ҚИЗИЛ ҚИРЛАР ОРТИДА


— Шу ёлғончининг гапларига ишониб ўтирибсанларми?! Саёҳатчи варраклар, болажон бодринг хола, яна алламбалолар... Буларнинг бари сафсата-ку! Ҳаммасини ўзи тўқиган. Сен лақмалар, ишонасанлар. Ундан кўра "Узбек халк эртаклари"ни олиб ўқишгин. Қани, туриш ўрнингдан, бошқа нарса ўйнаймиз.
   Тавба, Ойша опа ғалати-да! Нима, узбек халк эртаклари тўқилмаганми? Ҳар қалай осмондан тушмагандир. Ўша қадим замонларда ҳам менга ўхшаган эртакчилар яшагандир? Энг ёмони, мени берилиб тинглаб ўтирган кичкиналар ҳар доим Ойша опага эргашишарди. Эртагим қанчалик қизиқарли бўлмасин, ундан қўрқиб индамай итоат қилишади.
   Аммо Ҳамида бошқача. У Ойша опадан ҳам, бошқасидан ҳам ҳайиқмайди. Мен бўшаб қолган ўриндиқларга қараб, бирпас каловланиб қолган жойидан давом этаман. Битта бўлса ҳам тингловчим борку. Тилимизни яхши билмаса ҳам майли. Ўлай деб тўқиганимдан кейин, имо- ишоралар билан бўлса-да тушунтира олишим шарт-ку. Умуман олганда, менда эртак тўқишга ҳам, айтишга ҳам қобилият бижиллаб ётибди. Кўрсатиб қўяман хали, Ойша опасига эргашганлар ялиниб қайтиб келишмаса, отимни бошқа қўяман... 
   Аммо ҳамма нарсада меъёр бўлиши лозимдек, эртак тўқишда чегара бўлгани яхши экан. Баъзан ошириб юборганимни сезмай коламан. Сезганимда бутун бир қишлоқни оёққа тургизган воқеалар содир бўлмасмиди?! Хуллас...

   Ўша вақтлар бошқача эди. Болалигим - подшоҳлигим. Ерга урса кўкка сакрайдиган ёшда эдик. Ҳозир фарзандларимнинг озгина тўполонини кўтара олмай уришиб берсам, ойимнинг жаҳли чиқади. "Ўзинг булардан юз баробар шўх эдинг", - деб койиб беради. Хотирамда қолган қайси бир воқеани эсламай онамнинг гаплари ҳақиқат эканига тан бермай иложим қолмайди. 
   Уч томонлама баланд, паст қирлар, тоғлар билан ўралган шаҳарчамизга баҳор нисбатан кеч келарди. Ариқчопди тугамай, дарвешона, Наврўз... Ҳаммасининг ўзига яраша гашти бор. Бирортаси бизсиз ўтсин-чи?! Фойдамиз тегмаса ҳам, ҳар қалай қулоқларини қоматга келтириб, бошларни оғритиб қий-чув қилиб турамиз-ку. Айниқса, ариқчопдини бошқача яхши кўрардик. Эрта баҳор қишлоқ эркаклари ариқ тозалагани чиқишганида, эски тегирмон пастидаги ариқчани атайин бизга колдиришади. Ким кетмонча, ким тешача кўтариб ҳашарчани бошлаб юборамиз. Тозаланиб чиройи очилиб колган ариқча бизни балиқчалар билан сийлайди. Уларни ёғочга илиб, оловда пишириб еймиз, ортганини уч литрли банкага соламиз, томоша қилгандан сўнг, ҳовлимиздаги ҳовузга қўйиб юборамиз. Қинғир қийшиқ ҳовузимизни ҳамма болалар яхши кўришарди. Атрофида чуғурлашиб ўтириб, ўзимиз қўйиб юборган балиқлар ва уларнинг йилдан – йилга кўпаядиган болачаларини томоша қилардик. Тўғри қишлоғимизда балиқ дегани сероб. Баланд тоғлар томондан оқиб келгувчи Исфайрамсой, ширин булоқларлари билан машҳур Қорасувда ғиж-биж... Қорасувимизда телпак бўладиган сувсарлар ҳам яшайди. Каламушсифат, аммо ундан анчайин каттароқ бу жонзотнинг биланглаб сузиб юришини кузатиб мазза қилардик. Яна-чи, бизнинг боғимизда олмахонларимиз ҳам бор эди. Дадам “улар мушпарак” деб, меваларнинг энг ширинини тишлаб қўядиган миттивойларнинг олмахонлардан фарқли томонларини тушунтириб берган бўлсалар-да, мен барибир ўзимникидан қолмасдим. Ишкомлар оралаб болаларини эргаштириб югуриб юрган мушпаракларни оғзи очилиб қолган ўртоқларимга обдон тарифлардим.
   - Бу олмахонлар ёвуз подшоҳнинг боғидан қочиб келган. Улар мевахўр бўлгани учун, уларни тошҳайкалчаларга айлантириб қўйишмоқчи бўлишган. 
   Болаларнинг сезгирроғи эътироз билдирарди:
- Шу ерда ҳам тўқияпсан-а? Қанақа подшоҳ, қанақа салтанат? Қолаверса мультфильмдаги олмахонлар каттароқ ва сабзиранг-ку! 
   Ўзимни йўқотиб қўймай, киноя билан жавоб қайтарардим.
- Хомкалла, шуни ҳам билмайсанми? Бобомни айтишича, бизга кўринмайдиган оламлар бор. Агар кўринганида, ўша золим подшосини аллақачон милисалар қамаб қўйишарди. Олмахонлар подшоҳликдан қочишаётганида кичкина туйнукчадан ўтишган. “Ўшанга сиғишимиз шарт” деб, озишган, қувлаётганлар сезиб қолишмасин деб рангларини ўзгартиришган. Бечоралар шундай қилишга мажбур бўлишган. Мультфильммиш! Ана, бизникида ҳам эркатой бўлиб юришибди-ку!. Ҳеч ким уларни хайдамайди. “Нега мевалар тишланган”, деб дўқ-пўписа қилмаймиз. Менинг дадам дунёдаги энг зўр, энг меҳмондўст дада!
   Мақтанишга мақтанардиму, сон-саноқсиз мушпараклардан қутула олмай бўғилиб юргувчи дадамнинг сўкинишлари ҳақида лом-мим демасдим. Э, барибир улар зўр! Қароқчи мушпаракларни хақорат қилгани билан ўлдирмайди. Тошотарида мўлжалга олиб қолган укамдан ранжиб, уришиб бериши ҳам рост.
- Худо яратган жонзотларни ўлдириб бўлмайди. Уволи тутади, ўғлим. Қўявер, меваларни егани билан боғнинг ҳосили камайиб қолгани йўқ. Бизга ҳам, уларга ҳам етяпти.
   Дадам шунақа одам. Гилосхўр чумчуқларга, бутун томорқани пайҳон қилиб ташлайдиган қуёнларга ҳам озор еткизишимизни хоҳламайди. Дадамнинг меҳридан семириб кетган шалпангқулоқларимиз шунақа кучга кирганки, бир ҳамла билан уйчаларини эшигини бузишиб, кечгача тутқич бермай яйраб юришади. 
   Хуллас, бизда жонзотларнинг истаган тури топилади. Типратикан, илон, қурт-қумурсқа....Ит-мушук, сигир-бузоқларни ёзиб майдалашиб ўтирмадим. “Ўзимизда тиқилиб ётибди”, деб оғзимга урасиз. Тўхтанг! Тошбақамиз ҳақида айтмабман-ку. У жудаям катта. Мингта боланинг қулочига сиғмайди. Хуллас, у бир вақтлар денгизда яшаган. Қайси денгиз деяпсизми? Яшаворинг! Биз яшаган жойлар аввал денгиз бўлганини билмайсиз, шекилли. Биз биламиз. Чиғаноқлар топиб Содиқов домлага кўрсатганимизда айтган.
- Бекорга водий тўрт томондан тоғлар билан қуршалмаган. Миллион йиллар олдин бу ерларда катта денгиз бўлган. Кейин аста-секин қуриб тугаган.
   Тошбақамиз ўша денгиздан ягона эсдалик. Телевизорда кўратилган аллақайси оролдаги энг катта тошбақалар ҳам бизникини олдида жимитдек кўринади. Ишонаверинг! Унга бойчечак, бинафша, қизғалдоқ баҳона тирмашишни яхши кўрардик.. Баландликда шабада зўр бўлгани учун варрак ҳам зўр учарди...
   Лаббай! Нима дедингиз? А, тушундим.
  Чалкаштириб юбордим-а! Сиз тошбақамизни тирик деб ўйладингизми? Йўқ, адашибсиз. Ўзи шунақа одатим бор, эртакчилигим учун бироз оширворишни яхши кўраман. Шундай қилмасам, у ростакам тошбақадан миллион марта зўрлигини сизга тушунтириб беришим осон бўлармиди? 
   Тошбақамизнинг тўлиқ номи Тошбақатоғ. У шаҳарчамиз кунгайидаги қирмизи қир. Нимаси яхши экан дейсизми? Бирпас шошмасангиз, айтиб бераман. Унинг обрўси анча баланд, шошма-шошарлик билан таърифлаб бўлмайди. Буни қирни тоққа айлантириб олганмиздан ҳам билсангиз бўлади. Шаҳарчамизга ёзда келган меҳмонлар кечқурун ташқарида ётиб қолишса борми, ярим кечаси “дод” деб, Тошбақатоғ томонга ишора қилишарди. Ойдинда янада ваҳимали кўрингувчи улкан эркатойимизни аждаҳо, динозавр ёки девга ўхшатганлари ҳам учраб турарди. Қўрққанга қўш кўринади, деб шунга айтсалар керак. Аслида, битта олди ва битта орқа томондаги тепаликлар унинг оёғи, кичикроқ бош ва тошкосаси бор. Унақасига қарасангиз ҳам, бунақасига қарасангиз ҳам дев, аждарга сира ўхшамайди. Йил бўйи унга чиқишни яхши кўрамиз. Айниқса баҳорда. Амаллаб бошига чиқиб олсак борми, бутун шаҳарча бизни кўриб тургандай ”Эхе-хе-хе-хе” деб дунёни бошимизга кўтарамиз, томоғимиз бўғилиб қолгунча шеър,қўшиқларлар айтиб чарчамаймиз..
   Тошбақатоғнинг тупроғи ҳам, тошлари ҳам қип-қизил. Еттинчида ўқиб юрганимда Примқул Қодировнинг “Юлдузли тунлари”ни ўқиб, ёзувчи тасвирлаган тарихий воқеаларнинг бошланиши биз томонларда рўй бермаганмикин деб ўйланиб қолгандим. Ха нима, бўлиши мумкин эмасми? Хов анави бетон кўприк ўрнида Тохирнинг андижонлик тоғойиси Мавлоно Фазлиддин тархи асосида қурилган ёғоч кўприк бўлгандир. Ёдингизда бўлса, ёғий яқинлашганда Тоҳир ўртоқлари билан унга ўт қўяди... Тўғри, асарда Тошбақатоғ ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ аммо жой ва дарё номи бир, қирнинг ранги ҳам ўша. Балки қир, ёмғир сувларида ювилавериб шундай ғаройиб шаклга кириб қолганмикин? Билмадим. Билганим шуки, ҳамма уни яхши кўради. 
   1986-йилнинг баҳори эди. Март тугаб, апрель охирлаб қолганида ҳам қирга чиқиш ортга сурилаверди. Уф! Ҳар йилги анъанамиз бузиладими? Бу вақтгача икки марта чиқиб тушган бўлар эдик. “Кимдир Тошбақатоғдан қулаб чил-парчин бўлибди, бўрилар кўпайиб ёш қизни ғажиб ташлашибди” деган миш-мишлар урчиб, биз болалар ҳам қаттиқ назоратга олинган эдик. Ичимизга чироқ ёқса ёришмайди. Орқадаги адирларга чиқиб кўрдик. Гул кўп. Бойчечакларнику гапирмай қўя қолай. Аммо ўзимизнинг Тошбақамиз бошқача эдида. Назаримда у ҳам хафа. Биз томонга қараб мўлтираганча мунғайиб турарди. Бизни соғингани аниқ эди. Нимадир қилиш керак! Нимадир ўйлаб топиш шарт! 
   Топдим! Топдим! Тошбақатоғ хақида эртак тўқишим керак. Тўқиганда ҳам зўр қилиб, ишонарли қилиб ёзишим керак. Аммо ўхшамасачи? Э, ҳамманинг ишониши шарт эмас. Хамида ишонса бўлди. Бирга чиқиб келамиз. Тўхтанг! Хамида хақида ҳам озроқ гапири берай. 
   ...Улар бизнинг эски ховлимизга кўчиб келишган. Уч ой ўтар- ўтмас қалинлашиб, орамиздан қил ўтмайдиган дугоналарга айланганмиз. 
   Йўлни - жўл, юрни - жур дегувчи болаларни кўрмаган эканман. Аввалига оғзида ютолмай қолган нон-пони бормикан деб ўйлар эканман. Чайнаб ютволсин, яна тиқилиб қолса айбдор бўлиб қолмай деб ўн минут пойлардим. Қарасам, хар куни ахвол шу. Чайнаётганини ютаман демайди. Хамиданинг ота-онаси, укалари ҳам шунақа гаплашишар экан. Уйга кириб ойимга янги қўшниларнинг антика қилиқларини айтиб берсам, улар кула-кула Хамиданинг оғзида нон-пони йўқлиги, фақат шунақа гапиришини тушунтириб бергандилар.
-Улар ўзбекмасда қизим. Миллати бошқа. Тилини ҳам бир пасда ўрганиб ҳам олишинг мумкин. 
   Тавба, уларнинг миллати нима деб ҳам сўрамабман. Қолаверса, у вақтлар жуда содда бўлган эканмиз. Ўзбек, турк, тожик ҳаммамиз бир мактабда ўқиганимиз билан миллат деган сўзга эътибор бермай, бермас эдик. Кейин билсам у ҳам мени тушунмас экан. "Ж” ни жутдинми, жединми? деб калака қилса, огзига термулиб анграйиб тураверардим. 

  ...Мен гапирсам у, у гапирса мен кулиб, имо-ишора билан кунни кечкиртириб зўрга ажрашардик. Янги дугона топганимдан роса хурсандман. Чунки қўшнилар ичида менга тенгдош киз йўк эди. Иккаламиз хам қуён йилида, жазирама августда тугилган эканмиз. У билан тез чикишиб кетганимга яна бир сабаб, Хамида ўта ишонувчан, эртакларимни жон дея тингларди. 
   Рости, футбол, дигидигига берилиб кетадиган болаларнинг диққатини тортиш жуда қийин, латта қўғирчоқларини беланчакда тебранаетган хола-холачиларни қаратиш ҳам осон эмас. Диққатни жалб қиламан деб чалган чаппагимдан ранжиган “оналар”, “Болаларимиз ухлашсин, кейин эшитамиз” деб таранг қилишади. Эртакларимга тўлиб кетган қалин дафтаримни карнай қилиб бақириб бўғилиб қоламан. Ойим қавиган тўшакчалардан тўшаб, юмшоққина жой қилиб қўйсам ҳам “болалари” билан оворая! Факатгина Хамида келиб ўтиради. Ҳеч қиси йўқ, бошлаб олай, қолган болалар ҳам бирин-кетин жойлашишни бошлашади. Фақат Ҳамиданинг онаси чақириб қолмаса бўлди.
   Тошбақатоғ саргузашти ҳам ўшандай эртакдан сўнг бошланганди. 
- Бугун зўр эртак эшитасизларми? 
   Эс-хушлари чала қолган ўйинда бўлган болалар саволим якунланмай чуғурлаб кетишди. 
- Ҳа бошла. Фақат яна картошка пиёзлар хақида бўлмасин!
- Кетмон, тешалар ҳақидагисини ҳам айтма...
   Энг охирроқда келиб ўтирган ўғил болаларнинг ичидан кинояли овоз келди:
- Муаззамнинг тўқимачилик фабрикасидан янги махсулотни кутиб олинг! 
   Луқма ташлаган Одилни бўғиб қўйгим келди. Эртак тўқиш қанчалик оғир эканлигини билганида хозиргидай бидирламасди. Наилож, эртакчиларнинг ҳам ўзига яраша душманлари бўлади. Барибир , бундай қобилиятим борлигидан бахтли эдим.
   Бошқаларга миқ этмайдиган дарахтлар, гуллар,тошлар борингки ҳамма нарсалар мен билан гаплашарди. Янаям тўғрироғи, мен улар билан тиллаша оламан.. Ҳаммаям буни уддалай олса-чи?!
   Сабзавотлар хақидаги эртагим ҳам ўзидан ўзи ёзилиб қолгани йўқ..
   Бир куни ойим билан бозорда юрсам, тўнлари қат-қат, каттакон семиз карам расталарда уюлиб турган қизил, саргиш картошкалар билан жой талашаетганини кўриб қолдим. У жуда қўпол экан. Вой, ақли йўқ! Келиб-келиб ўзидан кичкиналар билан урушадими? Жахли чиққанидан бўғилиб, оғзига келган гапни гапирарди:
- Мени карамполвон дейишади. Истаган жойимда тураман тирранчалар. Бозордаги обрўйим, тарвуз ва қовунлардан кам эмас! 
   Картошка сотаётган деҳқон хам, сал нарироқда супурги танлаётган ойим ҳам бепарво. Калондимоғ карамнинг чакаги бақувват экан, бутун бозордаги сабзавотларни ўзига қаратиб ўдағайлади:
- Агар ким картошкалар билан гаплашса, мендан кўрсин! 
   Нима қилсам бўлади? Топдим! Ойимдан ўша урушқоқни сотиб олишларини илтимос қилиб, жанжалга чек қўяман. Шундай қилдим. Тавба, картошкаларни қўя туринг карамлар ҳам менга раҳмат айтиб рақсга тушиб кетишса бўладими, Уйга келибок бозордан келтирган янгигина эртагимни коралаб кечқурун мазза қилиб карам шўрва ичдим. Шунақа, манмансираш ва жанжалнинг охири вой бўлади.
   Боягина бозорни бошига кутариб уришган сабзавотлар (узр картошкадан ҳам олишга тўғри келиб қолганди). Битта қозонда қайнашганига ўлайми? . Эртакни бошқача якунласам хам бўларди. Аммо начора, қорин оч. Шўрва роса ширин бўлган. Иккинчи косасини ҳам паққос тушириб, жанжалкаш сабзавотларни яхшилаб жазоладим. Фақат сабзи ва кўкатларни қолаверса, гўшту ёғнинг айбини топа олмадим. Андерсен бўла олармиканман?!

   Одилга қўшилиб, чувиллашиб қолган болаларни тинчлантиришнинг биттагина йўли тезроқ бошлаш.
- Қадим замонда, хов анави кўриниб турган ўзимизнинг Тошбақа тоғ ортида бир малика яшаган экан. У жудаям чиройли бўлиб, яқин атрофдаги ҳамма шаҳзодалар совчи қўйиб уйланмоқчи бўлишибди. Аммо у ҳеч кимни танламабди. Ота-онаси ҳол-жонига қўймагач, ўз шартларини маълум қилибди. 
- Мен мана шу адирлар бағрини йил давомида очилиб турадиган гулзорга айлантира оладиган йигитга турмушга чиқаман. 
-Ола!
-Шунақаси ҳам бўладими?
   Шаҳзодаларнинг ҳафсаласи пир бўлибди. Бу адирлар азалдан кирмизи тупроқли, гиёҳ унмас тепаликлар бўлса. Унган тақдирда ҳам ёз келмай қовжирайдиган, яккам - дуккам кўзтиконлардан бошқа нарса чиқмайдиган ерда йил давомида яшнаб тургувчи гулзор яратиш мумкинми? Шартдан хабар топган куевлар айниб, юртларига қайтиб кетишибди... Фақат бир йигитгина маликага қуллуқ килиб, шартига рози бўлганини билдирибди. У қўшни подшоҳликдан келган бўлиб, бу ерликларнинг тилини яхши тушунмас экан. Кексалар ҳарчанд, "овора бўлиб вақт сарфлама, бу тошларда гул битмайди", деса ҳам шахд билан ишга киришибди... Йиллар ўтибди... 
   Бир куни малика сайр қилиб юриб, ўша йигитга дуч келибди. Қараса, йигит гиёҳ унмас қирмизи тупроқни элакдан ўтказиб, аллақаёқдан олиб келган унумдор тупроққа аралаштириб ўтирганмиш. 
-Ҳой йигит, -дебди малика уни ишини кузатиб,- Сен амалга ошмайдиган иш учун куч сарф қилаётганингни биласанми? Кексаларнинг гапига қулоқ солмадингми? Мен атайин шундай оғир шарт қўйганман. Аслида турмушга чиқиш ниятим йўқ! 
   Йигит пешонасидаги терни сидириб, жавоб берибди:
- Эй, гузал қиз! Мен сенга уйланиш учун бу ишга бел боғламадим. Шу тоғнинг ортида менинг юртим бор. Подшоҳлигимизнинг ягона шаҳзодаси бўламан. Онам анча йиллардан буён оғир бетоб. Ҳакимларнинг айтишича бедаво хасталикка қизил тупроқда униб чиққан гул даво бўлар эмиш. Сенинг шартинг айни муддао бўлди.
   Малика шахзоданинг иродасига тан бериб у билан бирга тер тўкишга қарор қилибди. Улар турмуш қуришибди. Йиллар ўтиб Тошбақа тоғ ва унинг ортидаги адирларда улар орзу килган, йил давомида яшнаб тургувчи гуллар униб чиқибди... 
- Йўғ-ей!
- Ола Муаззам, ёлғон ҳам эви билан-да. Тошбақатоғнинг тупроғи фақат цемент олишга ярайди-ку! Ёки яна бошқа қизил қир борми? 
- Баҳорда ҳам гулларни зўрға топамиз. Йил бўйи очилиб турадигани эмиш...Тўқидинг, а? 
   Кетма-кет ёғилган саволлардан бир оз довдираб қолдим. Аммо ўзим ҳам ишона бошлаган эртагимни зўр якунлагим келди;
- У гуллар Тошбақатоғда эмас, унинг нариги томонидаги адирларда бўлади. Улар ҳам қизил. Ҳозир ҳам бор. 
   Эртакни ишонарли қилиб якунлабману, шу эртагим сабаб бошимизга қандай кунлар тушиши мумкинлигини ўйламаган эканман.
   Хуллас ўша оқшом, кўп тортишувлардан сўнг эртага саҳар Тошбақатоққа, янаям аниқроғи унинг ортига саёҳатга чиқиш режасини тузиб, тонг саҳар учрашиш шарти билан уй-уйимизга тарқалдик. 
   Аслида менинг режам бошқача эди. Шунчаки Тошбақатоғни жуда соғинганим учунгина шу эртагимни тўқигандим. Унинг ортида нима борлиги билан эса мутлақо қизиқмасдим. Лақма болалар қир ортига ҳам ўтишга жазм қилишларини қаёқдан билай.

   ...Тошбақатоққа чиқиб олганимизда кун анча кўтарилиб қолган эди. Унинг бошига чиқиб, ҳар доимгидек “эх-хе-хе” лаб, ховуримиз босилгач, бир оз ўйнаб орқага қайтамиз деб ўйлаган эдим. Болаларнинг шахди баланд, уларга эътироз билдира олмадим. Яна йўлимизда давом этдик. Агар уларга қўшилмасам ва сафнинг олдида бормасам, яна устимдан кулишарди. 
   ...Ана, тошбақанинг косаси хам ортда қолди. Оёқларимиз тилиниб, харсиллаб қолганимизга қарамай олға кетяпмиз. Биз деганим - етти киши. Мен, укам Музаффар, Одил, Зилола, Ҳамида...Э, колганлар билан пича кейинрок таништирай. Ўзи шунака, сал бесабрроқман. Ҳикоя килишни ёктираману, манзараларни тасвирлаш, каҳрамонларни таништиришга келганда сабрим чидамайди. Айтмоқчи бўлган гапимни қизиқроқ жойидан давом эттиргим келади. 
   Ҳар йили бағрида гулхан ёқиб картошка пиширишимизга ўрганиб қолган Тошбақатоғ хафа бўлди шекилли, ундан ўтиб олганимиздан сўнг бизни тошбақага айлантириб қўйганди. 
   Нима? Йўғ-ей қўрқманг, қиёфамиз жойида! Одаммиз! Фақат тоққа тирмашган вақтимиздаги кучимиз йўқ. Оёқларимизни чалкашиб, тезлигимиз камайган. Онасидан қочаётган тошбақачалардай иммиллаб кетиб бораяпмиз. Менку ўлиб қолай десам ҳам олдиндаман. Шундай қилмасам ҳам бўлмайдида. Аммо буларни қаёққа бошлаб кетяпман? Ўзим ҳам билмайман. Тошбақатоғ орти баланд, паст тепаликлардан иборат охири кўринмас ерлар экан. Янтоқлар ва якам –дукам дала гулларни айтмаса, эртагимдаги гулзорнинг “г”си ҳам йўқ! Қачон орқага қайтамиз? Эх, бугун хивич ейдиган куним эканда. Хозир тол новдалари роса калтакбоп бўлган палла. Шув-шув этиб жонингни олади. Музаффар ва мени уйда йўқлигимни билган ойим хавотир олиб эшикма-эшик югуриб қолгандир? Агар буларнинг ҳаммасига мен сабабчи эканимни билсалар...Майли ёмон нарсаларни ўйламай. Тезроқ юриш керак! Аммо сафимиз сигиримиз Қорахонинг арқонидек эшилиб борарди. Орқамда Хамида, кейин Зилола, Музаффар, Отабек, Баҳром. . Ҳаммадан орта қолиб , судралиб келаетган сариқмашак бола эса Одил, бир-бир луқма ташлаб қўяди:
- Шаҳзода ва малика бунёд этган гулзорга етиб қолдикми, эртакчи хоним?
   Доим шунақа, тили икки қарич. Аммо ҳаммадан охирида қолишига ўлайми? Ҳаммадан катта сафархалта тайёрлайдию, кейин юкни кўтаролмай орқада қолади. Тўғрида олма, қурт, писта-бодом, тўртта кулча, яримта кило канфет, қовурилган гўшту , сариёққача олганидан кейин шуда. Кўпчиликка илинар, шунинг учун кўпроқ кўтарар деб ёнини олманг. Бошқалар билан атиги учдан бирини бўлишади. Қолган-қутган егуликларини беркитиб еб, ундан ҳам ортганини уйига қайтариб олиб кетади. Очофат! 
   Ана, ҳозиргина сайраб турган тили ғўлдираб, қўл силкиб, “Тўхтанглар. Дам олайлик” деб ялина бошлади. 
   “Баттар бўл!” дер эдиму, гандираклаётганини кўриб раҳмим келди. Пака қурдик. Қолган болалар хам зўрга келишаетган экан чоғи, тап-тап ўтириб, сўнг ерга узала туша қолишди. 
   Мана саргузаштталаб полвонларнинг ҳоли! Яна булар билан сафарга чиқиб ўтирибмана. Қоринлар ҳам роса очганди. Йўлхалталар очилиб, олачалпок дастурхонларга хужумни бошлаб юбордик. Ким пиширилган тухум, ким қуймок, ким нон, ким қоқи, ким конфет олиб ўртага қўйди. Биз ҳам Музаффар билан кеча ойимни ухлашини пойлаб, музлаткичдаги калбасалардан олволган эдик. Фақат нон эсимиздан чиқибди. Яхши бошқа болаларда сероб экан. Паракланган калбасалар тандирда ёпилган нон билан зўр ўтади. Дадамни калбаса цехи бор. Калбаса текин бўлганидан кейин мана шунақа сафарларга олиб чиқмасак уят бўлар. 
   Бўғзи очилмаган халтасига ёнбошлаб, нонсиз калбаса кавшаётган Одилга болалар бир ўқрайишган эди, тиқилиб қолаёзди. Бурнини торта-торта йўлга олганларини бирма-бир чиқара бошлади. Ана, товаси билан солинган пирог, майда-чуйдалар...Вой, жомчада палов ҳам олволибдими? Қандай уддалади экан? Онаси сезмасая? Бўлиши мумкин эмас. Мана, кеча мен ҳам сафарга кўпроқ нарса ғамлаб олмоқчи эдим.Уддалай олмадим. Томдаги ёнғоқдан тушириб, яшириб қўйгандик. Бир вақт қарасам, ойимнинг қўлидаги тугун таниш. “Тавба, ташқаридаги сўрида кимдир бир бўғча ёнғоқ тугиб қўйибдия” деб дадамга гапириб қолса бўладими. Сал бўлмаса қўлга тушай дедик. Ахмоқ Музаффар, катта беҳининг ортга яшир десам, қоронғуда қўрқиб сўрида қолдирган эканда.
   Қизиқ, ота-онамиз бизни қидиришаётгандир? Чиққанимизда кун ёришмаган эди, хозир пешиндан ўтиб қолдиёв... 
   Яна йўлга тушдик. Тўқима малика-ю шаҳзода, уларнинг қизил тупроқдаги ўзи йўқ гулзоридан фикрларимдан бироз чалғиш учун хаёлларимга ғарқ бўлганман. 
   Бугун якшанба... Уф, ёзги таътил тезроқ бошлансаю! Мактабдаги дарслар тугаб, ким оромгохга ,ким узоқдаги қариндошиникига йўл олган палла, биз қишлоқнинг ўзида дам олиб қўяверамиз. Тўғрида, ёзни мазза қилиб ўтқизгани ҳамма имкониятларимиз бор. Ўзимиздай эркаланиб, талтайиб окадиган Исфайрамсойда чўмилсак, сарҳадсиз боғ-роғларнинг мевасидан еб, соясида яйраб ўйнаймиз. Бегона жойларга боришга бало борми? Мана, бир қадам узоқлашмай, ўзимизнинг жойларнинг қадри билинди. Фақат бир нарсаси ёмон. Ёзни ота-оналаримиз ҳам орзикиб кутишарди. “Қачон китоб-дафтарлар токчага чиқиб, дастёрларнинг қўли бўшаб қоларкин, қишдан чиқиб қовургалари саналиб қолган сигир-бузоқни далага хайдаб Камол тоғанинг отасидан колган ерларидан ут ўриб келишаркин” деб пойлаб туришадию. Нима ҳам деймиз? Кинода айтилганидек, “Биз кичкина одаммиз. Пичан ҳам ўрамиз, мол ҳам соғаверамиз (Шу ерда сал оширвордим.) Хуллас қишлақи болалармиз... 
   Бурнини тортиб хиққиллай бошлаган Баҳромга бир ўқрайгандим, йиғлаб юборди. Доим шунақа, қиз боладай йиғлайверади. Ўзи умуман ўғил болаларнинг ҳоли шу! Уларнинг шерлиги, дарвозалари олдидадан Омон тоғанинг дўкончасигача! Қизларнинг уйинига аралашиб, копток, арғимчокларни олиб қочишгагина етади кучлари. Мана хозир хам, сафарга чиққан беш қиз миқ этганимиз йўк. Аввал Одил, кейин Баҳром минғирлаб асабга тегишди. Хамиданинг укаси Отабек хам гапиргандир эшитмаган бўлсам керак. Ажаб бўпти! Аслида, эртагим бир баҳона холос. Улар анчадан буён қизил қирнинг нариги томонини ҳам кўришни орзу қилишарди. 
   Кун ҳам оға бошлади. Уйдагилар мелиса чақиришгандир? . Ана Зилола, Дилшода хам йиғлашни бошлади. Адашиб қолганимиз аниқ. Қоронғи тушмай бирор бошпана топиш керак. Чўпон-мўпонларнинг чайласи хам кўринмайдия. Тошбақанинг орқасида ҳам косалари кўп экан. Нечта тепаликдан ўтганимизни санаб чарчадик.
   Ишқилиб бўриларга ем бўлмасайдик. Ем бўлсага?!. Ичларида мен ва Хамида ўн икки ёшдамиз, қолганлар тўққиз,саккиз етти... Сафар халталар бўшаб, қоринлар очиб кетган . Яна ўзимни чалғитишга уринаман. Эх, қани энди хозир кишлоғда бўлиб қолсак. 
   Қишлогимизнинг номи Кўприк боши. Сизга айтган бетон кўприкнинг бошида яшаганимиз учун шундай аташган шекилли. Шу кўприкдан ўтиб шахар мактабига қатнаймиз. Хар куни нимадандир бахслашиб, тортишиб, бизни автобусига миндирмаган сарик автобусчи шопирларни калака килиб дарсдан қайтамиз.
   Умуман олганда, уч-тўрт бекат чиқадиган масофа эрталаб узоқ, дарсдан сунг жуда қисқа туюларди. Қани энди, попкани елкага илиб кетаверсак-кетаверсак... Қорнимиз ҳам очмайди. Куз йўл четига экилган олма, беҳилар билан сийласа, йилнинг бошқа пайтида катта танафусда ейилмай қолган нон, қанд-қурслар жонимизга оро киради. Бу билан, шаҳардан қайтгилари келмай атай йўлчўзди қилишар эканда деб уйламанг. Қишлоғимизни бошкача яхши кўрамиз. Айниқса қишда. Ўлмас холанинг уйи олдидаги дўнгга сув қуйиб яхмалак қилсак борми? Катталар ҳам югуриб чиқишади. Бутун қишлоққа иккита чана етади. Қани хозир қиш бўлганида! Болалар икки дунёда яхмалакни ташлаб кетишмасди. Адашиб ҳам қолмасмидик... 
   Қанча юрганимизни билмайман болаларнинг баъри баралла йиғлашга тушганди. Фақат мен мум тишлаганман. Аммо бу ботирлигим қоронғулик қуюқлашгунга қадар давом этти холос. Наҳотки шу тоғ-тош ичида ўлиб кетсак. Ҳали замон бўрилар ҳам пайдо бўлиб қолишса керак...    Олов ёқиш учун гугуртимиз ҳам йўқ. Қўрқиб кетганимиздан "Ёрдам! Ким бор? Ёрдам беринглар! Адашиб қолдик", - дея бақира бошладик. Қани, бизни биров эшитса. Қайси томонга боришни ҳам билмаймиз... Кечаси адирлар жуда ваҳимали бўлар экан. Тобора қорайиб боретган осмон ва оёғимиз остидаги ер бизни ютадиганга ўхшайди-я. Ҳамида ҳам ҳўнграганча зардалаб, тескари бурилди. 
   Унинг аразини ҳам тушунаман. Резинка калишининг таги тушиб, оёғи шилиниб кетибди. Ўзимникини ечиб бергандим, олмади. Энди нима бўлади? Тусмоллаб кетаверсак қаердан чиқамиз? Балки омон колган диназаврларга ем бўлармиз. Уф, тахминларим хам ваҳимали-а! Обдон ҳолдан тойиб, юра олмайдиган даражага етгач, бир-биримизга суяниб совуқдан қалтираб мудрай бошладик...
   Қанча ўтганини билмайман, аввал итларнинг ҳургани сўнг машъала кўтарган одамларнинг овозини эшитиб, болаларни уйғота бошладим. Уларнинг кўзлари ярқ этиб очилиб, ўрниларидан сакраб туришгани ва биз томонга шошиб келаётганларга қўл силкиб йиғлаганлари ёдимда. Ўзим бўлса бошим айланиб, ҳушдан кетдим...
   Кўзимни очганимда нотаниш жойда ётардим. Атрофга жовдирадим. Ҳушимга келганимдан хурсанд бўлган Ҳамида бизни отларга ўнгариб катта иссиққина кигиз ўтовга олиб келишганини айтиб берди. Косада иссиққина сут тутиб, қаршимда жилмайиб турган истаралигина кампирни қучоқлаб йиглагим келди. Бир оздан сўнг унинг чоли кўринди. У кампирига мутлақо ўхшамас экан. Қисиқ кўз, оппоқ соқолли мўйсафид экан. Қаеридир Ҳамиданинг укаси Отабекка жуда ўхшаб кетади. У қорниларини тўйғизаётган ҳамроҳларимдан нималарнидир сўрагач, ташқарига чиқиб кетишди. 
   Кампир бу томонларда нима қилиб юрганимизни тушунди чоғи, оғиз очмади. Ҳамида буларнинг барига эртагим сабабчи эканини айтмоқчи бўлдию, қовоғимга бир қараб, дамини ютди.. 
   Бу одамларни Худо етказди дейман ичимда. Ҳозир мени уришишса ҳам майли. Ҳарқалай йиртқичларга ем бўлмадик-ку! Бирпасдан сўнг қайтиб кирган чол, Ҳамидага унинг тилида гапириб, бирорта телефон рақамни ёзиб беришни сўради. Бизникида бор эди. Ўртоғим қоғозчага уйимиздаги телефон ракамини ёзиб бергач, чол яна ташқарига чиқиб кетди... Уф, оёғим узилиб тушай деяпти-я. Демак, анчагина юриб қўйибмиз.. Кейин уйку кучли келиб, қўй пўстинлар устида тарашадек қотиб қолибмиз. 
   Қанча ухлаганимизни билмайман кимдир туртаетганидан уйғониб кетдим. Қарасам, мезбон чол хаммамизни бир-бир уйғотиб ташқарига бошлаяпти. Ҳеч нарсага тушунмай ортидан эргашдик. Аллақачон тонг ёришган экан. 
   Ўтовдан чиқиб атрофга назар ташлаб кўзимизга ишонмадик. Қизил тупроқли ер сатҳида анвойи гуллар очилиб ётарди. 
   Болаларнинг ҳам оғзи очилиб қолган. Чол уларнинг бирини узиб қўлимга тутқазар экан жилмайди. 
- Эртеклер алдавайт. Бу гулдарни коромон деб жўлга чиққагдар умутсиз қайтвайт. 
   Қулоқларимга ишонмадим! Унинг гапларини юз фоиз тушунмаган бўлсам-да, хурсанд эдим. Наҳотки болалардан бирортаси эртагимни айтиб берган бўлса. 
   Чол бўлса хайратланиб турганимни бошқача тушуниб, ўзбек тилида давом этди:
- Онасининг дардига даво топиш мақсадида қизил тупроқда гулзор яратган шаҳзода мен бўламан, қизим. Тўғри анча қариб қолдик. Аммо кампиримга яхшироқ қарасанг, эртагингдаги маликани таниб оласан. У менга ўзбекчани, мен қирғизчани ўргатиб қўйдим. Мана, бир-биримизни яримта гапдан тушуниб, ардоқлаб яшаб юрибмиз.
   Ҳамида хайратланиб чолга қаради ва кўзидан бир томчи ёш думалаб мени қучоқлаб олди:
- Эртекдеринг Суппер! Сен чўнг эртекчисин...
- Эх,- дейман чўккалаганча гулларни ҳидлаб, - Ойша опа барибир ишонмайдилар. 
- Биз ишонтирамиз, - деди, Одил ҳовлиқиб, - Қани ишонмай кўрсинлар-чи! 
   Болаларнинг ҳаммаси гулдаста ясашга тушиб кетишганди. Биламан, дадаларни жаҳлидан тушириш, шу гулни деб кетиб колганимизни айтиш учун шундай қилишяпти. 
   Ўша куни кексайиб қолган шаҳзода ва малика билан зўрға хайрлашганимиз, уларнинг ўғли ҳайдаган мошинада қишлоққа қайтганимиз ҳамон ёдимда. Жаҳли чиққан дадалар, хиққиллаб бағридан бўшатмай турган оналаримиз қучоғида, қўлимиздаги гулдасталарга қараб жилмайиб турардик. 
   Йиллар ўтди. Болаларни оғзимга қаратиб яна кўп эртаклар тўқидим. Яна қанча саргузаштларни бошимиздан кечирмадик... 
   Аммо ўша воқеадан сўнг, кўп нарса ўзгарганди. Ўзимга ишончим ортиб, Ҳамида айтганидек “Чўнг эртакчи” бўлишга қарор қилгандим. 
   Ҳа, болалик чегара, миллат танламайди деганлари рост экан. Ўшанда эртагим сабаб, қизил қирлар ортидаги Қирғизистон яйловларига бориб келганимизни икки давлат ўртасига темир тўсиқлар қўйилганидагина билган эканман. Тавба, Яратган эгам чегара белгиламай инъом этган ерларни одамзод ўзича бўлиб ташлайверса. Темир тўсиқлар нафақат давлатларни, балки бир-биридан меҳрини дариғ тутмаган инсонларни хам ажратиб ташлашига раҳбарларнинг ақли етмаса. 
   Тошбақатоғнинг ортига энди ўта олмаймиз. Агар иложи бўлганида, болаларимни эргаштириб, яна бир марта саёҳатга чиқиб келган бўлардим. Ўша анвойи гулларни, халоскорларимиз яшаган кигиз ўтовни зиёрат қилиб келишни жуда хоҳлардим. 
   Ҳозир Ҳамиданинг бешта боласи бор. Телевизорда кўриниб қолсам, ҳаммага хабар бериб фахрланиб ўтиради. Китобим нашрга тайёрланаётгани эшитган заҳоти қўнғироқ қилади. Эртакларим жамланмаси чиқаётганини билса, икки карра қувониб, энг биринчисини дастхатим билан олмаса хафа бўлишини айтади. 
   Болалигимизни эслайман. 
  ...Ўшанда, бизни қутқариб қолган чол ва кампир эҳтимол Аллох юборган фаришталар, эхтимол оддий инсонлар бўлгандир... Малика ва шаҳзода хақида ҳам, шунчаки хазиллашишгандир, балки болаларнинг бирортаси ҳиққиллаб гапириб бергани ҳам ҳақиқатга яқинроқдир. 
   Бироқ, буларнинг бари мўъжиза! Болалик тақдим этган ажойиб мўъжизалардан бири эди. 


Муаззам ИБРОҲИМОВА










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот