Ичида чироқ ёқса ёришмайди


 

     Қувасой шаҳрида яшовчи вояга етмаган Асилбек Турдибоев оилавий шароитининг моддий жиҳатдан қийинлиги сабаб  "Сафарали" маҳалласидаги ошхонада ишчи бўлиб ишлаб юрар эди. 2019 йил 31 декабрь куни Асилбек иш вақти тугагач,  уйга бормай, А.Хотамов, М.Раҳматжонов ва “Шаҳзод”, “Мусо”, “Нортой” исмли шахслар билан учрашди.  
   Олдиндан тузилган режага мувофиқ, улар  ноқонуний йўллар билан Қирғизистон Республикаси ҳудудига ўтиб,  у ердан Ўзбекистонга электр лампочкаларини олиб ўтиш эди. 
Улар 5000 сўмдан ҳар бир қутидаги лампочкани Ўзбекистон ҳудудига ташиб ўтишни мақсад қилишди. 
   Шундан сўнг, А.Турдибоев 2019 йил 31 август куни соат 23 да жиноий шериклари билан бирга Қувасой шаҳар Юқори Мўйян МФЙ ҳудудидаги чегара симлари тортилган ҳудудга бориб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 6 январь кунги Қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга чиқиши ва Ўзбекистон Республикасига кириши тартиби қоидалари”ни  бузиб, сим тўсиқлари остидан Қирғизистон Республикасига ўтиб, у ерда қоғоз қутиларда турган электр лампочкаларни Ўзбекистон ҳудудига ташиб ўтаётганда, 9229-сонли ҳарбий қисм чегара хизматчилари томонидан қўлга олинди.
   Мазкур жиноят иши 2020 йил 4 февраль куни жиноят ишлари бўйича Қува туман суди томонидан мазмунан кўриб чиқилиб, вояга етмаган А.Турдибоев Ўзбекистон Республикаси ЖК 223-моддаси 2-қисми “б” банди билан айбдор деб топилиб, унга ЖК 57 ва 821-моддаларини қўллаб, 120 соат мажбурий жамоат ишлари жазоси тайинлади. 
 

Сардорбек ИСРОИЛОВ, 
Жиноят ишлари бўйича 
Қува туман судининг  
судья ёрдамчиси.