НОТАНИШНИНГ МАКТУБИ


НОТАНИШНИНГ МАКТУБИ 

  Ўшанда юқори синфда ўқирдим. Дарс тайёрлаб ўтирсам, менга кўмаклашиш учун физика китобини қўлига олган акам китобим ичидан бир хат топиб олди. Ким ёзган, қачон, нима деб ёзган, билмаганим учун юрак ютиб индамай ўтиравердим. Минг ўй-хаёлга бориб, тунда ҳам мижжа қоқмадим. Хатни ўқиб, ғазабидан бўзариб кетган акам негадир мени койимади, жазоламади. Юзимга бир шапалоқ урса бўларди. Ким бу сенга юрак очган йигит, деб сўроққа тутса енгилроқ бўларди. Тонг отгач, нонушта пайтида менинг масалам кўрилади, деб ўйлардим. Ундай бўлмади. Хаёлимда бир кунда кичрайиб қолганга ўхшардим. Кийиниб олган акам :"Энди мактабга мен билан бирга бориб қайтасан", деди жиддий оҳангда. Ноябрь ойида кутилмаганда ёққан қор дов-дарахтларни қоплаган, изғиринли кунлар бошланганди. Изма-из акамнинг ортидан кетиб борардим. Шунда йўл бошидаги катта чинорнинг шохи қарсиллаб синиб, симёғоч симлари устига тушди. Ҳамма ҳар ёнга қочди. Қўрқиб додлаб юборганимни кўрган акам қўлимдан тутиб: "Кўрдингми, бевақт ёққан қор шундай улкан чинорнинг ҳам шохини синдирди. Сингиллар из тушмаган қордек пок бўлмаса, акаларнинг орини, ғурурини синдиради", деди титраниб. Йиғлаб юбордим...

  Мунаввара УСМОНОВА - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Саодат" журналининг Бош муҳаррири, шоира. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот