ҚАЙТИШ


Турмуш чорраҳаларида

 

   Толибжон вагондан тушиб келганида қор учқунлаб ёғишни бошлаганди. У бир-иккита кийимидан бўлак нарсаси бўлмаган енгилгина сумкасини елкасига осганча йўл ўртасида туриб қолди. Атрофидаги барча одамлар у ёқдан бу ёққа шошганча ўтишар, қаерга боришини билолмай маъюсгина термулиб турган Толибжонни беихтиёр туртиб юборишарди.

   Толибжоннинг кўзи тутун чиқиб турган ошхонага тушди. Қорни жуда очганлигини, у ер анчагина иссиқ бўлса, бироз исиниб олишини, сўнг хаёлини бир ерга жамлаб олишини ўйлаб, ошхона томон шошилди.

– Илтимос, уч дона сомса беринг, чой ҳам, –деди Толибжон чўнтагини кавларкан.

– Қанақасидан, картошкалими ёки гўштли?

– Картошкали берақолинг.

  Толибжон дераза тагидаги жойлардан бирини эгаллаб ўтирди. Иштаҳа билан сомса еяркан, чойни совутмай иссиқ-иссиқ хўплай бошлади. Қорни тўйгач, бироз кайфияти кўтарилгандай бўлди. Деразадан одамларни томоша қила бошлади. “Бугун байрам, ҳадемай янги йил кириб келади. Мен каби узоқ юртдан қайтиб келаётган одамлар йўловчи машиналарни тўхтатиш билан овора. Тезроқ уйларига етиб олиш, оиласи билан байрамни кутиб олиш ниятида шошилмоқдалар. Бу одамларнинг ҳаммаси мен каби мусофирчиликнинг қаттиқ нонини татиб кўришган, шундай бўлсада, юзларида қувонч, бахтиёрлик. Назаримда бугун менданда нотавон, менданда омадсиз ҳамда бахтсиз одам бўлмаса керак...”.

  Бундан ўн йиллар аввал Толибжоннинг ҳам ширингина оиласи бор эди. Умр йўлдоши Наргиза кетма-кет икки нафар фарзандни дунёга келтираётиб, ҳар бирида операция бўлганди. Шунинг учунми бироз касалванд бўлиб қолганди. Бошида қайнонаси уларникига келиб турди. Болалар каттароқ бўлгунича Наргизага қарашиб, анча юмушларни қўлига олди. Қайнонаси ҳар қанча ёрдам бераётган бўлсада, уйларида яшаётгани Толибжонга малол кела бошлади. Дастурхон устида қайнонасига жаҳл қилиб, Наргизага дўқ уравергач, “Майли энди мен ўз уйимга борақолай, болаларингиз ўзингизга сийлов” деганча қайтиб кетди. Қайнонасининг қанчалар керакли одам бўлганини Толибжон кейин англай бошлади. Бир куни Наргиза Толибжоннинг ишхонасига қўнғироқ қилиб:

– Дадаси, бугун вақтли келаоласизми? –деди зорланиб.

– Нега? Нима ишинг бор? –сўради Толибжон  хотинининг бемаврид қўнғироқ қилганига ғаши келиб.

– Неча кундирки белимдаги оғриқ азоб беряпти. Маҳалламиздаги ҳамширага укол қилдирмоқчи эдим. Йўғимда болаларга қараб турардингиз.

– Уф... шу арзимаган нарсага ҳам қўнғироқ қилишинг шартмиди?! –ўшқириб берди Толибжон. –Устларидан қулфлаб кетавер, болаларингни бўри ейдими?

  Шундай деганча гўшакни жаҳл билан қўйиб қўйди. Орадан бир ҳафталар ўтгач Толибжон ишдан уйга келаётиб йўлаклари олдида турган “Тез ёрдам”га кўзи тушди. Уйга кириб борганида шифокорнинг хотинига келганлигини кўриб қалбида ачиниш эмас, балки ғазаб учқунлади.

– Тинчликми доктор? Хотинимга нима бўлибди? –сўради совуқ оҳангда.

– Буйрагида оғриқ бор, шамоллаган бўлса керак. Истасанглар касалхонага олиб бораман.

– Йўқ-йўқ, –шоша-пиша гапирди Наргиза белини чангаллаганча. –Касалхонага бормайман, ёш болаларим бор, ташлаб кетолмайман.

– Бўлмаса, –шифокор Толибжонга қаради, –рад этганлигингиз ҳақида тилхат ёзиб берасиз. Эртага эрталаб албатта оилавий шифокорингизни чақиртирасиз.

  “Тез ёрдам” кетгач Толибжон ғазабини хотинига соча бошлади.

– Қачон қарама касалсан! Анув куни укол оламан деяётгандинг-ку, нима тузалмадингми?

– Вой дадаси, укол олмоқчи эдим, лекин болаларни ташлаб кетолмадим. Мана, энди зўрайиб кетди, –инграганча баъзўр гапирди Наргиза. –Нима қилай, атай қилаётганим йўқ-ку, жоним оғриб кетяпти.

– Жоним оғрияпти эмиш! Бошқа аёллар ҳам туғяпти, лекин уларнинг жони қирқта, юзта! Ҳали ҳеч бир оғайнимнинг аёлим касал бўлиб қолди, касалхонада ётибди деганини эшитмаганман. Битта сен менинг бошимга бало бўлиб келган экансан.

  Эрининг бундай пичинг гаплари Наргизага жуда оғир ботар, гап талашишга эса мажоли йўқ эди.

– Бечора онам менга ҳам, болаларга ҳам қараётганди. Бемалол ишга бориб, тинчгина ишлаб келаётгандингиз. Онанг ундай, онанг бундай деб чиқиштирмадингиз. Яна нима қил дейсиз?

  Наргиза инграганча ўринга чўзилди, Оғриқ азобига чидолмай букчайиб олди.

– Йўқ, бунақада бўлмайди. Бугуноқ шифохонага ётасан, яхшилаб даволанасан. Токи ҳамманинг хотинига ўхшаб чопиб юрадиган бўлмагунингча шифохонадан чиқмайсан!

  Толибжон жаҳл билан телефонга ёпишди. Алламаҳалда етиб келган “Тез ёрдам” ҳеч иккиланмай Наргизани касалхонага олиб кетди. Толибжон дарҳол қайнонасиникига қўнғироқ қилиб вазиятни тушунтирди. Қизининг бетоб бўлиб қолганини эшитган қайнона барча гиналарни, аразларни унутиб эртасигаёқ етиб келди. Қайнонаси келганидан бери Толибжон бемалол ишга кетар, кечқурун қайнонаси тайёрлаб қўйган овқатни олиб Наргизани кўриб келар, касалхонадан чиқиб уйига эмас, балки ўзи суйган кафега йўл оларди. Бора-бора Толибжон ичкиликка ружу қўйди. Кечаси уйга маст холда келиб, эрталаб ишга кечикиб боравергач, яхшигина ишидан ҳам айрилди. Ишсиз, пулсиз қолган Толибжон буткул қайнонасига қарам бўлиб қолди. Шунда ҳам қайнонаси ундан ширин каломини аямас, майли, бир кун яхши бўлиб кетишар деб фақат худодан тиланиб ўтираверди.

  Толибжон танишларидан бирининг Россияда ишлаб, анча даромад билан қайтиб келганлиги ҳақида хабар топдию, унинг ёнига ёрдам сўраб борди.

– Мен яна қайтиб кетаман, –деди таниши. –Агар истасанг сени ўзим билан олиб кетаман. Мен ишлаётган қурилишга сен каби бақувват йигитлар керак бўлади. Фақат битта шарти бор, ичишни ташлай оласанми?

– Э оғайни, –қувониб кетди Толибжон, –мен аслида ароқхўр эмасман. Фақат оилавий шароитим мени ичишга мажбур қилганди. Агар ишлаб, яхши пул топадиган бўлсам ароқни оғзимга олмаганим бўлсин.

  Толибжон оиласини қайнонасига топшириб ҳорижга кетиш тараддудига тушди.

– Дадаси, ҳаракат қилсангиз шу ерда ҳам иш кўп-ку, –ялинди Наргиза. –Мен ҳам анча тузалиб қолдим. Ҳадемай болаларни боғчага берсам, бирон ишга кирарман.

  Толибжон Наргизага ёвқараш қилди. Ичида: “Мен пул топишдан кўра сендан қочиб кетяпман аҳмоқ хотин. У ерларда ҳам ишлайман, ҳам одамлардек ҳаёт кечираман” дедию, сир бой бермай иложи борича юмшоқ оҳангда гапирди.

– Хавотир олма, ҳамма яхши бўлиб келаётганмиш. Мен ҳам анча пул билан қайтаман. Болалар ёшлигида пул йиғиб қўйишим керак, –деди.

  Толибжон Россияга боргач, қурилишга ишга жойлашди. Таниши айтганича бор экан, қурилишга анча бақувват эркаклар керак экан. Бироқ, Толибжоннинг жуссаси келбатли бўлгани билан оғир юмуш бажариб ўрганмаган эмасми, анча қийналди. Айниқса, у ерларнинг совуқ ҳавоси туфайли қаттиқ шамоллаб қолди. Кўп иш қолдиргани учун арзимаган ҳақ тўлашди. Толибжон бошқа енгилроқ иш излаб юрган вақтида ўзидан икки-уч ёш каттароқ бўлган Санобар исмли жувон билан танишиб қолди.

– Мен анча йиллардан бери шу ердаман, тижорат билан шуғулланаман, –деди Санобар. – Истасангиз менга ёрдам бериб юринг, бошпана, иссиқ овқат билан таъминлайман.

  Мусофир юртда нима қиларини, қаерга бош уришни билмай юрган Толибжон учун бу таклиф мойдек ёқиб тушди. У Санобарнинг ижара уйида яшай бошлади. Санобар билан эрталаб бозорга боради, иккиси молларни сотиб, кечқурун яна бирга қайтишади. Санобар Толибжонга мўмайгина маошдан ташқари қувноқ ҳаёт ҳам тортиқ қила бошлади. Улар тез-тез турли байрамлар баҳона юртдошлар билан учрашиб, давралар уюштириб туришарди. Толибжон ҳозирги ҳаёти билан аввалги турмушини солиштираркан, “Мана, одамга ўхшаб яшаса ҳам бўлар экан-ку” дерди ўзига ўзи.

– Юринг, бугун янги йил баҳона кафега бориб мазза қилиб дам оламиз, –деди Санобар биринчи янги йил байрами арафасида, –ҳаражатлар мендан.

– Йўқ, бу сафар мен сизни меҳмон қиламан. –Толибжоннинг эркаклик ғурури тутиб кетди. –Бугун сизга бир гапни айтиш ниятидаман.  

  Улар мўъжазгина, камҳаражат талаб қиладиган, лекин мусиқа овози қулоқни қоматга келтирадиган кафега кириб ўтиришди. Толибжон ноз-неъматлардан ташқари ароқ ҳам буюртирди. Анча вақт чақчақлашиб ўтиришгач, Толибжон Санобарнинг қўлини кафтига олди.

– Санобар, ростини айтсам, сизга жуда ўрганиб қолдим. Илтимос, менга турмушга чиқинг.

  Санобар калласини орқага ташлаб, сочларини силкитганча хандон отиб кулди.

– Нима деяпсиз Толибжон, ахир оилангиз, фарзандларингиз бор-ку!

– Нима бўпти, улар олисда, биз эса биргамиз.

– Ие, бундан чиқди, бу ерда яшаганингизга қадар оилангиз мен бўламан, уйга қайтгач эса уларми?

– Йўқ, ундаймас, мен хотиним билан буткул ажрашаман. Аслида бу ерларга  хотинимдан, унинг инжиқликларидан  қочиб келгандим.

– Вой-бўй, нима, хотинингиз шунчалар ёмонмидики, қочиб келасиз. Фарзандларингизни қандай кўзингиз қияди?

– Санобар, мен ҳам одамман, эркак кишиман. Хотиним бетоб, мен бир умр бетоб хотин билан яшашга мажбур эмасман-ку. Фарзандларим ўртада катта бўлиб кетаверишади.

– Майли, ўйлаб кўраман.

  Санобар кўп ўйлаб ўтирмади. Шу куни улар ўзларича никоҳ ўқитишиб, турмуш қуришди. Бир неча йил иноқ яшашди, сўнг Санобарнинг Толибжонга нисбатан муносабатида совуқлик, муомаласида қўрслик пайдо бўла бошлади. Савдода кўпроқ Толибжон қимирламай ўтирар, Санобар гоҳ гўзаллик салонига кетяпман, гоҳ тикувчида ишим бор дея, турли баҳоналар билан савдони ташлаб, анча вақт йўқ бўлиб кетадиган одат чиқарди. Кечқурун уйга борганларида эса савдодан тушган пулларнинг барчасини Санобар ўз қўлига олар, рўзғорга ажратиб, қолганини Толибжон билмайдиган жойга яшириб қўярди. Бу хол Толибжонга ёқмас, ўзини хотинининг олдида мутедек, тили қисиқдек ҳис эта бошлади. Бир куни эса...

  Яна янги йил байрами яқинлашиб кела бошлади. Бозорда савдо қизғин. Толибжон оёғидан муз ўтиб кетсада, харидорлар кўплигидан бозордан кетолмас, қўли-қўлига тегмай савдо қиларди. Шундай дамда Санобар аллақайси дугонасиникига кетгани унга алам қилди. Қоронғу тушиб, бозорда ҳеч ким қолмадию, Толибжон хамон Санобарнинг келишини пойлаб ўтираверди. Ахийри нарсаларни йиғиштириб, уйга жўнади. Соат иккига яқин Санобар кириб келди. Унинг оғзидан ароқнинг қўланса хиди анқиб турарди.

– Мастмисан? –Толибжоннинг қўллари муштланди. –Қаерда эдинг, ким билан бунчалик ичдинг?

– Нима, мени тергаяпсизми? Ҳа ичдим, ким билан эканлигим билан ишингиз бўлмасин.

– Нега ишим бўлмас экан? Мен эртадан кечгача итдай бозорда оёғимдан муз ўтиб савдо қилсаму, сен бўлсанг...

– Ҳаҳ, тавба, итлигингизни энди билдингизми, а? Агар мен бўлмаганимда итдан хор бўлиб кўчада қолиб кетардингиз. Ўшанда мени учратмаганингизда холингиз нима кечарди, ҳеч ўйлаб кўрганмисиз ўзи? Ҳаттоки уйга кетишингиз учун поездга ҳам пулингиз йўқ эди-ку, хўжайин!

– Миннат қилма. Менга сарфлаган пулларингни саккиз йил давомида юз, минг баравар қилиб ишлаб бердим.

–Ўв, менга қара, –Санобар борган жойидан аламда келгани учун заҳрини Толибжонга соча бошлади. –Сен менга ҳеч ким эмассан, билдингми. Сендан зўрларини кўрганман. Менинг тижоратим бор экан, ортимда юрибсан. Сенинг менга берадиган ўзи ниманг бор? Ўз оиласига, туғдириб қўйган фарзандларига эл бўлмаган одам келажакда менга эл бўлармиди!

– Нима? – Толибжон ортига тисарилди. –Бу гапларинг билан нима демоқчисан?

– Тўрт тарафинг қибла демоқчиман. Мен бошқа одамни севиб қолдим. Сен билан ажрашаман. Ҳозироқ уйимни бўшатиб қўй!

  Санобар шундай деганча ётоққа кириб кетдию ўзини диванга ташлаб уйқуга кетди.

  Толибжон эрталабгача бошини чангаллаб ўтирди. “Эҳ, нималар қилиб қўйдим, –деган пушаймон ич этини тирнай бошлади. –Бир бурда нонга, иссиқ бошпанага зор бўлиб юрганимда мана шуни учратганимгами, кўзимга оловдай кўриниб кетган экан. Санобарнинг тилёғмалиги, ёлғондакам гапирган ширин сўзлари гадоси бўлиб ўтирибман-а. Ҳа, мен гадойман, аллақайси кўча аёлининг пулларига, бошпанасига, берган садақасига учган гадойман! Ҳаммасига ўзим айбдорман, ўзим! Эҳ Наргиза, Наргиза... Кечир мени Наргиза. Сен кўз очиб кўрган жуфти халолим, садоқатли умр йўлдошим эканлигингни мана бугун, бошим деворга қаттиқ урилганида юрагим билан ҳис қиляпман. Анча вақтлардан бери кўнглим ғаш бўлиб юргандиму, ғашлигим сабабини Санобар билан ўртамизда туғилмаётган фарзандга, ёлғизликка йўяётган эканман. Нега илгарироқ кўзим очилмади, оила муқаддаслиги, фарзандлар ҳаёт қувончи, мазмуни эканлигини нега илгарироқ ҳис этолмадим, нега? Нафс кўзларимни кўр, қулоқларимни кар қилиб қўйдими шунчалар? Биламан, Санобар анча вақтлардан бери менга хиёнат қилиб келади, ақлим буни сезсада, ўзимни ўзим алдаб келаётгандим. Нега, ўзимни ўзим алдадим, кўчада қолишдан, пулсиз нотавонга айланишдан қўрқдимми? Бир кун келиб Санобар мени кўчага ҳайдашини сезгандим. Лекин бу даражада хўрлаб, хақоратлаб ҳайдашини хаёлимга келтирмабман. Эҳ, бир ҳисобдан Санобар ҳақ гапни айтди. Гулдек рафиқамга, фарзандларимга эл бўлмаган мендек номард эркак, ҳаётини ҳузур ҳаловат билан ўтказишни истайдиган аёлга эл  бўлармиди? Эртага жазмани келармиш. Обрўйим борида ёки бўлмасам Санобар ҳушига келиб, яна бўйнимга осилиб олмасидан тезроқ кетишим керак. Ҳозироқ кетишим керак...”

  Толибжон шкаф тепасида анча вақтлардан бери чанг босиб ётган қадрдон сумкасини олди. Унинг чангини артаркан кўзларидан ёш сизиб чиқди. Кетаётганида бу сумкани Наргиза қўлига тутганди. “Дадаси, бу ерда иссиқ кийимларингиз, озиқ-овқатлар ҳамда новвот бор. Ҳеч кимга берманг, ўзингиз иссиқ-иссиқ чой қилиб ичинг” деётганида унинг кўзларида ачиниш, меҳрни кўрганди, лекин эътибор бермаганди. Ҳозир эса Наргизанинг ўша дамдаги нигоҳини эсларкан, қалби бироз илигандай бўлди. Наргиза мени кечирармикин? Фарзандларим-чи? деган илинж қалбида ажиб туйғуларни пайдо қилди. Шу туйғу унга куч-қувват бағишлагандай дадиллик билан сумкасини елкасига илдию Санобарнинг уйини тарк этди.

  Толибжон шунча йиллар Санобар билан яшаб, унинг хизматида бўлган бўлсада, ўзига тегишли бўлган даромаддан бир сўмини ҳам олгиси келмади. Оиласи, фарзандлари бағрига қайтиб бориш учун ўтмишни эслатувчи пулларни қўлига ушламасликка қарор қилганди. Бозордаги бир-иккита танишларининг олдига қарз сўраб борганида улар Толибжонни кўриб ҳайрон бўлишди.

– Ҳа ошна, йўл бўлсин? –сўради таниши.

– Уйимга, ўз юртимга, оилам бағрига кетяпман, –деди Толибжон.

– Шундайми, ўзим ҳам билувдим Санобар билан ажрашишингни.

– Унинг қилиқларидан хабаринг бормиди? Нега айтмадинг?

– Айтганимдан нима фойда? Мана ўзинг билибсан-ку. Майли оқ йўл сенга. Яхши кунларимиз ҳаққи-ҳурмати мана бу пулни ол, йўлкирангга ишлатарсан. Агар оиланг билан ярашиб кетсанг, мени дуо қиларсан.

  Муроджон кафеда ўтирганча ўтмиш кунларини эсларкан, оғир хўрсиниб қўйди. Томоғига бир нима тиқилиб совуб қолган чойдан хўплади. “Наргиза мени кечирармикин? Фарзандларим-чи? Қайнонамнинг кўзига қандай қарайман? Бечора... унинг фаришта аёллигини билсамда, қадрига етмаган эканман. Кўришганимда албатта кечирим сўрайман, кўксига бош қўйиб “кечиринг мени онажон” дейман.

  Толибжон ўзига ўзи гапираркан, беихтиёр кўнгли юмшаб кўзига ёш олди. У шунча йиллар мусофир юртда ўтган умрига ачинар, оиласининг қадрига жуда кеч бўлгандагина етганига куюнарди.

                   ***

  Наргиза совчиларни кузатаркан, рўпарасида яшайдиган қўшни аёл Саломат пешвоз чиқди.

– Вой Наргизахон, табриклайман, тўй бошлаб қўйибсизми?

– Ҳа, қизим билан бирга ўқийдиган йигит экан. Келавериб қўйишмади, яхши одамларга ўхшаяпти, йигит ҳам синалган.

– Табриклайман Наргизахон. Ҳа, айтганча, эрингизга хабар бердингизми?

– Ҳа, ҳа, –Наргиза овози титраб кўзларини олиб қочди. –Дадасига қўнғироқ қилгандим, тўйгача келишга ҳаракат қиламан дедилар. Тағин билмадим, ишлари жуда масъулиятли, оғир иш-да.

– Майли, эркак кишининг ишлагани яхши. Қиз узатишнинг ўзи бўладими? Фотиҳа маросимларига бош-қош бўлмаса ҳам кетадиган ҳаражатни юбориб турса бўлдида.

  Наргиза Саломат билан хайрлашиб уйга кираркан, кўз ёшларини тийиб туролмади. “Э худойим, токайгача ҳаммага ёлғон гапираман? Токайгача?! Қийналиб кетдим-ку. Ўн йил давомида фарзандларимга даданглар ҳорижга ишлашга кетган, сизлар катта бўлганда қайтиб келади” деб ёлғон гапириб келдим. Ақллари кириб қолганига суриштирмай қўйишди. Энди эса қариндошлар, қўшнилар ҳол-жонимга қўймай сўрашгани сўрашган. Айниқса, совчилар олдида жуда ҳижолатдаман. Эртага тўйдан кейин нега эрингиз қайтмаяпти дейишса нима деган одам бўламан. Қандай қилиб қудаларга эрим бизларни ташлаб кетган, ҳорижда бошқа оиласи бор деб айтаман? Уф... бошим қотиб қолди. Бу гапни илгарироқ айтишим керак эди. Энди кеч, тўй бузиладиган бўлса, қизимнинг келажаги барбод бўлади, бахтсиз бўлиб қолади...”

  Наргиза шундай оғир ўй хаёллар билан ўзини диванга ташлади. Ўксиб-ўксиб йиғлади.

– Ойижон, –тепасига келган ўғли ҳайрон бўлди. –нега йиғлаяпсиз? Ҳеч қаерим оғримаяпти дегандингиз-ку.

– Кел болам, –Наргиза ўрнидан туриб кўз ёшларини артди. –Хавотир олма, худога шукур, буткул соғайиб кетганман. Фақат опангнинг эрта-индин узатилиб, кетиб қолишини ўйлаб йиғлаяпман.

– Э, ойижон, шунга ҳам йиғлайдими одам. Ахир опам ўзи яхши кўрган йигитга турмушга чиқяпти. Ахир ҳаммага ҳам бундай бахт насиб қилавермайди-ку. Қаранг, онаси ҳам худди сизга ўхшаган мулойим, ширинсўз аёл экан.

– Ҳа ўғлим, ишқилиб охиригача шундай бўлсин. Мен кўрган кунларни опанг кўрмасин. Юлдузи юлдузига тўғри келган инсонга учрагани рост бўлсин илоҳим.

– Ойижон, –ўғли маъюсланиб қолди, –дадам шунча йилдан бери келмади.-я... Энди опамнинг тўйига ҳам келмасалар керак. Балки хабар берганимиз яхшидир.

– Биласанми, мен ҳам шуни ўйлаб юргандим. Лекин дадангнинг на манзилини, на телефон рақамини билмайман. Даданг бизларни  унутиб юборган бўлса керак. Ёшлигингда турли баҳоналар билан алдаб келгандим, энди кап-катта йигит бўлдинг, ҳақиқатни яширишнинг фойдаси йўқ.

– Ойижон, мен буни билардим. Дадам бизни буткул ташлаб кетганини билардим. Фақат, сизни қийнагим келмасди. Дадам ёмон бўлсада, негадир уни кўргим келади, соғинаман.

– Болам, даданг аслида ёмон одам эмас. Лекин ҳаёт жуда мураккаб. Унинг биз бандаларга юборадиган синовлари кўп. Дадангнинг кетиб қолишига балки мен ҳам сабабчи бўлгандирман. Минг қилсада отанг, мабодо бир кунмас бир кун сизларни излаб келса, кўксидан итарманглар майлими? Ҳеч ким онасининг қорнидан гуноҳкор бўлиб туғилмайди. Кечиримли бўлгин болам.

  Тўй куни ҳам етиб келди. Йигитнинг ота-онаси эсда қолсин деб тўй кунини янги йилнинг эртасига нишонлашадиган бўлишди. Янги йил байрами куни Наргизанинг хонадонига яқин қариндошлар, қўни-қўшнилар йиғилишди. Эркаклар тўйхонада сабзи тўғрашмоқда, аёллар эса куёв сарпосини тахлаш билан овора. Наргиза дугоналари билан тўйга тайёргарлик кўраётган қизига тикилиб тўймаяпти.    

                 ***

  Хусусий корхоналардан бирида ишлаётган Толибжон бироз пул жамғариб, Наргизага, болаларига совға-салом олиб, сўнг уларнинг олдига бормоқчи бўлганди. Байрам олди яхшигина маош қўлига тушганидан хурсанд бўлганича ишчилар ётоқхонаси томон кета бошлади. Қарама-қарши томондан келаётган машина ёнидан ўтдию, қаттиқ тормоз берди.

– Ие Толибжон ака, ўзингизмисиз?!

  Толибжон машинадан тушиб келган йигитга тикилдию, кимгадир ўхшатди.

– Кечирасиз ука, кўзимга иссиқ кўриняпсиз-у, лекин танимаяпман, –деди Толибжон кўнглига илиқлик югуриб.

– Вей, мен қўшнингиз Фарходман-ку ака, наҳотки танимадингиз?

– Ие, ие, Фарходжон ука, мана энди танидим. Узр, шунча йил мусофир юртларда юриб, хотира ҳам бироз панд бериб қўйибди.

– Э қойилман ака, шунча вақт ишлайман деб уйга келмай, тўйга бир кун қолганида ахийри етиб келибсиз-да.

– Тўй дедингизми?

– Ҳақиқатдан ҳам хотира панд берибди-ку ака, ахир қизингизнинг эртага тўйи бўляпти. Наргиза келинойим хабар берганди-ку?

– Ҳа, ҳа, айтганди.

– Кечагинда келинойимдан сизни сўрасам, хабар берганман, насиб қилса, тўйга етиб келадилар, деяётганди. Ахийри етиб келибсизда ака. Хурсандман, жуда хурсандман. Қани юринг, бирга кетамиз.

  Толибжон карахт бўлганча нима қиларини билмай қолди. Ҳеч нарсадан хабари йўқ Фарход Толибжонни елкасидан қучганча машинасига ўтқазиб қўйди.

– Бир келинойомдан суюнчи олай, сиз машинада ўтириб турасиз, мен ўзим хабарини етказаман!

  Фарход қувончи ичига сиғмай бир нималарни гапирар, Толибжон эса юраги така-пука бўлганча пешонасидан оқиб келаётган терларини дамба-дам артарди.

– Шундай қилиб келинойингиз менинг келишимдан хабари бор денг.

– Етиб келмасангиз бўлмасдида ака, биттаю битта қизингиз, биринчи тўйинглар бўлса...

  Машина йўлак тагига келиб тўхтади. Толибжон тўйхона билан йўлак ўртасида ўтиб юрган қўшниларини кўриб ҳижолатдан букчайиб қолди. “Наҳотки Наргиза мен билан ажрашганини ҳеч кимга билдирмаган. Бир кун қайтиб келишимга ишонган ва кутган. Эй худо, шунча қилган гуноҳларимга қарамай бундай марҳамат кўрсатишингга ишониш қийин. Йўқ, йўқ, бу марҳаматлар мен учун эмас, балки оқила аёлим Наргиза учун кўрсатилаётган бир мўъжиза. Мендек нотавон ота ўз фарзандларини ташлаб, шунча йиллар деганда айни тўйи арафасида бош эгиб қайтиб келиши бу бир мўъжиза...”

  Толибжоннинг хаёлини Фарходнинг овози бўлди. У эгнига ташланган тўнни қўлига оларкан:

– Ака, бўлди тушаверинг. Келинойимдан суюнчининг каттасини олдим, –деганча машина эшигини очди.

  Толибжон таваккал машинадан тушдию, зиналардан шошганча тушиб келган  Наргизага кўзи тушди. Унинг кўзларида бир олам қувонч, мамнунлик ҳамда бахтиёрлик мужассам эди.

 

Раъно МАҲМУДОВА










Маълумот