан, сиз солиқ тўловчи экансиз, ватанимиз ривожи учун ўз ҳиссангизни қўшаяпман деб ҳисоблайверинг;

- Сўнгги кунларда энг кам иш ҳақининг миқдорига оид эълон қилинган хабарлар ортидан турли тушунмовчиликлар келиб чиқмоқда. Айримлар мазкур хабарни бироз нотўғри талқин қилишаётганлиги сабабли, соҳа мутахассиси сифатида қисқа изоҳ бериб ўтмоқчиман.

     Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 январдаги 47-сонли қарорига биноан, меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасига ўзгартириш киритилди ва 1-, 2- ҳамда 3-разрядлари коэффициентлари оширилди.

     Киритилган қўшимчалар шуни англатадики, ходимларга тўланадиган иш ҳақининг энг кам миқдори 577 минг 172 сўм этиб белгиланди (илгари 501 минг 959 сўм эди).

     Президент Фармони билан белгиланадиган энг кам иш ҳақи миқдори (ҳозирда 202 минг 730 сўм) бу Ўзбекистонда ходимлар энг кам шунча иш ҳақи олади дегани эмаслигини тушунтиришга ҳаракат қилинди.
     Президент қарорида келтириладиган ЭКИҲ суммаси бу солиқлар, мажбурий тўловлар, жарималар тўлаш учун асос бўлади;

- Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг ҳисоб-китоби, давлат солиқ хизмати органларига ортиб борувчи якун билан йилнинг ҳар чорагида ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса, йиллик молиявий ҳисобот тақдим этиладиган муддатда тақдим этилади;

- Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлаш тўғрисидаги тўлов хабарномаси давлат солиқ хизмати органи томонидан солиқ тўловчиларга имзо қўйдирилган ҳолда ёки тўлов хабарномаси олинганлигини ва олинган санани тасдиқловчи бошқа усулда ҳар йили 1 майдан кечиктирмай топширилади.
     Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни солиқ даври учун тўлаш ҳисобот йилининг 15 октябрига қадар амалга оширилади;

- Қуйидагилар Жисмоний шахслар мол-мулк солиғидан озод этилади:
1-Пенсионерлар;
2 - I ва II гуруҳ ногиронлари;
3 - Уруш ногиронлари ва қатнашчилари;
4 - 10 ва ундан ортиқ боласи бор аёллар.
     Ушбу имтиёзлар агар мол-мулк юқоридагиларнинг номида бўлса амал қилади деб батафсил жавоблар беришди.

     Умид қиламизки, бугунги семинар солиқчилар учун ҳам, солиқ тўловчилар учун ҳам бирдек қизиқ, фойдали бўлди.

 

Тошкент вилояти давлат солиқ бошқармаси