КЕЧА АЙТИЛМАГАН ГАПЛАР...


 

Бир ўқитувчимиз бўларди.
Ўз фанининг фидоийси, зўр билим берар, фақат ягона айби -асабига теккан ўқувчисининг шахсиятига тегиб, синфдаги ўттиз бешта боланинг ичида ер билан битта қиларди.
Аълочи дугонам ҳам бор эди. Ўртахол оилада етти фарзанднинг бешинчиси, орзулари кўп, кўзлари чақнаб турарди. « Ўртоғ хали зўр ишлар қиламиза! Сиз профессор, мен тарихчи олима бўламан! 
Хақиқатдан, ёш бўлсак ҳам ниятларимиз зўр эди. У зерикарли Ўзбекистон тарихи дарсликларини қизиқарлироқ шаклда ёзмоқчи, мен эса икки синфдошимнинг дадасини бевақт нобуд қилган бедаво касалликка қарши дори ихтиро қилмоқчи эдим...
Бир куни қандайдир тадбирга кела олмаган дугонам узрли сабабни тушунтиришга ҳар қанча уринса ҳам ўқтувимизнинг хақоратидан бебаҳра қолмади. 
« Овозингни ўчир! Бор йўғи фалончи алкашнинг қизисан, ким бўлардинг! » 
Ўша куни еру-осмон чирпирак бўлмадию, ундан сўнг бадтари бўлди. Синфдошларимиз олдида янграган хақорат ўқтувчимиз таъбирида нишонга урилган танбеҳ, дугонамга эса келажагини ўзгартириб юборган ҲУКМ бўлди. 
У мутлақо бошқа инсонга айланганди. 
Дадасининг ичишини ҳеч кимга билдирмай юрадиган Муқаддас, ҳамма билган хақиқатдан сўнг умуман орзу қилмай қўйди. Мен атайин тарих дарсликларига ишора қилиб, унга эзгу ниятларимизни бот-бот эслатар эдим. У-чи?
Бефарқлик билан китобни варақлаб, зомбидай тикилиб тураверарди... 
Йиллар ўтди. Муқаддас олийгоҳни тамомлаб, тарих ўқтувчиси бўлди. Коллежда дарс беради. Йилига бешта ўқувчига репетиторлик қилиб институт, Универститетларга киришга ёрдам беради. «Рўзғорни ками тўлиб қолар, фақат ойликка қараб қолмайлик» деб сунъий кўл қаздириб, балиқчилик билан шуғуллана бошлашди. Хуллас, камбағал эмас. Нолимайди, қувончу, ташвишлар билан ўтаётган ҳаётидан мамнун, тақдиридан рози. Балки ўша ўқтувчимизни ҳам аллақачон кечириб юборгандир.
Лекин, мен устозимизни кечира олмадим.
Чунки хозирги Муқаддаснинг сийратида қалби олов қизнинг шахдини топа олмайман. Балки ўшанда синиб қолмаганида, хозир тарих дарсларимиз мутлақо бошқача, у орзу қилгандай қизиқарлироқ бўлармиди! Шубҳасиз, у ёзган дарсликлардан сабоқ олган болаларимиз қалбида она тупроғимизга нисбатан самимийроқ муҳаббат шаклланган бўлар эди.
Агар ўша муаллимамиз ҳар бир болани шахс сифатида кўриб, беғубор руҳиятига зарар етказмаганида бошқа синфдошларим ҳам оддийгина Қувасойликлар бўлиб яшамай, турли жабхаларда ниманидир қойиллатиб қўйган ЎЗБЕКИСТОНЛИКЛАР бўлиб танилишар эди. Балки мен ҳам аллақачон Саратон давосини топиб, минглаб инсонларни ҳаётини асраб қолган бўлар эдим....
Азиз устозлар!
Меҳридарё мураббийлар!
Шарафли касбингиз олдида таъзимдаман!
Фақат, байрамингиздан сўнг ёзган хотираларим, аччиқ хақиқатдан хафа бўлмадингиз деган умиддаман. 
Шарафли касбингиз тақазо этадиган энг гўзал хислат бу- беғубор нигоҳлар орқали боланинг ички дунёси- қалбига назар ташлай билишдир. 
Қўлингизда тарбия олаётган қоракўзларнинг ҳар бири алоҳида дунё! Уларнинг беғубор руҳиятига озор берманг! Шапалоқ ва хақоратдан кўра ширин сўз қудратлироқ эмасми?
Меҳр билан, синчиклаб қаранг! Нигоҳлари чақнаб турган ўқувчиларнингизнинг қалбидаги шахдни кўра оляпсизми? Балки ўқувчиларингиздан биттаси Муқаддас, яна бирови эса Муаззамдир...

 

Муаззам Иброҳимова