Бизни уялтирган киракаш - "Ҳаётимнинг бир куни" танловига


 
«Бола»сини илиб олишга аранг улгурди

     Ўн тўрт ёшларда эдим. Бир куни тоғамларникига меҳмонга бордим. Тоғам ўта самимий, содда ва ўз ўрнида жуда ишонувчан киши. Уларнинг кичкинагина ўғиллари бор эди.
     Бир пайт қарасам, тоғам ҳовлида ишлаб юрибди. Шўхлигим тутиб, ўғилчаларининг кийимларидан «бола» ясадим. Тоғамнинг атрофида бир-икки айланиб, «бола»ни ўйнатган бўлдим.  Сўнгра тоғамнинг рўпарасига келдим-да «Олинг болангизни», деб отиб юбордим. Тоғам бечора шиддат билан сакради-ю, «бола»сини илиб олишга аранг улгурди. Ўзига келиб қўлидаги қўғирчоққа қараб қизариб кетди. Уни фарзанди эмаслигини билгач, жаҳл билан ерга улоқтириб, мени қувиб кетди.  
                                                                                           
Севара ЙЎЛДОШЕВА.
 
Бу жой мен учун экан

     Одатий кунларнинг бири эди. Дарсга кеч қолаётганим учун шоша-пиша трамвай бекатига етиб олдим. Ана, узоқдан бизнинг «халоскор»имиз ҳам кўринди. Олдимда йиғилган тумонат одамнинг орасидан менга жой тегиши амримаҳол. Шунга  қарамай илдам қадамлар билан, ҳеч кимга йўл бермай, ҳеч кимни ўтказиб юбормай, чирмашиб, салонга ҳам чиқиб олдим. Йўловчилар кўплиги учун эшик ёнида  худди лайлакдек бир оёқда туриб қолдим. Манзилга етишга атиги тўққизта бекат бор эди.
     Учинчи бекатга етганда йўловчиларнинг кўпчилиги тушиб кетди. Ёнимдаги ўриндиқлардан бирининг бўш турганини кўриб, хаёлимдан «ўтириб олсамми?», деган фикр ўтди. Аммо тезда бу ўйдан воз кечдим. Атрофимда мени таъқиб этиб турган кўзлар остида бамайлихотир ўтиришнинг иложи йўқ эди. Ундан ташқари ҳар бир бекатдан кексалар чиқиб қолиши мумкин. 
     «Агар ҳеч ким чиқмаса кейингисида ўтирарман», дедим ўзига ўзим. Бу пайтда еттинчи бекатдан ўтаётган эдик. 
     Энди ўтирмоқчи ҳам эдимки, нуроний бир отахон чиқиб қолдилар. Жой кўрсатдим. Рад этдилар. «Бошингда бобонг тенги одам тик турса, сен навқирон йигит ўриндиққа ўтирасанми?», – дея мен ҳам жойимдан жилмадим.
     Кейинги бекатдан эса кулгиси билан салонни тўлдирганча бир талай қизлар чиқиб қолишди. Маданиятли йигитлар сингари қизларга йўл бердим. Афсус, бир зумда ярқ этиб порлаган «юлдузчалар» мендан аввалги бекатда тушиб қолишди.
     Бу вақтга келиб, мен ҳам манзилимга етиб қолган эдим. Бўш турган ўриндиққа қараб секингина шивирлаб қўйдим: эҳ, ўтирсам бўлмасмиди? Аслида бу жой менга аталган экан. 

Содиқ АБДУЛЛАЕВ,
Сурхондарё  вилояти.
 
Бизни уялтирган киракаш

     Яқинда қизиқ бир ҳодисанинг иштирокчиси бўлиб қолдим. Бир гуруҳ дўстларимиз билан яқин ўртадаги ўқув даргоҳига бориш учун такси тўхтатдик. Кексагина бир киши экан. Бизни олиб бориб қўйишга рози бўлди. Машинага ўтирдик. Гув этиб суҳбат бошланиб кетди. Биримиз замондош шоир-у ижодкорларнинг камчиликлар ва ютуқларини, янги чиққан асарларнинг таҳлили ва яна ўзимиз билган, билмаган мавзуларда баҳслаша бошладик. 
      Отахон ойнадан бир-икки қараб қўйди-да, сўнг секингина гап бошлади:
– Ким охирги марта Ойбек асарларини ўқиди?
     Биз ҳайдовчидан бундай саволни кутмаганимиз учун довдираб қолдик. Тан олиб айтиш керакки, бу яқин орада биронта бадиий асар ҳам ўқимаганимиз маълум эди. Жимжитликдан ҳайдовчининг ўзи бизни қутқарди:
– Биз болалигимизда Ҳамид Олимжоннинг шеър ва достонларини ёддан билардик. Мисол учун, "Ойгул билан Бахтиёр”нинг ҳар бир сатри ҳалиям ёдимда турибди, – дедилар-у, ўша достонни бошидан сўнгига қадар айтиб берди. Биз эса ҳайратимизга ҳайрат қўшилиб, эшитиб кетдик.
     Гап бориб, аниқ фанларга тақалгач билдикки, отахоннинг бу борада ҳам анча-бунча тажрибаси бисёр экан. 
     Шу баҳонада манзилга етгунга қадар кўплаб соҳалардан ўзимизга керакли маълумотларга эга бўлдик.
     Хуллас, шуни тушуниб етдикки, таҳсил олиш давомида ўқиш эмас, уқиш керак экан. Акс ҳолда бизга ўхшаб, ҳамманинг олдида изза бўлиб қолиш ҳеч гап эмас экан.
 
Зилола ТИЛЛАЕВА,
Тошкент вилояти.
 
Махсума ОҚҚЎЗИЕВА ёзиб олди.
Азиз муштарий!

     «Ҳаётимнинг бир куни» номли ушбу танловимизда иштирок этиш учун ҳаёт йўлларингизда содир бўлган қизиқарли, ҳайратланарли воқеаларни ёзиб, бизнинг электрон манзилимизга юборишингиз мумкин. Бадиий адабиёт талабларига жавоб берган ҳикоялар веб сайтимиз саҳифаларида чоп этиб борилади. Йил якунида фаол иштирокчилар ажойиб совғалар билан тақдирланади! 
Электрон почтамиз: Muzaffar@Muzaffar.uz
Мактубларингизни кутиб қоламиз!