НАҚАДАР БАХТЛИМАН!..


 

  ...Инсон табиатида баъзан ақлдан устун жиҳатлар юз кўрсатиб қолади, дейишади. Бўлса бордир. Табиийки, бу гап асосан муҳаббат аталмиш сирли, сеҳрли туйғу ҳақида.

Ёшим ўн саккиздан ошиб, ўн тўққизга қадам қўйдим, олий ўқув юртига ўқишга кириб, бир йил ўқиб қўйдим ҳамки, бирон йигитни кўрганимда китобларда тасвирланганидек юрагим гупиллаб уриб кетмас, томирларимда қайноқ қон чопқиллаб қолмасди.

  Биз нафақат ўз ҳиссиётларимизни, балки ҳар бир қадамимизни асослашга ўрганиб қолганмиз. Эҳтимол шу сабаблидир, мен кейинги йилларда ўзим жуда ҳурмат қилган ёзувчи Чингиз Айтматовнинг бир ҳикматли гапини кўнглимнинг бир чеккасига тугиб қўйдим: “...севги деган нарса — инсон ҳар томонлама камолотга етиб, ақл-идроки тўлгандан сўнг пайдо бўладиган туйғумикан?”

   “Худди шундай!” деган қарорга келдим ўзимча. Демак, мен ҳали камолга етмаганман, ҳар нарсанинг ўз вақти-соати бўлгани каби, ишқ туйғуси ҳам фурсати етганда мени ўзига асира айлар-қўяр.

  Умуман олганда ҳам, ҳаёт фақат муҳаббатдан иборат эмас-ку. Камолга етишнинг асосида эса чуқур билимга эришиш, малакали мутахассис бўлиб етишиш ётади.

   Эҳ-ҳе, ҳали қанча ўқишим керак. Аввал бакалаврлик, кейин магистратура...

  Собиқ синфдош дугоналарим бирин-кетин эрга тегиб кетишди. Гуруҳдош қизлар ҳам танаффус пайтларида, баъзан ҳатто дарс чоғларида ҳам пичир-пичир қилишиб, аллақандай ишқий мактублару сирли учрашувларни, дискотекаю тунги кузатиб қўйишларни, ҳаттоки қайноқ бўсаларни тилга олишарди.

  Гоҳо, бирон байрам ёинки туғилган кун баҳона йиғилиб қолганимизда ҳам гуруҳимизда ўқийдиган қизлар муҳаббат саргузаштларини айтиб чарчашмасди. Айниқса Комила. Биққигина, чарос кўзлари йигитларга аллақандай лойқаланиб, ишвали боқадиган, сулув Комила бирга ўқиётганимиз бир йилдан ортиқроқ давр мобайнида камида бешта йигитни севиб қолди-ёв.

— Тамом! — дея эълон қиларди Комила ҳар сафар янги “ухажёри” билан танишганида. — Ниҳоят кўнглимдаги йигитни топдим. Бўлди! Энди унга чирмовуққа ўхшаб ёпишиб оламан, ҳеч қаерга қўйиб юбормайман! Агар шу йигитдан айрилсам, ўзимни ўзим бир бало қилиб қўяман!

   Дарҳақиқат, Комила дастлабки бир-икки ҳафта мобайнида суюклисига “чирмовуқдек ёпишиб олишни” боплар, яъни бахтдан етти қават осмон устида сайр қилиб юргандек, кўзлари янада сирли чақнаб, ёноқлари лов-лов ёнганча йигити билан кўча-кўйда, айниқса бизнинг олдимизда намойишкорона  қўлтиқлашиб юрар, кечқурунлари қайларгадир йўқолиб қолар, ярим тундами, тонгдами ётоқхонамизга масрур, энтиккан ҳолда, ҳаяжонланиб кириб келаркан, ҳаммамизнинг интиқ нигоҳимизга жавобан илоҳий қувончдан титраб-қақшаб:

— Тамом! Энди бахтимни топдим! — дея эълон қиларди.

    Очиғи, бечора дугонам ўзи айтаётган гапларнинг самимийлигига чиппа-чин ишонар ва ҳар гал эътирофини чин дилдан айтарди.

   Ана шундан сўнг Комила атрофини қуршаб олган биз каби содда дугоналарига ўша “дунёда ягона йигит”ни қанчалар севишини тўлиб-тошиб гапириб қоларди.

   Албатта, аввалига биз оғзимизни очган ҳолда, баъзиларимиз эса ошкора ҳавас-ҳасад билан унинг гапларини тинглаб ўтирардик. Бироқ бора-бора дугонамнинг ҳиссиётлари бу қадар тез ўзгариб туриши, яъни ҳар эллик-олтмиш кун орасида янги “ягона ва тенгги йўқ шаҳзода”сини топавериши менинг кўнглимда баъзи бир шубҳаларни уйғотди. Айниқса Комиланинг ўз туйғуларини бу қадар тўлақонли, бу қадар сербўёқ тарзда ифодалаб бериши, янги суюклисини идеал тарзда тасвирлаб, кўкларга кўтариши, ҳаяжонланиб-тўлиқиб, кўзларида қувонч ёшлари билан: “Уни бир соат кўрмасам, ичим куйиб кетади” дейишлари... Ҳар қалай, камина баъзи бир адабий асарларни мутолаа қилиб турардим. Янглишмасам,  бир пайтлар Петрарка “Þраги қанчалар куяётганини гапириб бера олган одам у қадар куймаётган бўлади”, деб ёзганди. Бу ёқда эса Комила...

   Ишқилиб, дугонамнинг туйғулари самимий эканлигига нисбатан пайдо бўлган гумон уруғи серҳосил заминга тушган уруғдай кундан-кунга улғайиб, илдиз отиб, катталашиб, мева бера бошлади.

   Ахийри чидаб туролмай, кунларнинг бирида даврада гурунг қизиган чоғи, тўғрироғи Комиланинг якка ўзи навбатдаги муҳаббатини тўлиб-тошиб сўзлаб бераётган маҳал эҳтиёткорлик билан мурожаат қилдим:

— Одамлар киши ҳаётида фақат бир марта севиб қолади, дейишади. “Биринчи муҳаббатим” деганда ўпкасидан тутун чиқадиганлар қанча. Сен бўлсанг...

   Дугонам узун-узун киприкларини пирпиратган кўйи ажабланиб тикиларкан, менга ачинаётгани шундоқ билиниб турган оҳангда деди:

— Бу тасалли сенга ўхшаган писмиқлар учун чиқарилган-да... Сенга ўхшаганлар қариқиз бўлиб, чуриб кетсаям оқ отда келадиган шаҳзодасини кутиб юраверади...

   Бу гапни эшитган даврадаги қизлар баралла кулиб юборишди. Уятдан қип-қизариб кетдим, иссиғим чиқди. Менинг аҳволимни кўрган Комила насиҳат оҳангига ўтди:

— Қайси асрда яшаяпсан, дугонажон? Осмонга қараб, “Олма пиш, оғзимга туш”, деб ўтирадиган замонлар ўтиб кетган. Замонавий қиз ўз бахтини излаши, керак бўлса ўз бахти учун курашиши керак... Яна бир гап. —  Энди дугонам барча қизларга мурожаат қилди: — Менда бу гапнинг илмий исботи бор. Чет элнинг олимлари ҳисоблаб чиқишибди, одам умрида ўртача олганда етти-саккиз марта севиб қоларкан...

   Шубҳасиз, ҳамма қизлар ҳам Комиланинг дард достонларини анқайиб эшитиб ўтирмас, уларнинг ичида гурунг чоғи истеҳзо билан илжайиб ўтирадиганлар ҳам бор эди. Шундайлардан бири чидаб туролмай, пичинг қилди:

— Шу кетишинг бўлса, планингни икки йилга етказмай ошириб бажарасан-ку!

   Қизларнинг айримлари пиқирлаб кулиб юборишди. Бироқ оғзидаги гапини бировга олдириб қўймайдиганлардан бўлган Комила бўш келмади:

— Нима қипти? Дилнозага ўхшаганларнинг планиниям ўзимга қўшиб оламан-да! Чунки унинг бир марта севиб қолишигаям гумоним бор. Бунга ўхшаганлар ота-онаси топган йигитга индамай тегиб кетаверишади...

   Қизлар гуриллаб кулиб юборишди. Уят ва номусдан кўз олдим қоронғулашиб кетди. Ахир “Дилноза” деганлари мен эдим-да...

   Ўша кунги гурунгдан кейин қизлардан, айниқса Комиладан ўзимни олиб қочадиган бўлдим. Зеро, Комиланинг андак бешарм гапидан кейин баъзи қизлар менга ҳақиқатан ҳам “амманинг бузоғи”га қарагандай сал ачиниб, айримлари эса баттар менсимай тикилиб-тикилиб қўяётганликларини сезиб-билиб турардим...

   Хуллас, орадан яна олти ойга яқин вақт ўтди. Ўқиш ташвишлари билан бўлиб Комиланинг ўша гапларини унутгандай бўлдим. Аммо кўнглимнинг туб-тубида хавотирга ўхшаш бир ҳис яшириниб олган ва баъзан бу туйғу менинг асабларимни қақшатиб, дарди дунёйимни қоронғу қиларди: “Наҳотки Комиланинг гапи тўғри бўлса... Наҳотки мен... менга ўхшаганлар шундай... ўтиб кетаверса...” Албатта, ўзимга қолса-ку, ҳали-ҳамон “камолга етмаганим”ни дастак қилардим. Бироқ...

   Шундай кунларнинг бирида Комила кўч-кўронини кўтардию, ётоқхонадан чиқиб кетди. Эшитишимча, қайдандир ижарага бир хонали уй топганмиш. Тез орада эса Комила дарсларга ҳам кам келадиган одат чиқарди. Қақажон, кўпчиликнинг назаридаги қиз эмасми, унинг йўқлиги дарҳол билинарди-қоларди.

   Бир куни кечга яқин кутубхонадан қайтаётиб, факулüтетимиз биноси ёнидаги ўриндиққа ялпайиб жойлашиб олганча, очкўзлик билан шўр бодрингни карсиллатиб чайнаётган Комилани кўриб қолдим. Менга кўзи тушган дугонам дарҳол тескари ўгирилиб олди.”Балки кайфияти йўқдир”, деган ўйда индамай ўриндиқдан узоқроқдан ўтиб кета қолдим.

   Бироқ... қиз боланинг кўзи ўткир бўлади, дейишади. Ишқилиб, шундай қизларимиздан баъзи бирлари Комиланинг қорни одатдагидан сал каттароқлигига эътибор берибди, бошқалари эса шўр нарса ҳақида гап кетгандан унинг оғзидан сўлаги оқа бошлашига...

   Орадан икки-уч ойи ўтиб эса барчаси ойдинлашди: дугонамиз иккиқат экан. Ҳомила анча ойлик бўлиб қолганлиги сабабли, аборт ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас экан.

   Тўғри, бу пайтга келиб Комила умуман дарсларга қадам босмай қўйган эди. Узунқулоқ гапларга қараганда, у кўзи ёриётганлиги муносабати билан бир йиллик академик таътил олибди.

   Энди буниси афсона ёки латифага ўхшаб туюлар. Аммо қизларнинг ишонч билан таъкидлашларига, ҳатто баъзи бирларининг қасам ичиб такрорлашларига қараганда, Комила вилоятдан ижарадаги хонасини топиб келган онасининг:

— Боланинг отаси ким? — деган саволига аниқ жавоб беролмай, иккиланиб қолибди.

   Бундан ўзича хулоса чиқарган шекилли, она қизини юпатгандай тарзда, аммо ишонч билан дебди:

— Сен болани туғавер-чи, отасини кейин топиб оламиз...

   Ҳар нечук, меҳрибон она бу билан нимани назарда тутганини аниқ айтиш қийиндир, аммо шўх қизларимиз гуруҳимиздаги, курсдаги Комилага яқин барча йигитларга:

— Яқинда анализга қон топширасизлар, кимнинг группаси чақалоқники билан тўғри келса, ўша ота ҳисобланади! — дея уларни роса ваҳимага солиб юришди.

   Бу ҳазилнинг таги зиллиги шунда ҳам кўриндики, босқичимиздаги бир эмас, уч-тўрт йигитнинг лабига учуқ тошиб, ўзлариям анча вақтгача кўзлари аланг-жаланг ҳолда, ранглари ўчиб юришди.

   Воқеалар ривожидан сал олдинроққа ўтсам-да, ушбу ҳодиса нима билан тугаганлигини мухтасар баён этиб ўтиб қўя қолай.

   Хуллас, Комиланинг кўзи ёриган. Бечора қўчқордай ўғил кўрган. Аммо меҳрибон она чақалоқнинг отасини топиш учун  қизининг барча таниш йигитларини дўхтирхонага ҳайдаб бориб юрмаган. Буни қарангки, неча йиллардан бери бир тирноққа зор бўлиб юрган ҳарбийлар оиласи туғилаётган чақалоқ хусусида кимдандир эшитиб қолади. Натижада тез орада Комила, унинг онаси ва фарзандга зор оила ўрасида битим тузилади. Айтишларича, бу битим туфайли Комила анча-мунча сармоядор бўлиб қолган.

   Ҳар қалай, бу гапларда жон бўлса керакки, академик таътили тугаб, биздан бир курс қуйида ўқий бошлаган Комилани тасодифан учратиб қолганимда аввалига танимадим. Сўнгги модада кийинган, бўйнига энли тилла занжир осган, қулоқларига бриллиант кўзли узук таққан, упа-эликка чапланган, сунъий киприклари узун-узун, катта кўчада ўрта ёшлардаги бир тўлагина эркак ҳамроҳлигида таманно ила қадам ташлаб кетаётган Комила  гўё мени таниб қолса дарҳол: “Дилноза! Мана энди ҳақиқий бахтимни топдим!” дея эълон қилиб қоладигандай шоша-пиша кўзларимни олиб қочарканман, ичимда чин дилдан: “Илоё бахтли бўлсин!” деб қўйдим.

   Зеро... зеро мен ҳаммага, ҳа, ҳа, ҳаммага бахт тилайдиган ажойиб-ғаройиб аҳволда эдим. Зеро... зеро мен севиб қолган эдим!

   Йўқ, йўқ, мен ортиқча тафсилотлар билан бошингизни қотирмоқчи эмасман. Мен сал иримчиман. Такрорланмас туйғуларимга, ҳиссиётларимга кўз тегиб қолишидан чўчийман.

   Ҳолбуки, муҳаббат ҳар кимда ҳар хил кечиши, бировнинг кечинмалари асло ўзгада такрорланмаслиги ўз-ўзидан аён, албатта. Ахир, бир қозоқ шоири ёзганидай: “Севги тили сўзсиз тил, Кўз билан кўр, дилдан бил. Бир қараш ё бир имо Билан боғланар кўнгил...”

   Ҳақ гап, бир нигоҳ, биргина нигоҳ юрагингизни тубига қадар ағдар-тўнтар қилиб, муҳаббатнинг сирли, тенгсиз оламига сизни олиб кетаркан...

   Ҳа, яратганга минг қатла шукрлар бўлсинки, мен севиб қолдим. Ва, назаримда, бу энди мақтаниш бўлиб туюлмас, мени ҳам севадилар... Ҳа, муҳаббат мени ўз оёғи билан излаб келди ва топди...

   Азизжон акам дунёдаги энг мард, энг танти, энг тўғри сўз, одил, ҳалол йигит... Бу кишига ўхшагани дунёда бошқа топилмайди. Бу аниқ. Ҳеч бўлмаса мен учун. Илло, сиз бир мартагина у кишига менинг кўзларим билан қараганингизда эди, нақадар ажойиб, тенги йўқ йигитга кўнгил қўйганимга ўзингиз ҳам ишонч ҳосил қилардингиз.

   Илк бор ҳуркак нигоҳларнинг дуч келиши, ийманибгина берилган саломлар, титроқ овозда ҳол-аҳвол сўрашишлар... Қайдан журъат пайдо бўлгани номаълум (буям муҳаббатнинг бир иноятимикин!), аммо илк бор учрашувга чиқишлар... Дастлаб совға этилган гулдаста... кино... истироҳат боғи... музқаймоқ... Илк бор ҳаяжондан титраган бармоқларнинг бир-бирига тегиб кетиши... Вужуднинг ток ургандай титраши... ол ёноқлар... илк бўса...

   Эвоҳ, буларнинг қай бирини сўз билан таърифлаб берай... Йўқ, йўқ, асл ҳиссиётлар олдида ҳар қандай калом ожиз...

   Тўртинчи курсни битиришим арафасида тўйимиз бўлди.

   Янги хонадон... Қайнонамга илк бор эгилиб берган саломим, у кишининг кўзларида севинч ёши билан қилган дуолари...

   Азизжон акамнинг ота-онаси тушунган-билган, зиёли кишилар экан. Улар менинг ўқишимга асло қарши чиқишмади. Аксинча, минг истиҳола-андиша ила  магистратурада ўқишни давом эттириш ниятим борлигини айтганимда ҳам дарров мени қўллаб-қувватлашди...

   Шу кунларда эса... вужудимда яна бир митти вужудча пайдо бўлгандек...

   Нақадар бахтиёрман!

   Ҳаёт деганлари нақадар ширин!

   Ҳаёт деганлари нақадар лаззатли!

   Шу қадар бахтиёрманки, хурсандлигимдан бошим айланиб, кўзларим тиниб кетади.

   Яшаш гўзал...

   Мана шундай бахтнинг ўзи учуноқ яшаса арзийди...

   Мен бу камтарин битикларимни қоғозга тушириб ҳам ўтирмасдим. Балки янглишаётгандирман, аммо кейинги пайтларда қайси журнал ёки газетани қўлимга олсам, ҳаётда бахтга ёлчимаган, умри бесамара ўтаётган аёлларнинг қаро кечмиши ҳақида мақолага кўзим тушади. Бу балки тўғридир ҳам. Ахир ҳаётидан рози, ўзини бахтли ҳис қилган одам, айниқса аёл киши матбуотга бу ҳақда ёзиб ўтиришга истиҳола қилар. Þқоридаги сингари воқеаларни чоп этишдан эзгу мақсад эса одамларни ҳушёрликка чорлаш, бир-бирларига, айниқса хотин-қизларга, келинчакларга нисбатан меҳрибонроқ бўлиш лозимлигини яна бир бор уқтириб ўтишдир.

   Шундай бўлса-да, мен бахтимдан бир шингил ҳикоя қилиб беришдан ўзимни тийиб туролмадим. Ахир бахтли яшаётганидан ғурурланишнинг ўзи ҳам улкан бахт эмасми...

 

Дилноза Азаматова, Гулистон шаҳри.

Абдуқаюм Йўлдошев ёзиб олди.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот