Қиёфадошингдан ўрнак ол!


(воқеий ҳикоя)

 

   Бу воқеани эслаш орқали кимнингдир устидан кулиш фикридан йироқман. Аммо бундай ҳолатлар кимларгадир сабоқ бўлар, деган мақсадда ёзишга жазм қилдим.

  "Сабо" газетасида газета веб сайтининг муҳаррири сифатида фаолият юритиб, ишлаб юрган кезларим эди. Шерзод исмли дизайнер укамиз ва мен компьютерни яхши тушунардик. Дастур ўрнатиш ва таъмирлаш сингари ишларни. Бир куни Шерзод кимгадир мени кўрсатиб: "Шу киши компьютер бўйича мутахассис", - деди менга нотаниш бўлган аёлга. У аёл ёнимга келиб, ноутбуки бузилиб қолгани, тузатиб берсам яхшигина ҳақ тўлашини айтди. Мен таъмирлаш ишлари учун пул олмаслигимни айтиб, ноутбукини кўрсатишини сўрадим. У ҳам биз ишлаётган Навоий кўчаси 30-уйдаги бинода ишларкан. Хуллас, хонасига кирдик. Ноутбукига вирус тушгани сабабли виндовс операцион тизим очилмаётган экан. Антивирус ўрнатиш лозимлигини айтдим. У "ўрнатинг, пулини бераман қанча десангиз", - деб яна пулини рўкач қилди. Ўзимча ҳайрон бўлдим. Шерзод менинг бундай ишлар учун ҳақ олмаслигимни билгани ҳолда, нега пуллик, қўлидан келадиган ишни ўзи бажармасдан менга топширди экан, деб ўйланиб қолдим. Опадан исмини сўрадим. У қошларини чимириб: "Мени танимайсизми? Мен машҳур фалончи бўламан, ҳамма мени танийди-ю", - деди менга худди осмондан тушганмисан дегандек ҳайрон қараб. - Узр, опа, таниқли бўлсангиз-да, исмингизни эшитганману, ўзингизни илгари кўрмаган эканман, - дедим. Опанинг исмини Маломат деб атаб турайлик. Маломат опа: "Менинг бир оз ишларим бор, сиз ноутбукимни тузатиб тураверинг, қайтиб келганимдан кейин пулини айтасиз, бераман", -деганча хонадан чиқиб кетди. Мен тизимга хавфсиз режим орқали кириб, ноутбукка флешкамни улаб, антивирус ўрнатдим ва ноутбук винчестерини вируслардан тозаладим. Бир оз ўтиб, Маломат опа хонага кириб келгач, дастлаб менга ҳайрон қолгандек тикилди. Сўнгра қахрли нигоҳларини ноутбукка қаратди-да, менга важоҳат билан ўшқирди: "Сен кимсан? Хонамга қандай қилиб кириб қолдинг? Калитни қаердан олдинг? Нега ноутбукимни титкилаяпсан? Қанақа маълумот қидираяпсан?Ким сени ёллади?", -каби қатор саволларни қалаштириб, менга туҳмат қила кетди. Азбаройи таажжубдан оғзим ланг очилиб, нима деб жавоб беришга ҳайрон бўлиб қолдим. Бу аёлнинг ё хотираси чатоқ ёки бўлмаса ақли жойида эмас, деган хулосага келдим. Ақли ноқис бўлса, бу даргоҳда нима қилиб ишлаб юрибди? Маломат опа ҳужумда давом этди: "Тез лаш-лушларингни йиғиштириб, бу ердан йўқол, бўлмаса соқчиларни чақириб, хонамга бостириб кирганинг ва маълумотларимни ўғирлашга уринганинг учун қаматиб юбораман", - дея пўписа қилди. Гарчи унинг пўписаларидан қўрқмасам-да, бироз ранжидим. Мен ундан пул олмаслигимни айтгандим. Балки пул бермаслик учун шу томошани кўрсатаяптимикан, деган хаёлга ҳам бордим. Индамасдан хонасидан чиқиб кетдим. Шерзод мени кўргач кула бошлади. "Ҳа, ярамас, бу нима қилганинглар? Нега у опа менга бунақа муомала қилди?", - десам, у: "Қўяверинг ака, у опани томи кетган, мен ҳам илгари сиз тушган ҳолатга тушганман. Сиз ҳам танишиб олиш бахтига мушарраф бўлинг дегандим", - деса бўладими!

- Огоҳлантириш керак эди барибир, эс-ҳуши жойида бўлмаса бу ерда нима қилиб ишлаб юрибди?, - десам, Шерзод "билмасам" дегандек елка қисди.

 Бош муҳарриримиз Маъпура Набиевадан ўша аёл ҳақида суриштирганимда, Маломат опа илгари бинойидек ёзувчи бўлгани, кейин кўзига ҳар балолар кўринадиган бўлиб қолгани, уни доим кимдир таъқиб қиладигандек туюлишини айтди. Ҳаттоки, айрим инсонларни аслида ўзи эмас, қиёфадошига алиштириб қўйишган экан, деган даъволарни ҳам қилган экан.

   Кунларнинг бирида, мен ўтирган хонага Маломат опа кириб келди. "Орангларда ким компьютерни тушунади? Компьютерим бузилиб қолди", -деди Шерзод иккимизга қараб. Кейин бир Шерзодга, бир менга тикилди. "Сизлар кўзимга иссиқ кўринаяпсизлар, илгари қаердадир кўрганман сизларни", - деди. - Тўғри топдингиз, бизни газетада ва ойнаи жаҳонда кўргансиз, аммо иккаламиз ҳам компьютерда матн теришдан бошқасини билмаймиз, - деди Шерзод. Маломат опа қўлларини белига қўйганча менга тикилди: "Сен компьютерни тушунишинг кўзингдан билиниб турибди. Кўзимга қара! Кўзимга қара деяпман! Мени алдолмайсан. Тузатиб бер, қанча десанг пулингни бераман", - деди. Мен Маломат опага: "Опа, сиз мени кўриб турганингиз билан бу аслида мен эмасман. Қиёфадошим тушунади компьютерни, ўзим эса, сиз айтган клонлардан бириман. Мактабни ҳам аранг битирганман", - дедим. Маломат опа бироз ҳовуридан тушди ва менга насиҳат қилди: "Ўрган компьютер тузатишни! Қиёфадошинг биларкан-ку. Сени ундан қаеринг кам? Сениям алиштириб қўйишибди-да, бечорагина-я. Давлат идораларига клонларни қўйишаяпти десам кўпчилик ишонмасди, мана исботи", -деб ачиниб қараганча чиқиб кетди. Биз эса Маломат опанинг маломатларидан қутулганимизга шукур қилиб енгил тин олдик. 

 

Музаффар МУҲАММАДНАЗАР.

2016 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот