Танланиш ҳуқуқидан маҳрум этилган далолатномалар


 

 

Танланиш ҳуқуқидан маҳрум этилган далолатномалар

 
     Инсон туғилганидан то ҳаётининг сўнгига қадар маълум тартиб-қоидаларга бўйсуниб яшайди. Бу бир тарафдан унинг хавфсизлигини таъминласа, иккинчи томондан манфаатларини ҳимоя қилади. Шунинг учун ҳам уларнинг ҳаётида содир бўладиган муҳим воқеалар белгиланган тартиб-қоидалар асосида давлат органлари томонидан қайд этиб борилади. Фуқаролик ҳолати далолатномалари тўлиқ ва ўз вақтида қайд этилиши жамиятимиз ривожланишида ўзига хос аҳамият касб этади. ФҲДЁ органлари фуқаролар ҳаётидаги муҳим воқеа ва фактларни қайд этиш ваколатига эга бўлган давлат органларидир. ФҲДЁ органлари Ўзбекистон Республикаси Оила Кодекси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 апрельдаги 171 сонли қарори билан тасдиқланган Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш Қоидаларига ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2013 йил 31 декабрдаги 400-мҳ-сонли буйруғига 1-илова "ФҲДЁ органларида иш юритиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқномага асосан иш олиб боради. ФҲДЁ органларида туғилиш, никоҳ, никоҳдан ажратиш ва ўлим ҳолатлари қайд этилади. 
 
Туғилишни расмийлаштириш мажбурий
 
     Туғилишни қайд этиш мажбурий бўлиб, бола туғилган жойдаги ёки ота-онасидан бирининг доимий яшаш жойидаги ФҲДЁ органида амалга оширилиши лозим.
     Туғилганлик ҳақидаги ариза бола туғилган кундан бошлаб бир ой муддат ичида ота-онаси ёки улардан бири, алоҳида ҳолларда эса, қариндошлари, тиббий муассасалари маъмурияти, ички ишлар ёки васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан берилиши мумкин.
     Эслатма: Белгиланган муддатнинг ўтиб кетиши туғилганлик ҳолатини қайд этилишига тўсқинлиқ қила олмайди.
    Керакли хужжатлар: тиббий муассасасининг бола туғилганлиги тўғрисидаги тиббий маълумотномаси, ота-оналарининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар., никоҳ тузилганлиги ҳақидаги  гувоҳнома ёки оталикни белгилаш ҳақидаги ариза ёхуд  онанинг аризаси тақдим этилиши белгиланган.
 
Никоҳни қайд этиш тартиби:
 
     Никоҳ – иккала томоннинг розилиги асосида тузиладиган қонуний ҳужжат бўлиб, диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас.
     Никоҳ никоҳ тузишни хоҳловчи шахслар томонидан улардан бирининг яшаш жойидаги ФҲДЁ органларига белгиланган тартибда ариза билан мурожаат этилгандан сўнг бир ой муддат ўтгач, шахсан уларнинг иштирокида никоҳ қайд қилинади. ФҲДЁ органлари томонидан никоҳланувчи шахсларнинг никоҳини қайд этиш тўғрисидаги аризасини қабул қилишда белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтиш учун йўлланма берилади. 
     Алоҳида ҳоллар (ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги ва бошқалар)да никоҳ тузилганлиги ариза берилган куни қайд этилиши мумкин.
     Никоҳ ёши аёллар учун 17 ёш эркаклар учун 18 ёш этиб белгиланган. Узрли сабаблар бўлганда, алохида ҳолларда никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириши мумкин.
 
Никоҳдан ажралиш...
 
     ФҲДЁ органида эр-хотиннинг ўзаро розилиги бўлганида никоҳдан ажралишда ариза берувчилар фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига берган аризаларида ўртада вояга етмаган болалари ва мулкий низолари йўқлигини тасдиқлашлари шарт. Никоҳдан ажралиш ариза берувчиларнинг яшаш жойидаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига ариза берилган кундан бошлаб уч ой муддат ўтгач қайд этилади. 
     Эр-хотиндан бирининг аризаси бўйича никоҳдан ажралишни қайд этиш учун фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига қуйидагилар тақдим этилади:
•Судларнинг 1998 йил 1 сентябргача ва 2010 йил 15 сентябрдан кейин қабул қилинган никоҳдан ажратиш ҳақидаги ҳал қилув қарорлари;
•Эр (хотин)нинг муомалага лаёқатсиз ёхуд бедарак йўқолган деб топилганлигитўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори;
•Эр (хотин) уч йилдан кам бўлмаган муддатда озодликдан маҳрум қилинганлиги тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳукмидан кўчирма, шунингдек судланган эр (хотин)нинг ўртадаги болалари ва мол-мулки юзасидан низоси йўқлиги тўғрисидаги тилхат.
     Никоҳдан ажралиш қайд этилганидан кейин собиқ эр-хотиннинг ҳар бирига никоҳдан ажралганлик тўғрисида гувоҳнома берилади.
     Ўзбекистон Республикасида ўзаро никоҳ тузган чет эл фуқароларининг никоҳдан ажралишини қайд этиш умумий асосларда амалга оширилади. 
 
Ўлимни қайд этиш
 
     Ўлимни қайд этиш ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳнома ёки суднинг шахсни вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги ҳал қилув қарорига асосан амалга оширилади.
     Ўлимни қайд этиш учун ФҲДЁ органига ўн олти ёшгача бўлган вафот этган шахснинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси, ўн олти ёшдан ошган вафот этган шахснинг эса шахсини тасдиқловчи ҳужжати ва тиббиёт муассасаси томоенидан берилган тиббий гувоҳнома тақдим этилади. Шахсини тасдиқловчи ҳуддат тақдим этилмаган ҳолларда ўлимни қайд этиш рад этилмайди. 
     Ўлим ҳақидаги далолатнома ёзуви қайд этилгандан сўнг, ўлим ҳақида гербли гувоҳнома расмийлаштирилади ва мурожаат қилган шахсга тақдим этилади. Айни бир вақтда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига ва дафн этиш жойига топшириш учун маълумотномалар берилади.
     Суднинг шахсни вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги ҳал қилув қарорига асосан ўлимни қайд этиш мазкур ҳал қилув қарорини қабул қилган суд жойлашган ердаги ФҲДЁ органи томонидан амалга оширилади. 
 
Мавжуда МАҚСУДОВА,
Тошкент шаҳар, Бектемир тумани ФХДЁ бўлими мудираси.