Хожкин лимфомаси


   

     Кеча устозимнинг таваллуд айёми эди.
     Кечаёқ нимадир ёзгим келдию, сатрлар ўрнига кўзимдан дув-дув ёш қуйилиб, ёза олмадим. Фақатгина бўйи бўйимдан баланд тўнғичимнинг алп келбатига қараб, шукрона келтирар эканман, устозимнинг ҳақларига дуо қилдим...
 
     2011—йил, бирор марта оғримаган ўғлим қаттиқ бетобланиб қолди. Ёзги таътилдан қайтгач бир неча кун истималади-ю, юзи сўнг бадани пуфакдек шишиб кетди. Бўйнидаги бир нечта лимфа тугунлари ҳам одатдагидан катталашиб кетгач қўрқиб кетдим. Шифокор бўлганим учун аллақачон даволалашни бошлаб юборган эдим.
     Тахминий ташхисим: Буйракнинг ўткир шамоллаши ва лимфоадинапатия.
 
     Аммо даволашим натижа бермагач, яхшироқ текширтиришга қарор қилдим...
 
     Шундан сўнг мени ўн ёшга қаритган, алам-изтиробга тўла кунларим бошланди. Бобуржон оғирлашмаган, ётиб қолмаган бўлсада, ҳамон юзидаги шиш қайтмас, лимфа тугунчалари эса бирин-кетин каттариб борарди. Минг афсус, ўша пайтлар пойтахтда танилган учта энг яхши мутахассис УЗД текширувида "Буйракда ҳеч қанақа муаммо йўқ" деган хулосани бериб, бизни онколог, гематолог ва СПИД марказидаги мутахассисларга ҳам кўринишимизни маслаҳат беришди. Гематология илмий текшириш марказида илик текширилиб, муаммо чиқмагач, СПИД марказида қон топширдик. Улар ҳам қўрқинчли ҳеч нарса топа олишмагач, Республика Онкология илмий текшириш институтига боришимизни уқтиришди. Алал оқибат лимфа тугунидан биопсия қилинди. Ўшанда еру-осмонни чирпирак қилиб юборган ташхис ўзига, билимига ишонган Муаззамни ҳам йиқитди.
 
ХОЖКИН ЛИМФОМАСИ
 
     Бу нима ва қандай дард эканини шифокорлар ва шу дардга чалинганлар яхши билишади. Бу онкологик касалликларнинг ичида энг хавфли ва агрессивларидан бири бўлиб, боламни кўрикдан ўтказган энг зўр профессор " Дарров болалар бўлимига ётқизиб, кимётерапия муолажасини бошлашимиз керак" деб , "илоҳим поликлиникадагилар адашган бўлсин" деган охирги умидимни ҳам пучга чиқарди. Ўзига қўйилган ташхисдан бехабар ўғлимга кўрсатмасликка ҳаракат қилсам ҳам тўкилиб кетаётган кўз ёшларимни тўхтата олмадим. Жилмайишга уриниб, йиғлаш қанақа бўлишини бемор боласи бор оналаргина билишади..Ўғлим кўз ёшларимни артар экан, ўзича юпатишга ҳаракат қиларди:
-Аяжон, йиғламанг. Озгина больнисада қолсам зўр бўламан. Ахир уйда ҳам укол қилавериб қийналиб кетдингизку!
 
     Унга тикилар эканман, ичимдан келаётган фарёдни аранг тўхтатардим. "Наҳотки шу боламдан айрилиб қолсам, ахир Хожкин касаллиги хақида талабалигимдан-оқ яхши тушунчага эгаман-ку! Ҳар қандай кимётерапия вақтинча самара беришини, қолаверса томирдан юбориладиган илож рак тўқималари билан бир қаторда соғлом тўқималарни ҳам шикастлаб, иммунитетни тушириб юборишини яхши билардим. Аммо илож қанча, дилбандимни бўлимга ётқизишдан бошқа чорам йўқ эди. Дарров бўш жой ҳам топила қолди. Хужжатларни расмийлаштириб, уни қолдирар эканман уйга шошдим. Керакли кийим-кечакларни йиғиб, идиш-товоқ, ўзи қизиқадиган китоблар, гигиена воситаларини олиб, икки соатга қолмай яна ўша боламни олиб қолган бўлим остонасида эдим. Бироқ мени хавотирланиб қарши олган ҳамширанинг хабаридан довдираб қолдим.
-Ўғлингиз ўн минутча олдин йиғлаганча ташқарига чиқиб кетди. Ушлаб қола олмадик. Ҳов ана, сизни кутиб турибди. Ичкарига кирмаяпти.
     Ўттиз қадам наридаги ёғоч ўриндиқда бир бурда бўлиб ўтирган ўғлимнинг олдига чопиб бориб, тиззалаб ўтириб қолдим. У йиғлагани учун юзи баттар шишиб кетганди. Сабабини сўрасам, айтгиси келмай бағримга отилди. Маҳкам қучоқлаганча тинмай: "Мени бу ердан олиб кетинг аяжон", - деб ялинарди... Мен уни даволанишга ундаб ялинишимни эса тасаввур қила олмайсиз. Қани энди кўнса. Атиги икки соат аввал менга далда бериб турган боламдан асар ҳам қолмаганди. Бир оздан сўнг у бошини тиззамга қўйганча ухлаб қолди. Ҳаллослаб югуриб чиққан ҳамширадан хақиқатни билдим:
-Э, айб бизда опа. Ўғлингизни ўзига тенгдош Акмал ётган палатага жойлаштиргандик. Унинг соч, қош, киприклари учинчи курс химиядан сўнг бутунлай тўкилиб кетган. Ўғлингиз ҳайрон бўлиб қараб турса "Бақрайма, сен хам мендака бўласан яқинда. Лекин барибир ўлар эканмиз. Бугун эшитиб қолдим. Шуни олдинроқ билганимда ўлсам хам бу ерда қолмас эдим", - дебди....
 
     Ҳамширанинг қолган гаплари қулоғимга кирмади. Боламни даст кўтарганча ичкарига шошдим, бўлим бошлиғи - ўша кўрикдан ўтказган профессорнинг хай-хайлашига ҳам қарамай, фарзандимни стационар даволанишига қарши эканим хақида тилхат ёздим. Ўшанда калламга билимини сувдай ичиб юборган дўхтирнинг насиҳатлари умуман кирмасди...
     Кимдир менга "Булар адашган, яна текширтир! Керак бўлса бошқа давлатларга ҳам олиб бор!" деган буйруқ берарди. Ўша куни-ёқ касалхонани тарк этдигу, кейин яна анча сарсон бўлдик. Турли мутахассислар қабулига соатлаб кутилган навбатлар майли, эшитган гапларим, маломатлар, Акмалнинг гапидан сўнг ўзгариб ғалати бўлиб қолган Бобуржонимнинг кўзидаги мунгни эслагим келмайди. Ўша пайтда йиққан бир дунё қоғозлар, йўлланма, маълумотнома, ташхисларга ҳозир назар ташлай олмайман. Яна икки марта олинган биопсия, Санкт Петербург, Москва, Германияга жўнатилган кесма, суртма материаллар уйқусиз, бедор кутилган жавоблар тўхтатилмаган муолажалар.... Қани энди бир бурда нон, бир пиёла чой томоғимдан ўтса, турмуш ўртоғим менга далда бериб туришга уринса ҳам унинг кўз ёшлари ташқарига эмас, ичкарига оқаётганини ҳис қилиб турардим. Ўшандай кунларнинг бирида устоз Раҳимжон Раҳматнинг тавсияси билан ёзилган мактубимга Туркиядан жавоб келди. Электрон шаклда келган нома қисқа, аммо умидбахш эди :
"Болага зинҳор кимётерапия муолажасини қилдирманг! Сиз келтирган таърифлар асосида унда ҳеч қандай саратон белгиларини кўрмаяпман. У қаттиқ шамоллаган бўлиши мумкин, яна текширтиринг. Табиий усуллар билан даволаб, иммунитетини оширинг. Иложини топсангиз клиникамизга олиб келинг. Аллоҳ шифо берсин, ҳурмат билан - Ойдин Солиҳ.
     Мактуб менга катта куч берди. Шаҳарнинг нариги бурчагидаги кореец УЗДчи аёлгина ўзим қўйган илк ташхисни тасдиқлади: "Иккала буйракнинг ўткир яллиғланиши. Лимфоадинапатия".
     Қўлимга тутқазилган бир парча қоғозга қараб, кўзларимга ишонмасдим. Ахир учта УЗД мутахассиси "буйракларда муаммо йўқ! Тезроқ онколог, гематолог ва бошқа мутахассисларга кўрсат" дейишган эди-ку, дейман йиғлаб.
     Боламнинг буйраклардаги дард - ёзда бобосиникига бориб, муздек дарё сувида тинмай чўмилганининг оқибати туфайли келиб чиққанини ҳам тахмин қилгандим. Ҳа, айнан тахмин қилгандиму ўзим эмас, кимсан профессорларнинг ташхисига ишониб, кимётерапияни бошлаб юборишимга озгина қолибди-я.... Германия, Россиядаги етакчи клиника мутахассисларига юборган мактубларимга ҳам қалбимдаги охирги туманларни тарқатиб юборган хушхабар жавобларни олгач, нотўғри ташхис қўйганларга бор заҳримни сочдим. Судга ҳам бермоқчи эдиму, фикримдан қайтдим. Сабаби, фақатгина нотўғри ташхис қўйган профессор ёки аппаратини тилини тушунмаган УЗДчиларгина айбдор эмас! Бутун бошли тиббиётимизнинг ҳоли аянчли, Онкология, Гематология, Вирусологияда яхши мутахассислар деярли қолмаган, аниқ ташхис қўйиш учун олинадиган тиббий ускуналарга ажратиладиган маблағлар нафси ўпқон кимсалар томонидандир ўзлаштирилиб юборилаётган эди. (Афсус ҳозир ҳам шундай).
 
     Авваламбор Аллоҳ, қолаверса ўзим ғойибона устоз деб тан олган Ойдин хонимнинг ёрдами билан ўғлим бутунлай соғайиб кетди. Шукурлар бўлсинки, қачонлардир "Атиги тўрт ойгина умри қолган" дейилган полвоним бу йил 18 га киради. Ўша кунлар қўрқинчли тушдек хотирамда жонланганида "Хақиқий тиб китобини қайта-қайта ўқийман. Гарчи замонавий тиббиётни бутунлай инкор этмасам-да, Ойдин хоним кўп жиҳатдан мана -ман деган профессорлардан билимдонроқ бўлганига тан бераман.
     Измирдаги Эгей университетининг кутубхонасига ташриф буюрганимда энг кўринарли, фахрли жойда тиб илмининг алломаси ҳазрат Ибн Синонинг китоблари билан бир қаторда турган "Хақиқий тиббиёт"га кўзим тушиб, қалбим фахр туйғуси билан нурланди...
 
     Менга устоз билан дийдорлашиш насиб қилмади. Фақатгина қўхна Ускударниниг Қоражаахмат қабристонидаги мозорини зиёрат қилишгина насиб этди, холос. Мозорбошида хақларига дуо қилар эканман, сўз бердим, бир куни албатта уларнинг йўлини давом эттираман ва албатта шундай куюнчак, камтар ва хақиқий шифокор бўламан!
 
     Ҳозир устознинг "Сўнгги сўз" китобларини турк тилидан ўзбекчага ўгиришдай масъул иш билан бандман. Таржимани аллақачон тугатган бўлсам-да, кўнглим тўлмай ҳар бир сатрини қайта-қайта ўқиб, хатоларимни тўғирлаяпман. Китобни очганимда, ҳар бир саҳифасида устознинг нурли қиёфаси гавдаланади. Дангасалик қилиб, таржимани ташлаб қўйган кунларим ҳам бўлди. Шунда "Аяжон, мени бу ердан олиб кетинг", - деб маҳкам қучоқлаганча бағримда ухлаб қолган, номи совуқ касалхонадан изиллатиб, йиғлатиб, мени ўн ёшга қаритган бемор боламнинг қиёфаси тушларимга кириб, куч беради. Назаримда, у бошқа бемор болажонларни ҳам тезроқ шифо топишини, энг муҳими ҳеч ким нотўғри ташхис туфайли азият чекишини хоҳламайди.
     Бу китоб тез орада қўлингизга етиб боради. Уни албатта ўқиб чиқишни тавсия этаман. "Сўнгги сўз"да нафақат устозимнинг, балки менинг ҳам изтиробларимни, дардларимни ҳис қиласиз.
 

Муаззам Иброҳимова