"Ҳаётимнинг бир куни" танловига


 
"Зирагимни қайтиб берди”


     Мактабда ўқиб юрган кезларимизнинг бир йили қиш қаттиқ келди. Қор ҳам ерда узоқ туриб қолди. Бундай пайтда, табиийки, болалар хурсанд бўлишади.

     Биз ҳам танаффус бўлди дегунча кўчага югурардик. Қор бўрон ўйнагани. Дарс бошланганда эса, ҳамма ёғимиз оппоқ қор бўлиб кириб келардик. Устозларнинг танбеҳи ҳам баъзида кор қилмасди.

     Ана шундай кунларнинг бирида энди синфхонага киргандик ҳам, дугоналаримиздан бири "Зирагим йўқолиб қолди”, деб йиғлаб юборди. Ҳаммамиз бир-биримизга қараймиз. Кимга айтишни, қаердан қидиришни ҳам билмай тургандик, хонага синф раҳбаримиз кириб келди. Бўлган воқеани эшитгач, ўйланиб турди-да, "Қани ҳамма ён-атрофни излаб кўрсин, зора топилиб қолса”, деди.

     Синфхона ичидан топилмагач, бир-икки ўйинқароқ синфдошларимиз ҳовлига чиқиб кетишди. Шу қордан қандай топишмоқчи, билмадиг-у, биз ҳам уларнинг орқасидан эргашдик. Кириш эшиги ёнидаги залга кириб-чиқилавергач, қор билан қопланган, фаррош ҳали тозалашга улгурмаган эди. Ўша ерни қанча изладик, аммо фойдаси бўлмади. Бизни дарсда эмаслигимизни кўрган директор эшикни ёпди-да, ҳаммамизни ичкарига киргизиб юборди.

     Зиракнинг топилишидан умидимизни узиб, дугонамизга ачиниш билан қараб қўямиз. У эса кўзини ердан узмай ўтирибди. Бир пайт эшик очилиб, фаррош кириб келди-да, "Ким зирагини йўқотиб қўйганди?” деди. Ҳаммамиз бараварига "Биз” деб юборибмиз.

     Маълум бўлишича, директор кириш эшигини ёпиб қўйгач, залдаги қорлар эриб, ҳамма ёқ сув бўлиб қолибди. Уни артиб олмоқчи бўлган фаррош зиракни топиб олган экан. У зиракни эгасига бераётганида "Қизим, қор зирагингни қайтариб берди” деганди ҳазиллашиб.

 

 

Муниса ҚОСИМОВА,

Тошкент вилояти.


Ёш бола нимани ҳам биларди?


     Бугуннинг ёшларига гап топиб бериш қийин. Ҳамма саволга жавоблари тайёр. "Замонамиз болалари-да”, деб қўяди кўрган киши.

     Набирам эндигина беш ёшга чиқди. Билмаган нарсаси йўқ. Уни ўзим билан бирон ерга олиб чиққани қўрқаман. Ҳамманинг ёнида нимадир деб одамни уялтиришдан ҳам қайтмайди.

     Бир куни қўшнимизнинг ўғли хориж сафаридан қайтиб келди. Уни кўргани маҳалла-кўй қатори мен ҳам уларникига чиқдим. Ёнимда набирам ҳам бор. У "Россиядан келган бўлсалар шокалад олиб чиқамиз” деб орқамдан эргашганди.

Ҳол-аҳвол сўрашиб бўлгач, ташқарига чиқаётганимизда қўшнимиз набирамнинг қўлига бир нечта шоколад тутқазди. У бир шоколодга, бир менга қаради-да, сал узоқлашгач, "Буви, бу четники эмас-ку? Ташлаб юбораверайми?” деб қолса бўладими.

     Унинг қўлидан маҳкам ушлаб, нарироқ етакладим. Нима бўлганда ҳам бу шумтаканинг гапини қўшнимиз эшитиб қолмасин. Кўнглига келиб юрмасин тағин. Эҳ, замонамиз болалари-я! 

 

Хадича САМАДОВА,

Учкўприк тумани.

 

 

"Хўжайинингизни чақиринг”


     Таҳририятда ишлаб юрган кезларим, мухлислардан тинимсиз қўнғироқлар бўлиб турарди. Уларнинг ҳаммасига ҳам жавоб беришнинг иложи бўлмасди-ю, имкон қадар қўнғироқларни ўтказиб юбормасликка ҳаракат қилардим.

     Бир куни турмуш ўртоғим ишхонага телефон қилиб қолди. Кайфияти йўқ экан, бироз тортишиб ҳам олдик. Жаҳл билан гўшакни қўйишим билан, телефон яна жиринглай бошлади. Зарда билан "Эшитаман” дейишимни биламан, у тарафдан бегона кишининг "Хўжайинингизнинг исми нима?” деган овози эшитилди. Мен шошиб қолганимдан турмуш ўртоғимнинг исмини айтдим. Шунда у кулиб юборди-да, "Уйдаги хўжайинни эмас, ишхонадаги раҳбарнинг исмини сўраяпман”, деди.

     Жаҳлим чиқиб кетди. Ёнимдаги қизларнинг пиқир-пиқир кулишлариям асабимга тега бошлади. Мен ҳам бўш келмадим.

– Биринчидан, хўжайин уйда бўлади. Иккинчидан ишхонада хўжайин эмас, директор бўлади. Улар ҳозир иш билан кетганлар, - дедим-да, тарақлатиб гўшакни қўйдим.

Шу-шу ўша одам қўнғироқ қилганда "Кечирасиз, директорингиз ўзларидами?” деб сўрайдиган бўлди. 

 

Анора УСМОНОВА,

Тошкент шаҳри.

 

Азиз муштарий!
     «Ҳаётимнинг бир куни» номли ушбу танловимизда иштирок этиш учун ҳаёт йўлларингизда содир бўлган қизиқарли, ҳайратланарли воқеаларни ёзиб, бизнинг электрон манзилимизга юборишингиз мумкин. Бадиий адабиёт талабларига жавоб берган ҳикоялар веб сайтимиз саҳифаларида чоп этиб борилади. Йил якунида фаол иштирокчилар ажойиб совғалар билан тақдирланади! 
Электрон почтамиз: Muzaffar@Muzaffar.uz
Мактубларингизни кутиб қоламиз!