Ялмоғиз


 

ЯЛМОҒИЗ

 

- Сен билан ортиқ яшай оломайман. Мен ҳақиқий севгимни энди топдим, - деди эркак баралла хотинига.
- Дадаси, кўзингизни каттароқ очинг, кўчадан илашган сизга хотин бўла олмайди. Майли, фарзандларимиз ҳақи сизни кечираман. Уларни уйли-жойли қиладиган пайтда ўзингизнинг бу аҳволда юришингиз уят, - зориллади аёли.
- Сен ҳақиқий севги қанақалигини қаердан ҳам билардинг, - аёлига паст назар билан қаради эркак. – Ўзингга бир қара, қариб қолгансан. Сочингга оқ, юзингга ажин тушган. Сен... сен ялмоғизсан!
- Ўша кўчадан илакишганингизни кўрдим. У ҳам олма-ю нок эмас экан. Нари борса мендан уч-тўрт ёш кичик экан. Сизгача нечта эркакка жазман бўланини-ю сиздан кейин яна неча кишининг уйини хонавайрон қилади, худо билади.
- Овозингни ўчир!- ўшқирди эр хотинига. – Унга тил теккизма! У маъсума, фаришта!
Шундай деди-ю кийимларини олиб чиқиб кетди. Ялмоғиз хотини ва “ялмоғизваччалар” — болалари дилда нафрат билан қолаверишди. Аммо бунинг унга сира қизиғи йўқ. У висолга ошиқмоқда эди. Қариган чоғида топган ҳақиқий муҳаббати уни кутмоқда.
- Жоним,тезроқ келинг, иккимиз учун бир ижара уй топдим, - “севгилиси” уни шоширди телефонда.
Эркак одамлар назаридан уялиб жазмани айтган уйга тун чўкканда кириб келди. Кирди-ю... ўзини деворлари тўкилиб ётган, оҳак излари кўчиб тушган, тирқишларидан калтакесаклар югуриб юрган хонада кўрди. Шу топда хотини чинни чироқдек қилиб қўядиган уйи кўзига кўриниб кетди. Аммо энди ортга йўл йўқ. “Майли, биз-биримизга етишсак бўлди. Севишганлар учун уй муҳим эмас”- ўзини овутди у. Жисми “севгилиси”нинг висолига талпинмоқда эди. Ерга тўшаб қўйилган эски кўрпачага чўзилди.
- Кел, жоним, бағримга!- у қўлларини жазмани томон чўзди.
- Ҳозир, ҳозир...- жазмани синиқ ойна олдида куймаланарди. Эркак қўлларини бошига ёстиқ қилиб уни кузатиб ётди. Жазмани бир стакан сув олиб кирди.
“Фаросатига қойилман!”- ўйлади эркак. – Менинг кечаси уйғониб сув ичишимни билади, шунинг учун олиб кирган”. У “севгилиси” билан кундуз кунлари хилват жойларда учрашарди, бу сеҳрли тун улар учун биринчиси. Ширин хаёлларга берилиб кўзларини юмди. Бир пайт ниманингдир сувга шўлп этиб тушган овози эшитилди. Суюклиси билан ўтажак бетакрор тун орзусидаги эркак чўчиб кўзини очди. Не кўз билан кўрсинки, фариштамисол севгилиси оғзидаги протез тишини бус-бутунича чиқариб стакандаги сувга солди. Сўнг бошидаги ясама сочини ҳам ечиб, эркакка тиржайди:
- Мен сизникиман, жоним!
Ойнинг хира нурида унинг сочсиз боши ғалати тарзда йилтиллар, ўрадек тишсиз оғзи тиржайганида эртаклардаги қон сўриш ниятидаги ялмоғизнинг оғзини эслатарди...

 

Дилфуза Зарипова