Она


     Бугун митти ҳикоялар ёзиш урфга кираётгандай. Аммо "шеърнинг зўри тўрт сатр" дегандай "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетаси кичик ҳикояларимдан иккитасини 25-сонида чоп этди. Таҳририят ходимларига миннатдорчилик билдираман.

 

Эрнинг ҳурмати

 

Аёл туни бўйи йиғлаб чиққан невараси билан келинини олиб, касалхонага бормоқчи бўлди. Бахтига қайнукаси уйда экан, уларни машинада дарров шаҳарга етказиб келди, аммо эндигина чилласи чиққан гўдак чириллаб, на онасига, на бувисига овунар, нуқул ўзини орқага ташлаб йиғларди. Аксига олиб, шифокор қабулида одам кўп экан. Нима қиларини билмай қолган келинчак болани бағрига босар, шикаста овозда алла айтиб овутмоқчи бўлар, яшириб кўкрак тутар, аммо бола йиғиси тинмасди.
– Менга беринг қани, келин, – гўдакни энди қайнона қўлига олади.
– Ҳа, ойналиб кетай сендан-а. Кел қани, жоним. Воя-воя, сенгина гўдакка нима бўлди-я? Сенинг жонинг оғригунча менинг жоним оғриса бўмасмиди-я? Сенгина гўдакни шундай қийнагунча, момо бўмай ўлайин-а, болам-а. Даданг­га нима дейман-а.
Қайнона ҳай-ҳайлаб, ўзига ўзи гапириб, неварасини қучиб, йўлакнинг у четидан бу четига бориб кела бошлади. Аёл шошиб қолиб рўмоли ҳам тузук ўрамаган экан. Бошидаги бир томонга оғиб қолибди. Парво қилмади. Жовдираб қараб турган келинига: «Сиз бирпас ўтиринг. Сизниям қийнаб юборди бу полвон», деди. Сўнгра навбат кутаётганлар тирғалиб турган эшик ёнига борди.
– Ойналай, рухсат беринг, бизлар кирайлик. Болагинам кечаси билан йиғлаб чиқди, ҳеч кўндиролмаяпмиз.
– Мен ҳам эрталабдан бери турибман, хола, – чарс жавоб қилди жувон.
Ундан кейин ўзи тенгги бир аёл ҳам невара кўтариб турган эди, ўша инсоф қилди.
– Майли, бизнинг ўрнимизга кира қолинг. Бечора гўдак қийналиб кетди.
Ўзидан кейин турган аёлнинг гапидан уялдими, ҳалиги жувон узр сўраб, навбатини берди.
– Ҳай, майли, кира қолинг, – деди охири.
– Раҳмат, синглим. Умрингиздан барака топинг. Илоё, болаларингизнинг ҳузурини кўринг.
Қайнона уни алқай-алқай келини билан ичкарига кира бошлади. Уларни кузатиб турган қайнукани ҳам чақирди.
– Сиз ҳам келинг. Бизлар дўхтурларнинг гапига тушунмасак.
Улар бирин-кетин врач қабулига киришди. Шифокор боланинг юрак уриши, нафас олишларини текширди. Қорнини силаб, босиб кўрди.
– Қорни дам, ошқозони бузилган, – деди. – Эмадими?
– Ҳа, эмади, – келинчакнинг ўрнига қайнона жавоб берди. – Лекин сути кам. Кунига икки-уч маҳал қўшимча сут ҳам берамиз.
– Қанақа сутдан берасизлар?
– Шу, магазиннинг сути-да, – аёл қадоқланган сутнинг номини эслолмади. – Оз-оздан берамиз.
– Шу сутни берманг. Келиннинг ўзи кўпроқ эмизсин. Ҳозир ҳам эмизсин. Яхши овқатлансин. Мен дори ёзиб бераман. Шуни оласиз, ошқозони тузалгач, яна бир олиб келасиз.
Врач шундай дея шапалоқдек қоғозга нималарнидир ёза бошлади. – Чақалоқанинг исми нима?
– Исми Дилшод.
– Фамилияси–чи?
– Фамилияси… – аёл қайнукасига қаради. – Сиз айтинг.
Ҳайрон бўлиб турган қайнука бир хил бўлса керак, деб ўзининг фамилиясини айт­ди.
– Йўқ, бу киши катта бобонгизнинг номларига ўтган. Шу фамилияларни ёздиришда жуда хижолат бўлиб ўламан-да.
– Ҳа… – қайнука энди тушунди. – Ўктамов.
Уларни кузатиб турган врачнинг аъзои-бадани жимирлаб кетди. Калта кесилган соч­лари орасидан бошланган титроқ то товонигача борди. Қайтиб, гўё наштар каби юрагига санчилди. Унинг эрининг исми ҳам Ўктам. Дугоналарига ўхшаб, у ҳам эрининг исмини тўлиқ, бехижолат айтади, бунга тили ҳам, дили ҳам ўрганган, ичиб келган ёки эрталаб тайинлаб келган ишларини кечгача қилиб қўймаса, ҳеч қаерда ишламайдиган лапашанг эрини ер билан битта қилади. Жаҳл келса кўз қизаради, жаҳл кетгач юз қизаради. У ҳам қизишиб кетганида: «Сенга тегиб нима кўрдим?!» дея тилига эрк беради. «Боқиманда бўлиб, менинг топганимни заҳарингга еб ўтирибсан–ку», дея юзига айтган жойлари ҳам кўп бўлган, аммо эри миқ этмайди. Уни севиб қолган. Ўзи пиширган ош.
Врач чақалоқнинг исм-шарифини ёзар экан, шу ҳақида ўйга толди ва хаёлан сўраб қўйди:
– Опа, эрингиз нима иш қилади?
– Хўжайинимми? – аёл майин табассум қилди. – У киши чўпон. Кеча-кундуз даштда юради.
Врач аёл вужудидаги титроқни сездирмаслик учун оқ қоғозга қитирлатиб, боланинг соғайиб кетиши учун керакли дорилар номини ёза бошлади.

 

ОНА

 

Мактабдан қайтаётиб, яхмалак ерда то­йиб йиқилган муаллима неча кундан бери уйда икки оёғи гипсланиб ётибди. Турай деса туролмайди, ўтирай деса ўтиролмайди – фақат ётади. Ташқарига чиқмоқчи бўлса, эри ёки катта болалари кўмак бериб, бир амаллаб жойидан туриб олади. Кейинги кунларда зерикканидан овунчоқ бўлсин, деб икки ёшли ўғилчасини боғчага ҳам юбормай қўйди. Ҳамма ўз ишига, ўқишига кетади. Уйда ёлғиз бемор она ва кенжатой ўғилча. Бола онаси учун ҳам овунчоқ, ҳам дастёр. Ҳали уни олиб беришни, ҳали буни жойига қўйиб келишни буюради. То пешингача аҳвол шу. Она-бола бир-бирига овуниб кунни ўтказишади. Болакайнинг пилдирабгина иш қилишларидан руҳланиб, жисмидаги оғриқни унутгандек бўлади.
– Ўзимнинг меҳрибоним! Айланай сендан! – ўғилчасини ёнига ётқизиб олган она уни эркалайди. Юзларидан ўпиб, сочларини силайди. – Жоним мени…
Кўп қаватли уйларнинг хонаси тор. Бетон уйда шу тор хонанинг ҳам исиши қийин. Гипс­да ётган одам эса иссиқ кунда ҳам сов­қотади. Она хонанинг бир чеккасига спирал плита ёқиб қўйибди. Ҳарна совуқнинг заҳрини олади.
Кенжатой ўйинчоқларига овуниб ўтирганди, телевизорда спорт ўйинлари намойиши бошланиб қолди. Бола томошага қизиқади. Ўйиндан чалғиб, экранга тикилиб қолди ва бир маҳал ирғиб ўрнидан сакраб турди-да, спортчиларга тақлид қилдими ёки аввал ҳам бир-икки қилган машқини қайтармоқчи бўлдими, бошини ерга қўйиб, умбалоқ ошди. Аммо унинг чинқириғидан онанинг ҳуши учди, кенжатойнинг оёғи плита устига тегиб куйган эди.
Она ўрнидан қандай турди, қандай уй бурчидаги плита ёнига борди, ўғилчасининг ку­йиб, тутаётган пайпоғини қандай ечиб отди, билмайди. Билгани – ўғлини бағрига босиб, пешанасидан ўпяпти, овутяпти, ўзининг эса иккала оёғи худди аввалгидек қақшаб оғрияпти… Гипс силжиб кетди, шекилли… Энди эри келиб жойига ўтказиб қўймагунча шу аҳволда зор қақшаб ўтиради…

 

Холиёр САФАРОВ

Манба: "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетаси