Мадмуазель Фифи


     Тун оғушида бир аёлнинг чинқириғи осойишта шаҳар тинчини бузди. Бу овоз бир пайдо бўлди-ю, сўнг негадир бирданига тинчиди. Шаҳар аҳолиси бу қичқириқнинг сабабини, эрта тонгданоқ тарқалган шум хабардан билишди. Ишратхонаю, қиморхоналарнинг бекаси Мадмуазел Фифини ўз уйида ўлдириб кетишибди.
     Париж шаҳридаги номдор мижозларга эга бўлган қиморхоналар бекаси Мадмуазел Фифининг тўсатдан ўлдирилиши катта шов-шувга сабаб бўлди. Аксарият шаҳарлик хоним аёлларнинг фикрича: “Ҳаромдан келган пул, ҳаромга кетибди”. Аммо ҳеч ким аслида бу аёл ҳақида тўлиқ маълумотга ҳам эга эмасдилар. Ҳом сут эмган банда доимо одамлардан айб қидиради. Хеч вақт савоб учун ҳам мақтов айтилмас экан. Мадмуазел Фифи аслида шаҳар аҳолиси ўйлаганчалик ёмон аёл бўлганми? Бунисини, яхшиси келинг сизга ҳикоя қилиб бера қолай:
“Мадмуазел Фифи ҳар якшанба куни тавба қилиш учун черковга борар ва эҳсон қилишни канда қилмасди. Руҳоний ота хоним кетиши билан унинг пулларини харом санагани учун черков манфаати учун сарфламас, берилган ҳайрия маблағни пулга муҳтож кишиларга тарқатиб юборарди. 
     Мадмаузель Фифи ўлимидан бир кун аввал одатдагидек черковга борди. Аммо тавба қилгунча узоқ қолиб кетди. Хизматкорининг сўзларига кўра у хонимдан хавотир олиб черковга кирганида, руҳоний ота беҳуш бўлиб йиқилган хонимини юзига сув сепаётган экан. Хизматкор қиз ҳам унга ёрдам берибди. Мадмуазель Фифи ўзига келгач, тез-тез юриб черковдан чиқиб кетишибди. Извошда уйга келишгач, хоним унга жавоб бергач ётоқхона эшигини ичкарида тамбаллаб олган. Шундан сўнг, тун ярмида унинг чинқириғидан хизматкорлар уйғониб кетишган. Бўлган воқеа шугина эди. Аслида тунда нима бўлганини фақатгина руҳоний ота биларди. 
У ҳам бир неча йилдан сўнг ўлими тўшагида ётганда шогирдига, яъни бир вақтлар хонимга ошиқ бўлган, аммо муҳаббати армон бўлган Эйрик Луазелга айтиб берди. Эйрик Луазел шу вақтга қадар фақат севгилисини бевафоликда бекорга айблаб келганини, унинг тақдири нақадар фожиали бўлганини эшитиб, аламдан бақириб юбормаслик учун оғзини қўллари билан беркитди. Руҳоний отанинг эрта тонгда жони узилди. Тушга яқин давом этган дафн маросимидан сўнг, ҳамма тарқалсада мозорда фақат шогирд бўлғуси черков руҳонийси жаноб Эйрик Луазелгина қолди. У мозордаги ўриндиққа суянганча, ўтмиш хотираларни ёдга олди.
Ўша вақтларда у эндигина балоғат ёшига етган норғул йигит эди. Эндигина ўн бешга қадам қўйган савдогарнинг қизи Матилдани у жонидан ортиқ севди. Ҳа, Мадмуазеь Фифининг асл исми шундай эди. Бой фермернинг ўғли Эйрик Луазел кун келиб шу сохибжамолга уйланишига қаттиқ ишонарди. Бироқ қиз йил охирида саксонга яқинлашиб қолган бир чолга турмушга чиқди ва бу ерлардан кўчиб кетди. Йигит бошқа қизга кўнгил қўёлмади. У ўзини динга бағишлади ва монастирда ўқиди. Шаҳарга қайтгач черковда ишлай бошлади. Кунларнинг бирида бир зодагон эркакни қўлтиқлаганча хандон отиб келаётган аёл унга таниш кўринди. Ҳа бу ўша юрагини адо қилган махбубаси эди. Унинг ёмон хулқли аёлга айланганини билгач, сўнги юрагидаги умиди ҳам ўчди. Йигит қалбида шу кунга қадар бўшлиқ бор эди холос. Энди эса бўшлиқ ўрнини афсус ва надомат эгаллади. Эркакнинг кўзларидан оққан ёш икки юзини ювиб тушарди. 
Мадмуазел Фифи шифокор кўригидан чиққач одатдагидек черковга борди. Бироқ унинг қиёфасида хар доимгидек таббусум кўринмасди. У жуда хафа ва хорғин кўринарди. Енгил ва охиста қадамлар билан черковга киргач, тавба қилиш мақсадида курсига чўкди. Ғамли кўзларини бир нуқтага қадаганча сўз қотди.
-Руҳоний ота сиз доим ҳар бир гуоҳнинг жазоси бўлади дердингиз. Менинг ҳам қилган гуноҳларимга жавоб берадиган фурсатим етган кўринади.
-Бўтам, кўнгилсиз бирор корхол юз бердими?
-Ҳа, мен бедаво дардга йўлиққанман. Бир неча кунлик умрим қолган.
-Яхши ният қилинг, бўтам. Ҳар бир хасталикни давосини бергувчи Яратган эгам.
-Руҳоний ота, доимо мендан нафратланиб келдингиз. Берган хайру-эхсонларимни черковга сарфламай тарқатиб юбордингиз. Йўқ, ўзингизни оқламанг. Мен бу пулларни ҳалол ишлаб топганман. Тушунаяпсизми? Тунлари хотин-қизлар учун шляпаллар тўқиб чиқардим. Шуни пуллагач, алоҳида бир қутида йиғардим. Ипларини ҳам ҳалол пулга олганман. Сизга берган маблағимда ишратхоналар ва қиморхоналарнинг бир франки ҳам аралашмаган. Ишонинг менга.
-Бўтам, нимага шуни аввалроқ айтмадинг?
-Менга ишонмайсиз, деб ўйлагандим. Ҳозир бу муҳим эмас. Мен нима учун бу қадар тубан кетганимни сизга айтмоқчиман. Чин дилдан тавба қилиш учун келдим ёнингизга. Биламан, қанчалик тавба қилмай, гуноҳларим жуда ҳам оғир. Бутун танамни дарёлар сувида ювса ҳам покланиши даргумон. Чунки менга, чунки менга не-не зинокорларнинг исқирт қўллари тегмаган дейсиз.
-Бу йўлни нимага танладинг, бўтам. 
-Мени ўн беш ёшимда қарзларидан қутилиш мақсадида ўз отам зодагон де Варнеттога пуллади. Мени оилам бағридан юлиб олган ифлос, узоқларга олиб кетди. Бу қари олчоқ сассиқ чолдан кўрмаган хўрлигим қолмади. Бирга бўлишни истамаганим сабаб, мени аёвсиз калтакларди. Бутун танам момоталоқ бўлиб кетарди. Отам бир гал келганларида қанчалик ёлвормай, мени олиб кетмади. Азоблар суягимдан ўтиб кетди. Очликдан силам қуриди. Мен чолни гумдон қилиш йўлини ахтарардим. Ниҳоят очликнинг учинчи куни ошпазнинг кўзидан пана қилиб, овқатига жуда кўп маргимуш солиб юбордим. Бахтимга чол захарланиб ўлди. Аммо бечора оқ кўнгил хизматкор хотинни айбдор деб топишиб, сургун қилишди. 
-Бўтам, сиз одам ўлдиргансиз. Айбни эса, бир бегуноҳ бўйнига қўйгансиз. Бу чиндан ҳам оғир гуноҳ.
Мен ёш эдим. Айтишга қўрқдим. Ўшанда фақат уйга қайтаман деб ўйлагандим. Бироқ, мен бахти қаро, чолнинг ўғли де Оссони қўлида қолдим. У ўлгидек хотинбоз экан. Унга кучим етмади. Уч йил ит азобини бошимга солди. Хеч ким мени қутқармади. 
Кунларнинг бирида унинг ғазнасидан пул ўғирлаб, ота уйимга қочиб бордим. Отам мени бир хонага қамаб қўйиб, эрим қўлига топшириб юборди. У одам қиёфасидаги махлуқ эди. Оҳ, кунларни эсласам, ҳамон танамга титроқ югуради, - дея хоним кўз ёшларини нафис дастрўмоли билан сидириб олди.
-Бўтам, сув ичиб олинг, енгил тортасиз.
Хоним, узатилган сувни, бир кўтаришда ичдида, сўзида давом этди:
-Уни ҳам бир ёқли қилишга қарор қилдим. Таомига маргумиш қўшиб бердим. У ўлди-ю, аммо муаммо пайдо бўлди. Унинг қотиллигида мени айблаб, ҳибсга олишди. Қамоқда эса ҳар куни у ердаги махбус аёллардан таёқ ердим. Яхши овқат емаганим учун чўпдек озиб, ўлар ҳолга келдим. Доимо оғзидан тамаки тушмайдиган бир кекса аёл менга кўп ғамхўрлик қиларди. У менга шляпа тўқишни ҳам ўргатди. Унинг маслахатига кўра миршабларнинг бошлиғи чўтир юзли Жорж Рампаннони илинтирдим. Қамоқхонада устаси фаранг фоҳишага айландим. Ташқаридан турли чиройли совғалар мен учун келар, мен эса барчасини аёллар билан бўлишардим. Энди ҳаётим ўзгарган, бирор ким менга қўл ҳам теккизишга журъат қилолмасди. 
Миршаб Жорж Рампанно жазо муддатимни қисқартирди. У мени ўлгудек севиб қолди. Мен беш йил деганда қамоқдан чиқдим. Миршаб билан яшай бошладим. Шляпа тўқиб, бой хотин-қизларга пуллаб кун кўрардим. Чунки эрим энди қамоқхонадаги лавозимидан айрилган, ичкиликка берилганди. Ишидан айрилган сабабини ўзи айтмагани учун мен ҳам сўраб ўтирмадим. Унинг менга кўп яхшилиги теккани учун ташлаб кетишга кўзим қиймади. Икки йил ўтиб, у жигар хасталигидан вафот этди. Уйни сотиб, уни тантанали дафн қилдим. Сўнгра бор будим бўлган, кийимлар солинган ягона чемодонимни қўчоқлаганча Париж шаҳрига келиш учун сўнги пулимга чипта сотиб олдим.
Париж келгач, бир тикув цехида оддий ишчи бўлиб ишлай бошладим. Ҳаётим ёмон эмасди. Аммо цех бошлиғи мени севиб қолди. Бу бадхулқ кимса менга зўрлик билан эришмоқчи бўлганда, уни бехосдан бор кучим билан итариб юбордим. Бошлиғимнинг боши деворга зарб билан тегиб, тил тортмай ўлди. Мен яна қамалишдан қўрқиб, узоқларга қочиб кетдим. Чекка бир овлоқ қишлоқда бир неча йил бир ишратхонада ишладим. Ишратхона бекасига ёқиб қолдим. У оғир хаста эди. Ишратхонани ва қовоқхонасини мени номимга ўтказиб берди. У қийналиб жон берди. Уни дафн этгач, барча мулкимни сотиб, яна Париж шаҳрига қайтдим. Шу кунларга ҳам ўн йил бўлибди. Буни қарангки, ҳали қирққа кирмаган жувон бошида шунча кўргуликлар бўлган. Менинг тақдирим аянчли бўлди. Ҳар куни бой бўлсамда йиғлаб чиқардим. Менда ҳеч қачон бахт бўлмади. Руҳоний ота балки, хунук қиз бўлганимда бахтли бўлармидим. Энди эса эркин нафас оламан деганимда, ўлим соя солиб турибди. Душманларим олдида ночор қазо қилишни истамайман. Мен режа туздим.
-Қандай режа туздинг, бўтам.
-Бунда сизнинг иштирокингиз жуда муҳим руҳоний ота.
-Қулоғим сенда. Фақат кимгадир зиён етказа олмайман.
-Хавотир олманг, хеч кимга зарар етмайди. Мен ўзимни ўлдиришга ёлланма қотил топдим. У бугун тунда мени ўлдиришга келади. Сизга ягона илтимосим буни ҳаммадан сир сақлашингиз керак.
- Аммо бунинг нима кераги бор. Оддий инсонлар сингари вафот этсангиз бўлмайдими? 
-Йўқ, руҳоний ота. Сиз мени тушунмайсиз. Одамларнинг кўзидаги адоватни кўришга тоқатим йўқ. Тунлари бўладиган охири йўқ азобларга чидай олмайман. Душманларим “Гуноҳларига яраша жазо олди” – деган танаю-дашномларга бардош қилолмайман. Мен хаттоки тинчгина ҳам ўлолмайман. Бу илтимосимни, сўнги васиятим ўрнида қабул қилсангиз. Мен вафот этгач ишратхона ва қиморхоналарнинг сотилган пулидан бир болалар уйи қурсангиз. Унда менинг, ҳа менинг қўзичоқларимни олиб боринг. Банкда ўн йилга етадиган маблағим бор. Барчасини болаларимга сарфланг. Пулларим ҳалол эмасдир, аммо гўдакларнинг мана шу хайхотдек совуқ кўчаларда тентираб ўлиб кетишдан асрайди. Тўғри айтдингиз, руҳоний ота. Менинг гуноҳи-савобим бир. Етимлар кўчаларда қолиб кетса, менинг тутинган болаларимга хеч ким эгалик қилмаса, мен қабримда тинч ётолмайман.
-Кўнглинг хотиржам бўлсин. Барчаси сен айтгандек бўлади.
-Бир неча ҳафтадан сўнг адвокатим жаноб Отто сизга пулларни келтиради. Болаларни учун банкдаги омонатга қўйган пулларимни сизга васият қилганман. Руҳоний ота, биласизми энди анча кўнглим хотиржам. 
-Бўтам, сенга осон ўлим тилайман. 
Эрта тонгда ўша мудхиш тонгда Мадмуазел Фифи ўлдирган қотил унинг барча қимматбаҳо тақинчоқларини ўғирлаб, кўздан ғойиб бўлди. Иш ҳам очилмай ёпилди. 
Руҳоний Эйрик Луазел юзларидаги кўз ёшларни аста артаркан, ўрнидан турди. Энди унинг қармоғида ўн беш нафар етим болалар бор эди. Ҳар ҳафтада руҳоний ота болаларни олиб, Мадмуазел Фифи мозорига гул қўйиб кетишни канда қилмади. Йиллар ўтди. Шаҳар аҳолисини ҳайратга соладиган яна бир воқеа содир бўлди. Руҳоний Эйрик Луазел отанинг мозори, суюқ аёл бўлган Мадмуазел Фифи қабри ёнидан жой олди.

Зебо Зейнур