ОНАЛАРНИНГ ХУНУГИ БЎЛМАЙДИ


     Бекзодам билан боғчага бориш учун бекатга тўхтаган яшил автобусга илиниб, жой беришгач ўриндиндиқлардан бирига ўтириб олдик. 
Рўпарамизда телефон титкилаб келаётган таннозгина аёл таниш кўриндию, эслолмадим. Унинг ўзи мени таниб, ёйилиб илжайди:
- Вой ўртоғ яхшимисан? Юрибсанми?
     Эслолмасам ҳам сўрашиб, оғзига тикилдим. Ўзи эслатди. Бир институтда ўқиб, бир ётоқхонада яшаганмиз. Тирсиллаб турган шимига, сўнги русумдаги турмагига қараб хотираларимга берилдим. Ха, эсладим... У ёшлигида ҳам хозиргидай мода билан ҳамнафас яшарди. Қип-қизил лаб бўёғ, улама киприк ва автобусга унчалик ўрнашмаган ўткир атири ҳам ўша-ўша...
     Хозир шифокорликни ташлаб, косметалогия билан шуғулланаётган экан. Айтиш жойизки анчагина ёш кўринарди. 
- Неварангми? - деди, у қўғирчоғига андармон бўлган қизалоғимга ишора қилиб.

Кулиб юбордим. Бизнинг ёшимиздаги ёшроқ боласи бор аёлларга бундай саволлар берилиши табиий. Шунинг учун жилмайганча жавоб қайтардим.
- Йўқ. Кичкинам. Супрақоқдим. Энг ақллигим!
- Ха...- деди у чўзилиб, чимирилганча, - Қандай қиз эдингга. Оддийгина юрсанг ҳам «Фарғона париси» деб битта табассуминга зор ошиқларинг бор эди. Бўйинг чўкиб, ажинларинг ҳам кўпайиб қолибди. Хайрият, мимический экан. Қизлигингда ҳам юзингни аямай кулиб турардинг. Мана мен ортиқча жилмаймайман. Болаларим ҳам ўрганиб қолишган. Жуда хурсанд бўлсам номигагина илжайиб қўяман. Эй ўртоғ, менинг салонимга кел! Хизматларим арзон эмасу, нархларни тушириб бераман. Ҳар қалай эл таниган одамсан. Кун ора телевизордан чиқасан. Жила қурса бир реклама қилиб юборасан ўртоғингни - деди у ташриф қоғозини узатиб. 
Қоғозчага кўз ташлаб бош ирғадим. 
- Албатта кел, кутаман. Лабингни озроқ ботокс қилиб, юзингни коррекция қиламиз. Мезатерапия қилдирадиган пайтинг келибди. Ажинларингни йўқотмасак чуқурлашиб кетаверади. Ярим ой қатнасанг, аввалги Муаззамга айлантириб қўяман. Кукла бўлиб қоласан, гарантия! 
Йўловчилар ичида қиёфамдаги камчиликларимга ишора қилаётган танишимга бир нарса демоқчи бўлиб оғиз жуфтладиму улгурмадим. 
Боядан бери ўзи билан ўзи овора бўлиб кетаётган қизим қовоғини солиб қўлидаги қўғирчоғини косметолог хонимчага узатди:
- Хола, сизга Барбимни бераман. Хохлаганингизча ўйнанг! Фақат, ойимга тегманг! У дунёда энг чиройли ойиларнинг ҳам энг чиройлиси! Уни ўзингизга ўхшатиб қўйишингизни ҳеч ҳам хохламайман! 
Бекзодамнинг жавобидан косметол хўмрайиб, бир автобус одам кулиб юборди. 
Қизим Барбисини қайтиб олмади. Тушиб кетар чоғи бир гап айтди:
- Илтимос, ҳеч кимнинг ойисини ўзгартирманг! Чунки, ойиларнинг хунуги бўлмайди!

 

Муаззам Иброҳимова