Ҳолвани ҳоким ейди...


 

ҲОКИМЛАРНИ ТЕЗ-ТЕЗ АЛМАШТИРИШ ЭМАС, БАЛКИ САЙЛАШ КЕРАКДИР. ШУ ЙЎЛ БИЛАН ПОРАХЎРЛИККА ҚАРШИ КУРАШСА БЎЛАДИМИ?


Ҳокимларни тез-тез алмашиб туриши уларга роса қўл келмоқда. Ҳокимликдан бирон бир муаммони қачон ҳал бўлишини сўрасангиз “Ўзи ишга келганимга кўп бўлмади секин-секинде. Бирдан сизга ҳамма нарсани ҳал қилиб бўлмайдию”ки “Бу мендан аввалги ҳоким даврида бўлган, энди бундай бўлмайди”, деган жавобни оласиз. Шунга ўхшаш гап билан янги ишга келган ҳар-қандай мутасадди жавобгарликдан қутилиб қолмоқда. Шайхонтоҳур ҳокимининг бир кунлик иш кунини ёритганим эсимда. У ҳам бу лавозимга келганига кўп бўлмаганини эслатганди ва йил охиригача ўрганиб юрган камчилик муаммоларни тезроқ ҳал этишини айтган. Орадан кўп вақт ўтмай у ҳам лавозимидан четлатилиб, ўрнига янги ҳоким қўйилди. Янги ҳоким тумандаги вазиятни ўрганиб, камчиликларни секин-секин ҳал этиш жараёнига етиб келгунча креслони яна бошқа шахсга бўшатиб бермаслигига ким кафолат беради? Унгача Шайхонтоҳур туманидаги авария ҳолатига келган ёғочли сим ёғочлар ўта хавфли тарихий обьектлар сирасига кириб улгиради.
Юнусобод туманига ҳам яқин кунларда янги ҳоким тайинланди. Аввалгиси рекорд миқдоридаги пора билан қўлга тушган эди. Бу туманда ўз ечимини кутаётган муаммолар жуда кўп. Юнусободда Астрономия боғида катта қурилишларнинг қоқ ўртасида қолиб кетган маҳалла ҳақида мақола ёзган эдим. Ёмғирли кунлар бошланяпти қурилишнинг қоқ ўртасида яшаётган ахоли лой кечиб, экскавторлардан сакраб ўтиб уйига кирмоқда. Қолаверса уларга уйлари ўрнида қурилиш қилиниши ҳақида огохлантириш хати берилган. Лекин, кўчиб ўтиш учун жой кўрсатилмаган. БУ ерда ҳам Себзордаги вазият такрорланмаслигига ким кафолат беради? Янги ҳокимда эса бахона бор. Ахир у кеча келган, лавозимига энди киришди. У вазиятни ўрганиб чора кўришга қарор чиқаргунча, Астрономия боғидаги 10-15 академик, фан докторлари лой ариқларни кечиб уйига ўтишга мажбур. Бу муаммога аввалги ҳокимни қўли тегмаганди. Янгисининг эса ҳали бу жойга кўзи тушмади. Тез-тез алмашган ҳокимлардан назаримда фақат ахоли зарар кўрмоқда. Балки, уларни сайлаш вақти келгандир. Шунда порахўрлик ҳам камаяр. Тошкент Шаҳар ҳокими ҳам ўз лавозимида янги эканлигини бир неча бор бахона қилган. Лекин, у август ойидаги Халқаро Пресс-клуб анжуманида пойтахт аҳолиси 5-6 ой ичида шаҳарда ижобий ўзгаришларни сезишини айтганди. Агар, кесилаётган дарахтлар ва темир арт фигураларнинг кўпайиши “ижобий” ўзгаришлар сирасига кирса биз уларни сезиб бўлдик, бошқа уринишмаса ҳам бўларди. Темир АРТ фигуралар ҳам кўпчиликка ёқмаяпти. Уларни “АРТ” деб санъатга боғлаганим учун узр. Бу янгиликка ҳам туман ҳокимликларининг жавоби тайёр “биздан олдинги ҳокимнинг иши бу”. Мен ҳокимлари алмашаётган туманларни ўзим ижарага берадиган уйга ўхшатаман. Вақтинчалик ижарачилар, вақтинчалик қарор ва хоҳишлари билан уйни танг ахволга келтириб улгиришди. 
Бахоналардан чарчадик, бахоначиларни йўғе муносиб номзодларни сайлаш вақти келмадими?

 

Анора СОДИҚОВА

 

Суратлар "Муштум" журналидан олинди.