"Ҳаётимнинг бир куни" танловига юборилган воқеалар


 
Қизил сумка

     Барча талабалар қатори мен ҳам ойлик йўл чиптасидан фойдаланардим. Эрталаб ҳамма ўқишга борадиган вақтларда автобус ва трамвайлар жуда тиқилинч бўлиб, тушиб қолмаганимизга шукур қилиб кетаверардик. 
     Бир куни ҳар доимгидек эрталаб йўлга чиқдим. Сал шошиб тургандим. Чунки биринчи пара дарсга кирадиган ўқитувчимиз қаттиққўл эди. 
     Автобус узоқ куттирмади, лекин салон йўловчилар билан тўла. Нима қилиб бўлса ҳам унга чиқишим керак деб роса ҳаракат қилдим. Орқа эшик олдидан жой топдим. Ўзим-ку ичкарига кириб олдим, аммо сумкамни эшик қисиб, ташқарида қолиб кетди. Устига-устак унинг ранги қизил бўлгани учун кўпчиликнинг эътиборини тез тортади.  Агар ҳайдовчи эшикни очса, сумкага қўшилиб ўзим ҳам тушиб кетадигандайман. Йўлда ҳамма менга қарар: кимлардир расмга олиш билан, кимлардир  кулиш билан овора. Мен эса нима қилишни билмайман. Шу таҳлит кейинги бекатгача етиб олдим-у, автобусдан тушиб қолдим. 
     Етиб келганимда дарс ҳали бошланмаган эди. Дўстларим билан бироз гаплашган бўлдим. Бир пайт орқа қаторда ўтирган дугоналаримиздан бири телефонини баланд кўтариб, "қаранглар, қаранглар, автобусларга чиқишга ҳам қўрқасан киши” деб қолди. Ҳайрон бўлиб, яқинроқ борсам, ижтимоий тармоқда бўлиб ўтганига ўн дақиқа ҳам бўлмаган воқеанинг расмини жойлаб қўйишибди. Қип-қизил сумкадан суратдаги ўзим эканлигимни танидим. Яхшиям суратда юзим  кўринмагани. Бўлмаса ҳамманинг олдида кулгига қолишим тайин эди. 
     Бир тарафдан интернетнинг тезкорлигидан хурсанд бўлсам, бир тарафдан унинг қаҳрамонига айланиб қолганимдан хафа эдим. 

Дилшода ДАУЛЕТБАЕВА
ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факултети талабаси.
 
Нажоткор

     Бу воқеани устозимиздан эшитгач, бир неча кун шу воқеа таъсирига тушиб қолгандим. Болаликда нималар бўлмайди дейсиз.
     Яқин қариндошларимиздан бири ўғлини уйлантирадиган бўлиб қолди. Ёш эмасмизми, укам иккаламизга тўйга таклифнома тарқатиш вазифаси юкланди. Ҳаммага тарқатиб чиқдиг-у, бир овул нарида яшайдиган холамизникига боргунимизча кун ботиб қолди. 
     Шунинг учун яқин йўлдан бориб, дарани кесиб ўтмоқчи бўлдик. Бу тарафларни унчалик яхши билмаганим учун атрофга синчиклаб назар ташлаб кетдим. Қоронғилик сабабми, ёки укамнинг хархашаларига андармон бўлибми, билмадим, йўлдан адашиб қолдим. Бу ҳам етмагандай осмонни булут қоплаб, ёмғир ёға бошлади. 
     Нима қилишимни билмай, ваҳимага тушиб турган пайтим, узоқдан ниманингдир ёруғига кўзим тушиб қолди. Таваккал укамни етаклаб ўша томонга бордим. Баланд дарвозани итариб кўргандим очилмади. Уни бор кучим билан таққилата бошладим, аммо ҳеч қандай жавоб бўлмади. 
     Секин бошимни кўтариб, не кўз билан кўрайки, дарвозанинг тепасига "Эски қишлоқ қабристони” деб ёзиб қўйилган экан.
     Қўрққанингда йўлингни ҳам топиб оларкансан. Уйга келдим-у, шу бўйи уч кун кўрпа-тўшак қилиб ётиб қолдим.

Мухлиса ҚОСИМОВА,
Тошкент вилояти.
 
Яна кечикадиган бўлдик

     Тушликдан чиқдиг-у, мажлисга кечикмаслик учун дугонам билан такси тўхтатдик.
– Икки бекат юқорига, уч минг, – дедим нафасимни ростлаб.
–  Кам эмасми, озгина қўшинг, – ҳайдовчи ҳам норозилангандай бўлди. 
– Вой, ҳар куни шу нархга кетамиз-ку!
– Тўрт минг бўлса олиб кетай.
     Биз ҳам гапимизда туриб олдик. Ундан кейин ҳам бир нечта такси тўхтади. Ҳаммаси тил бириктириб олганми нима бало, битта гапни такрорлашади. Шугина йўлга ҳам фалон сўм дейди уялмай. Жаҳлим жиқиб кетди. Дугонамни қўлидан етаклаб, йўлнинг нариги томонига ўтиб олдим. Зора бу тарафдан арзонроқ олиб кетишса. 
     Ҳали қўл кўтариб улгурмасдан машина ёнимизга келиб тўхтади. Ойнадан эгилиб, энди манзилни тушунтирмоқчи бўлиб тургандим гапим оғзимда қолди. 
– Тўрт минг бўлса ўтиринглар, – деб қолди ҳайдовчи дабдурустдан.
    Ҳайрон бўлиб, разм солсам, йўлнинг у тарафида тўхтаган таксилардан бири экан. Тавба, агар шу пулни берганимизда ўша тарафдан ҳам ўтираверардик-да. Начора, яна кечикадиган бўлдик.

Азиза АҲМАДОВА,
Сурхондарё вилояти.
 
ОЛМОС тайёрлади.