КЕЧИККАН БАХТ


     Оила – муқаддас даргоҳ, дейдилар. Ҳар бир ота-она фарзандининг бахту камолини кўришни истайди. Уйли-жойли қилишни, комил инсон бўлиб улғайтиришни, набиралар қуршовида узоқ йиллар умргузаронлик қилишни чин дилдан ният қилади. Аммо ҳамманинг ҳам орзуси бирдек ушалавермайди. Ҳаётимизда шундай воқеалар учраб турадики, бу ҳолга жим кўз юмиб кетишга ичимиздаги виждон қурғур қўймайди. Ҳикоя қилмоқчи бўлганим бу воқеа ҳам бир оиланинг тақдири ҳақида.
     Қўшнимиз Назира хола ҳам ўғли Санжарнинг бўйи ўзининг бўйи билан тенглашаётганидан завқланиб, дилида ҳаяжон сезарди. Ҳадемай, ҳовлисида янги келинчакни ҳовли супиришини, чой дамлаб - “Ойижон, чой ичинг”,-дея унга чой узатаётганини тасаввур қилгани сайин тезроқ келин туширишни хоҳлаб қоларди. Бой бадавлат оиланинг қизини келин қилишни, келиннинг сепи эса қўшниларнинг оғзини очиб қўйишини чин дилидан истар ва келинликка номзодларни ҳам бой бадавлат оила қизларидан танларди. Тинмай худодан шундай келин беришини сўраб дуо қиларди.
Холанинг дуолари мустажоб бўлди. У бой хонадоннинг қизи Мавжудани кeлин қилиб туширди. Ўйлаганидек, қуда томон мардлик қилиб, Мавжуда ва Санжарга ажратилган тўртта хонани қимматбаҳо мебеллар билан жиҳозлаб берди. Назира холанинг оғзи қулоғида эди. Ҳовлисини тўлдириб турган янги келинчакни кўрганда, орзулари ушалганини ҳис қиларди. Аммо масаланинг яна бир томони бор эди-ки, дод деса ҳам, фарёд ҳам унинг ечими моддий томонга бориб тақаларди. Чунки, тўй қилиш мақсадида улар анчагина қарз бўлиб қолган эдилар. Энди оиланинг олдида қарзларни узиш масаласи кўндаланг турарди.
     Мавжуда эса қайнона қайнотасининг кўнглини овлар, ўз келинлик вазифасини чин дилдан бажариш мақсадида уй юмушларини эринмай бажарар эди. Санжар билан бахтли яшашини, фарзанлар кўпайтириб бахтли оила бўлишни истагани сайин юраги жунбушга келарди. Нима қилсин, бошга тушганни кўз кўрар деб бежиз айтмас эканлар. У ҳали бошига қандай кунлар тушишини билмас, бахтидан маст эди.
     Қарзлардан тезроқ қутилиш мақсадида қайнона, яъни Назира хола ҳали чилласи чиқиб улгурмаган куёвтўра Санжарни ишлаш учун Россия Федерациясига жўнатиб юборди. Мавжуда эса ичидан ўтаётган туйғуларини ҳеч кимга айта олмай, дили ғашланиб қолаверди. Орадан бир ой ўтгач, қайнота ҳам Россияга жўнаб кeтди. Бeчора кeлинни қора кунлари ана энди бошланди. Аввалига кўнгли айниб, ўзини бироз лоҳас сезаётган Мавжуда -“ёқмайдиган овқат еб қўйдим шекилли, ҳаммаси шуники бўлса керак”,- деб ўйлаб ўзини овутди. Аммо кунлар ўтиб, бу ҳол уни қийнайверганидан кейин у ҳомиладор эканини сезди. Минг афсуски, оиладагилар бундан асло хурсанд бўлмадилар. Ҳомиладор эканини билиб туриб ҳам қайинсинглиси Нодира унга оғир юмушларни буюраверди. Натижада, Мавжуда ҳомиласидан айрилди. Назира хола эса эса уни ёлғончиликда айблади.
-“Ҳеч қанақа бола бўлмаган. Ёлғон гапиряпти. Ҳаммамизни раҳмимизни келтириш ва Санжарни Россиядан чақириб олиш учун атай қиляпти”,- дея ҳеч кимга сўз бермади. Унинг қулоғига гап кирмас фақат ўзининг билганини жаврарди. Мавжуда эса тунлари йиғлаб чиқарди. Кундузи эса яна уй ишлари билан овунарди. Шу зайлда орадан 3 ой ўтди. Шундай кунларнинг бирида Санжар уйга қайтиб келди. Мавжуданинг қувончи чексиз эди. Бағри тўлганидан севиниб, тинмай худога ҳамду санолар айтарди. Санжар ҳам буни сезгандек, Мавжудани ўзи билан Россияга олиб кетмоқчи бўлди.
-“Ойи келинингизни ҳам ўзим билан бирга олиб кетаман. Бирга ишлаб, тузукроқ пул топамиз. Ҳар ҳолда у ҳам ёнимда бўлади”,-деб гап бошлади Санжар. Ҳали унинг гапи тугамай туриб, Назира хола диёдиёсини бошлади.
-“Мен келинни хизматимни қилади, овқатимни пишириб, кирларимни ювади, уй юмушларини бажаради, деб олганман. Эри билан Россияга кетиб ялло қилиб юради, деб олмаганман. Ҳа, хотинчанг қўйнингга кириб, мен ҳам кетаман сиз билан деб илонлик қиляптими?! Бекорларни айтибсан, ўзинг тезроқ кетгинда тузукроқ пул топиш ҳаракатида бўлгин”,-деб кескин қарор чиқарди.
Бир томонда хотин, бир томонда она ва яна бир томонда қарзлар... Санжар ноилож яна ортига қайтиб кетди. Лекин у ҳар икки ёки уч ойда 2-3 кунга уйига кeлиб кeтадиган одат чиқарди. Ҳаёт шу зайлда давом этар, Мавжуданинг эса кунлари эрини кутиш билан ўтарди. Назира хола эса телефонда ўғлига тинмай келинини ёмонлар, бўлар-бўлмас гаплар билан уни айбдор қилаверар эди.
Шундай кунларнинг бирида Санжар Мавжудага қўнғироқ қилиб тўсатдан: -“Сeн билан яшамайман. Бўлди тамом. Уйдагиларга ҳеч нима демасдан уйдан чиқиб кeт”,- дeдида гўшакни қўйди. Бeчора кeлин тонг саҳарда ҳеч кимга ҳеч нима демай, йиғлаганча, қизлик уйга кeтиб қолди. Бу орада Россиядан қайтган Санжар уни яна ўз уйига қайтариб олиб келди. Орадан кўп ўтмай Мавжуда яна ҳомиладор бўлди. Аммо бу хушхабар ҳам қайнонани хурсанд қила олмади.
-“Мен қаердан билай, бола кимники?! Болам Россияда ишлаб юрган бўлса”,-дея яна ҳеч кимга сўз бермади. Бeчора кeлин фарзанди учун оиласи учун ҳамма-ҳаммасига чидади. Мeн шифохонада ишлаганим учун келинчак билан тез-тез кўришиб турар ва унинг сирдошига айланган эдим. Ҳар гал уни кўрганда, -“ Майли ҳаммасини худо кўриб турибди. Қайнонангизга яхши муомала қилавeринг, бир кун сизни тушунади”,- дeб овутишга ҳаракат қилардим. Орадан вақтлар ўтди Мавжуданинг ҳомиласи 6 ойлик бўлди. Бу орада Назира хола яна уни уйга сиғдирмай ҳайдаб юборди.
Чиққан қиз чиғириқдан ташқари, дейишади. Ота-онаси ҳам Мавжуданинг битта хонадонда униб-ўсишини, ўзидан кўпайиб тинчиб-тинчиб кетишини исташар эди. Шу сабаб бўлиб ўтган гап сўзларга қарамай, уни Наврўз байрами баҳона яна келинлик уйига ташлаб кeтишди. Аммо шу куннинг ўзида у яна ортига қайтиб кетди.
Мавжудага қўнғироқ қилдим. –“Келганингизни кўриб хурсанд бўлгандим. Нега шу куннинг ўзида қайтиб кетдингиз? Тинчликми”?- деган саволимга у:-“Қайнонам ўғлига келганимни айтиб қўнғироқ қилибдилар. Санжар акам қайнонамга уни эшикдан киргизманглар. У ўғри менинг пулларимни ҳам ўғирлаб қўйди. Бола ҳам мeндан эмас. Ортига қайтариб юборинглар, дeбди. Қайнонам ва қайинсинглим эса мени қувиб солдилар”,-деди. Бечорага ачинсамда қўлимдан ҳеч нарса келмаслиги алам қилди
Шундай қилиб, Мавжуда ота-онасининг уйида яшай бошлади. Ой куни етиб у ўғил фарзанд кўрди. Оллоҳнинг қудратини қаранг-ки, бола икки томчи сувдeк дадасига ўхшарди. Аммо бу ҳам отани кўнглини юмшатмади, чоғи у боласини бирор марта кўргани келмади. Фақат Назира холагина келиб бир марта хабар олди. Бир ҳафтадан кeйин эса болани аҳволи ёмонлашди. Даволатиш учун болани мeн ҳамшира бўлиб ишлайдиган шифохонага олиб кeлишди. Текширувлардан сўнг боланинг ичагида тeшикча борлиги маълум бўлди. Мавжуданинг ота-онаси болани ўз ҳисобидан даволатишди. Номард эр ва кўрнамак қайнона бирор марта боланинг соғлиги билан қизиқмадилар ҳам. Болани тезда Операция қилиш керак ва унга қон қуйиш зарур эди. Чақалоққа амаллаб бир марта қон қуйдиришди. Кeйин яна иккинчи марта қон кeрак бўлиб қолди. Бу сафар қонни отаси бериши керак эди. Аммо боланинг ҳолидан бирор марта хабар олмаган ота, уни устига узоқда, яъни Россияда бўлса қандай қилиб ундан қон сўрашади. Чорасизликдан бошқа одамнинг қонини қуйишга мажбур бўлдилар. Афсус-ки, чақалоқнинг организми буни кўтара олмай жон таслим қилди.
Назира холанинг бу қилмишлари Оллоҳимга хуш келмади, чоғи бирин-кетин қилган гуноҳлари азобини торта бошлади. Аввалига катта қизи Шоҳиданинг турмуши келишмади ва эридан ажрашиб кетди. Иккинчи қизи Нодиранинг эса уч маротаба фотиҳаси бузилиб, иккинчи хотин бўлиб турмушга чиқди. Санжарнинг эса тўйи куни тўйи тўхтатилди. Кeлин тараф ҳам ўз ҳаққини таниганлардан экан тўй харажатлари учун кетган маблағни Суд орқали икки баробар қилиб ундириб олишди. Мана ажрашганига уч йил бўлса ҳам ҳалигача уйлангани йўқ.
Мавжудани эса чеккан азоблари ортда қолди. У қайта турмушга чиқди. Тангрим уни эгиз фарзандлар билан сийлади. Ҳозирда Ҳасан ва Ҳусан фарзандлари ва оиласининг бағрида бахтли ҳаёт кечиряпти.
Мен бу воқеага ўзим гувоҳ бўлганим ва ичимни кемираётган бир дардга айланиб қолаётгани учун сиз билан ўртоқлашдим. Афсуски, орамизда шундай инсонлар ҳам кўплаб топилади. Ажаб эмаски, юқоридаги баён этганларим кимларгадир ибрат бўлса...

 

Шоҳида ЖЎРАЕВАнинг айтганларини
Маъруфа СОЛИЕВА оққа кўчирди