Мен айбдорни кечирасизми?


 


     Инсон зоти борки, ҳаёт зарбаларига дуч келмасдан иложи йўқ экан. Оилада ёлғиз фарзанд бўлсам-да, бу ташвишлар мени ҳам четлаб ўтмади. Ўн олти ёшимда отам бедаво дард билан оламдан ўтди. Шундан кейин оиладаги барча масъулият менинг зиммамга тушди. Синфдошимнинг акаси эски оёқ кийимларни таъмирларди. Уларникига тез-тез чиққаним сабаб менинг ҳам бу ишга қизиқишим ортиб баъзи енгил ишларни уйга олиб келиб бажарадиган бўлдим. Уйимизда битта сигиримизнинг сут-қатиғи билан менинг топаётган тўрт-беш сўмим оиламизнинг кунига яраб турарди. Онам ҳали қирққа ҳам чиқмаган кўҳликкина аёл бўлгани боис отамнинг йили ўтгандан сўнг маҳалла-кўйдан кўплаб совчилар чиқди. Бироқ пешонамда ёлғиз ўғлим бор, деб у ҳаммага рад жавобини берди.

     Ўзим ҳам умрини менга бағишлаган онамга яхши ўғил бўлишга ҳаракат қилардим. Мактабда ҳам, коллежда ҳам «аъло» баҳоларга ўқидим. Отам вафотининг илк йилларида қариндошлар ҳафта оралаб келиб туришарди. Кейинчалик ҳаммаларининг қадами узилди. Айниқса, уйимизга совчи оралаётганини эшитган аммаларим ҳар хил гап-сўзлар билан отам уруғининг биз билан учрашишига тўсқинлик қилишди. Тоғаларимнинг ҳам онасидан ёдгор ёлғиз синглиси учун оиласидан вақт ажратиб келиши ҳаминқадар ҳол бўлди. Қисқаси, ўзинг учун ўл етим эди.
     Охирги пайтларда онам умуман тўй-ҳашамларга чиқмасди. Овунчоғи радиоси эди. Кундалик янгиликларни ҳам мен ишдан қайтгач гапириб берар, она-бола яхшиликларга қувониб, ёмонликларга ачиниб уйқумиз келганини билмай қолардик. Аслида, бу хабарлар эртасига менинг дарсларимда асқотар, дунё воқеаларини гапириб берсам, қаттиққўл маънавият устозимиз бу одатимни ҳаммага ўрнак қилиб гапирарди.
     Бир куни онамнинг маҳалламизда турадиган дугонаси қўярда-қўймай синфдошлар учрашувига олиб кетди. Бошида қаршилик билдирган онам бу йиғиндан негадир хурсанд бўлиб қайтди. Сабабини кейин билдим. Онам ўрта махсус таълимга эга эди. Турмушга чиқмасдан олдин мактабда ишлаган, кейин отамнинг қаршилиги билан уйда юмушлар билан ўралашиб қолиб кетган. Ҳабиба исмли синфдоши туман марказидаги боғчага мудира бўлиб тайинланган, унга ишончли ходимлар керак экан. Шунинг учун онамни ишга таклиф қилибди. Аслида, онамнинг ишлашини унчалик хоҳламадим, лекин куни бўйи уйда ёлғиз зерикиб ўтирганидан жамоада одамлар орасида юргани ҳам яхшироқ, дея индамай қўяқолдим. Уйимиз туман марказидан анчагина узоқлиги учун онам уйга кеч қайтар, шундай бўлса-да, сигир соғиш, овқат қилиш, кир-чир ювиш ҳаммасини эпларди. У ишлаётган ишидан, айниқса, бошлиғи мудира опадан жуда миннатдор эди.
Ҳар куни эшикдан кириб келаркан: «Барака топсин Ҳабиба...» дейишдан чарчамасди. Баъзида дам олиш кунлари ишга чиқар, кечқурун қўлида пакетлар билан қайтарди. Мен баъзида «Ойи, болаларнинг ризқини кўп қияверманг», деб ҳазиллашсам, «Бу менинг ҳалол меҳнатим», дея жаҳли чиқарди.
Бу орада мен коллежни битқаздим. Ўзимга қолса бир-икки йил устозим билан ишлаш ниятим бор эди. Бироқ онам бунга рози бўлмади.
— Биттаю битта орзуйим сени олий маълумотли қилиш, агар мени десанг шу йил институтга ҳужжат топширасан, — деди у қатъий оҳангда.
Хуллас, шу йил коллежимизга ўқитувчи бўлиб келган Жамшид аканинг маслаҳати билан Тошкент тўқимачилик ва енгил саноати институтига ҳужжат топширдим. Уларнинг таниш ўртоқлари биз ўнта болага имтиҳонгача репетиторлик қилишди. Эртадан кечгача ўқиганларим фойдасими ёки онамнинг дуолари ижобат бўлибми, мен талаба бўлдим. Бундан қувонолмадим, чунки кон­тракт-шартнома тўлови асосида эди. Шундоқ ҳам боқувчисини йўқотган онам учун бу жуда оғирлик қиларди. Бизнинг вазиятимизни тушунган Жамшид ака:
— Ўқиш бошланишига ҳали вақт бор, ҳужжатларни олишга шошилма, бирор янгилик бўлиб қолар, — дея менга маслаҳат берди. Қишлоққа қайтиб эски ҳунарим пойабзалларни тузатиш устахонасида ишимни давом эттирдим.
Онам орадан икки кун ўтиб бир хушхабар топиб келди. Унинг дугонаси Ҳабиба опа менинг тўрт йиллик контракт пулимни тўлайдиган бўлибди. Онам ойлик маошини бериб бораркан.
— Рўзғоримизни сигиримиз таъминлаб турса, кейин яна чеварчилигимни бошласам...
Менинг ўқишимни чин дилдан истаган онам кечаси билан бир йиллик харажатларимизни ҳисоблаб чиқди.
Сентябрда волидамни ёлғиз ташлаб кўч-кўроним билан Тошкентга келдим. Ўқиш билан бўлиб куннинг қандай ўтганини билмай қолардим. Менинг ҳунаримдан хабар топган ётоқхонадагилар ҳар куни ё туфлисини ё шиппагини кўтариб чиқарди. Уйдан деярли пул кутмасдим. Онам эса туманимиздан Тошкентга киракашлик қиладиган ҳайдовчилар билан ул-бул егуликлар жўнатиб турарди. Пул кўп кетмасин деб она-бола унча-мунчага қўнғироқлашмасдик ҳам.
Қишки таътил бошланиб қишлоққа қайтдим. Онамнинг кўзлари тўрт бўлиб мени кутиб турган экан, кўришдиг-у сен дам олавер деб ўзи ишга кетди. Уйда бироз ўтириб зерикдим, кўчага чиқдим. Қишлоқда совуқ кунлар ҳукм сурса, мавсумий ишлайдиган эркаклар, баъзи қариялар бирор-бир иссиқ хонада тўпланишиб нарда ўйнашади. Бу гал Салим сартарошнинг дўкони бекорчиларга тўлган. Уларга салом бериш учун хонага бош суқишим билан «Ҳа тошкентлик келиб қолибди-ю», дея ҳамма бир-бир бағрига босди. Бирровга деб кирганим билан қанча ўтирганимни билмайман. Ҳали биров Тошкентдаги нарх-навони суриштиради. Яна бири ўқишни. Хуллас, кимни нима қизиқтирса ўша мавзуда гап гапга уланиб кетаверди.
— Яна қанча ўқишинг қолди? — деб сўради бир пайтлар маҳалламизга раис бўлган Қодир ака.
— Ўзи энди кирди-ю, — деб кулди ёнимда турган Раҳимжон ака.
— Онанг Садоқатга қарайдиган одам керак-да. Қанча совчиларимизга ўғлини баҳона қилиб қуруқ қайтарганди. Мана сен ҳам ўзинг билан ўзинг овора бўлиб юрибсан.
Унинг бу муомаласидан жаҳлим чиқиб кетди.
— Теккиси келмагандир-да, сизнинг нима ишингиз бор?
Доим бировларга сўзини ўтказиб келган раис мендан буни кутмаган эди чоғи.
— Теккиси йўқ?.. Теккиси бўлмаса, маҳаллани иснодга қўйиб ҳар куни бегона эркак билан «Ласетти»да кетадими? Э, бўлмаса машинасида олиб юрган одамнинг никоҳига ўтсин. Қишлоқнинг хотинлари номини булғамасин, — деб юборганини ўзи ҳам билмай қолди.
— Оғзингизга қараб гапиринг, менинг онам унақа аёл эмас, у боғчада ишлаяпти, унинг бир дақиқа ҳам бўш вақти йўқ, бу гапларни қаердан олдингиз?
— Сен ўзингдан катталарга бақиргунча бориб онангни кузат...
Гўёки бошимдан бир челак совуқ сув қуйиб юборгандек бўлди. Бутун танам музлаб нафасим бўғзимга тиқилиб қолди. Онам ёш ва чиройли аёл, лекин бундай иш қилишига ишонмайман.
Бу ердан қандай отилиб чиқиб кетганимни билмайман.
Ўз онам ҳақида шундай сўзлар эшитиш мен учун жуда оғир гап эди. «Ҳозир у ишлайдиган боғчага бораман, олдимга солиб олиб келаман-у, бу одамдан исбот талаб қиламан!» Шу каби хаёллар билан йўловчи машинага ўтириб боғча манзилини айтдим. Икки қаватли бино ўралган бўлиб болалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ташқаридан келувчилар қоровулга мурожаат қилишлари лозим экан. Тўғри унинг олдига бориб онамни сўрадим.
— Садоқатхоннинг бу ердан бўшаб кетганларига анча бўлди, — деди у саволимга жавобан.
Қоровулнинг бу гапидан кейин бутунлай карахт бўлиб қолдим. Ахир онам боғчада ишлардилар-ку, айнан шу ерда. Синфдошлари билан... Эрталаб ҳам уни гапириб шошиб чиқиб кетгандилар. Наҳотки... мени ўқитаман деб... Юрагимда фақат битта умид бор эди. Ишқилиб бу чолнинг хотираси панд берган бўлсин-да.
Шу ҳолатимда уйга қайтдим. Дарвозани очарканман орқамдан: «Рустамжон, яхшимисан ўғлим?», деган овоз эшитилди. Гапиргувчини кўришни истамасам-да унинг олдига бориб кўришдим. Икки ҳовли нарида турадиган Зеби хола экан.
— Онагинангни ҳам бағри тўлиб қолибди-да. Уни асра, ёлғиз ўғлимни ўқитаман деб бечора гоҳ ишига чопади, гоҳ уйига...
Бу аёл худди ичимдаги гумонларни ўқиётгандек, ҳайф сендек ўғилга деётгандек эди, гўё.
Илиқ уйга кирганимда кўзим илинибди. Турсам қоронғи тушган онам овқат қилиш билан овора. Орқасидан қараб туриб йиллар уни қанчалик чўктирганини англадим. Шундай фаришта онам ҳақида... Ҳозир ундан бугун бўлиб ўтган воқеалар ҳақида сўрасам тўкилиб кетиши аён. Аммо мен ўзимнинг ҳақлигимни ўша раисга исботлашим керак. Эртасига эрталаб ишларим бор деб вақтли уйдан чиқиб, боғча ёнига бориб онамни кута бошладим. Шу маҳал яқингинамда оқ «Ласетти» машинаси келиб тўхтади, ундан тахминан ёши элликлар атрофидаги киши тушди-да, орқа ўриндиқдан чамаси 4-5 ёшли қизалоқни олиб, эшикда турган боғча опасига топширди. Ўт олган машина эгаси кимнидир кутаётган бўлса керак ўрнидан қўзғалмади. Салондан таралаётган қўшиқ мени ҳам маҳлиё этиб хаёл суриб ўтирсам, узоқдан онам кўринди. Сакраб ўрнимдан туриб кетдим, э хайрият дедим, ростдан хам чолнинг хотираси панд берибди деб қувониб кетдим. Онамни бир ҳайрон қолдирай деб боғча ичига кириб, дарвоза ортидан қараб турдим. Мана у яқинлашяпти, ҳозир бурилади-да мени кўриб қувониб кетади. Лекин онам боғчага эмас, қўзғалиш учун буйруқ кутаётган ўша «Ласетти»га ўтирди. Кўзимдан дарё бўлиб ёш оқиб кетди. Ё худо наҳотки миш-мишлар рост бўлса? Нега, нега ахир, айбим нима? Мен энди қишлоқда қандай бош кўтариб юраман ойи? Уйга келиб хонамга қамалиб олиб дод деб, ич-ичимдан эзилиб йиғладим, лекин барибир хуморимдан чиқмасдим. Қўлида икки сумка бозорлик билан кечга яқин онам кириб келди. Қўлидагиларни қўйиб, хона ичига қараб «ўғлим», деди. Аввалига ўзимни босиб «ҳа», деб жавоб бердим, кейин «Кел ўғлим, қара нималар олиб келдим, она-бола бир зиёфат қилайлик» дегандан сўнг, ўқдек отилиб чиқдим.
Ғазабдан ўзимни тийиб туролмасдим, «шунча зиёфат етмадими», деб бақирдим. Онам қўрқиб кетиб «тинчликми ўғлим» деб сўради. Мен эса унданам баланд овозда, «яхшигина ишингизни топиб олибсиз-ку, ундан орттирган шу ҳаром луқмангизни менга едирмоқчимисиз?», дея онам олиб келган нарсаларни томорқага улоқтирдим. Онам чидаб туролмасдан дод деб йиғлаб,ўз хонасига кириб кетди. Ўша куни юрагимда онамга нисбатан жуда кучли нафрат уйғондики, ҳатто кўз ёшларини кўриб ҳам раҳмим келмади. Туни билан ухлолмай нарсаларимни йиғиб сумкага жойладим. Эрталаб туриб қарасам онамнинг оёқ кийими, ҳалиям кеча ечган жойида турибди. Секин эшик ёнига келдим, лекин ичкарига киришга ғурурим йўл қўймади. Қилмишига яраша жазо олсин дегандек, жаҳл қилиб дарвозани очдим-да, Тошкентга қараб йўл олдим.
Орадан ўн кунлар ўтиб талабалар бирин-кетин таътилдан қайтишди. Рамазон исмли курсдошимнинг отаси туман касалхонасида ишларди. У киши менинг онамни таниркан. Бир кун телефон қилиб курсдошингнинг онаси бизнинг бўлимда, айт онасидан хабар олсин дебди. Бу гапни эшитганимда юрагим тўхтаб қолгандек бўлди. Онамга нима бўлди экан, деган хавотир билан қўнғироқ қилсам телефони ўчирилган. Шундан кейин Рамазоннинг отасига қўнғироқ қилдим. У онам анча ўзига келганини айтди. Нимадандир қаттиқ сиқилган, шекилли деди. Мен ўз айбимни билардим.
— Онамга қандай дорилар зарур бўлса олиб бериб туринг, мен бугун кечқурун йўлга чиқаман, — дедим.
— Дориларнинг ҳаммасини қариндошинг олиб келиб берди.
Онамга бу даражада меҳрибонлик қиладиган ҳеч кими йўқлигини билганим учун ҳайрон бўлиб сўрадим.
— Исмлари нима экан?
— Билмадим ҳар куни оқ «Ласетти»да келади.
Ўзимни тутиб туролмай телефонимни деворга отиб юбордим. Энди ҳар куним азобда, изтиробда ўтар, онамга бўлган нафратим эса, тобора ортиб борарди. Бир йилгача бир марта ҳам ундан ҳол-аҳвол сўрамадим, қўнғироқ қилмадим. Охири онам ўзи ўқишимга излаб келди. Аммо уни кўришни истамай орқа эшикдан чиқиб кетдим. Ўша куни ётоқхонада ҳам дўстларимдан уялиб хонада узоқ қололмабди. Нега бундай қилганимни ҳеч ким тушунолмасди.
Биринчи курсни тугатгач ёзда ўзимга яна қўшимча иш ахтардим. Курсдошим ёрдамида бир хонадонга уй ишларига ёрдам берувчи дастёр бўлиб кирдим. Қиладиган ишим бозор-ўчарга ёрдам бериш, ҳовлиларни йиғиштириш эди. Мен ўзимни уларга ҳеч кими йўқ етим деб таништиргандим. Шунинг учунми ёки ўзим маъқул келдимми, тез орада улар мени ўз оилалари аъзосидек қабул қилишди. Энди эрта-ю кеч шу уйда эдим.
Ўқишим бошланганда ҳам бемалол ишлайверишимни айтишди. Ойлик маошим ҳам яхши, турар жойим тайин. Иккинчи курс учун тўловлар тўлаш вақти келди. Тўплаган пулим ҳали ярмига ҳам етмагани учун охирги кунларни кута бошладим. Бир куни декан ёрдамчиси курсимизга кириб контракт пули тўламаганлар рўйхатини эълон қилди. Аммо негадир менинг исм-шарифим чиқмади. Дарс тугагандан сўнг югуриб ундан сабабини сўрасам тўловлар ўқишнинг биринчи куниданоқ тўланганлиги маълум бўлди. Буни онам қилганди. Жаҳлим чиқса-да,ўзимни босдим.
Кунлар шунчалар тез ўтардики бир пастда йил якун топиб яна қишки таътил бошланди. Хонадоним эгалари бир ҳафтага болаларини олиб чет эл саёҳатига кетадиган бўлишди. Мен ҳам узоқ қариндошларимни кўриб келаман деган баҳона билан қишлоққа келдим. Энди онам билан очиқчасига гаплашиб олмоқчи, у мен учун тўлаган барча тўловларни қайтариб бермоқчи эдим. Кечга яқин уйга келсам-да, уйимиз эшигига қулф илиғлиқ экан. Ҳайрон қолдим. Чунки бугун якшанба, онам ишлаётган бўлса дам олиш куни эди. Бироз кутгач қўшнимизникига кирдим. Улар ҳам елка қисишди. Аслида онамнинг «қилиқ»лари сабаб қўшни аёллар ҳам ундан ўзини олиб қочишган экан. Шундай одатим бор эди. Кутишга сабрим тугаса вақтга қараб юзга ёки минггача санардим. Ҳозир ҳам минггача санайман, агар келмаса бирор ўртоғимникига кирарман деган умид билан саноқни бошладим. Ҳали юзга ҳам етмасимдан уйимиз томонга чироқларини ярқиратиб машина кела бошлади. Қарасам дунёйимни остун-устун қилган ўша машина. Ўзимни четга олдим. Онам орқа эшикдан тушиб, орқа ўриндиққа букчайиб нималардир қилди. Ўзимни тутиб туролмай югуриб бордим. Мени кузатиб турган эканми ҳайдовчи ҳам отилиб чиқди. Бир онамга, бир у кишига қарадим.
— Сиз экансиз-да... — дедим муштимни тугиб.
Онам жон ҳолатда келиб мени қучоқлади. Уни бор кучим билан силтаб ташлаб, у одамнинг ёққасига ёпишдим.
Шу пайтгача эътибор бермаган эканман, ичкаридан бир аёлнинг бақирган овозидан ўзимга келдим. Ва барча ҳақиқат ана шундан кейин аён бўлди.
Ҳабиба опада бундан беш йил олдин саратон касали аниқланган экан. Шифокорлар туғишингиз керак деганидан кейин бир қизли бўлишибди. Шундан сўнг аҳволи анча яхшиланганини кўрган турмуш ўртоғи иш билан овунар деган илинжда унинг бир умрлик орзуси бўлган хусусий боғча очиб берибди. Аммо дард яхшиланмабди. Жарроҳлик амалиётидан кейин унинг икки оёғи кесиб ташланибди. Онам Ҳабиба опа билан икки ой ишлаганларидан кейин ана шундай воқеалар содир бўлган экан. Тушкунликка тушган хотинига ёрдамчи сифатида Абдуқодир ака онамни ишга ёллабди. Бунинг эвазига тўрт йил менинг ўқиш пулимни тўлаб бериш мажбуриятини олибди. Бу сир фақат уч киши орасида қолиши кераклигини тайинлагани учун онам бировга оғиз очиб айтолмаган экан.
Машинадан меҳр билан гўдакни авайлаб кўтаргандек хотинини қўлларига олган эркакни кўриб бутун вужудим ёниб кетди. Бўғзимда эса шу сўз қолди:
— Мен айбдорни кечира оласизларми?


Ғуломжон Ёқубов, Андижон вилояти