ИСИРИҚ ТУТАГАНИДА...ЎҒРИ ҚАЙТАДИ


“УЙИМИЗ КУЙИБДИ!..”

 

     Ноиланинг уйини ўғри уриб кетибди!

     Жувон ўз кўзларига ишонмасди.

     Аммо бу ҳақиқат эди!

     Ўғри шу қадар устомон эканки, тахмонга, кўрпа орасига яшириб қўйилган олти юз минг пулнинг айнан беш юз мингги олиб кетганди!

     “Инсофли” ўғри нимага юз мингни қолдирган — буни тушуниш мушкул эди!

    Тўйдан синглиси Салима билан қайтган Ноила уйга кириб келгандаёқ ҳовлида нимадир юз берганини тахмин қилганди.

     Жувонни сезгиси алдамаган экан.

     Уйда недир бегона ис бордай эди.

     Ноила дарвозани ёпиб, ичкарига кириб бораркан, бирдан безовталанди ва ортидан бемалол келаётган синглисини шоширди:

— Салима! Чоп! Чироқни ёқ!

     Опасининг бирдан бу аҳволга тушганидан ажабланган Салима илдам бориб ҳовли чироғини ёқди.

     Ноила шунда тўғри ҳовлидан ётоқхонага олиб кирадиган эшикнинг осма қулфи бузилганини, яъни қулф очилган ҳолда бир тутқичда осилиб турганини кўрди!

     Жувон ҳовлиқиб эшикни очди ва ўзини ичкарига урди.

— Вой, тинчликми, опа?

     Салима опасининг ортидан чопди.

Аллақачон хонага улгурган Ноила чироқни ёқди.

     Бир қараганда хонада ҳамма нарса жойидага ўхшарди. Аммо Ноила бир нарсани аниқ билиб турарди: хонада кимдир бўлган! Тўғри, жуда эҳтиёткорлик билан, аммо барибир кимдир бўлган!

Ана, дераза пардаси сал сурилиб қолибди. Сандиқ устидаги кўрпалар эса...

Тўсатдан Ноилани ток ургандай бўлди.

Дарҳақиқат, кўрпалар ўзгариб қолганди. Йўқ, йўқ, улар аввалгидек ўз жойида турарди. Лекин уларнинг пайпаслангани, уёқ-буёққа сурилгани шундоққина аён эди!

— Вой ўлмасам!

Ноила энди ўзини кўрпалар томон отди ва шоша-пиша ўртада турган қизил духоба кўрпанинг орасини пайпаслади.

Жувон узоқ пайпаслади. Охири сабри чидамасдан ддухоба устидаги кўрпаларни бир-бир пастга отди ва... Ана шунда қизил духоба устидан икки даста бир-бирига қора ипда қўшиб боғланган беш юз сўмлик чиқди.

Юз минг!

Қолган беш юз минг, худди шунга ўхшаб Ноиланинг ўзи бир ҳафта бурун қайта-қайта санаб, қора ипда боғлаб қўйган бешта юз минг сўмлик дасталар йўқ эди...

Жувон беихтиёр оёқлари қайишиб-майишиб, гуп этиб ўтириб қолди ва ўзига ҳамон ажабланиб тикилиб турган синглисига кўзи тушаркан, изиллаб йиғлаб юборди:

— Уйимиз куйибди, Салима, уйимиз куйибди!

 Ахийри гап нимадалигини англаган Салима чиндан ҳам ўша ўғирланган беш юз минг тимсолида опа-сингил қачондан бери орзу қилиб юрган уй орзуси куйиб куйга айланганини англадию, ўзини тўхтатиб туролмасдан, эркакча овозда ҳўнграб йиғлаб юборди.

  

МИННАТЛИ ОШ

 

     Ноиланинг ҳаёт тарихини икки оғиз жумлада айтиб бериш мумкин.

     Оилада тўнғич қиз эди. Мактабни битирди, институтга уриниб кўрди, аммо ўтолмади. Кейинги йили ота-онаси рози бўлган йигитга турмушга чиқди. Қўшни туманга.

Ноила эри билан ўн бир йилга яқин яшади. Тан олиш керак, Дамин вазмин, босиқ эр эди. Балки иккалови бир умр бир-биридан рози ҳолда яшаб ҳам ўтишарди. Аммо, минг афсуски, ўртада фарзанд бўлмади.

Бу орада Ноиланинг сингиллари турмушга чиқишди, укалари уйланишди, бирин-кетин қариб, мункиллаб қолган ота-онаси вафот этди.

Нимагадир тобора жаҳл отига миниб бораётган қайнота-қайнона “бепушт хотин дастидан тирноққа зор бўлиб ўтаётган шўрлик” Дамин ҳақидаги ачиниш аралаш ғазабли гапларни келинга эшиттириб-эшиттириб такрорлай бошлашди. Зеро, баъзи бир шифокорлар айбни келиндан дея гумон қилишганидан улар бохабар эдилар.

Шунда Ноила сийиғи битганини англади ва ўз ихтиёри билан кўч-кўронини олганча ўн бир йиллик яхши-ёмон кунлари ўтган уйни тарк этди. Ахир Дамин янги хотини билан кўчада яшамайди-ку.

Бироқ!

Бироқ уй-жой деган муаммо хусусида ўйлаб кўрмаганини Ноила сал кейинроқ, ота-онаси яшаб ўтган, бугунги кунда икки укаси хотинлари ва бир этак болалари билан яшаётган уйга қайтиб келганида тушунди.

Мағрурлик уй-жойдан тинчиган жувонга ярашаркан!

Ноила келинлари тугул, муштдай бола-бақралар ҳам ўзига ёвқараш қила бошлашганини кўриб-билиб, ҳис этиб турарди. Укалар-ку, ҳар қалай, жигар, бир қориндан талашиб тушишган. Бироқ ҳатто шулар ҳам эрдан қайтган опага қовоқ очиб қарай дейишмасди.

Тан олиш керак, ҳовли ҳам торроқ эди.

Ноилага бир ҳужра ажратиб берилгандан сўнг уйга тўла эгалик қилиш қасдида бир-бирига зимдан тиш қайраб юрган, бу кайфиятни аллақачон турмуш ўртоқларию фарзандларига ҳам юқтириб улгурган оға-ини наздида ҳовли янада торайиб қолгандек бўлди. Энди уларнинг жиғибийрон бўлганлари...

Хуллас, Ноила қийналиб қолди.

Ишлайин деса на бирон-бир ўқишни тугатган, на қўлида ҳунари бор.

Тирикчилик эса тошдан қаттиқ. Ошқозон, оз бўлса ҳам кунига егулик сўраб туради.

Бу дунёда миннатли ошдан ёмони йўқ экан. Ноила бора-бора келинлари ёнида ҳатто бир пиёла чой ичишдан ҳам безиллаб қолди...

Албатта, Ноила “Берсанг ейман, бермасанг ўламан”, деб ётиб оладиган жувонлар тоифасидан эмасди. Суяги меҳнатда қотган жувон ҳар қандай ишни жон-жон деб қилишга рози эди. Ишқилиб, шу уйда қолмаса, келинларининг қаҳрли нигоҳларига, укаларининг норози боқишларига, жиянларининг адоватли қарашларидан узоқроқ юрса бас эди.

Аммо иш дегани ҳам топилавермади.

Ноила эл қатори далага чопди, куз фаслида тонналаб пахта терди, ишқилиб, топган пулини сўнгги чақасига қадар уйга ташиди.

Аммо эрдан қайтган жувонга муносабат ўзгарай демасди.

Охири, тоқати тоқ бўлиб, ҳатто ўзига ўзи ўлимлар тилаб юрган кунларининг бирида бечора Ноилага ҳам озгина омад кулиб боқди.

Яқин беш-олти йил бурун қишлоқ чеккасидаги сув чиқмайдиган овлоқ ҳудуддан аҳолига уй қуриб олиш учун ер учатскалари ажратиб берила бошланганди. Табиийки, “Берганнинг бетиги қарама” қабилида иш тутишга одатланган кўплаб одамлар ўлар-тириларларига қарамай, жон-жаҳдлари билан курашиб, керак бўласа бир-бирларининг устларидан ёзишиб, томоқлари қуриб қолгунча айнан ўзларига ер керак эканлигини исботлашиб, охир-оқибат олти сотихдан қуруқ ерга эга бўлиб олишганди.

Лекин ерга эга бўлиб бошқа экан, иморат қуриш бошқа экан. Тўғри, дастлаб ҳамма ўз жойида томорқа қилишга зўр берди. Аммо кўкламу ёз бошида сал кўкариб турган экин-тикин ёз чилласига бориб бирдан сўлиб қоларди. Зеро, бу ҳуддуга сув ташиб, томорқани суғориш учун техника керак  эди. Техника эса ёқилғи ерди...

Хуллас, тўрт-беш йил ичида қишлоқнинг баъзи сармодорлари бир-биридан чиройли уйлаб қуриб олишди, айрим ўртаҳоллар қўлда ғишт қуйишиб, омонта уйчалар тиклашди. Айни пайтда ҳувиллаб ётган ерлар ҳам анчагина эди.

Шундай пайтда ҳокимият ёрдам бериб, электр чироғи олиб келиндию, бу ҳуддуда ҳам ҳаёт сал-пал жонлана бошланди.

Хуллас, қишлоққа яқин жойдан ўзига жаратиб олинган олти сотих ерда бир хона, бир даҳлизли уйни амаллаб  қуриб олган, она томондан буларга узоқроқ қариндошлиги бор, ҳисобчи кенжа ўғли билан данғиллама ҳовлида турадиган уста Узоқназар чол:

— Қариб қолдим. Болаларнинг бариси уйли-жойли. Битр инсофли, иймонли одам участкамиизда туриб турса яхши бўларди, — дебди. Сўнг, одамларнинг саволомуз боққанини англаган заҳоти дарҳол қўшимча қилибди: — Йўқ, йўқ, квартирга эмас. Менга бировнинг бир сўми керак эмас. Шу уйга қараб, супуриб-сидириб турса бўлди.

Албатта, Узоқназар чол шунчаки савоб иш қилмаётганини туяга чиқмасдан ҳам олти чақирим нарини кўриб турадиган қишлоқдошлар фаҳмлаб улгуришганди. Зеро, кейинги пайтларда янги қурилишлар томондан майда-чуйда ўғирликлар содир бўлмоқдайди. Ҳатто устанинг ўзи ҳам алюмин офтобасию, иккита терак тўсинидан айрилиб қолгач, шикоят қилавериб-қилавериб, нақ ўн кун ҳамманинг жонига тегганди. Демак, устага қоровул керак. Ахир бирон жон яшаб турган уйга хашаки ўғрилар яқин йўламаслиги ўз-ўздан аён-ку.

Аммо қурилиши чала бинода яшашга талабгорлар тезда топилавермади. Бундан хавотирга тушиб қолган Узоқназар чол ахийри яқинлари билан маслаҳатлаша-маслаҳатлаша участкасига Ноилани қўйишга қарор қилди.

Ҳар қалай, Ноиланинг ука-келинлари билан торгина ҳовлида сиқилиб яшаётгани қишлоқда барчага аён эди.

Буни эшитган Ноила жон-жон деб рози бўлди.

Шундай қилиб, Ноила энди кичкина бўлса ҳам, ҳар қалай, алоҳида уйда яшай бошлади. Чироқ бор, қозон-ўчоқ бор, печка бор. Жувон кўрпа-тўшакларини ҳам шу уйга ўтказиб олди.

Шундан кейингина Ноила енгил нафас олди ва беихтиёр ўзи ўзига овоз чиқариб гапириб юборди:

— Худога шукр...

 

“АНОВИ... БОШҚАСИГА УЙЛАНИБ ОЛИБДИ!”

 

Бировникида бўлса ҳам, ишқилиб, алоҳида яшай бошлагандан кейингина кенгликнинг, бемалолгарчиликнинг қадрига ета бошлаган Ноила кейинги турмуши ҳақида астойдил ташвиш чека бошлади.

Тўғри, Ноила ҳали ёш, эндигина ўттиздан ошган эди. Эҳтимол, уни сўраб келувчилар ҳам топилиб қолар. Аммо... қишлоқда эркак зоти камроқ эди. Нимагадир кейинги пайтларда уларнинг аксарияти шаҳарга ишлашга кетишар ва албатта ўша жойда қолиб, уйланиб, бола-чақали бўлиб кетишарди.

Балки шу сабаблидир, қишлоқда Ноиласиз ҳам эрдан қайтган жувонлар ва ҳаттоки қари қизлар етарлича эди.

Демак, Ноилани нари борса хотини ўлган, бола-чақали бирон кексароқ одамга узатишлари мумкин эди.

Вазиятни ўзича таҳлил қилиб чиққан Ноила “Ўзинг учувн ўл, етим” қабилида астойдил ишлашга аҳд қилди.

Ноила... бозорга чиқди.

Бирданига эмас, албатта.

Аввалига қишлоқ аёллари билан қўшилиб шаҳарга сут, қатиқ, сузма солиб бориб сотиб юрди. Бора-бора кичикроқ бозорга олма-бодринг олиб чиқа бошлади. Кейинроқ эса мева-чева.

Мана шундай, жувон энди-энди бозорга ўргана бошлаган кунларнинг бирида қўшни қишлоққа турмушга чиққан синглиси Салима тўрт яшар қизчасини етаклаб келиб қолди.

— Анови бошқасига яширинча уйланиб олибди! — деди Салима ҳўнг-ҳўнг йиғлаганча опасининг елкасига бошини қў йиб. — У уйни энди елкамнинг чуқури кўрсин.

Салима “анови” деганда эрини назарда тутатаётгани равшан эди.

Энди бир хона, бир даҳлизли уйда учовлон яшай бошлашди.

Салиманинг эри келди ялиниб, қайнонаси келди ялиниб, ҳаттоки қишлоқ оқсоқоли ҳам келди. Аммо Салима бўй бермай туриб олди. Алам суяк-суягидан ўтиб кетган экан шекилли, жувоннинг такрорлагани бир гап эди:

— У уйни энди елкамнинг чуқури кўрсин!

Элчилар Салимага опаси орқали таъсир этишга уриниб кўришди.

Ноила, албатта, оиланинг бузилиб кетишига  қарши эди. Ахир, ўртада гулдай фарзанд бор.

Лекин Салима ҳатто опасининг маслаҳатларига, ётиғи билан тушунтиришлараги ҳам қулоқ солмади.

Ана шундан кейин Ноила ўзича бир қарорга келди:

— Беш-олти кун яшаб турсин-чи. Сал совусин. Кейин гаплашамиз.

Ушбу қарор эр томондан келганларга ҳам жўяли туюлди.

Гўё ҳаммаси рисоладигидай кетаётгандай эди.

Ноила шаҳар бозорига чиқар, энди растадан ўзининг номига олган бир қулочгина жойда мева-чева, картошка-пиёз сотар, ишқилиб, уйга ҳар куни уч-тўрт сўмсиз қайтмасди. Энди уларнинг ейиш-ичиши ҳам яхши бўлган, қозонда ҳар куни гўшт қайнарди. Ноила жинячасини ҳам ўйинчоқларга кўмиб ташлади, ҳатто бош эгиб, қарзс ўраб келган укасининг сўраганини берди.

Шундай кунларнинг бирида, тўрт яшар Анора ухлаб қолгандан кейин опа-сингил узоқ маслаҳатлашишди.

Аввалига Ноила дилини ёриб қолди:

— Уч-тўрт сўм тўплаб, бир кичикроқ уй сотиб осам дегандим...

Салима бу фикрни қизғин қўллаб-қувватлади:

— Зўр бўларди, опа. Ўз уйинг — ўлан тўшагинг.

Шу қарорга келинди.

Салима опасига ўргатган бўлди:

— Ундай бўлса энди топган пулингизни сочаверманг. Йиғинг. Қорнимиз бир бурда нонгаям тўяди. Анорагаям бошқа ҳеч нарса опкелманг. Сув ҳам қаттиқ жойда туради. Пулниям қаттиқ одам йиғади...

Хуллас, шу кундан бошлаб Ноила топган пулининг бир қисмини яхши ниятлар ила “Уй сотиб олишга” деб яшириб қўя бошлади.

Мана шу пул энди йўқ!

Тўғрироғи, пулнинг олтидан беш қисми йўқ эди!

 

КИМ ЎҒРИ?

 

Пулнинг алами ёмон бўларкан.

Ноила эзилиб-эзилиб, пул дарди устига ўзининг бахтсиз турмушини эслаб ҳам йиғлади.

Салима қарғанди:

— Ҳа, оғзингдан қонинг келсин сен ўғрининг! Келиб-келиб есир бир хотиннинг топганини ўғирлайсанми?

Шовқин-сурондан қўрқиб кетган, бир онасига, бир холасига анграйиб қараётган Анора ҳам охир-оқибат пиқиллаб йиғлаб юборди.

Учовлон узоқ кўз ёши тўкишди.

Ахийри энтикиб-энтикиб  қўяётган Салима мулоҳазасини баён қилди:

— Ўғригина ўлгур бегона эмас!

Ноила синглисига ажабланиб қаради.

Салима ишонч билан ўз мулоҳазасини баён қилишда давом этди:

— Бегона бўлганда ҳаммасини олиб кетарди. Бу таниш ўғри. Ҳаммасини олай деганда, кейин ҳар ёқни ўйлаб, бизга озроқ раҳм қилган. Шунга бир пачкасини ташлаб кетган. Бегона бўлганда ҳаммасини олиб кетарди.

Бу малоҳазада мантиқ бордай эди. Лекин бу билан Ноиланинг дарди енгиллашиб қолармиди!

Жувон оғир сўлиш олди ва бир муддат номаълум нуқтага тикилиб тургач, охири иккиланиброқ деди:

— Милисага борамизми?

Салима опасига қовоғини солиб қаради:

— Милиса нима қилиб берарди? Уч йил бўлди, оғилимиздан сигиримизни ўғирлаб кетишганди. Анови участковойга айтибиди. Уч ой сўроқ бердик. Охири сигирданам воз кечиб қутулдик.  

Ноила жаҳли чиқиб кетганини яшириб ҳам ўтирмасдан, синглисидан қаттиқроқ овозда сўради:

— Унда нима қиламиз? — Бироқ Салима қучоқлаб ўтирган Аноранинг сесканиб кетганини кўрган Ноила дарров юмшоқ оҳангга ўтди: — Ё индамай қўяверамизми?

— Эсинг жойидами? Нима, пулни ердан супуриб олаяпсанми? — Салима муҳим масалани ечаётгандай бир зум ўйланиб турди-да, сўнг ишонч билан деди:

— Нима қилишни мен биламан.

Ноила умид билн синглисига қаради.

— Қишлоғимизда зўр бир фолбин бор, — деди Салима. — Ўшанга борамиз.

— Фолбин? — ажабланиб сўради Ноила.

— Ҳа, фолбин! — таъкидлади Салима. — Лекин зўр фолбин. Қанчадан-қанча одамларга ёрдами теккан. Қанчадан-қанча ўғриларни аниқлаб берган.

— Ростданми? — ишонқрамай сўради Ноила.

— Рост! — киприк қоқмай жавоб қайтарди Салима. — Бир қўшнимизнинг боласи йўқолиб қолганда қаерда эканлигини аниқ айтиб берган. Яна биттасининг ўнта қўйини ким ўғирлаганини топган.

— Ҳа, ундай бўлса яхши экан... — деб қўйди Ноила.

— Яхши ҳам гапми? Уйини биламан. Борамиз. Ким ўғрилигини бир пасда аниқлаб беради. Кейин биз ўшани...

Салима гап тополмагандай бир зум жим қолди.

Ноила қизиқиб сўради.

— Нима қиламиз?

Бурун катаклари керилиб, кўзлари ёвузона чақнаб кетган Салима қўлларини мушт қилди:

— Боплаймиз! Эркак киши бўлса бутини ёриб ташлаймиз!

— Аёл бўлса-чи? — қизиқиб сўради Ноила.

— Аёл бўлса ҳам... шундай қиламиз!

Шу қарорга келинди.

 

“ЎЗИ КИРИБ КЕЛАДИ”

 

Опа-сингил тонгга қадар яхши ухлашолмади ҳам.

Тайёргарлик саҳардан бошланди.

Номига чой ичган бўлишди. Сўнг Салима Анорани уйғотди, қўлига бир пачка печенüе тутиб:

— Йўлда ейсан, — деди. — Бир ёққа бориб келамиз.

Опа-сингил ва тўрт яшарлик Анора тонг саҳарда, уфқ энди ёришиб келаётган маҳал йўлга тушишди.

Ҳаттоки шу маҳаллари ҳам бекатда таксилар қаторлашиб туришарди.

Шаҳарга қатнаб, таксичилар орасида танилиб қолган, ҳатто орқаворатдан “Бой хотин” лақабини олиб улгурган Ноила бир “Жигули” эгаси билан гаплашиб, савдолашди.

Бир тўхтамга келингач, йўловчилар машинага ўтиришди.

Ярим соатлар ичида “Жигули” уларни яқиндагина Салима мағрур тарзда чиқиб кетган қишлоқ чеккасига олиб бориб қўйди.

Фолбин шу ерда истиқомат қиларкан.

Машина йўл четида кутиб турадиган бўлди.

Опа-сингил ва қизалоқ дарвозаси очиқ эшикдан ичкарига киришди.

Ҳали кун ёришиб улгурмаганига қарамасдан, каттагина ҳовлида ҳаёт қайнарди. Оғил тарафдан сигир соғилаётгани эшитиларди. Ҳовли четидаги тандирда ўт ёнарди. Ўн беш яшарлар чамаси қизалоқ эса зўр бериб ҳолвлини супурарди.

— Тошгул хола, — дея овоз берди Салима.

Худди шу чорловни кутиб тургандай, даҳлиз ёнидаги эшик очилди ва олтмиш ёшлардан ошган, бошига қасаба рўмол ўраган, қоп-қора юзини тилиб ўтган саноқсиз ажинлар нимаси биландир тўрлаган қовунга ўхшатиб қўйган кампир меҳмонларни қўл ишораси билан ичкарига таклиф қилди.

Бу кичкинагина, ним қоронғи ҳужра эди.

Салом бериб ичкарига кирган меҳмонлар пойгакка чўккалашди.

Аллақачон тўрга, қалин кўрпачалар устига ўтириб олган кампир бош ирғаб алик олган бўлди ва хирқироқ овозда:

— Қайсингнинг нима дардинг бор? — деб сўради.

Опасининг кампирга анграйиб қараб қолганини кўрган Салима ташаббусни қўлига олди.

— Тошгул хола, уйимизни ўғри урди...

Фолбин аёлнинг гапларини маъқуллагандай бош ирғаб эшитарккан, тўсатдан:

— Гумонларинг кимдан? — деб сўради.

Салима опасига қаради. Ноила эсанкираб елка қисди:

— Билмасам...

Салима яна билағонлик қилди:

— Билмадик, холажон. Гумон иймондан айирар дейишади. Ўзингизга ишониб келавердик. Ҳали ҳеч кимга айтмадик.

— Қанча эди?

Салима ўғирланган миқдорни айтди. Сўнг қолдириб кетилган юз минг ҳақида ҳам маълумот берди. Айниқса ушбу ҳолат фолбинни қизиқтириб қўйди чоғи, қихиллаб кулиб қўйгач, ишонқирамагандай, қайта сўради.

— Ростдан юз минггини ташлаб кетиптими?

— Ҳа, холажон, ростдан.

— Буни хотин киши қилган, — деди фолбин аллақандай қониқиш билан. — Раҳми келганидан бир бўлагини ташлаб кетган. Эркак киши бўлганда ҳаммасини шип-шийдам қилиб кетарди. Хотин барибир хотин-да. Шу уйдагилар оч қолмасин, қийналмасин деган...

Салима опасига ғолибона қараб қўйди.

Ноила энди фолбинга эҳтиром билан қарай бошлади.

— Ҳа, — деди фолбин энди ишонч билан. — Мочағарнинг иши бу...

Шундан кейин Тошгул хола деганлари ўнг ёнидан бир боғлам исириқни олиб, қаршисига қўйди ва анча вақт ихлос билан бир нималарни шивирлаб, нимадир ўқигач, исириққа дам солаётгандай уч-тўрт марта “суф-суф”лаб ҳам қўйди.

Ахийри амалини тугатган фолбин исириқ боғини берироққа суриб қўйди-да:

— Дуо ўқиб қўйдим, — деди. — Шуни олиб бориб уйларингда тутатинглар. Шу исириқ тутаганида ўғри ўз оёғи билан кириб келади.

Шундан сўнг фолбин ниманидир кутгандай жим бўлиб қолди. Ноила ҳам ундан кўз узмай турарди. Ахийри опасининг соддалигидан сал жаҳли чиққан Салима томоқ қириб қўйди.

Бироқ шунда ҳам ҳеч нарсани тушунмаган Ноила исириқдан кўз узмай анграйиб тураверди.

Салима опасини туртди ва кўз ишораси билан чўнтагини кўрсатди.

Шундагини гап нимадалигини англаб, қизариб кетган Ноила шоша-пиша чўнтагидан эрталаб алоҳида ажратиб қўйган бешта минг сўмликни чиқарди-да, нимагадир довдираб синглисига узатди.

Истеҳзо билан илжайиб қўйган Салима пулни олди ва аста ўрнидан тургач, зипиллаб бориб исириқни олиш асносида пулни фолбинни олдига қўйди. Пулга кўз қирини ташлаб, миқдоридан рози бўлди шекилли, фолбин сал кўтаринкироқ қўлларини фотиҳага кўтараркан:

— Мушкулларинг осон бўлсин, — деб қўйди.

Шундан кейин Тошгул хола узоқ дуо ўқиди...

 

“ТИШИНИ ҚОҚИБ ОЛАМАН!..”

 

Қуёш уфқдан мўралаб, қишлоқни заррин нурлари оғушига олган маҳал опа-сингил ва Анора ўз уйлариа кириб келишди.

— Ўзимам ўйлагандим-а, — деди йўл бўйи “Жигули” ҳайдовчиси ёнида тилини тишлаб келишга мажбур бўлган Салима ҳовлига кирганлари заҳоти. —Ўзимам ўйлаганим-а, уйдан хотин кишининг иси келгандай бўлаяпти деб...

Қўладига исириқ боғига ҳайрон бўлиб қараб қолган Ноила сўради:

— Буни ҳозир... тутатаверамизми?

— Албатта-да! Нимани кутиб ўтирамиз?.. Ўғрини қизиғида босиш керак. Тошгул хола айтди-ку. Ҳозир тутатамиз, ўша жалаб кириб келади. Ўзимга қўйиб бер! Бир тавбасига таяйман! Йўқ деса тишини қоқиб оламан!

Ҳаяжонданми, дир-дир титраётган бошламасига қизалоғини уйга киритиб юбораркан:

— Энди уйқунгни давом эттиравер, — деб тайинлади.

Шундан кейин Салима елиб-югуриб ўчоққа ўт ёқди, ҳосил бўлган чўғни темир хокандозга солиб, опасининг олдига олиб келди.

— Қани, опа, бошлаймизми? — шивирлаб сўради Салима. 

— Майли...

— Ташланг унда.

Ноила исириқни майдалаб, хокандоздаги чўғлар устига ташлай бошлади.

Исириқ тутай бошлади. Аввал сийрак тутун, кейин қуюқроқ.

Шамол тутунни шу тарафга ҳайдади шекилли, йўталиб юборган Салима норози оҳангда шивирлади:

— Оз-оздан-да, опа.

Ноила энди хокандозга исириқни оз-оздан ташлай бошлади.

Тез орада бир боғ исириқ тугади.

Исириқ дудига тўйган опа-сингил дарвозадан кўз узмай туришарди.

Бир дақиқа ўтди, икки дақиқа, уч дақиқа...

Ҳовли, баайни олам каби сукунат қўйнида эди.

Ноила синглисига саволомуз қаради.

Салима буни сезмагандай зўр бериб дарвозага, иложини топса дарвоза ортига қарагудай алфозда шу тарафдан кўз узмасди.

Ахийри хокандоздаги чўғлар милтираб, бирин-кетин сўна бошлади.

Ҳафсаласи пир бўлган Ноила қўл силтаб қўйди.

Худди мана шу лаҳзада Салима бўйнини чўзиб, дарвоза томонга қараркан, кўрсаткич бармоғини лабига босиб, опасига “Жим” ишорасини қилди.

Ноила ҳам шу тарафга қулоқ тутди, аммо ҳеч нимани эшитмади.

Салима хокандозни жуда эҳтиёткорлик билан ерга қўйди-да, опасини етаклаб олиб, яна бир бор жим туришни ишора қиларкан, оёқ учида дарвоза томон юрди.

Опа-сингил дарвоза ёнига яшириниб туришди.

Дарҳақиқат, ташқаридан аста-секинлик билан яқинлашиб келаётган қадам товушига ўхшаш қандайдир сас эшитиларди.

Фақат бу сас гоҳ тўхтаб қолар, гоҳ яна пайдо бўларди. Гўё кимдир “борсамми-бормасамми” деб иккиланиб келаётгандай...

Ахийри дарвозанинг бир тавақаси аста ғийқиллаб очилди ва ичкарига кимдир кирди ва:

— Ҳой, ким бор? — дея аста овоз берди.

Бу аёл кишининг овози эди.

Кўзига қон тўлган Салима қутуриб кетган йиртқич ҳайвондай ўзини бу аёлнинг устига отди.

Аёл ҳатто овоз чиқариб улгуролмади.

Салима бир силташда аёлни йиқитиб, ерга босгач, устига миниб олди ва унинг юз-кўзини тирнаб, сочларини юлиш асносида хирқираб:

— Қўлга тушдингми?! Ифлос! — деб қичқирарди.

Аёл ўзини ҳимоя қилишга уринар, аммо буни эплай олмасди.

Ноила ҳам ўзининг тер тўкиб, не машаққатларда топган пулларини ўғирлаган бу пасткаш аёлнинг жазосини бермоқ қасдида шахт билан олдинга интилди-ю, аммо ерда юмалашаётган аёллар теппасига келганда бирдан тўхтаб қолди.

Зеро, гумбаздай Салиманинг тагида қолиб, жон аччиғида чинқираётган аёлнинг овози танишдай туюлди унга.

Ҳа, бу жуда таниш овоз эди.

Ноила бир амаллаб синглисини ўғри аёлдан ажратиб олди.

Юз-кўзи шилинган, сочлари юлинган, уст-боши йиртилиб, тупроққа беланган ўғри аёл бир амаллаб, йиғлай-йиғлай ўрнидан турди.

Ноила аёлни таниди.

Бу қайнсинглиси Мукаррам эди.

Эри Даминнинг ёлғиз синглиси.

Ўша қишлоқнинг ўзига турмушга чиққан. Тўрт болали.

Ҳансираб қолган Салма хирқироқ овозда бақирди:

— Қўлга тушдингми, ифлос?!

Пиқ-пиқ йиғлаб, уёқ-буғёини тузатаётган Мукаррам:

— Айбим нима? — дея олди аранг. — Қилар ишни бошқа қилиб, жазосини мен оламанми?

Салиманинг оғзи қийшайиб кетгандай бўлди.

— Ие, ҳали шеригинг ҳам борми?

— Бу ёққа бир ўзим келдим, — деди Мукаррам. — Шеригим у ёқда кутиб турибди.

Шундай дея Мукаррам қишлоқ тарафга ишора қилди.

Энди ҳайрон бўлиш навбати Ноилага келди.

— Шеригингиз ким? — деб сўради у.

— Янга, — деди ҳамон жанговар қиёфада, ўзига чақчайиб тикилиб турган Салима томонга хавфсираб кўз ташлаб қўяётган Мукаррам. — Олдингизга бир маслаҳат билан келгандим... Турмуш деганлари шу экан. Бу ишда сизнинг ҳам, акамнинг ҳам айби йўқ. Бунақа бўлишини ким билибди...

Гапнинг бу тарздаги буромадидан бутунлай гарангсиб қолган Ноила яна бир бор сўради:

— Шеригингиз ким?

— Ўзи ёмон одам эмас, — дея яна қандайдир дудмол тарзда изоҳ беришга ўтди Мукаррам. — Бир айби — хотини турмагани. Сизни яхши биламиз. Тушунган хотинсиз. Болаларниям яхши кўрасиз.

— Эй, хотин! — дея орага қўшилди буларнинг суҳбатини тинглаб, ҳеч нарсани тушунмаётган Салима. — Гапни айлантирмай, пулни қайтар. Бўлмаса ўттиз икки тишингни қоқиб, қўлингга тутқазаман! Шундаям қайтармасанг эшакка тескари миндириб, сазойи қилдиртираман!

Энди ҳайрон бўлиш навбати Мукаррамга келди.

— Қанақа пул? Қанақа хотинсиз ўзи? Янгамга тушунтираяпман-ку. Ким шунақа бўлсин депти. Ҳаёт-да бу, опа. Лекин қайноғам ёмон одам эмас. Бир айби — хотини турмаганида. Икки марта уйланди. Болалари бор. Уй-жойи қишлоқнинг олди. Тўртта ҳўкиз боқади. Қўйларини яйловга ҳайдаган. Икки отиям бор...

— Сен буйтиб гапни айлантирма! — ўшқириб берди Салима ҳам довдираб. — Ҳўкизга бало борми?

— Ҳа, ҳўкиз ҳам пул-да, — бўш келмади Мукаррам. — Ҳозир бозорга олиб чиқиб сотса, ҳар бирини камида беш юз мингдан олади.

“Беш юз минг” деган сўз илон чаққандай таъсир қилган Салима бир сапчиб тушди ва Мукаррамнинг устига бостириб кела бошлади:

— Яхшиликча қайтарасанми ё...

Мукаррам довдираб гоҳ Салимага, гоҳ янгасига қаради ва жон алпозда:

— Бориб акамдан сўраб кўрай, — деди. Сўнг Ноилага ялинди: — Ўзи нимангиз қолган, янга? Айтаман, беришади.

Ҳа, вазият, айниқса ўртада бўлаётган гап-сўзлар тушунарсиз эди. Фақат Ноила бир нарсани ғира-шира англагандай бўлди: қайнсинглиси Мукаррам бир иш билан келганга ўхшайди. Энг қизиғи — бу ишнинг ўғирланган пулга алоқаси йўқдек..

Худди шу маҳал дарвоза қаттиқ тақиллади.

Уч аёл ҳам чўчиб шу томонга ўгирилишди.

Дарвозадан қишлоқ участковойи Зойир бир йигитнинг билагидан чангаллаганча кириб келди.

— Ассалому алайкум, янгалар, — деди милиция либоси ўзига ярашиб турган Зойир гулидараган овозда. Сўнг ўзи билагидан чангаллаб турган йигитга мурожаат этди: — Шу уйдан ўғирладингми?

Йигит унсиз бош ирғади.

— Овозингни чиқариб жавоб бер, — дўқ уриб гапирди Зойир.

— Ҳа... — минғирлади йигитча.

— Қанча олдинг?

— Беш юз... минг... — яна минғирлади йигит.

— Буни ҳозир гувоҳлар иштирокида расмийлаштириб, баённома ёзамиз. Қаердан, қандай олганининг кўрсатиб берасан...

Шундан кейин Зойир яна аёлларга мурожаат этди:

— Кеча тўйхонанинг атрофини айланиб юрсам, манавининг кўзлари бежо кўринди. Ўзи бу олдинам бир улоқ ўғирлаб қўлга тушган. Аста ортидан пойладим. Бирдан ғойиб бўлди-қолди. Бунинг касалини биламан-да. Қишлоқни айланиб юравердим. Бир пайт қарасам, янга, — шундай дея Зойир Ноилага мурожаат қилди, — сизнинг уйингиздан шамолдай югуриб чиқиб қолса бўладими? Чопдим орқасидан. Охири ушладим-да...

— Ўғри... шу эканми? — ниҳоят бир амаллаб сўрай олди томоғи қуруқшаб кетган Ноила.

— Ҳа, янга, шу, — деди кўтаринки оҳангда Зойир милиса. — Ҳозир протокол ёзаман, сизлар қўл қўйиб берасизлар...

Қолган ишлар бариси тезликда содир бўлди. Йигит пулни қаердан, қандай олганлигини кўрсатиб бергач Зойир милиса баённома ёзди, унга ўғри йигит имзо чекди, ҳовлидаги аёллар ҳам гувоҳлар сифатида қўл қўйишди.

Зойир милиса йигитни олиб чиқиб кетди.

Аёллар бир муддат жим қолишди.

Сўнг Салима базўр илжайган кўйи Мукаррам томон ўгирилди ва мулозамат билан:

— Вой, яхши келдингизми, овсин... — деди.

Ана шундан кейин уч аёл вағир-вуғир қилиб гапга тушиб кетишди.

Маълум бўлишича, Мукаррам бу ерга “разведка”га келган экан. Мақсади — хотини ўлган қайноғасига Ноилани олиб бериш бўлган. Мукаррамнинг шериги — ўша хотинсиз қайноғанинг аммаси қишлоқ четида буни кутиб турган экан...

Салиманинг калтаклашини эса Мукаррам шўрлик “Опасининг аламини олаяпти” деб тушунган экан...

 

ҲАЁТ ДАВОМ ЭТАДИ

 

Орадан бир ойга яқин вақт ўтди.

Тергов ишлари тугагандан кейин ашёвий далил сифатида олинган беш юз минг сўмни Ноилага Зойир милисанинг ўзи олиб келиб берди.

Ноила судда гувоҳ сифатида иштирок этишдан бош тортди.

Бу орада Салима эрининг қайта-қайта бош уриб келишларига чидаб тура олмади, яъни эри билан ярашиб, уйига қайтиб кетди.

Ноила эса яна бозорга чиқиб кетган.

У қайнсинглиси Мукаррамнинг таклифини мулойимлик билан рад этди.

Ноила пул йиғишда давом этаяпти. У фурсати келиб, ўзи учун алоҳида уй сотиб олишига ишонади.

Кейин эса...

Кейин нима бўлишини ҳаётнинг ўзи кўрсатади...

Абдуқаюм Йўлдошев