Йогурт ва пишлоқнинг таркибида нима бор?


 

Йогурт ва пишлоқнинг таркибида нима бор?
 
– Яқинда савдо расталаридан фарзандим учун йогурт ва пишлоқ (сир) сотиб олдим. Болалар бу маҳсулотларни катталарга нисбатан кўпроқ яхши кўриб истеъмол қилади. Лекин бу маҳсулотларни сифатли ва яроқли эканлигини қандай билсак бўлади? Унинг таркиби нималардан ташкил топган?
 
Хумора АСАДУЛЛАЕВА,
 Тошкент шаҳри.
 
Йогуртнинг турлари
 
     Йогурт неча минг йиллардан бери Шарқий ўрта Денгиз ва Болқон халқлари ўртасида севиб истеъмол қилинувчи сут-қатиқ маҳсулотидир. Уни пастеризацияланган сутдан олинади. 
     Йогурт ҳозирги кунда парҳезбоп маҳсулот ҳисобланиб, ишлаб чиқариш бўйича жаҳонда биринчи ўринда туради. 
     Йогурт – юқори даражадаги ёғсиз сут маҳсулоти бўлиб, истеъмолчилар томонидан севиб истеъмол қилинадиган маҳсулотлар таркибига киради. Унинг таркибидаги мавжуд маҳсулотлар давлат стандартлари асосида тайёрланади ва қадоқланади. Бу жараённинг ҳам ўзига яраша қонун-қоидалари мавжуд. 
     Ушбу маҳсулот таркибидаги ёғ улушига кўра классик, ярим ёғли, ёғсиз турларга бўлинади. 
     Йогурт қандай маҳсулотлар таркибидан иборатлигига қараб, тўлдирмаларсиз, хушбўйли, хўл-реза мевали тарзда ишлаб чиқарилади. 
 
Маҳсулотнинг таъми, ҳиди, ташқи кўриниши...
 
     Бу маҳсулотни истъемол қилаётган харидорлар унинг қуйидаги талабларга жавоб беришини инобатга олишлари керак. 
     Ташқи кўриниши: асосан бир хил, меъёрида ёпишқоқ, таъм ва ҳид берувчи озуқавий қўшилмалар ишлатилганда – уларнинг номи билан.
     Таъми ва ҳиди: нордон сут, ўзга таъми ва ҳиди йўқ, меъёрида ширин, қўшилган ингридиентларга хос таъм ва ҳидга эга.
Ранги: бир хил, оқиш-сут ранг, бироз крем тусида ёки қўшилган ингридиент рангига хос.
Эслатма: йогуртдаги пентиюглар, токсик элементлар, микотоксинлар, антибиотиклар ва радионуклидлар, меламиннинг миқдори ва микробиологик кўрсаткичлари ўрнатилган йўл қўйиладиган меъёрдан ошмаслиги керак. 
 
Қандай хом-ашёлардан ташкил топган?
 
Эслатма: Йогурт ишлаб чиқариш учун Ўзбекистон Республикаси Миллий сертификатлаштириш тизимида сертификатлаштирилган, кириш назоратидан ўтган, Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги томонидан ишлатилишга рухсат берилган хом-ашёлардан фойдаланилади.
 
Уни тайёрлашда қуйидаги маҳсулотлардан фойдаланилади:
 
– стандартдан ўтган сигир сути;
–Қуюлтирилган ёғсиз сут;
–Олий нав пуркаб қуритилган қаймоқ;
–Стандартлар бўйича ичимлик суви;
–Пастеризацияланган сигир сути;
–Мувофиқли сертификати бўйича қуруқ бакконцентрат;
–Мувофиқли сертификати бўйича тўғридан-тўғри солинадиган ачитқилар.
Қўшимча маҳсулотлар
 
Йогурт ишлаб чиқаришда қуйидаги тўлдирмалардан ҳам фойдаланилади:
–Шакар;
–Озуқавий хушбўйлантирувчи воситалар;
–Сабзавот ва мевали жем;
–Мева ва реза мева;
–Бўёқлар;
–Ширинлаштируувчи моддалар;
–Қуюқлаштирувчи моддалар.
 
Алоҳида белгилари
 
Харидорлар ушбу маҳсулотни қабул қилаётганларида шуни алоҳида эътиборга олишлари керак, яъни ҳар бир истеъмол идишида қуйидагилар бўлиши керак:
–Тайёрлаган корхона номи, мулк шакли, манзили, телефони;
–Ишлаб чиқарувчининг товар белгиси (агар бўлса);
–Маҳсулот номи;
–Ёғнинг массавий улуши;
–Массаси;
–100 г маҳсулотдаги озуқавий ва энергетик қиймати;
–Маҳсулотнинг таркиби;
–Сақлаш муддати;
–Сақлаш шароити;
–Ишлаб чиқарилган сана (кун, ой, йил);
–Мазкур стандартнинг белгиланиши;
–Яроқлилик муддати;
–O’zDST  бўйича мувофиқлик белгиси;
–Штрих код рўйхат рақами кўрсатилган ҳолда;
–Маҳсулотда "Мade in Uzdekistan”, ёки "Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган” деган ёзув бўлиши керак.
Дудланган пишлоқ қаламчалари
Сут саноатида пишлоқ (сир) жуда кўп турда чиқарилмоқда. Пишлоқлар юқори озиқлик қимматга эга бўлган маҳсулот ҳисобланади.
     Пишлоқ таркибида 20% дан 45% гача оқсил, 30% дан 50% гача ёғ бўлиб, пишлоқнинг калорияси 2000-4500 га тенг.
Кишилар озиқ билан қабул қиладиган тўла қимматли, алмаштириб бўлмайдиган барча аминокислоталар пишлоқ оқсилида мавжуд. Пишлоқ оқсиллари сут оқсилларига қараганда осон ва яхши ўзлаштирилади. Пишлоқ таркибида витаминлардан А, В1, В2 ва бошқалар бўлади.
 
Маҳсулотнинг ташқи белгилари
 
     Пишлоқ ҳарид қилаётганида унинг кўриниши қандай бўлиши кераклиги кўпчилик учун қизиқарли. Бу ҳам маҳсулот сифати ва таркибининг қандай эканлигини кўрсатиб берувчи омилларидан биридир. Улар қуйидагилар:
–Пишлоқ ёғли ва дудланган бўлади. Унинг диаметри 0,8 см дан кўп бўлмаган, 6-8 см узунликдаги тўртбурчак ёки айлана шаклда бўлади. 
–Унинг ранги тўқ сариқдан тўқ жигарранггача бўлиши мумкин. Эшилиш (бурма жойлари) очроқ рангда ҳам бўлади. 
–Пишлоқнинг таъми шўрроқ, ушбу турдаги маҳсулотларга хос, дудлангандаги таъм ва ҳидли бўлади. 
Нимага эътибор бериш керак?
Пишлоқ харид қилаётганда ҳам бошқа маҳсулотлар каби алоҳида белгиларига эътибор қилишни унутмаслик керак. Ҳар бир қадоқда қуйидагилар бўлиши керак:
–Ишлаб чиқарган корхона номи, товар белгиси, манзили, телефони;
–Маҳсулот номи;
–Тўп рақами;
–Таркиби;
–100 г маҳсулотни озуқавийлик ва энергетик қиймати тўғрисидиги маълумот;
–Массаси, г;
–Ишлаб чиқарилаган санаси (кун, ой, йил);
–Сақлаш шароитлари ;
–Сертификатлаштирилганлиги тўғрисида маълумот;
–Штрих коди рўйхатга олинган тартиб рақами билан бирга.
     Дунёда юздан ортиқ пишлоқ турлари бор. Улар бир-биридан қайси ҳайвондан сут олингани, қанча сақлангани, қанча миқдорда ёғи борлиги ва ҳоказо сифатлари билан фарқланади. Баъзи пишлоқларда коваклар ҳам бўлади. 
     Пишлоқ ўзининг таркибида ёғ, оқсил ва кальций, фосфор минералларини узоқ вақт сақлай олгани боис ушбу моддаларга муҳтож одамлар учун фойдалидир.
 
Қамариддин БОҚИЕВ,
Республика давлат санитария эпидемиология назорати маркази, овқатланиш гигиенаси бўлим мудири, тиббиёт фанлари номзоди:
-Озиқ-овқат маҳсулоти ишлаб чиқаришда аввало, Ўзбекистон Республикасининг "Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги қонуни, белгиланган стандарт талаблари, технологик йўриқномаларга риоя этилиши, маҳсулотнинг сифати ва хавфсизлиги таъминланган ҳолда истеъмолчига етказилишига маҳсулот ишлаб чиқарувчи жавобгардир. Ҳар бир маҳсулот давлат рўйхатидан ўтган меъёрий ҳужжатлар асосида ишлаб чиқарилиши керак, маҳсулот таркибига қўшилган хомашёлар Соғлиқни сақлаш вазирлигидан рўйхатдан ўтган бўлиши шарт.
Ишлаб чиқарилаётган ёки чет давлатлардан олиб келинган озиқ-овқат маҳсулотлари жумладан йогуртлар белгиланган тартибда хавфсизлик кўрсатгичлари бўйича лаборатория текширувларидан ўтказилади ва уларга  гигиеник хулосалар расмийлаштирилади. Гигиеник хулоса олинмаган озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва аҳолига сотиш қатъий тақиқланади. Республикамизда Давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари тасарруфида аккредитациядан ўтказилган 32 та лабаратория мавжуд бўлиб, уларга гигиеник хулосалари бериш ваколатига эга.
"Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунининг 12-моддасида озиқ-овқатлар ишлаб чиқарувчи юридик ва жисмоний шахслар уларни қадоқланган, ўралган ва қонун ҳужжатларига мувофиқ тамғаланган ҳолда ишлаб чиқаришлари, қадоқланган маҳсулот ёрлиғида унга тегишли бўлган барча маълумотлар келтирилган бўлиши шартлиги кўрсатилган. Ушбу қонуннинг 14-моддасида стандарт талабларига жавоб бермаган, истеъмол муддати ўтган, қалбакилаштирилган ҳамда сақлаш ва реализация қилиш учун тегишли шароит бўлмаса озиқ-овқат маҳсулотларини реализация қилиш тақиқланиши белгиланган.
     Истеъмолчилар озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилаётганда ана шу талабларга алоҳида эътибор қаратишлари лозим. 
 
Олмос тайёрлади.