МУСОФИР ҲАҚҚИ


 

     Уйимизга меҳмон келди.
     Ўтирган жойида омонатгина, хижолат билан ош-нонга қўл узатаётган кампирнинг Тошкондаги яқинлари, қишлоққа кетиб қолгани учун эрталабгача қолди. Кетар чоғи эса дуо қилди:
-Мусофир хаққига рози бўл!
     Энсам қотди. Хамма меҳмонлар астойдил, камида ўн дақиқа дуо қилсаю, буниси туртта сўз билан якунласа. Одамлар дуо қилишга ҳам эринчоқ бўлиб кетишяпти...
     Шу воқеадан сўнг, ҳеч қанча ўтмай бир қишлоққа иш билан боришимга тўғри келиб қолди. Аксига олиб автобус,машина кам қатнайдиган бу жойларда кечгача юмушимни аранг битирдим. 
     Ғира-шира қоронғуда, йўл ёқасида турибману юрагимда мингта хадик. "Йуловчи аёллар бўлсаку" дея пичирлаб, шубхалирок машина тўхтаса панага ўтаман. Буткул бегона жой булмасада ҳар қалай бу томонларда қариндош -уруғим йўқ.
     Шу пайт қишлоқ томондан бир эмас, иккта машина келиб тўхтади. Бирин-кетин эшиклар очилиб, хайдовчилар ва бугун шу ерда иш юзасидан танишган опалар тушиб мендан ўпкаланишди:
-Нимага индамай кетиб қолдингиз меҳмон?
-Шунча ердан келиб-а?
- Ўзимиз олиб бориб қўямиз, қани ўтиринг!
Биринчиси манзиратини тугатмай иккинчиси хам сутранг Нексиянинг олд эшигини очди:
-Синглим бизнинг мошинага ўтира қолинг. Ўғлим билан ғир этиб ташлаб келамиз.
Хурсанд булиб, иккинчи машинадагиларга узр-у-раҳматимни айтиб, биринчи турган машинада ота ховлимга етиб олдим.
Ўттиз километр масофа учун узатган пулимни кўрган хайдовчи ва аёли ранжиб бош чайқашди:
-Мусофирнинг ҳаққи синглим, уят бўлади...
Шундагина уйимизга келган ўша кампирнинг сўзлари ёдимга тушиб, энг яхши дуо билан уларни кузатиб қолдим...


Муаззам Иброҳимова

2011-йил