ОҒИР ЮКНИНГ ОҒРИҒИ


Қўчқор НОРҚОБИЛ

    ОҒИР ЮКНИНГ ОҒРИҒИ
Ҳикоя

   Қулмат бовонинг бир ўзи қолди. Уруш кўрган боволарнинг ҳаммаси бу дунёнинг азобини ернинг устига қолдириб, оёқ узатишди, кетишди. Ана энди ёлғиз Қулмат бово урушнинг жонли-жонсиз тарихи бўлиб сўппайиб қолган. Тирик экспонат. Айниқса, мактаб ўқувчилари май ойи яқинлашаверса, унинг наридан бери чоғироқ кулбаси эшигини дўқиллатиб уравериб тешиб юборгудай бўлишади. Ўшал дамлар Қулмат бово эси йўқнинг ҳам эсига тушади.
— Анави, Қулмат бово қолган, шу тирик. Совға-салом шунга бўлади энди, — дейди Ҳожи муаллимнинг маъракасида бошқалардан ёш бўлса-да, тўрнинг тентаги бўлиб ўтирган Нурмат найнов худди бир нарсадан қуруқ қолган каби. Ичини ҳасад чўғи куйдиради.
— Жони қаттиқ экан, бовонинг. Юзга қараб ўрмалаб бораяпти. Шу чол менинг отам бўлганда эди, кўп ишлар қилардим. Буларнинг замони келди ҳозир, — чийиллайди Долли ғўра. Аллақачон ўлиб кетган отасининг урушга ҳам бормаганидан ичида надомат чекади.
— Ҳозир ҳам қозиқдай. Тушган жойини ўйиб кириб кетади, уккағарнинг бовоси, — Ҳотам кал бош чайқайди, — тойхардай тосирдаб юради-я.
— Нима бўлса ҳам анови Эшмат дудуқнинг Собир биланғирини боплабди-да, бовоси тушмагур, — гапга қўшилади Нусрат бово.
— Биланғиринг нимаси, унинг нимаси биланғир? Соч-соқолини ўстириб, тор шимда худди Тўти танноздайгина бўлиб думбасини ўйнатиб югиргилайди-ку, — хихилайди Қурбон қоровул, — ўқишни ҳам ташлаб кетган экан. Ўғлим ёзувчи бўлади, Ойбек, Ғафур Ғулом бўлади, деб кериларди Эшмат дудуқ.
     Айни тобда Нусрат бовони остонада кимдир имлаб чақиради. Тошкентда яшайдиган қизи ва куёви меҳмонга қидириб келишибди. Бово ўрнидан қўзғалди. Шундай даврани ташлаб кетаётганига оғринди ҳам, лекин ноилож, куёвига пойи-патак бўлгувчи кампири Турсун момонинг: “Болаларга одамдайгина муомалада бўлинг, безлигингиздан шулар ҳам безиллаб қолган...”, деган доимий танбеҳи яна қулоқлари остида қайта жаранглагандай бўлди. “ Тезроқ бормасам, еб- ютиб қўяди...”.
— Бово биланғир, биланғир дейвердиларинг. Биланғирмас, блогер. Блогер у. Ҳозир шундайчикин иш бор, — дейди маъракага бовоси билан бирга келган кенжа невара Алижон. — Ҳамма жойни ковлаб тилпонга олади, тилпонга тушириб одамларга кўрсатиб кулги қиладиган касб, тушундингизми, энди?
— Ҳимм. Мен Сени оғзимни пойлаб, хатомни юзимга урасан деб, маъракага олиб келганмидим?, — норизо бўлади бово.
— Ўзингизда бово, шу ошналарингиз билан фақат, қаердаги гапларни қўзғаб ўтирасизлар.
— Бўлди, жим тирмизак...
     Улар диму дарс бўлиб, миқ этмай йўлда давом этишади. Барибир набиранинг ичи қизийди:
— Бово, анови блогерни Қулмат бово қандай боплабди? Нима депти?
— Ўша биланғиринг, тунов куни Қулмат бовоникига бориб: “Бово, тўққизинчи майгача соғ-омон туринг. Мен Сиз ҳақингизда бир зўр хушхабар тайёрлайман. Бутун дунёга тарқатаман, дунёга танитаман. Байрам куни эрталаб келаман. Тушиндингиз-а, ўшангача омон-соғ туринг”, дебди. Бефаросатнинг гапини қара, шундай ҳам дейдими? Биланғир дейсан, бунинг ақли айиқнинг тезагича йўқ-ку...
— Майлида бово. Кейинчи-кейин нима бўпти?
— Бовонинг кўнглига пича малол кепти. Энди худо билади болам, худонинг айтгани-да, деса, ҳалиги биланғиринг: “Ахир мен интервью олишим керак, керак бўлса, айрим жойларга айтиб қўйибман, газет-пазетлар билан ҳам келишиб қўйганман”, деб жириллаб қопти.
— Кейин-чи?
— Кейин бово айтибди: Хўп. Яхши. Унда менинг бир шартим бор дебди.
— Қанақа шарт?, — сўрабди биланғиринг.
— Менга қара, Сен менга Азроилдан бугун тилхат олиб келиб беролмайсан-ку, Қулмат бовоникига тўққизинчи майгача бормай турасан деб, шундайми?, — дея биланғирни гап билан ўйиб олибди.
— Кейин-чи?
— Кейинми, кейин, биланғиринг жим бўпти. Хафа бўпти. Хаёлида боводан ажралиб қоладигандай, турган жойида тайсаллабди. Буни сезган бовонинг шўхлиги келибди-да шундай дебди: “Болам, Сен анави Эшмат дудуқнинг кенжатойисан-а?”.
— Ҳа шундай.
— Унда мени эшит. Отангнинг энаси Тошгул кампир ҳам саксонга кириб қолди-а? Бовонг Райимқул уни айни гуллаган пайти ташлаб кетди-да.
— Бунинг менга нима даҳли бор?
— Бор даҳли. Иккимизнинг келишувимизга даҳли бор.
— Қанақасига?
— Тўққизинчи майга ҳали икки ойча вақт бор. Шунгача, менга шу момонгни бериб турасан. Ана, Холли махсумга уч-тўрт сўм “чой-чақа” берсам, никоҳимизни ўқийди. Хоҳласанг, момонг билан “закис”дан ҳам ўтамиз.
— Бово, эсингиз жойидами?, — деб жириллайди, биланғир.
— Жойида. Зора булар энди бир-бирига етишди, деб ўлим ҳам инсофга кирса... Балки, икки ой эмас, балки икки-уч йил яна мен билан ана шундай байрамларда чин неварам бўлиб суҳбатлашиб юрарсан...,---дебди Қулмат бово.--- Мана шу гап бутун қишлоққа овоза бўлди.
     ...Чол билан невара қаҳ-қаҳ уриб кулишади.
— Боплабди-ку, — дейди невара.
     Чол бош ирғайди.
— Бово шу Қулмат бово ҳам ғалати-да... Уруш тугашига икки йил қолганда фронтга жўнаган экан. Шу икки йилда Белорусни қутқардим. Польшани озод этдим, Берлинга бориб байроқ урдим дейди. Кўксидаги медалларни шаҳарларнинг номи билан атайди. Бу Минск, бу Варшава, бу Берлин. Буларга қўшиб ер юзининг ярмини кўтариб юрибман, деб қўяди.
— Болам Қулмат бовонг чин айтади. Урушда бўлган одам урушни нафақат кўксида медал қилиб, балки, ўша урушни бор бўйича, барча азоблари, танклару самолётлари, бомбалари, ярадору тирик, ўликлари билан кўтариб юради. Урушда бўлган одамга осонмас. Уруш одамнинг кўксидаги оғир юк. Бу юк ерга оғирлик қилади. Шунинг учун у кўксидаги оғирликни ернинг устига ташлаб қўймайди. “Уруш боволари”нинг барчаси шундай оғир юк билан яшаб ўтишади. Улар бутун ер юзини кўтариб юрадилар, десанг ҳам чин.
— Сиз буни қаердан биласиз бово?
— Менга буни отам, Сенинг Раҳмон бовонг айтган. Худо раҳматли отам ўлаётиб, уруш бир оёғимни юлқиб олди. Оёғим Берлинда қолиб кетувди. Ҳозир оёғим Берлинга оғирлик қилмаяптимикин, деганди.
     ...Бола анчагача жим кетади. Бармоқларини санайди. Ўзича ниманидир ҳисоблайди. Тўққизинчи майгача ҳали эллик бир кун вақт борлигини чамалайди. Хаёлида Қулмат бовонинг кўкси жуда катталашиб боради ва унда акаси глобусда кўрсатган шаҳарлар намоён бўла бошлайди. Минск, Варшава, Берлин... ва ҳоказолар... Кўчалар, одамлар, улкан иморатлар, бари-барини Қулмат бово кўтариб тургандай бўлади.
     “Қулмат бово ростдан ҳам азамат, полвон бово”, — деб ғудранади ўзича. Ва, туйқус, ёдига эчки соқол, сочини қизларникидай ўстириб, тор шим кийиб юрадиган Собир биланғир тушади ва бовонинг кўксидаги медаллар ичидан унинг тиржайиб турган ангори пайдо бўлади. “Биланғир бўлсанг, ўзингга, лекин Қулмат бовонинг кўксига Сен киролмайсан, Сенга унинг кўксида жой йўқ”, деб қўяди ўзича.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот