Эркаклар ҳуқуқини ким ҳимоя қилади?


   Кўринишидан улар ажрашади. Балки, ажрашишгани ҳам маъқул назаримда. Фақат шу битта норасида боласига ичинг ачийдида. (Аслида аёл бошқа бир эркак томон илк қадамини босган эди.) Эр-хотин жанжаллашишди. Улар ажрашишди. Қонун  бўйича вояга етмаган фарзанд онаси билан қолади. Она-бола ўзга уйда яшашга кетди. Энди эркак қонун бўйича вояга етмаган фарзанди учун алимент тўлайди...
   Бугунги кунда аёлларимиз учун, авваллари фақат киноларда, телевидениеда кўриш мумкин бўлган ва орзу қилган воқеликлари ниҳоят бизга ҳам кириб келди. Яъни, бугунги кунда аёлларимиз жамиятнинг ҳар бир жабҳасида бемалол ўзларини кўрсатишга, керак бўлса, ўша қилган меҳнатлари эвазига рағбатлантирилишига, муҳим лавозимларга қўйилишига ҳам гувоҳ бўляпмиз. Биз, яъни аёллар бундай имкониятлардан тўлалигича фойдаланишга ҳаракат қилмоқдамиз. Орамиздан кўпчилик бунга муносиб эканликларини амалда исбот ҳам қилиб келишяпти. Илмий фаолиятни қарайсизми, тадбиркорлик йўналиши, сиёсий йўналишми, спорт, маданият, қурилиш инженерияси, автоулов бошқаришми, қўйинки, барча турли йўналишларда аёллар бундай эътирофларга муносиб эканликларини кўрсатишга ҳаракат қилишмоқда.
   Бу биз аёллар учун қувонарли ҳол, албатта. Бироқ, айни шу кунларда “танганинг иккинчи томони” ўйлантиряпти одамни.
   Биз, яъни аёллар ҳар жабҳада эркаклар билан тенг ҳуқуқли бўлишга жон-жаҳдимиз билан ҳаракат қилиб, ҳатто бунга қонунан эришдик ҳам, лекин эркакларнинг ҳуқуқлари ҳақида, оиладаги ва жамиятдаги ўрни ҳақида унутиб қўйгандекмиз гўё. Ҳатто эркак қайси амаллари ва қайси фазилатлари билан яратилганлиги ҳақида ҳам ўйлашни эсдан чиқардик.
   Бу кетишда, ҳар тарафлама ҳуқуқларидан айрилаётган эркакларимиз бора-бора боши берк кўчаларга кириб қолмасликларига ким кафолат бера олади? Бунинг оқибатида ўзимизнинг хохишимизга қараб ўғилларни тарбиялаяпмиз. Яна тинмай  “эркакларимиз ” ўзларига ўхшамай қолишяпти деб нолиб ҳам қўямиз. Фикримча, эркак– эркакдай, аёл– аёлдай бўлгани яхши.
— Тасаввур қилинг, эр хотинига зарур уй юмушини буюрди. Аёл чарчаган, лекин бу ишни қилишга имконияти бор. Бироқ чарчаганлигини пеш қилиб, ўша ишни бажармайди. (аёл биладики, мабодо эри унга қўл кўтарса - қонун уни ҳимоя қилади) .
— Аёл эрига гап қайтарди ва катта жанжал кўтарилди. Эрнинг шу даражада жаҳли чиқди. Тушундики, урмасдан аёлини жанжалдан қайтаролмайди. Бироқ, хотинига қўл кўтармади. Аниқроғи қўл кўтара олмади. Чунки, биладики, қонун аёли томонида. Лекин эрнинг ор номуси тутиб унга қарши гувоҳлик бериши мумкин бўлган ўша хотинини ўлдириб қўя қолди...
— Эр уйланиб, ҳаётида энг яқин дўстлик бўлдим, деб ҳисоблаганди. Имкон қадар аёлини ҳақиқий елкадош бўлишга ундаб чарчади. Аёл зотидан кўнгли қолди. Жамиятдаги ўрнидан воз кечишга мажбур бўлди.
   Энди бир фикр қилиб кўрайликчи, бугунги кунда биз эркаклар билан тенглаша олаётганлигимиз қаҳрамонликми? Ёки эркакларимиз диний ва дунёвий илмларга амал қилиб аёлларга ўз ёнларидан жой ажратиб бера олаётганликлари қаҳрамонликми?
   Энди фикрим бошида келтириб ўтган воқеа манзарасига эътиборингизни қаратмоқчиман:  
   “Бир” деганда ҳам фарзанди, ҳам аёлидан айрилган эркак тарафидамисиз ёки ўз манфаатинигина кўзлаб эрдан ажрашган, боласига алимент тўлаттираётган аёл тарафидамисиз?
   Аслида ҳақ-ҳуқуқ деганда нимани тушунамиз?
   Биз эркакларимизни ўз миссиясидан айириб қўймаяпмизми?.. 

Гулнисо САИДОВА,
“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши
Марказий аппарати сектор мудири.