УМИДЛИ ДУНЁ


   Ишдан ҳорғин қайтарканман, ошхонада куйманаётган қизим менга пешвоз чиқади:
– Ойижон, овқат қилаяпман.
– Қизи ўнга кирса, онаси сонга кирармиш, – дейман меҳрим тобланганча уни бағримга босиб. У мақтовимдан эриб кетади:
– Ойижон, тунов куни сиз тикувчига элтиб берган матодан ўқитувчимиз кўйлак тиктирибдилар. Фасонини ҳали ҳеч кимда кўрганим йўқ, сиз ҳам ўшандай қилиб тиктиринг. Сизга жуда ярашади, байрам базмига кийиб борасиз.
– Хўп, – дейман минг бир ўйлов гирдобида. Тикувчидаги матони ойижони тиктиришга кўзи қиймай, қайтариб келиб сандиққа солганидан бехабар қизим мени ўша кўйлакда тасаввур этиб, яна юмушига уннаб кетади. Ортидан термулиб хаёлга толаман. Уни хаёлан ўша матодан тикилган келинлик либосида кўриб, дилим эртанги ёруғ кун умидида энтикади...

* * *

   Тошойна қаршисида соч тараётган ўғлим телефон гўшагини кўтариб, оҳиста-оҳиста ким биландир сўзлашади. Нигоҳларидан аллақандай ҳаяжон, иккиланиш, тараддудни илғагандек бўламан. Бир оздан сўнг чўнтагидан қўлини чиқарди-да, кафтларидаги жимитдек қутичани менга узатди:
– Ойижон, эртага байрамингиз. Жуда хушбўй атир. Яхши кунларда суртиб юринг.
  Қутичани олиб узоқ томоша қиламан. Ҳақиқатан ҳам, ҳар қандай аёлнинг дилини ром этадиган совға. Бироқ кўнглим сезиб турибди, атир битта, у менга ҳам, муаллимасига ҳам аталган эмас... Кўнглим ширин ҳисдан энтикиб кетади. Назаримда, ҳовлимга янгаларнинг шўх-шўх ёр-ёри билан бутун вужудидан шу нозик атир ҳиди анқиб турган келинчак кириб келаётгандек туюлади. Кафтимдаги қутичани ўғлимга узатаман.
– Болам, менинг атирим бор, синфдошларингга совға қила қол буни.
   У ҳаяжонини, тараддудини сездирмаслик учун кўзларини олиб қочганча қутичани олади. Дарвоза томон шошиб кетаётган қўлимнинг сарвдек қоматига термулганча сассиз сўзлайман:
– Болам, хушбўй атирлару безаклар, шўхчан давралару суқли нигоҳларни пойингга ўлдириб, сенинг мағрур бошинг эгилмаслиги учун онанг ғийбат тоғларидан ингранмай ўтаяпти. Менинг бардошу чидамимни синайдиган бу тоғлар ортида умидли дунём – сенинг камолинг бор, ўғлим. Илоё Тангри шу умидли дунёмни асрасин.

Сайёра ЗОИРОВА, журналист.