ОҚИЛА КЕЛИНЧАК


 

* * *

     Акмалнинг хонага қўлларини тор шимининг чўнтакларига тиққанча, кўкрагини олдинга чиқаришга уринган кўйи саллона-саллона қадам ташлаб келишининг ўзидаёқ бир олам манманлик, ғурур мужассамдек эди. Бу ҳам камдай, йигит атрофидагиларга ошкора кибр, менсимасдан боқар ва гапирган пайтида овозини атай хириллатиб, кўрсаткич бармоғини силкиб-силкиб қўйишдек  ажабтовур одати ҳам бор эди.

— Короче, ман беш йил бекорга шаҳарнинг тупроғини яламадим, братан, — деди у фирма раҳбари Козимжоннинг “Ўзингиз ҳақида гапириб беринг. Нима иш қўлингиз келади?” деган саволига жавобан. — Любой иш қўлимдан келади. Сиз буюраверинг, у ёғига ўзим отвечать қиламан.

     Козимжон кулимсиради.

— Тоғангиз билан бир синфда ўқиганмиз. Тунов куни гурунг орасида “Оёқ-қўли чаққонгина, муомалага уқуви бор бир ёрдамчи керак эди”, деб қолгандим. Нодир сизни айтиб қолди. Ўқишниям битирибсиз. Нодир сизни  “Ўзига роса пухта. Айтишига қараганда, ҳаводан пул қилади”, деб қолди. Шунга, бир синаб кўрайлик эса деб...

Энг оддий ҳақиқатларни эшитаётгандай ялпайиб ўтириб олган Акмал суҳбатдошининг сўнгги гапларини ёқтирмагандай афтини бужмайтирди:

— Э, братан, ман шаҳарда қишда одамларга қор сотганман, ёзда сув. Кўриб-пўриб ўтирмасдан, прямо газлайверинг! Шаҳар кўрган эчкиларданмиз...

     Козимжон яна кулимсиради.

— Ҳа, гапга уста экансиз. Бу кўриниб турибди.

     Акмал ёйилиб илжайди.

— Шаҳарда тил керак, ака, особенно бизнес қилиш учун бир қулоч тил, тўртта кўз керак.

— Қишлоқда-чи?

     Акмал сира иккиланмасдан жавоб қилди:

— Қишлоқ одамлари шаҳарликларга қараганда соддароқ, ишонувчанроқ бўлади. Шунинг учун бу ерга ярим қулоч тил билан иккита кўз ҳам етиб-ортади. Мисол учун, мен бир қарашдаёқ сизнинг бизнесни яхши билмаслигингизни тушундим.

     Козимжон ажабланди:

— Йўғ-э?

     Акмал илҳомланиб кетди.

— А как же? Мана, ишонмасангиз қаранг. Конторангиз, хуллас офисингиз ҳовлисига сув чиқариб қўйибсиз.

— Қана сув? Ҳа, анави фонтанчаларми? Ҳа, энди улар гуллар учун-да.

— А так же одамлар учун, — мағрур хулоса ясади Акмал. — Офисингиз ўралмаган. Мен сизни ярим соатча кутиб турдим. Шунча пайт ичида камида йигирмата одам келиб, сувдан ичиб кетди.

— Ҳа, энди, кун иссиқ-да, — дея изоҳ берди гап ўзани қаёққа кетаётганини илғамаган Козимжон.

— Шунинг учун ҳам сувни шартта тўхтатиш керак. Гулларни кечаси суғорса ҳам бўлади. Офисингиз олдига битта газ-будка қуриб, сув соттиринг. Ҳалиги ширин сувлар  бор-ку, ичганингиз сайин чанқатадиган. Одамлар қайта-қайта келаверарди-келаверарди. Сувнинг ёнига морожний ҳам қўшсангиз, бола-бақранинг ўзи сизни боқади. Хўш, қалай?

— Яхши бизнес план экан, — кулимсиради Козимжон. — Лекин бизда тез-тез ток ўчиб туради. Олган морожниймиз сув бўлиб оқиб кетиши мумкин...

— Электросеть билан ўзим гаплашаман, — суҳбатдошининг гапини бўлди Акмал. — Уч-тўрт сўмини олиб тургандан кейин, ўчирмайди-да.

— Ҳа, майли, —гап мавзуини ўзгартиришга уринди Козимжон. — Буни ўйлаб кўрармиз. Менга бошқа масалада ёрдамингиз керак эди. 

— Бемалол, — валломатларга хос бепарво қўл силтади Акмал.

— Компьютерни тушунарсиз?

— Сув қилиб ичиб юборганман.

     Козимжон яна кулимсиради.

— Гап шундаки, укажон, гапнинг тўғрисини айтадиган бўлсам, фирмамизда ҳозир битта ёрдамчи ўрни бор. Куни кеча бир киши иш сўраб келганди. Тўғрироғи, аёл киши. Яқинда турмушга чиққан  экан. Ўзи институтни шу йил битирган. Очиғини айтай, аёл киши бўлганлиги учун унчалик кўнглим чопмади. Ўзингиз тушунасиз, ишимиз ненормированний, ишдан кеч қолиш бор, ишга эрта келиш бор, шанба-якшанба кунлари ишлаш бор. Эри тушунган бўлса хўп-хўп, агар тушунмаган бўлса-ю, кунда жанжал қилиб келиб турса, бундан ёмони йўқ. Шунга, кеча ўша келинчакка “Бир ўйлаб кўрай” дегандим.

— Тўғри қипсиз, — ишонч билан суҳбатдошининг гапини маъқуллади Акмал. — Ҳар қалай, мен битта келинчакдан тузукроқ ишласам керак. 

— Лекин у келинчак ҳам шаҳарда ўқиб келган, — илжайди Козимжон. — Шунинг учун ҳали узил-кесил йўқ демадим. Балки билим яхшидир. Бизда кадрлар аввал синаб кўрилади, дедим.

     Акмал яна бепарво қўл силтади.

— Э, бунақаларнинг юзтасини менга қўйиб бераверинг. Бир чўқишда қочираман. Умуман олганда ҳам хотин кишини ишга олишдан ортиқ бошоғриқ иш йўқ. Ҳали у дейди, ҳали бу. Олти ойдан кейин декрет отпускасига чиқиб кетади. Шу билан уч йил йўқ-да.

— Энди бундай, — дея Козимжон стол тортмасидан каттагина папка олиб узатди. — Бу ерда икки минг саҳифа машинкаланган текст бор. Бу шаҳарачамизда коллеж ўқитувчиларининг мақолалари. Шуни китоб қилиб босмоқчимиз. Босмахона компьютерда терилган вариантини сўраяпти. Қўшни хонада ўнта компьютер бор. Шуларга мавсумий ишчи қизлардан олиб, бир ой ичида текстни иложи борича хатосиз қилиб тердиришимиз керак. Кейин ўқитувчиларнинг ўзига берамиз, бир кўз югуртириб беришади. Хато-патоси бўлса ўшанда тузатилар. Хуллас, укажон, ўша келинчак бу иш учун тахминан тўққиз юз минг ва бир ойга яқин сарфланишини ҳисоблаб чиқди. Яъни беш юз минг иш ҳақига, қолгани солиққа. Шунда бир саҳифаси бизга тўрт юз элликка тушаяпти. Сал қимматроқми дейман-да. Вақтиям сал кўпроқдек. Энди сиз шу ишни қанча билан ва қанча муддатда бажаришингиз мумкинлигини бир ҳисоб-китоб қилиб кўрсангиз. Айтдим-ку, бизда ходимлар аввал синовдан ўтказилади деб. Биз ахир бозор иқтисодиёти даврида яшаяпмиз. — Козимжон кўз қисиб қўйди. — Пул ҳисоб-китобни яхши кўради. Ундан кейин, мен фирмамга пулни тежай биладиган ходимни ишга олсам дейман...

     Акмал иззат-нафси озор чеккандай, бир муддат ижирғаниб туриб қолди, сўнг қўл силтади:

— Синов бўлса  синов-да. Ҳозир ҳисоблаб ташлайман.

— Сиз шошманг. Пешиндан кейин учрашсак ҳам бўлади.

— Майли.

 

* * *

     Акмал бу топшириқ, тўғрироғи синов хусусида анча ўйланди.

     Ниҳоят бир ғоя унинг миясига “ярқ” этиб урилди.

— Иқтисод бўлса иқтисод-да, — дея минғирлаб қўйди у мамнун тарзда Козимжоннинг офиси томон бораркан.

     Акмал йўл-йўлакай туман газетаси таҳририятига ҳам кириб ўтди.

— Мен шу ишни сизга кўпи билан эллик минг сўмга қилиб бераман! — деди Акмал фирма раҳбарига қаттиқ тикилиб.

     Дарҳақиқат, Козимжоннинг кўзлари ола-кула бўлиб кетди.

— Йўғ-э! — дея олди у ниҳоят ўз ҳайратини яширмаган кўйи. — Шунча арзонми?

     Акмал одатига кўра бепарво қўл силтади:

— Қиламан дедимми, қиламан! Мана кўрасиз!

     Козимжон елка қисди:

— Майли-ю... Лекин шу ишни айтган суммангизга қилсангиз, ишга ўтдим деяверинг. Қани, дарров ариза ёзиб беринг-чи.

— Келишдик. — Ариза ёзиб бергач, Акмад дадил қадамлар билан эшик томон юраркан, ўгирилиб, таъкид оҳангида деди: — Анов келинчакка эса жавоб бериб юбораверинг! — Сўнг пичинг оҳангида қўшиб қўйди: — Келиб-келиб хотин киши тенгим бўлдими!

 

* * *

     Режа эса ўта жўн ва айни пайтда ўта моҳирона ишлаб чиқилган эди. Ҳар қалай, “шаҳар кўрган эчки” Акмал бежиз бу режа устида уч соат бош қотирмаган эди.

     Хуллас, Акмал туман газетаси таҳририятига кириб, фалон фирмага компьютерда ёзувчи оператор вазифасига хотин-қизлар танлов асосида ишга олиниши хусусида эълон бериб келди.

     Эълон эртаси куни, яъни чоршанба куни чоп этилди.

     Пайшанба куни идорага ишлаш истагида бўлган хотин-қизлар бирин-кетин кириб келаверишди.

     Ҳар қалай, туман маркази бўлган шаҳарчада аҳоли зич яшар, иш ўринлари эса камроқ эди. Шу билан бир қаторда марказдаги иккита коллежда компьютер курслари ўқитилганлиги ҳам ўз самарасини берди.

     Ишни ўзи бошлаб, ўзи якунлашга аҳд қилган Акмал алоҳида хонада талабгорларни иккита-иккитадан қабул қила бошлади.

     Акмал талабгор қиз-жувонлар ичидан компьютерни сал-пал тушунадиган, матн териш кўникмасига эга бўлган ўнтасини аниқлагач, уларни қўшни хонага олиб кириб, компьютер қаршисига ўтқазди ва ҳар бирига ўттиз бетдан матн бериб чиқди.

— Мана шу қўлларингиздаги текстни иложи борича хатосиз ва тез териш керак. Шу ишни эплаганни биз албатта ишга оламиз. Адресларингизни ёзиб олдим, ғолиб чиққан кишига ўзимиз хабар қиламиз.

     Шундан кейин Акмал уларнинг ҳар бирига файл рақамини айтиб чиқди.

     Талабгорлар ихлос билан ишга берилиб кетишди.

     Матн жуда майда ҳарфда терилган бўлиб, илмий сўз-атамаларга ҳам бой эди. Аммо азбаройи иш топиш илинжида бўлган қиз-жувонлар бирон тушунарсиз сўз-атамани сўрашдан ҳам тортинишарди.

     Акмал қўшни хонага ўтди ва қолган талабгорлардан эртага келишларини илтимос қилди.

 

* * *

     Ҳали айтиб ўтганимиздай, режа ўта жўн ва айни пайтда моҳирона эди.

   Акмал шу йўл билан бир ҳафта ичида етмишга яқин ишга талабгор қиз-жувонни синовдан ўтказиш баҳонасида икки минг саҳифа матнни компьютерда текинга тердириб олди.

     Туман газетасига эълон учун бор-йўғи ўн икки минг сўм сарфланди. Тўрт пачка оқ қоғозга йигирма минг. Электр энергиясига кетса икки-уч минг кетгандир.

     Тўғри, бир-иккита қиз-жувонлар аввал-бошда минғирлаб ҳам кўришди. Айниқса биттаси. Сочлари силлиқ таралган, эгнидаги оҳорли либосими, вужудидан уфуриб турган хуш бўйми ёки юзининг оқлигими, ишқилиб, нимасидир яқинда келинчак бўлганлигидан шоҳидлик бериб турган бир жувон Акмалга тик қараб:

— Бу зерикарли текстнинг ўрнига бирон қизиқроқ нарса йўқмиди? — деб сўради.

     Талабгорлар кўплигидан мамнун ҳолда ўтирган Акмал эшикка ишора қилди ва беписанд оҳангда тўнғиллади:

— Марҳамат, уйингизга бориб, бемалол истаган нарсангизни тераверинг. Бу ерга эса ишлайман деганлар келган.

     Келинчакнинг оқиш юзи янада оқарди, шаҳло кўзлари ўт бўлиб чақнади. Аммо жувон бир амаллаб ўзини босди-да, индамай матнни қўлига олди.

     Акмал бу кичкинагина ихтилофни унутиб ҳам юборганди.

     У фирма раҳбари Козимжонни қандай ҳайратда қолдириши, шу-унча пулни иқтисод қилгани эвазига қанча мукофот олиши хусусидаги ширин ўйлари билан банд эди.

     Олифта келинчак эса эл қатори индамай матнни терди.

      Акмалнинг барча ишлар сифатли даражада бажарилганидан кўнгли тўқ эди. Ахир ишга кираман деган одам ҳеч қачон қўл учида иш қилмаслиги аниқ-ку!

 

* * *

     Чақмоқ мутлақо кутилмаганда чақди.

     Матннинг охирги саҳифалари терилмоқда эди.

     Мамнунликдан кўзлари сузилиб бораётган Акмал юмшоқ оромкурсида ястаниб ўтирарди.

     Худди шу маҳал эшик очилди ва хонага ўтган кунги жинқарча келинчак бошчилигида уч-тўрт киши кириб келишди. Ҳаммасининг қўлида қоғоз.

     Акмал аввалига уларга баланддан келиб муомала қилди. Бироқ тўсатдан бостириб кирганларнинг гап-сўзларини эшитган сайин елкаси букчайиб, ўзи эса сувга тушган мушукдек шалвирай бошлади.

     Ҳокимият вакили, касаба уюшмаси вакили, аҳолини иш билан банд қилиш туман бўлими вакили, прокуратура вакили... Ва буларнинг ҳаммаси ўша жинқарча келинчак бошчилигида!

     Қолган гапларни Акмал ғира-шира эшитгандек бўлди:

— Амалдаги ва устувор кучга эга халқаро қонунларга ишга қабул қилиш пайти суҳбат ўтказиш вақти ярим соатдан ошмаслиги керак...

— Сиз иш сўраб келган хотин-қизларни олти-етти соатлаб ишлатгансиз...

— Сиз фирибгарлик мақсадларида, шахсий бойлик орттириш учун хотин-қизларни текинга ишлатгансиз, уларни эксплуатация қилгансиз...

— Бу хатти-ҳаракатларингиз амалдаги меъёрий ҳужжатлар талабларини қўпол равишда ва қасддан бузишдир...

Қайдандир ранг-қути ўчиб кетган Козимжон ҳам етиб келди. Қўлларида далолатнома тутган вакиллар энди унга ташланишди...

     Хуллас, аён бўлишича бу ерда, яъни ишга қабул қилиш баҳонасида қандайдир фириб содир бўлаётганини фаҳмлаган ўша келинчак (дарвоқе, асли касби ҳуқуқшунос бўлган бу жувоннинг исми Марҳабо экан) аввал иш сўраб келган қиз-жувонларнинг бир қисми билан гаплашиб, лозим баённомалару далолатномаларни тўлдириб, уларга имзо қўйдиргану тегишли органларга мурожаат этган. Қолган эса маълум...

 

* * *

     Ишчи кучидан ноқонуний, бойлик орттириш мақсадларида фойдалангани учун фирма раҳбари Козимжон энг кам ойлик иш ҳақининг юз баробари миқдорида жарима тўлашга мажбур этилди. Фирма масъул ходими Акмал ҳам тегишли маъмурий жазога тортилди. Аммо бу икки жазо ишга олиниш баҳонасида меҳнат қилган қиз-жувонларга тегишли иш ҳақини тўлаш мажбуриятидан халос этмади.

     Афти буришиб кетган Козимжон кмопьютердан чиқарилган матнларга қараркан:

— Бу тилла китобга айланди биз учун, — деди оғир хўрсиниб. — Пулиям майли, йўқотган обрўйимиз-чи...

     Энди Акмални ишга олиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди.

 

* * *

     Орадан икки ойга яқин вақт ўтди.

     Тинчгина ишга ўтган, яъни ҳарбий комиссариат биносида қоровуллик қилаётган Акмал орқаворатдан сўраб-суриштириб билиб олди. Козимжон “Чойдан оғзи куйган қатиқниям пуфлаб ичади” қабилида жуда эҳтиёткор бўлиб қолганмиш. Аммо энг қизиғи — ўша жинқарча Марҳабони фирмасига ҳуқуқшунос-маслаҳатчи қилиб ишга олганмиш.

     Акмалнинг тоғаси бунинг сабабини сўраганида, Козимжон ишонч билан:

— Бунақа кадрлар мени жиянингизга ўхшаб чув тушириб кетмайди, — деган эмиш.

     Бу гапни эшитган Акмал бир қизариб олди. Аммо сир бой бермасликка уринган кўйи:

— Менинг тенгим бир келинчак бўлибдими? — деди иложи борича беписанд оҳангда гапиришга уриниб.

     Тоға қув кўзларини жиянига тикди ва афсусланиб бош чайқади:

— Отдан тушсанг ҳам эгардан тушмайсан-а. Бўларинг бўлди-ку, жиян. Тан бериш ҳам марднинг иши. Улоқ ўша келинчакда кетди. Сен қолавердинг бурнингни тишла-аб...

     Дув қизариб кетган Акмал шарт ортига ўгирилдию, тоғасидан узоқлашишга шошди...

 

Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ