КЎККА ЕТМАГАН НОЛАЛАР


   Ўшанда чамаси тўққиз ёшда эдим.
  Саратоннинг авжи. Кун пешиндан оққан бўлса-да, қуёш олов пуркайди. Уйимиздаги катта шохтут тагидаги сим каравотимизни яхши кўрамиз. Ҳам салқин, ҳам шу каравотда ўтириб овқатланган мазза-да. Эски каравотни эски симларини ғижирлатиб “качалей” учиб, ердаги косага ёки тарвуз палласига талашиб тортишиб қўл чўзиб қорин тўйдирганмисиз? Э, яшаворинг! Унда мазза қилмабсиз, бу дунёга келмабсиз!
   Катталарга ҳайронман. Нуқул "юриб нон ема, дастурхон ёзмай тамадди қилма!", - дея ҳол жонимизга қўйишмайди. Увол бўлармиш! Иштаҳамиз дастурхон атрофида эмас, антиқа жойларда очилса айбдор эмасмиз-ку!
  Қорасувга кулчатой оқизиб ейиш, ўрикнинг тепасига чиқиб канфет шимиш, ошхона ойнасининг синган кўзига қўл чўзиб совуқ чойни банкадан ютоқиб ичиш, эгатда қизариб қолган қулупнайларни узмай, тиззалаб ўтириб тишлаш жони дилимиз бўлса. Бу ғаройиб одатларимиздан қорнимиз ҳам, иштаҳамиз ҳам мамнун эди...
  Ўша йили рўза ёз ойларига тўғри келгани ёдимда. Уйдаги катталар нима сабабдан кун бўйи оч юришганига унчалик тушунмасак ҳам, айнан шу палла нишолдалар мавсуми бўлишини яхши билардик. Шунинг учун ҳам катталарнинг “оғзи ёпиқ” бўладиган рамазонни орзиқиб кутардик.
   Хуллас, ўша куни ҳам укаларим билан сим каравотда качалей учардик. Тандирдан узилган иссиқ кулчаларни дадам олиб келган сопол косадаги нишолдага булаб паққос тушираётганимизда қўшни кўчадаги Холида хола бостириб кирса бўладими:
- Ҳой ким бор? Маликахону..Маликахон...
   Уф! Яна шу кампирми? Ҳойнаҳой, кўк сомса олиб келгандир. Иштаҳани ҳам белига тепди. Ҳозир ойим уларга пешвоз чиқади-да, айланиб ўргилиб, сўрига таклиф қилади. Кейин кампирнинг минг ямоқ дастурхони очилиб, жонга теккан кўк сомсалар пайдо бўлади...
  Шу кампир сал анақароқ. Алмойи жалмойи гаплари-ку майли, ичига ўт тўлдирилган сомсалари жонга тегди. Йил ўн икки ой сомса кўтариб юради. Байрамларни-ку қўяверинг. Наврўз, май, ноябрдаги парад, ҳаттоки қаҳратон қиш ҳукмрон бўлган – Янги йил байрами куни ҳам кўк сомсасиз кунимиз ўтмайдигандай қорбобони кутаётган пайтимиз “совға”сини кўтариб кириб келаверади.
  Қачон қараманг бировларнинг томорқасида, ариқларнинг лабида куймаланиб ялпиз, отқулоқ, бедага ўхшаш еса бўладиган ўтлардан эски бўз халтачаси қаппайиб кетгунича тераверади. Қишда, ўт ўлан ковжираган ёз саратонида кўкни қаердан топаркин? Бу жумбоққа нафақат биз болаларнинг, катталарнинг ҳам ақли бовар қилмасди.
   Айтганимдай бўлди. Ҳозиргина нон ёпиб бўлиб, тўкилган шафтолиларни тераётган ойим, липпаларига қиситириб олган кўйлак этакларни тушириб, чақирилмаган меҳмонга пешвоз чиқди. Қарасам, икки укам аллақачон қуённинг расмини чизишибди. Ҳар дойим шунақа, Холида хола келиши билан Музаффар ва Хуршида беркинишади. Ёки ямоқ дастурхон очилмай, холага қуюқ салом бериб кўчага қочишади. Аммо бу сафар улгуришмади чоғи, дарвоза олдида кампирнинг чангалига тушишди.
- Айланай болаларим тўхтанглар.
  Сомсачининг “очил дастурхон”и очилдими, тамом! Қўлингга мажбур тутқазилган сомсани едирмай қўймайди. Уни алдаб ҳам бўлмайди. “Кейинроқ ейман” деб кўр-чи, ишониб бўпти! Оғзингга мажбур солдиргани етмагандай, кўзингдан ёш чиқиб аранг ютмагунинга қадар лўқ этиб қараб туради.
 Балки сиз кўк сомсани яхши кўрарсиз? Э, сиз Холида холанинг чангалига тушмагансиз-да?! Ана укам ва синглимнинг аҳволини бир кўринг.
- Жон хола, хозиргина овқатландик, қорнимиз тўқ.
- Овқат? Майли бир чопсанг ҳазм бўлади. Кўкнинг ўрни бўлак. Кони фойда! Ҳой Маззамхон, санам кел!
  Бормиман! Сопол косани ариқчада ювиш баҳонасида қочмоққа чоғландим, аммо ойимнинг зийрак нигоҳларига тутилиб, эшиттириб чуқур уф тортганча ортга қайтдим. Сомсаси бошидан қолсин! Неча марта едим деб, чайнаб юта олмаганларимни Жекнинг ялоғига тупуриб ташлаганимни билмайди-да.
  Фақатгина биз эмас, Холида кампирни ҳамма болалар ёмон кўради. Ҳамида, Қодир, Отабек, Нурхон... Баъзилар кампирнинг қораси кўриниши билан дарвозани танбалаб олишади. Рост-да, мазза қилиб жевачка шишириб ёки Раззоқ бобонинг қуртини шимиб ўтирганингда қўлингга мажбур кўк сомса тутқазишса кимга ёқади? Гўштли бўлса ҳам майли. Зулпини ойиси айтган, Холида холанинг эси жойида эмас. Узун қулоқ гапларга қараганда жинни кампир гўристонга ҳам сомса олиб борар экан. Ўликларни ҳам сомса ейишга мажбур қилса керак, унинг қўлидан келади.
  Иккинчини битириб учинчи синфга ўтяпман. Аълочиман. Катталарнинг ғийбатини эшитиш ёмонлигини билсам ҳам, Зулпининг ойисининг гаплари ёқиб кетади. У ҳам Холида холани ёмон кўради.
  Ойимга ҳайронман. Ишга боради, келади. Маҳалланинг тўй тўйчиғига аралашади-ю энг қизиқ ғийбатларга аралашмайди. Вақти йўқмиш. Дарвозамизни танбалаб, Холида аяси билан камроқ гаплашса, маҳалла хотинлари билан суҳбатлашгани ҳам вақтлари қолармиди?. Ўлай деб кўчадан гап топиб келсам-у, “қиз болага ярашмайди ” дея койиб берса.
  Ана, бу сафар ҳам ойижоним очиқ чеҳра билан пешвоз чиқиб, “азиз меҳмон”ни қарши олиб, духоба кўрпача тўшади. Пахта гуллик чойнакда қайноқ чой дамлаб, мақтовларни ўрнига қўйиб, сомсахўрликни бошлади. Кампирга ёққиси келадими-ей, икки–учтасини кетма-кет еб, меҳмоннавозликни қойиллатади. Икки донасини дадамга илиниб, қолганини қўлимизга тутқизади. Эндигина учга кирган синглим бўлса, норози чулдирайди:
- Ман емиман. Ожилгина нисобла едим. Акамам, опамам еди. Чомча емиман.
-Холида хола унинг сариқ сочларини кўк юқи сингиб кетган кафти билан силар экан, барибир ўзиникини қўймайди.
- Нима едик дединг? Нисобла? Нишолда! Вой, мани болаларим ҳам нишолдани яхши кўришади. Ҳали уруш тугаб, дадаси қайтса бозордан кўпгина нишолда олиб келади. Ўшанда сизларникига ҳам олиб чиқаман...
  Вой ана айтмадимми! Бошланди. Зулпининг ойиси ёлғон гапирмайди! Томи кетган кампир яна уруш тугаса деяпти. Кичкина бўлсам ҳам ҳеч қандай уруш бўлмаётганини биламан. Чунки фашизм устидан қачон ғалаба қозонилганини Забура опамиз миямизга қуйиб ташлаган. Музаффар иккимизнинг пиқиллаб кулиб юборганимизни кўрган ойимнинг қовоғи уюлди. Биз бўлсак, мажбур чайнаган сомсамизни тезроқ итялоқққа ташлаш учун ёлғонтакам ғўлдираб, раҳмат айтиб Жекнинг олдига чопамиз...
  Ўша йил қиш қаттиқ келди. Йўғон чўзилиб, ингичга узиладиган палла Холида хола ҳам ўлиб қолди. Тўғрироғи, уни ўша машҳур кўк сомсаси ўлдирди! Янаям аниқроғи, кўк қидириб томорқа оралаган кампирни эрталаб музлаб акашак қотиб қолган холда топишибди. Э баттар бўлсин!
  Эсимиз йўқ экан... Ойим йиғлаб, хабарчининг ортидан холанинг уйига отланса, биз болалар ”Урре, сомса ейишдан қутилдик!”, - деб осмонга сакрабмиз. Ҳамон эсимда, хурсандчилигимизга эски каравотимиз ҳам шерик бўлиб, ҳар сакраганимизда “ғич- ғич” деган овоз чиқариб, янада баландроққа отарди. Калавотларнинг тилида бу “яшасин” дегани бўлса керак. Боламан-да, югуриб бориб Жекни қучоқлабман:
- Сомса ейишдан қутулдик, Жек! Сен ҳам қутулдинг! Яшасин озодлик!!!
  Ўша куни итга яна нима деганларим, хурсандчилигимни кимлар билан баҳам кўрганим ҳозир эсимда йўқ. Тавба, кимга аза, кимга мазза экан-да! Бутун бошли одам ўлса-ю, биз хурсанд бўлсак. Маҳалла болалари бу «хушхабар»ни ўн беш тийиндан йиғиб, музқаймоқхўрлик билан нишонладик.
  Кун қорая бошлаганида, ойимни кута-кута картошка қoвура бошладим. Укамларни қорни очганди. Бугун телевизор ҳам қўймай, яп-янги шеъримни қўшиққа айлантириб, баралла куйладим:
Холида кампир ўлди,
Ҳамма қувонч тўлди.
Чунки унинг сомсасидан
Муаззамхон қутулди,
Музаффаржон қутулди!
   Бир чеккада қўғирчоқ ўйнаётган синглимга иржайиб:
Хуршидахон қутулди!
Жек бечора қутулди!
   Шу жойига етганида орқамдан келиб қолган ойимни кўрмабман.
   У йиғидан қизариб кетган кўзларини катта-катта очиб, қўлимдаги капгирни олди.
- “Жек бечора қутулди”, - дедингми? Хали сенлар Холида холани алдаб, итга берармидиларинг сомсаларни? Уят қизим! Уят! Сенларга яхши тарбия бера олмапмиз, шекилли... Бор, укаларингга қара. Эрталаб бир жойга бориб келамиз...
  Шаҳд билан юлқиб олинган капгир, ойимнинг чеҳрасидаги мунг ва ҳеч қачон кўрсатилмаган жаҳл ухлаб қолгунимга қадар тинчлик бермади. Қаерга бораркинмиз?
   Ғалати тушлар кўриб ухлаб қолибман...
  Азонда зўрға, эриниб кўзимни очдим. Кеча айтилган жойга боришимиз керак эмиш. Йўлга тушдик.
 Қиш эмасми. Эрталабгача ёққан қалин қорда янги излар қолдириб олға кетяпмиз. Ойимнинг важохати кечагичалик бўлмаса ҳам, хали жаҳлидан тушмаган. Гапирмайди. Қишлоқ четига етгунча қаерга кетаётганимизни тушунмадим. Вой, мозор томонга бурилдикми? Наҳотки ойим Холида холанинг гўрига олиб бориб, кечирим сўратса?
- Ойижон! Жон ойи, кечиринг! Бошқа унақа жиннича қўшиқ тўқимиман. Фақат гўристонга кирмайлик!
 Ойим ҳамон индамас, гапларимга парво ҳам қилмасди. Фақатгина қишлоқ қабристони дарвозасидан киргач, чўккалаб ўтирди. Менга ҳам ишора қилгач, Қуръон сураларини тиловат қила бошлади...
  Бир фильмдаги “Атроф жим-жит, мурдалар чалғи ушлаб турибди” ибораси ёдимга тушиб, ойимга яқинроқ ўтираман, кўзларимни қаттиқ юмаман.
   Тиловатни тугатган ойим юзларига фотиҳа тортиб, менга юзланди:
- Кечаги қўшиғингни эшитиб, сендан жуда ранжидим қизим. Аслида, айб ўзимда. Холида холанинг тақдири ҳақида эртароқ айтиб берсам бўлар экан. Ҳали боласизлар дер эканман... Майли, эшит унда:
 ...Ҳамма қатори эри Гитлерни енгани кетган Холида тўрт боласи билан чирқиллаб қолаверибди. Уруш ўлсин! Кун ора кимнидир эшигидан йиғи чиқарди. Ажалнинг бир қиёфаси учбурчак шаклдалигини билиб қолган одамлар Самин почтачини ҳам, унинг катта ямоқ тушган бўз халтасини ҳам ёмон кўриб қолишганди. Ажалнинг бошқа бир қиёфаси кўзга кўринмаса-да, уни еб тўймас очофатга қиёслашлари бор гап эди. Чунки у уруш майдонидаги саноқсиз ўликларга тўймай, фронтдан анча олис шаҳар ва қишлоқларда ҳам изғиб, касалманд, нимжонларни териб, ҳакалак отган нафсини қондиради. Фақат халқ нима ейиши билан ҳеч кимнинг иши йўқ! Холида хола кундузи далага чиқса, кечаси ёғ пилик ёруғида тикиш қиларди Кўпга келган тўй, бироқ, қоракўзларининг қорнини тўйдириш осонми? Колхознинг даласида тинмай меҳнат қилгани билан қўлига арзимаган чақаларни тутқазишса. Ҳамма нарса фронтга жўнатилиб, элнинг оғзига чок солинган палла. Баҳор, ёз, куз майли, амаллаб қоринни алдаса бўлар, қиш беаёв, қишнинг қаҳри қаттиқ. Авайлаб ишлатган ун ва ёғ тугагач қишдан омон чиқиш учун онасидан қолган эски чок мошинасини ҳам сотди. Атиги бир ҳафтага етгулик масаллиқ кўтариб келди-ю у ҳам тугагач, сочини чангаллаб, чорасизликдан йиғлаб юборди.
  Омон бўлгурлар сал каттароқ бўлса ҳам майли, чидашарди
  Кун бўйи “Ая нон, ая атала” деб чарчашиб, илиғ сандал атрофида чўзилиб ухлаб қолишарди. Ҳўл ўрикнинг охирги тўнкаси йиғлаб бурқсайди. Уни қайнотаси эккан бир вақтлар. Қиш бошида қайнсинглиси келиб, пича арзи-ҳол қилди-ю, ўрикни арралатиб, ўтинни шу ерни ўзида пуллади. Унга ҳам осон эмас: уч бола, касал қайнона билан қолган шўрлик. Ёрдам берай деб, бера олмасанг бундан ёмони йўқ-да.
  Холидаларникида ҳам қуруқ девор ва тўртта кўрпачадан бошқа қўлга илингулик ҳеч вақо йўқ. Бир кўзига ёстиқ тиқилган деразадан совуқ нафас билан тиржайиб турган ажал хунук увиллайди...
 Тезроқ баҳор келсайди. Қиш мунча чўзилмаса? Ўртанчаси анча нимжон, каттаси туғилганидан буён касалманд, иккала кичкина бўлса кўкракдан келаётган сувни сут деб тортиб ётишибди. Майли, уруш тугаб, эри қайтса, ҳамма нарса бошқача бўлади. Болаларини – эри унга ишониб кетган омонатни асраши керак.
   Қиш тугамай кўк излаб қолган қўшниларни кўриб, қалби ёришди. Бўлди! Болалари ўлмайди. Ҳаракат қилиб, катталарини ишга солиб кўкат териб бозорга олиб тушса, шаҳарликлар олади. Пулига ун, ёғ, гуруч дегандай. Ҳамал энди амал бераётган палла. Очликдан силласи қуриган болалари билан терган ялпиз ва жағ-жағларни тўрвага тўкиб шаҳарга отланди.
- Ойи кўкларни сотсангиз нима олиб келасиз?!
- Нима олиб келай, ўғлим?
- Нисолда!
- Майли, болам! Нишолда бўлса нишолдада! Рамазонлиги ҳам ёдимдан кўтарилибди. Яна нима ейсизлар?
- Ширин кулча.
- Ойи! Ойижон, илтимос, ош қилелик. Гўшт солмасак ҳам майли.
- Мани зоғора кулча егим келяпти.
- Қурут...
  Болаларининг юзида анчадан буён бундай шодликни кўрмаган Холида хурсанд, тўрвадаги кўкнинг салмоғидан кайфи чоғ, бир қоп ваъдалар бериб, бозорга отланди. “Олиб сотарга бермайман. Тушгача қолиб кетсам ҳам ўзим сотаман. Болаларимнинг айтганини олиб, қолганига ун, ёғ деганларидек... Ҳали ҳеч ким менчалик териб олиб келмагандир. Ўзингга шукур Аллоҳим, кўкламингга ҳам ўлдирмай етказдинг. Энди ҳар куни кўкат териб бўлса ҳам болаларимни боқаман... Бироқ, бозорга етиб келгач, кўзларига ишонмади. Қараса, расталарда кўкдан бошқа ҳеч нарса йўқ, хатто Райим сартарошнинг будкасидан ҳам кўкариб турган тоғ кўриниб турарди. Ерга тўшалган тўрва, қоплар ҳам кўк, гўё ер юзида бошқа ранг қолмагандай кўзлари тиниб кетибди. Совуқдан кўкариб турганларнинг бари ўзига ўхшаган аёллар, болалар, қария ва ногиронлар эди. Қанча ширин хаёллар билан келган Холида кечгача харидор пойлабди...
  Уйига қайтар экан, кўз ёшларини тиёлмасди. Болаларимнинг кўзига қандай қарайман, деб изилларди. Эртаси, ундан сўнг, хуллас ҳар куни кўклар терилар, сотилмай ортга қайтиб, умидларни бир-бир ўлдирарди. Шўрлик “Бозорчиликни ҳеч эплолмадим-да! Бугун сизга ёғсиз, унсиз пишадиган кўк сомса қилиб бераман” деб, атайин тандирга ўтин қалар экан. Эски челак устига патнис қўйиб, чопилган гиёҳларни - хамирсиз кўк сомсаларни ёпарди..
- Ўша йили Холида аянинг болалари бир-бир шишиб, нобуд бўлган, қизим. Ҳар кун кўк теришга ёрдамлашиб, кечгача йўл пойлаган катталари ҳам, сутсиз кўкракни чўзғилаб ўлиб қолган кичкиналари ҳам лаънати урушнинг қурбони бўлишган. Эри ҳам фронтдан қайтмади.
  Ҳов анави ерда ўша гўдакларнинг мозори бор, дейишади. Холида ая қирқ йил ҳар куни болаларидан хабар олган. Ҳар куни кўк сомсалар пишириб, аввал мозорга келарди. Қоракўзлари билан дардлашиб олгач, унсиз, ёғсиз сомсалар билан нуридийдаларин алдагани учун кечирим сўраркан... Гўрковнинг айтишича, қабрчалар бошида қолдирилган сомсаларни биров олмаса ҳам кампир кетгач йўқолиб қолаверармиш... Балки, ростдан ҳам гўдакларнинг руҳи.... Буниси энди фақат Яратганга аён.
  Чуқур хўрсинган ойим мижжамга қалққан ёшни титроқ бармоғи билан сидирар экан, мунгли жилмайди:
- Холида хола учун уруш ҳеч қачон тугамаган қизим. “Бошқа болалар ҳам очликдан нобуд бўлишмасин ”, - деб, ёш болали хонадонларга сомса кўтариб келардилар. Эҳ-ҳе, унинг кўк сомсаси билан қанча авлод катта бўлдийкин? Айтишларича, холанинг кўк соладиган бўз тўрвасини фаришталар тўлдириб беришар экан. Қайси томорқага кирмасин, ҳеч қачон қуруқ қайтмаган. Қалин қор тагида ҳам, борлиқни ковжиратган саратонда ҳам гиёҳларни топаверган...
  Шунақа гаплар қизим. Ўзинг емай Жекка бераётганингни билганимда, онам менга ҳикоя қилиб берган бу ғамгусор аёл тақдирини аввалроқ айтиб берардим.
  ...Ўшандан бери қанча йиллар ўтиб кетди. Баҳор келиши билан Холида холанинг кўк сомсалари ёдимга тушиб, томоғимга аччиқ бир нарса тиқилади. Холанинг қабрини болаларим билан бирга зиёрат қилар эканман уларга онам айтиб берган ғамгин ҳикояни етказишга, ҳа, кеч бўлмай етказишга ҳаракат қиламан.

Муаззам ИБРОҲИМОВА










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот