БОЛАСИНИ СОТГАН АЁЛ


 

 

БОЛАСИНИ СОТГАН АЁЛ

 

     Бугунги кунда айрим инсонлар яхши яшаш учун барча нарсасини, ҳаттоки одамларни ҳам алдаб, мумай даромадлар ваъда қилиб, уларни қул қилиб сотишаяпти. Энди уларнинг сафига тўққиз ой вужудида кўтариб юрган, тўлғоқ азобини бошидан ўтказган, кечалари ухламасдан бешигини тебратиб чиққан ўз боласини ҳам сотадиганлар қўшилгани ачинарли ҳолдир.

     Зулхумор (исм-шарифлар ўзгартирилган) ширин орзулар билан турмуш қурганди. Афсуски битта фарзандли бўлгач у турмушнинг муштларига чидай олмай ажрашиб, отасининг уйига кўзида ёш билан қайтиб келди. Бир амаллаб фарзандини ота-онасининг кўмаги билан тарбиялай бошлади. Бирор жойга кириб ишлай деса қўлида дипломи ҳам на бир ҳунари ҳам йўқ эди. Шунинг учун саккиз ёшли ўғли Акромни ота-онасига ташлаб, ўзи Тошкентга иш излаб келди. Сарсон саргардонликлардан сўнг бир амаллаб иш ҳам, бошпана ҳам топди. Шундай кунларнинг бирида у Мусурмон деган йигит билан танишиб қолди. Уларнинг дўстлиги севгига айланди. Шундан сўнг улар шаръий никоҳдан ўтишиб, биргаликда яшай бошлашди. Кўп вақт ўтмай Зулхумор ҳомиладор бўлди. Улар ўғил фарзанд кўришди. Унга Мардонбек деб исм қўйишди. Барча келишмовчиликлар шундан сўнг бошланди. Энди Мусурмон турмуш ўртоғига “Менга эътибор қилмаяпсан! Сенга фақат бола бўлса бўлди, кийимларим вақтида дазмолланмаган, овқат вақтида пишмайди!” дея жанжал қиладиган одат чиқарди. Кейин эса Зулхуморни камситиб, ҳақоратлаб, уриб дўппослайдиган бўлди. У оилани сақлаб қолиш ўрнига қайнотасига қўнғироқ қилиб қизи билан ортиқ яшай олмаслигини, уни олиб кетишини айтди. Эгамберган ота дарҳол Хоразмдан Тошкентга келиб қизи ва набирасини уйга олиб қайтди. Энди Зулхумор иккита боласи билан ота-онасининг топганига шерик бўлиб ўтирди. Ҳаш-паш дегунча Мардонбек икки ёшдан ошди. Зулхумор нима қилиб бўлсада тезроқ отасининг уйини тарк этишга ошиқди. Ўйлаб-ўйлаб танишларига айтиб, боласини сотишга қарор қилди. Пойтахтда яшайдиган таниши Фотимага қўнғироқ қилиб фарзанди Мардонбекни парвариш қилишга пули йўқлигини, жудаям қийналаётганлигини, яхши оила бўлса ўғлини сотиб юбормоқчилигини, уни пулига Тошкент шаҳрининг чеккасидан ўзига бир хоналик уй      сотиб олиб яшамоқчилигини айтди. Фотима унга ёрдам бериш учун дарҳол таниши Шарофатга бу ҳақда гапириб бериб унинг телефон рақамини ҳам берди.

Эртаси куни Шарофат Зулхуморга қўнғироқ қилиб унинг фарзанди ҳақида, уни сотиш қонунга хилофлигини тушунтирди. Аммо Зулхумор барибир Тошкентга бориб боласини сотиб юбормоқчи эканлигини таъкидлайверди. Шундан сўнг Шарофат унинг боласини ўзи сотиб олмоқчи эканлигини айтиб, учрашув жойини келишиб олишди.

Май ойининг охирларида она-болани  Шарофат Тошкентда кутиб олиб бир хонадонга олиб бориб жойлаштирди. Бола масаласида яна узоқ гаплашишди. Зулхумор боласини 2.500 АҚШ долларига сотмоқчи эканлигини ҳам айтиб ўтди. Шарофат ҳам бу нархга рози бўлиб у билан хайрлашди.

Эртаси куни у ИИВга бориб, у ердаги тезкор ходимларга бўлган ҳолатни гапириб берди. ИИВ ходимлари унга 2.500 АҚШ доллари муляж пулларини ва диктофонни беришиб, нима қилиши лозимлигини тушунтиришди. Шу куни соат 14:00да у Зулхумор билан Мирзо Улуғбек тумани, Буюк ипак йўли кўчасида жойлашган “Бухоро” кафесида учрашишди. Шарофат Зулхумордан паспорт нусхасини орқа томонига унга сотган фарзандига кейинчалик даъво қилмаслиги ва қайтариб олмаслиги учун ўз хоҳиши билан тилхат ёздириб олди. Сўнгра келишувга биноан Зулхуморга боласи учун 2.500 АҚШ долларини берди. Аёл пулларни қўлидаги қизил рангли сумкасига солди-да ҳеч нарсага тушунмасдан мўлтираб турган боласининг пешонасидан ўпиб хайрлашди. Мардонбек энди бир умрга онасидан айрилаётганини сезгандек маҳкам уни қучиб олиб йиғлаб юборди.Зулхумор эса уни ўзидан зўрға ажратиб болани Шарофатнинг қўлига топшириб кетишга шайланганда унинг йўлини ИИВ ходимлари тўсишди. Ёнидаги нарсаларни тақдим этишини сўрашди.

Бу ҳолни кутмаган, орзулар уммонида учиб юрган Зулхумор бир пасда ерга тап этиб тушгандек бўлди. Кўз олди қоронғулашиб кетди. Беҳолгина стулга ўтириб, сумкасидаги паспортини, фарзандини сотгани учун олган 2.500 АҚШ долларини стол устига қўйди. Зулхуморнинг режаси чипакка чиқди.

Зулхумор ўзига ҳимоячи ёллади. Ҳимоячи Хоразмга қўнғироқ қилиб, Эгамберган отани чақиртирди. Ота дарҳол пойтахтга етиб келиб, у билан учрашиб, қизининг набирасини сотмоқчи бўлганлигини эшитиб анграйиб қолди.

Суд мажлисига Мардонбекнинг отаси Мусурмонни ҳам чақиртиришди. У Зулхуморга ўғлини кўрмоқчи эканлигини айтганида у фарзандини кўрсатишдан, учраштиришдан бош тортганлигини, боласини бошқа аёлга сотиб юбормоқчилигидан умуман хабари бўлмаганлигини айтиб, Мардонбекни ўзи боқиб вояга етказишга қарор қилди.

Жиноятга жазо муқаррардир. Суд Зулхумор Абдулботировани Жиноят кодексининг 135-моддасининг 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топиб 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этди.

   Аёл меҳрибон ва ғамхўр она, севикли, садоқатли ёр, жафокаш ва фидойидир. Бироқ Зулхумордек оналарни ким деб атаймиз, ким?

 

Хонбиби МАҲАМОВА, журналист