БОЙВАЧЧА МАРДИКОР


 

    Ҳар қалай, бир кўришда муҳаббат, деганлари бор бўлса керакки, Эркин сулувгина Саидани илк бор учратганида-ёқ юраги жизиллаб кетганлигини ҳис қилган эди.

Ўшанда Эркин институтни эндигина битириб келиб, заводда технолог бўлиб иш бошлаган эди. Саида эса болалар шифохонасида ҳамшира эди.

       Ширингина тўй бўлиб ўтди.

Аммо ҳаёт фақат тўйдан, қувончлардан иборат эмас-да. Ёш оила рўзғор, яъни кундалик ғор ташвишларига юзма-юз келди. Саиданинг маоши маълум. Ҳалиям бечора қўни-қўшниларни укол қилади, бир ярим ставкада ишлайди, кечалари қолиб навбатчилик қилади, ишқилиб, уйга уч-тўрт сўм топиб келади.

     Эркиннинг ҳам ишлари бирданига юришиб кетавермади. Бозор ўз номи билан бозор-да. Каттагина корхона ишлаб чиқараётган маҳсулот ҳам қиммат, ҳам сифат жиҳатидан хорижникидан анча ортда қоларди. Ахир маҳсулот қиммат бўлади-да: битта ишловчига иккита раҳбар, ўргатувчи бўлиб тургандан кейин... Ҳолбуки, айнан шу маҳсулотни кичик-кичик цехларда камига уч баравар кам таннархда чиқариш ҳам мумкин эди. Эплаганлар шундай қилишди ҳам. Аммо Эркинда станок сотиб олиш учун маблағ йўқ эди, мабодо станок топган тақдирда ҳам, уни жойлаштириш учун алоҳида бинони қайдан топарди? Устига-устак, Эркинда азал-азалдан бунақанги ишларга уқуви йўқроқ эди... Хуллас, завод банкрот бўлди. Ишчилар том маънода кўчада қолишди.

       Эркин эса декрет таътилидаги хотинини, тўққиз ойлик ўғилчасини боқиши керак эди. У бошини қаерга уришни билмай қолди. Уч-тўртта жойга иш сўраб борди, ҳатто бир-иккитасида ваъда ҳам қилишгандай бўлди. Аммо уларнинг маоши... жайдари тилда айтганда, носвой пулига етарди, холос. Эркин шунга ҳам рози эди. Ахир эркак киши уйда бекор ўтирмаслиги керак. У ишлаши, пул топиши, оиласини боқиши керак, тамом-вассалом.

Эркин ҳар куни уйдан чиқиб кетаётиб, ўзига умид билан жовдираб қараб турган хотинига ваъда берган бўларди:

     —  Бугун албатта ҳал бўлади. Уч-тўрт жойдан ваъда қилишган.  

 Лекин шу сабил қолгур яхшироқ иш сира топилай демасди. Албатта, Эркин осмондаги ойни орзу қилмасди. Бироқ топгани ҳеч бўлмаса оиласини боқишга етиб туриши керак-ку, ахир. Арзимаган пул учун саланглаб ишга келиб, саланглаб ишдан кетиб юришдан не наф?

       Мана шундай аҳволда, бошини қаерга уришини билмай юрган кунларнинг бирида Эркин кўчада собиқ синфдоши Йўлдошни учратиб қолди. Йўлдош мактабда тирриққина, нимжон, ҳаммадан, ҳатто паст синф болаларидан калтак еб юрадиган бола эди. Агар худди ўша йиллардагидек, яъни таёқ еган кучукбаччадай бит кўзлари жовдираб турмаганида эди, Эркин балки синфдошини танимаган ҳам бўларди. Тўғрироғи, Йўлдошнинг ўзи биринчи бўлиб Эркинни таниди.

Эркин оғир хаёллар оғушида кўчани кесиб ўтаётиб, қаерда эканлигини ҳам бир зум унутиб қўйган экан, ногоҳ чийиллаган тормоз товушини эшитди ва сесканиб кўзини очаркан, деярли шундоққина тиззасига келиб тўхтаган ҳаворанг “Нексия”ни кўрди.

Ранги докадек оқариб кетган семиз ҳайдовчининг оғзидан боди кириб шоди чиқарди.

 — Ў, галварс, кўз борми ё бу пўстакнинг тешигими?

     Сўнгги сўзлар ҳам жуда таниш эди. Зеро, мактабдалик пайтида болалар мазах қилишиб, Йўлдошни “писка кўз”, деб чақиришганида, у пинагини бузмай: “Бу писта кўз эмас, пўстакнинг тешиги”, деб жавоб қайтарар ва шу билан ўзича гўёки ўхшатиб пайров қилган бўларди.

Эркин яна хотираларга берилиб кетишдан чўчиб, қаршисида онасини Учқўрғонга олиб бориб, қайтадан олиб келаётган бақалоққа меровсираб қараб қолди.

     —  Тентакмисан нима бало?! – деб ўшқирди ҳайдовчи бу ғалати йўловчига синчиклаб разм соларкан. – Мияси олиб ташланган қўйга ўхшайсан, а, номард?!

  Ниҳоят сал ўзига келган Эркин қўлини кўксига қўйганча бир амаллаб:

— Узр, ака, хаёл кетиб қолибди, — деди-ю йўлида давом этмоққа чоғланди. Худди шу лаҳзада бақироқ ҳайдовчи яна бир бор бақириб юборди: — Эркинмисан, ҳой?!

       Эркин ҳайрон бўлиб ҳайдовчига қараркан, унинг бит кўзларини қаердадир кўргандай бўлди. Шунда машинадан тушиб, эшикни қарсиллатиб ёпган бақалоқ қучоқ очиб кела бошлади:

— Эркин! Худди ўзи! Учрашган жойимизни қара-я! Сал қопти-я асфальт билан битта қилиб кетишимга! Аммо-лекин сендан кафтдайгина ҳўл жой ҳам қолмасди-да, оғайни!

 Шундагина Эркин синфдошини таниб қолиб, ҳайқириб юборди:

   — Йўлдош?! Ўзингмисан... – Эркин тилини тишлаб қолди. – Кечирасиз, ўзингизмисиз?

  • Ўзимман-да, оғайничалиш, ўзим бўлмай ким бўлардим! – лапанглаб

кела бошлади Йўлдош.

       Синфдошлар қучоқлашиб кўришишди. Озғин Эркин семиз Йўлдошнинг қучоғида йўқ бўлиб кетай деди.

     — Ўзгарганингни қара-я, — деди Эркин ҳайратга тушиб. – Мактабда ярмимдан келармидинг...из? Энди бўлса...

 Эркин қаршисида турган бақалоқ Йўлдошни сизлашни ҳам, сенлашни ҳам билмай гаранг эди. Сизлай деса, ўн йил тепишиб ўсишган, сенлай деса, қаршисида басавлат, ҳаттоки бўйинбоғ таққан бир киши турибди. Ҳар қалай, топиш-тутиши ёмон эмас, шекилли, тагида шахсий рақамли машина...

     — Учрашмаганимизга қанча бўлди ўзи? – деб сўради Йўлдош.

   Эркин ўзича ҳисоблаб кўрди:

— Олти йиллар бўлиб қолди-ёв.

    — Унда бу учрашувни ювишимиз керак! – қатъий тарзда эълон қилди Йўлдош. – Кетдик, шу атрофда бир тузуккина ресторан бордек эди.

  Эркин каловланиб қолди. Сўнг зўр бериб, баҳона қидира бошлади:

— Жон-жон дердим-у, ҳозир сал шошиб тургандим-да. Телефонингизни қолдирсангиз, бошқа сафар бафуржа отамлашиб...

 Йўлдош истеҳзо билан кулди:

— Бошқа сафари қачон? Яна олти йилдан кейинми? Қани, кетдик, бошни кўп қотирма!

    — Уйгаям эртароқ қайтаман, деб ваъда бергандим, — ожизона минғирлади Эркин.

      — Кўнглингга олма-ю, ошна, бола-чақа деб бунчалик куйиб-пишаверма. Эркак дегани ҳар замонда бу дунёнинг лаззатларидан баҳраманд бўлиб туриши ҳам керак-да. Қани, кетдик! Гап тамом, вассалом!

 Йўлдош Эркинни деярли мажбурлаб машинасига ўтқазаркан, унинг уст-бошига, афти-ангорига синчиклаброқ разм солди-да:

     — Ранг кўр – ҳол сўр, деган гап бор-а, тўғрими? Авзойингдан ишларинг унчалик юришиб кетаётганга ҳам ўхшамайди.

     — Йўғ-е, жа унчалик эмас, — сир бой бермасликка уринди Эркин.

  Йўлдош бепарво қўл силтади:

— Мен бу соҳада психолог бўлиб кетганман, оғайни... Ресторанни бўлса, ўйлама, ошна, мен эрийман... Ҳар қалай, мен ойликка қараб қолган одам эмасман...

Эркиннинг юзи ловуллаб кетди, шу ҳолатини сездирмаслик учунми, у пастга эгилиб олди.

 Йўлдош машинасига газ берди. “Нексия” текис йўлда учиб кетди.

 Дарҳақиқат, бир бекат нарида шинамгина ресторан бор экан. Ташқаридаги, очиқ майдондаги жой ёқмади, шекилли, Йўлдош ичкаридан жой талаб қилди. Кўҳликкина, ҳадеб тишининг оқини кўрсатишга уринаётган официант жувон жон деб уларни ичкарига бошлади.

 Йўлдош бир дунё нарса буюрди: биринчи, иккинчи, газак, сув ва бир шиша ароқ. Эркин эътироз билдиришга уринди:

— Қорним тўқ эди, кейин... сиз рулдасиз-ку.

       Йўлдош яна беписанд қўл силтади.

  — Мелиса олса, правани олади-да, ошна, жонни олармиди?!

Ҳа, вақт ўтиши билан одам ўзгараркан. Очиғи, Эркиннинг Йўлдошга андаккина ҳаваси келди. Тагида машина, ресторандай жойда ўйланмасдан буюртма қилаверади, гапиям шунга яраша дадил...

       Стол усти бирпасда ноз-неъматларга тўлиб кетди. Йўлдош оғайнисига синчков кўз ташлади.

– Хафа бўлмагин-у, ўтиришинг менга ёқмайроқ турибди-да. Бундай ўзингни эркинроқ қўявер-да. Ўладиган дунёда яйраб яшаш керак. Эртага бормизми-йўқмизми, Худо билади.

   — Ҳа, дийдор ғанимат, - дея унинг гапини маъқуллаган бўлди Эркин.

Шунда Йўлдош чўнтагидан қўл телефонини чиқарди-да, тугмачаларини босиб, қайгадир қўнғироқ қилди ва жажжигина, кафтига бемалол сиғиб кетадиган телефонни оғзига яқин олиб бориб:

— Биз “Ором” ресторанидамиз. Тез етиб кел, — деди.

       Тўғриси, Эркин кун бўйи иш қидириб, силласи қурийдиган даражада чарчаган ва бунинг устига оч ҳам эди. Аммо столни тўлдириб турган ноз-неъматлардан тотинишга ҳам истиҳола қилиб турарди. Буни сезди шекилли, Йўлдош мулозамат қилди:

— Сен тортинмай олавер, оғайни, мен тўғри кабобхўрликдан келаяпман. Лекин аввал учрашганимиз учун юзта-юзта олайлик-чи.

  — Мен ичмайман, сиз бемалол, — деди Эркин.

Йўлдош унга ажабланиб қаради:

— Мен рулда юриб ичаяпман-ку... Юз грамм ҳеч нарса қилмайди, ошна. Сен билан мен ҳар куни кўришиб юрибмизми? Қани, учрашганимиз учун деб, ҳеч бўлмаса банияти шифо деб олиб юборайлик-чи.

        Қадаҳдаги муздек ва аччиқ ароқ Эркиннинг томоғини куйдириб ўтгандай бўлди. Йўлдош дарҳол қадаҳларни тўлдирди:

— Биринчиси билан иккинчисининг орасига қил сиғмасин, дейишади. Қани, олдик.

Эркиннинг кўзлари ёшланиб кетди, айни пайтда боши айлана бошлаганини ҳам ҳис қилди. “Наҳотки маст бўлиб қолаяпман”, деган хавотирдан қўрқиб кетган Эркин газакларга ёпишди. Бироқ оч қоринга ичилган ароқ ўз таъсирини кўрсатмоқда эди. Эркиннинг кўз олдида идишлар чайқалиб кета бошлади.

Худди шу маҳал уни илжайиб кузатиб турган Йўлдош ногоҳ эшик томонга қаради ва:

— Марҳамат, Гуляхон! – деб хитоб қилди.

Эркин оғзи тўла газак ҳолида шу томонга ўгирилди. Остонада иккита ҳақиқатан ҳам гўзал, ҳам анчайин очиқ-сочиқ, таранг қоматларини кўз-кўзлаб турган тор либослар кийган, нари борса, йигирма беш-йигирма олти ёшлардаги икки жувон илжайиб, шу томонга қўл силкишарди.

Аёллар таманнолар ила қадам ташлаб етиб келишди-да, таклифни ҳам кутиб ўтирмасдан бўш креслоларга ўтиришди.

   — Марҳамат, қизлар, танишинглар, — деди аллақачон косагулликни бўйнига олган Йўлдош кўтаринки оҳангда. – Бу менинг синфдошим. Исми Эркин. Аммо айтиб қўяй, — шу ерга келганда Йўлдош айёрона кўз қисди, — исми жисмига мос эмас. Эркинликни эмас, ювошгина юришни, соат тўққизда уйдан чиқиб, олтида уйда бўлишни истайди. Хотинидан қўрқадими, нима бало!

 Жувонлар қийқириб кулиб юборишди.

   — Акажон, — деди курсисини Йўлдош томон яқинроқ сургани ноз ила, — хотинингиз уйга қўймаса, асло ғам чекманг, битта бошпана бўлса, топамиз. А, лаббай?

 Бу аёл дугонасига савол назари билан қаради. Иккинчи жувон Эркинга синовчан нигоҳ ташларкан, ноаниқ тарзда елка қисиб қўйди:

— Вообше-то, менга хваткаси бор, хотинидан қўрқмайдиган ҳақиқий эркаклар ёқади.

     — Маладес, Клара, кўнглимдагини айтдинг!

Йўлдош пинжига суқилиб келаётган аёлни қучиб олиб, гапида давом этди:

— Яхши дугонанг бор экан, Гуля. Қани, хотинидан қўрқмайдиган ҳақиқий эркаклар учун ичамиз!

Эркин ноилож бу қадаҳни ҳам бўшатди. Ана шундан кейин... Эркиннинг кўзига Клара жуда чиройли кўриниб кетди. Айни пайтда беихтиёр Саидани эслади. Доимий рўзғор ташвишлари боисми, хотини кейинги пайтларда унчалик ўзига қарамай қўйди, шекилли. Бу ёқда чақалоқни эмизади... Вужудидан ҳам атир-упанинг эмас, сутнинг, чақалоқ иси келиб туради. Кларадан келаётган ёқимли ифор Эркиннинг бошини айлантириб юборди...

   — Менга қара, ошна, — деди кўзлари сузилиб бораётган Йўлдош, — эртадан менинг фирмамда ишлайсан. Ойлигинг юз эллик. “Кўк”идан. Шундай конвертга солиб бераман. Розимисан?

  Эркин ҳаттоки ўрнидан сакраб туришга интилди:

— Розиман!

   — Ундай бўлса, келишдик! Эртага тўққизда офисимда кутаман. Манави ерга бор, ошна. Бир пайтлар писанд қилмай юрган синфдошинг нималарга эришганини ўз кўзинг билан кўр, оғайни!

 Йўлдош ташрифномасини узатаркан:

— Ана шунинг учун ичамиз! – деди.

Аёллар қийқириб, ушбу қадаҳ сўзига қўшилишларини билдиришди.

 Ана шундан кейин базм янада қизиди. Эркин бир-икки марта курсисини сурди ва бир пайт қарасаки, оёғи Кларанинг яланғоч сонига тегиб турибди. “Оёғи шунча иссиқ бўлса, ўзи қандай экан...”, деган хаёлга борди Эркин...

Тунги соат ўн бирларга яқин ўтириш тугади. Ҳотамтойлиги тутиб кетган ғирт маст Йўлдош чўнтагидан икки юз  доллар чиқариб, Эркинга тутди:

— Бу сенинг биринчи ойлигинг!

     Мастликда ошнасидан қолишмаётган Эркин нима гаплигини илғагунга қадар Клара Йўлдошнинг қўлидаги пулни “шип” этказиб олди-да, маънодор тарзда кўз қисди:

— Бу акам билан ҳисоб-китобни ўзим қиламан...

Йўлдош Гулясини олиб кетди.

Эркин таксига ўтириб, Кларанинг икки хонали уйига келди. Уймисан уй экан ўзиям! Ҳаммаёқ ойна, ганч... Бир сўз билан айтганда, евротаъмир... Аммо Эркин буларни илғайдиган аҳволда эмасди. У жон ҳолатда жувонга ёпишаркан:

— Мен сизни севаман, Кларахон! – деб шивирларди эҳтирос билан.

Клара истеҳзоли илжайди:

— Хотинингиз-чи, яхши йигит, законний хотинингиз-чи?

   — Мен ажрашаман... сизга уйланаман...

   — Ундай бўлса майли... Юринг, аввал бир ювиниб чиқайлик...

Жувон Эркинни қучоқлаб олиб, ваннахонага бошлади...    

Тонг саҳарда боши ёрилиб кетгудай даражада оғриб уйғонган Эркин бегона тўшакда қип-яланғоч Клара билан ётганини кўрди ва кечаги вақеаларни эслаб, даҳшатга тушди... Лекин энди кеч эди...

Энг оғири – уйга бориш, Саиданинг кўзларига қараш...

Эркин бунга журъат қилолмади. Қўнғироқ қилди.

   — Саида, тушун, мен... бошқа бировни яхши кўриб қолдим, — деб минғирлади у хотинининг хавотир тўла саволларига жавоб ҳам бериб ўтирмай. – Мен... ёрдам бериб тураман...

 Гўшакдан қисқа-қисқа гудок эшитилди – Саида телефонни қўйиб қўйган эди...

Эркин бекорга қўрққан экан, Йўлдош ўз сўзида турди. Собиқ синфдошининг олдида бир мақтангиси келдими, ўзига тегишли ёнилғи қуйиш шахобчаларидан бирига оператор қилиб жойлаштириб қўйди. “Маош” ваъда қилинганидай экан. Бунинг устига тушлик текин... Тўғрироғи, “маош” деганлари аслида пул, кундалик тушум сифатида бериларкан. Ҳеч қандай солиқ-полиқсиз...

       Оҳ, бу Кларанинг пулни бунчалар яхши кўришини! Эркиннинг қўлидан тийин-тийинигача санаб оларди ўзиям...

Эркин Клара билан бирга яшарди. У ҳар куни уйга кираркан, Клара қайси бир озарбайжон киноси қаҳрамонига ўхшаб чучук тилда:

— Пулинг бор? – дерди.

Бунақа пайтлари нима деб жавоб бериш кераклигини Эркин яхши биларди:

— Бор! Бор!

Ва ёнидаги пулларини чиқариб берарди. Пулни кўриб, Клара яшнаб кетар ва Эркиндан айланиб-ўргилиб, дарҳол тўшакка бошларди... Бунақа пайтлари Эркин ўзини бахтиёр сезарди!

 Саида... индамади. Судга боришганида ҳам, ерга қараб ўтираверди. Эркин ажралишга сабаб қилиб, бениҳоя тутуриқсиз важ бўлган “Феъл-атворимиз тўғри келмади” деган гапни айтганида ҳам, Саида бош ирғаб, бу гапни маъқуллади...

 Буни кўриб, Эркин ёмон эзилди... Аммо не қилсин...

 Ўртада фарзанд борлиги боис олти ой ўйлаб кўришга муҳлат беришди...

 Орадан уч ойга яқин вақт ўтди. Бу муддат ичида бир марта тўртовлон – Йўлдош билан Гуля, Эркин ва Клара ресторанда ўтиришди. Йўлдошнинг ишлари кўп эди, шу сабабли бошқа вақт тополмади...

 Бироқ... фалокат қош билан қовоқнинг орасида тураркан.

 Эркиннинг шерикларидан бири йигирма литр бензиндан одатдагидай икки литр эмас, нафси ҳакалак отиб, тўрт литр уриб қолибди. Бунинг устига чек ҳам бермабди. Бензин олганлар эса солиқчилар юборган махсус одамлар экан... Ҳаммасини яширин камера суратга олиб турган экан...

 Бўлди тўполон, бўлди тўполон... Далолатнома тузилиб, имзолар қўйдирилди.

 Йўлдош роса югурди, анча-мунча пул ҳам сарфлади, лекин сувдан қуруқ чиқиб кетолмади. Шунинг аламига бу шахобчанинг ҳамма ходимларини ишдан бўшатиб юборди. Тўқайга ўт кетди – ҳўл-қуруқ баробар ёнди: Эркин ҳам ишсиз қолди.

 Аста Йўлдошнинг ёнига борганди, у қовоғини очмай дудмалроқ тарзда:

— Уч-тўрт кун дам олиб тур-чи, — деди.

 Эркин ошнасининг авзойидан ҳеч бир яхшилик аломатини сезмади...

Шу куни у илк бор Кларанинг одатдагидек:

— Пул бор? – дея нозланиб берган саволига жавобан: — Пул йўқ, хоним, – деди.

Клара... бирдан ўзгариб кетди. У Эркинга чимирилиб қараганча, дағдаға қилди:

— Пул қани? Ё севимли хотинчаларига бериб келдими?

Ҳолбуки, Эркин Саидага ҳали бир сўм ҳам пул бермаганини Клара яхши биларди.

Дили оғриган Эркин ётиғи билан тушунтиришга уринди:

   — Заправкамиз вақтинча ёпилди. Шунга, сабр қилиб туринг, хоним...

   — Мен ҳозир...

 Клара шарт ўгирилиб, ичкарига кириб кетди ва Гуляга қўнғироқ қилиб, вазиятни аниқлаштириб олгач, ичкаридан қовоқ-тумшуғи осилган аҳволда чиқиб келди.

   — Менга қаранг, яхши йигит, — деди Клара Эркинга тик қараб, – қани, келган жойингизга бир туёғингизни шиққиллатиб қолинг-чи...

 Эркин Кларага ажабланиб қаради:

— Тушунмадим...

 Клара баттар авж олди:

— Э, қанақа ғалчасиз ўзи?.. Кет дегандан кейин индамай кетавермайсизми! Бўлмаса милиса чақириб, мени зўрламоқчи бўлди деб қаматиб юбораман!..

   — Клара!

   — Бўлди, бас! Мен ҳаммасини билиб олдим. Энди бунақа ишни тушингизда кўринг. Яна ўша арзимас маош берадиган ишингизга борасиз энди. Шунинг учун зиёли, тушунган одамларга ўхшаб, тинчгина ажралишиб қўя қолайлик. Жанжалнинг менга эмас, сизга зарари бор. Тушундингизми?!.

   — Демак...

   — Ҳа, тушунган одамнинг садағаси кетсанг арзийди. Пул бор – тўшак бор. Пул йўқ – тўшак ҳам йўқ, уй ҳам йўқ. Бошқа тузукроғини топиб оларман... Хайр...

 Тўрт ойдан ошиб қолди, Эркин ижара уйда яшайди, муқим бир иш тополмагани сабабли мардикор бозорига қатнайди.

 Саида уни кечирмади. Бошини ерга эгганча:

— Майли, Эркин ака, бахтли бўлинг, боламни ўзим бир амаллаб боқиб оламан. Боғчага ишга кирдим, — деди.

 Эркиннинг изоҳини эшитиб ўтирмай, бурилганча кетди-жўнади...

 Ажралиш ҳақида ажрим чиққан куни Эркин мардикорчиликдан топган пулига бўкиб ичди...

 Ўтган куни эрталаб тасодифан уни бозорда кўриб қолдим. Соқоллари ўсиб кетган, усти-боши кир... Қўлида андава. Мардикор бозорига ким кирса, худди ўзини ёллайдигандай умид, илтижо билан боқади...

 Унинг ёнидан индамай ўтиб кетдим.

 

 

                                                                        Музаффар Муҳаммадназар