ҚОТИЛГА АЙЛАНГАН АЁЛ


 

   Азиз қадрдонларим! “АЁЛЛАР ҚАМОҚХОНАСИДАН МАКТУБЛАР” китобимдан бир парчасини сизларга илиндим. Марҳамат, ўқишингиз ва фикр-мулоҳазаларингизни қолдиришингиз мумкин!

 

ҚОТИЛГА АЙЛАНГАН АЁЛ

 

     Азизам Гулзода! Омонмисиз? Иссиқлар билан қинйламасдан юрибсизларми? Ҳовлиларингиздаги кичкина боғларингизда олма пишгандир. Эсингиздами? Олмаларингиз қизариши билан тагидан кетмасдик. Аянгиз доим бизга “Қўшни ҳаққи” дея челакчада олма олиб чиқиб берарди. Биз ҳам ҳовлимиздаги узум пишганида сизларга илинардик. Қандай яхши дамлар эдия.
     Биз билан битта хонада яшайдиган Садарат опанинг ҳаётини эшитсангиз қалбингиз ларзага келади. Бу дунёда разил, ваҳший одамлар борлигидан нафратланиб кетасиз. Яхшиси унинг турмушини ўзининг тилидан қилиб сизга айтиб берайин.
* * *
     Болалар уйида улғайганман. Ота-онам кимлигини ҳам билмайман. Улар мени ташлаб кетганлари учун ҳанузгача улардан нафратланаман. Агар турмуш қурсам ҳеч қачон гўдагимни болалар уйига бермайман, деб ўз-ўзимга сўз берганман. Болалар уйидан учирма бўлгач, тарбиячим бўлган Зарифа опаникига нажот истаб бордим. Чунки энди нима қилишимни ҳам билмасдим. Опанинг уйидан паноҳ топдим. Боғчага ишга кирдим. Ўз ўрнимга эга бўлдим. Бир куни Зарифа опа мени бир йигит билан таништирди.
Қадди-басти келишган, чиройли йигит экан. Хуллас, бир-биримизга ёқдик. Тўйимиз бўлди. 
Онамдек бўлиб қолган Зарифа опанинг юзини ерга қаратмай, дея келинлик вазифамни астойдил бажаришга киришдим. Қайнонамнинг ўтидан кириб кулидан чиқдим. Кейинги йили эса фарзандлик бўлдим. Унинг камолини кўриш менга насиб этсин, дея Камола деб исм қўйдим. 
Зарифа опам ота-онамнинг йўқлигини билдирмасдан, бешик ясатиб олиб борди. Камола тиллари бийрон қиз бўлди. Илк маротаба “ая” дея тили чиққанида қанчалик севинганимни сўз билан ифодалай олмайман. Атак-чечак қилиб юрганларини кўриб севинчим ўн чандон ошди. Бирин-кетин қайнсингилларимни ҳам узатдик. Биз бахтли яшаётгандик. Бироқ ойни этак билан ёпиб бўлмайди, деганлари тўғри экан. Қайнонам қаергадир тўйга бориб, менинг болалар уйида вояга етганимни билиб қолибди. Шундан сўнг қайнонам менинг рангимни чиқармайдиган бўлиб тўнини тескари кийиб олди. Менга яхши муомила қилмай қўйди.
Бир куни тонг саҳар ҳовлига отилган челакнинг даранглаган овозидан чўчиб уйғониб кетдим. Шоша-пиша бошимга рўмолимни ўраб ҳовлига чиқиб юз-қўлимни ювдим-да ўша атрофда юрган қайнонамга салом бердим. Бироқ қайнонам саломимга алик ҳам олмади, қайрилиб ҳам қарамади. Овозини борича келинларни чошгоҳгача ухлашини айтиб, шанғиллай кетди. Қайнонам мени тили қисиқликда, яхши тарбия кўрмаганликда, ҳароми бола бўлганлигимда, кўзимни сузиб, ўғлининг бошини айлантириб, тегиб олганликда айблади. Энди унинг ҳар битта гапи юрагимга ўқдек қадала бошлади. Мен ҳам боплаб жавоб қайтарай дедиму аммо эримнинг “илтимос, онам ҳовуридан тушганча гап қайтарманг” деган сўзлари ёдимга тушиб тилимни тийдим.
Ўша куни қайнонам ўғлини имлаб, хонасига олиб кириб кетди. Орадан анча вақт ўтгач, эрим сувга тушган мушукдек ёнимга келди. Аммо онаси билан нималарни гаплашганини айтмади.
Бир куни қайнонам ҳовлимизга иккита мелисани бошлаб келиб уларга мени келганимдан буён уйидан нарсалар йўқолаётганини айтиб аюҳаннос солди. Кейин уларни ётоқхонамга бошлаб кирди. Қайнонам нарсаларимни титкилаб ниманидир изларди. Кейин шкафимдан тилла тақинчоқларини олиб мелисаларга кўрсатди. Мени ўғирликда айблади. Бу туҳматдан қутилолмадим. Ўзимни оқлолмадим. Қайнонам мен йўғимда тиллаларини шкафимга солиб қўйганлигини тушуниб етдим. Афсуски қўли эгри деган ном олдим. Ҳақлигимни исботлай олмадим. Қайнонам турмуш ўртоғимнинг ялиниб-ёлворишига қарамасдан менга туҳмат қилиб, топилмаган тилла билагузук учун судга берди. 
Бир йилдан сўнг мен қамоқдан чиқиб уйимга қайтдим. Қизалоғимни жудаям соғингандим. У билан қучоқлашиб кўришишни кўз олдимга келтириб, дарвозани очдим. У ёқ бу ёққа алангладим. Нимагадир ҳовлида болам кўринмасди. Қайнонамга салом бердим-да, дарҳол боламни сўрадим. Қайнонам бўлса худди мени биринчи маротаба кўраётгандек ажабланиб тикилди. 
— Болам қани деяпман, мен сизга! — дея бақирдим мен. 
Шу пайт эрим уйдан отилиб чиқди-да, остонада бир зум тўхтаб қолди. Хўжайнимдан қизимни сўрадим. У онасига қаради. 
— Камолани ўт ўриб келгани тутзорга жўнатгандим, — деди қайнонам кўзларини ерга тикиб.
Тутзорга қараб шошилиб кетдим. Ортимдан хўжайним ҳам изма-из келарди. Афсуски тутзордан Камоланинг қонга беланган жасадини топдим. Унинг ҳаётга тўймаган кўзлари катта-катта бўлиб очилиб турарди. Қизалоғим ётган жойдан сал нарида эса қонга бўялган ўроқ ётарди. 
— Болам! Вой болам? Ким сени бу аҳволга солди, ким?! — дея бақирганимча қизимни қучдим. Фарёдимни эшитган турмуш ўртоғим югуриб келди-да боласини қонга бўялиб ётганини кўриб, у ҳам даҳшатдан қотиб қолди. Кўзлари билан кимнидир излай бошлади. Фариштагинамни ўтлар устига ётқиздим-да шартта ўрнимдан туриб, қонли ўроқни қўлимга олиб, тутзорнинг у томонига қараб югуриб кетдим. Шу пайт тутзор ичида йиқилиб-суриниб, қочиб кетаётган бир эркакка кўзим тушди. Унга етиб олгач, эркакнинг ёқасига чанг солдим.
— Мен, мен ундай қилмоқчи эмасдим. Ўзи қаршилик кўрсатди. Қоровулман. Сўрамасдан ўт ўрибди. Шунга... Озгина ичгандим. Уни ўпгандим. Кейин..., — деди эркак дудуқланиб.
— Исқирт. Боламнинг бошига етибсан-ку! Сенинг жазоингни ўзим бераман! — дея унинг дуч келган жойига ўроқни тиқиб олавердим, тиқавердим. 
Турмуш ўртоғим менинг қўлимдан ўроқни тортиб олмагунча бу ҳол давом этди. Кейин ерга ўтирганимча ўкириб йиғлаб юбордим. Болагинамни, беғубор фариштагинамни асраб қололмадим. Турмуш ўртоғим қонга беланган боламнинг ўлигини қўлига кўтариб олди. Эр-хотин бир алфозда уйга кириб бордик. Қайнонам бизни кўриб эси оғай деди.
Ёмон гап тез тарқалади, деганларидек бу мудҳиш воқеа бир зумда маҳаллага ёйилди. Одамлар жанозага етиб келишди. Фариштадек боламни қабристонга қўйиб келишди. Тергов ишлари ҳам бошланди. Тергов жараёнида тутзор қоровули ичиб олиб, Камолани номусига тажовуз қилгани, қаршилик кўрсатгани учун уни ўроқ билан уриб ўлдирганимни айтдим. Афсуски қотилни ўлдирганим учун мен ҳам қотил деган номни олиб қамалдим. Турмуш ўртоғим эса қоровулни ўзи ўлдирганини уни қамаш лозимлигини айтиб бақирарди. Виждон азобидан қийналаётган қайнонам бўлса суддагиларга “мияси айниган мен кампирни қаманглар. Уни мен ўлдирдим” деб йиғларди. 
Фарзанд доғи ёмон бўларкан. Кўз олдимдан ҳамон қизалоғимнинг менга талпиниб турган чеҳраси, гап-сўзлари кетмайди. У ҳаётга қанчалар ташна эди. Катта бўлганида чевар бўлиб, менга чиройли куйлаклар тикиб бермоқчи эди. Ҳеч ким мендек боласининг ҳажрида ёнмасин...”
* * *
Кейинги хатимда тикувчилик цехида танишиб қолган маҳкума Гулшода опанинг бу ерга қандай тушиб қолганлигини ёзиб юбораман.


Сизни соғиниб қолувчи дугонангиз Адолат.


2010 йил 28 июль.