"Ҳаётимнинг бир куни" танловига


 
 
Ўғрига хат

     Талабалар ётоқхонасида ҳар куни турфа хил воқеа-ҳодисалар содир бўлиб туради. Айниқса, совиткич можароси ҳеч ечимини топмайди. Нега дейсизми? Сабаби оддий. Ҳар куни умид билан қўйган маҳсулотларингиз кейинги гал очганингизда ўз-ўзидан ғойиб бўлиб қолади. 
     Хонамиз ошхонага яқин жойлашган. Шу сабабли бировнинг нарсаси йўқолганини биринчи бўлиб биз эшитамиз. Бечора нарсасини йўқотган талаба бор овози билан ўғрини қарғаётгани қулоғимизга чалинарди.  Ҳар гал шунга ўхшаш гап-сўзларни эшитганимда нарсасининг устига "Тегма!!!” деб ёзиб қўйишса бўлмасмикин деб ўйлардим. Чунки бирон маротаба нарса йўқотмагандик. Ким билсин, биз ейдиган нарсалар "жаноб” ёки "хоним” ўғрининг дидига мос келмасмиди? 
     Ёз бошланганди. Озиқ-овқат маҳсулотларини хонада ёки дераза токчасида сақлашнинг имкони бўлмай қолди. Ошхонада эса, ҳамон шовқин-сурон, чунки  ўғрилар кўпайганди. Музлаткичнинг эшиги ҳам ўғрига қаратилган турли номалар билан "безатилган” эди.  Турли тилларда ёзилган хатлардан ким қайси тилни ўрганаётганини дарров билиб оласиз. Инглиз тилидан тортиб, араб, рус, корейс, испан, ўзбек ва бошқа тиллардаги "хатча”ларни кўриб уларга тегишга ҳам қўрқади киши. Ахир адашиб кимнингдир нарсасига қўлингиз тегиб кетса борми… Ё сессиянгиз ёпилмай қолади ёки қаттиққўл домла сизни югуртиради, жуда бўлмаса бошқа шунга ўхшаш қарғиш билан сийланасиз.
     Бир куни биз ҳам нонушта учун олиб келган маҳсулотларимизни совиткичга қўйиб, эҳтиёт шарт устига катта қилиб, "Тегма!!! Сўрасанг бераман” дея  ёздик. 
     Кўза кунда эмас, кунида синади деганларидек, биз ҳам уларнинг нишонидан четда қолмабмиз. Ўқишдан хонага қайтгач, совиткични очиб қарасам, биз қўйган нарсаларнинг кўпи жойида йўқ эди. Юрагим "шув” этиб кетди. Гўё бизни мазах қилгандек ўғри жаноблари "жавоб хати” ҳам ташлаб кетибди. 
     Хатда шундай сўзлар ёзилган экан: "Пишлоқ катта экан, озгина кичрайтириб қўйдим. Раҳмат!”
     Ана шунақа гаплар!
Дилшода ДАУЛЕТБАЕВА,
Қорақалпоғистон вилояти. 
 
"Адашган” будильник

     Ота-онамиз ишдан кеч қайтишарди. Ёш бўлсак-да, қўлимиздан келганча уларга ёрдамлашишга ҳаракат қилардик. Шунинг учун уч ака-сингил рўзғор ишларини бўлиб олгандик. Кимнинг гали келса, ўша куни "навбатчи”лик унинг заммасида эди. 
     Баъзан дадам уйга ўртоқларини бошлаб келар ва ярим тундан ошса ҳамки, гаплашиб ўтираверишарди. 
     Қиш кунларининг бири эди. Ташқарида қор. Ҳаммаёқ қоп-қоронғу. Одатдагидек дадам уйга меҳмон бошлаб келди. Бироз вақт ўзиб, онам ҳаммамизни ичкарига киргизиб юбордилар. Ухлайдиган вақт бўлган эди. 
     Бизни эрталаб акам уйғотарди. Ўша куни акам будильникни соат еттига қўяман деб, адашиб, тунги бирга қўйиб қўйибди.
     Айни уйқу палласида будильник жиринглаб қолди. Кўзимизни аранг очиб қарасак, ташқари қоп-қоронғи. Ҳар куни мактабга кетаётганимизда ҳали кун ёришмаган бўларди. Шунинг учун бирин-кетин туриб, тайёрлана бошладик. Кийиниб бўлгач, сумкаларни елкага осдик-да, залга чиқсак, дадам ҳали ҳам ўртоқлари билан гаплашиб ўтирган экан. Бизни мактаб формасида турганимизни кўриб улар ҳайрон бўлиб қолишди. Бироздан кейин дадам:
– Йўл бўлсин, қаёққа?– деб сўради. 
– Мактабга, – деди акам ҳам бамайлихотир.
     Ҳаммалари кулиб юборишди. 
– Қани бориб ётақолинглар, бу пайтда мактабда нима қиласизлар? – дедилар-у, бизни ичкарига киргизиб юбордилар. Орқамиздан эса ҳамон кулгу товушлари келиб турарди. 
     Яхшиям дадамнинг ўртоқлари келишгани. Бўлмаса, ярим тунда мактабга йўл олар эканмиз. 
 
Анора УСМОНОВА,
Тошкент шаҳри.
 
Махсума ОҚҚЎЗИЕВА ёзиб олди.