«ЁҚИМСИЗ» ОДАМ


   Қуёшнинг иссиқ тиғидан қандай қутулишни билолмай сарсон бўлиб юрган қора ёлли арслон кекса бир дарахт тагига келиб жойлашди-да, шу ётганича узоқ ухлади. Бу орада арслоннинг наздида «ўлжа» ҳисобланадиган бир қанча жониворлар оби-ҳаётни излаб, унга етиб бормоқ учун у ухлаб ётган дарахтнинг олдидан бепарвогина ўтиб кетишди. Айни пайтда бу ерларда сув тақчил, куннинг оловли нафаси эса барча жониворларни бирдек азоблар эди. Ўз навбатида қора ёлли арслонни ҳам бу рутубатлар четлаб ўтмаган, у узоқ муддат оч юргани боис вужудида кучли бир оғриқни ҳис қилган ва бирон бир жониворни ўлжа қилолмаслигига кўзи етиб, мана шу дарахт тагига ўзини урган эди. Мана, унинг бу ерда ётганига деярли ўн олти соатдан ошди. Бироқ, арслон очлик ва сувсизликка бардош қила олмади.Ўрниданда турмади... Туролмади...Абадий уйқуга кетди...
 Саванна ҳаёти бир қарашда оддийдек кўринса ҳам, аслида бу ернинг ҳар қаричида, ҳар бир нафасида ҳаёт учун кураш давом этарди. Сўнгги вақтларда бу ердаги ҳарорат анча кўтарилиб қолди. Боя таъкидланганидек, сув захиралари ҳам тақчил бир аҳволга келди. Жониворларнинг кўпчилик тури бу ўзгаришларга бардош беролмай, йўқолиб кетиш хавфи остида қолган, дунёнинг турли бурчакларидан қирилиб бораётган турларни муҳофаза қилиш учун кўплаб олим-у табиатшунослар бу тупроқларга қадам ранжида қилган эди. Бироқ, уларнинг ўзлари ҳам бундай шароитда кўп вақт тура олишмади. Нари борса, уч-тўрт жониворнигина илмий текшириш лабораториясига олиб кетишга муваффақ бўлинди. Аммо олимлар бир нарсани аниқ билишарди. Уларнинг ҳисоб-китобига кўра, агар бу ердаги аҳвол яқин ўн йил ичида ўзгармаса, дунё ҳайвонот олами жиддий тўсиқ қаршисида йўқолиб кетар экан...
  Эрта тонгдан қишлоқнинг  чанг йўлларини тўзитиб бир машина кетиб борарди. Салон ичидагиларнинг ажнабий эканлигини маҳаллий аҳоли аллақачон сезиб улгурганди. Буни билиш уларга қийин эмас. Чунки, яқин орада мана шундай «ҳашамдор» уловлар уларнинг қишлоғидан кўп бора ўтди. Аммо ҳеч бири тўхтаб, бу ерларда дам олишни ўзига раво кўрмади. Маҳаллий аҳоли билади: ажнабийларга шаҳар марказидаги меҳмонхона керак. Бўлмаса, улар бу ерларда бир дақиқа ҳам тура олишмайди...
−   Бунча бадбўй! – деди аёл норози бир оҳангда машина ойнавандини  кўтаришга уриниб. – Ойнадан ҳам киряптими нима бало?!
−   Мария хоним, бу ер сизга Оврупа эмас! Қаранг, наҳотки сиз шундай гўзалликдан баҳраманд бўла олмасангиз?!
− Жаноб Билли! Бу кесатиқнинг тагида нима ётибди билмадим-у, ҳар ҳолда меҳмонхонага етиб боргунимизча жимгина ўтириб кетсангиз ёмон бўлмасди! – аёлнинг бу гаплари машинада ўтирганларнинг табассумига, аниқроғи истеҳзоли кулгусига сабаб бўлганди. Жаноб Билли ҳам гарчи зоҳиран кулиб турган бўлсада, ич-ичидан бу инжиқ, бу димоғдор аёлни роса ҳақорат қилар эди.
−  Етиб келдикми Родриго?! – яна норози оҳангда гап қотди аёл. – Жуда қийналиб кетдим ахир! Янги лавозимга кўтарилиш бу қадар ҳам қийинлигини билганимда, бу ерларга ўлсам ҳам қадам босмаган бўлардим!
− Сабр қилинг Мария хоним, сиз нуфузли ташкилотнинг бир аъзосисиз! Жониворларни ҳимоя қилиш бизнинг бурчимиз ахир, шундай эмасми жаноблар?! – жаноб Биллининг бу шаъмаси Мария хонимга тегиб кетган бўлса-да, аёл бошқа гапирмади. У билан тортишиб ўтиришни ўзига раво кўрмай, манзилга етиб боргунларича қовоғини очмади. Жаноб Билли эса бояги қолиб кетган аламини олиб, хуморидан чиққани учун ўзида йўқ шод эди.
 Машина уч қаватлик бир бино ёнига етиб келди. Бино Ғарбнинг ҳашамдор иморатларидан тубдан фарқлансада, бу ердаги бинолар билан солиштириб кўрилганида энг яхшиси мана шу эди.
 Бир дунё юклар машина юкхонасидан туширилиб, қора танли хизматкорлар томонидан ичкарига олиб кирилди. Фақат Мария хонимгина қора қўлларнинг чамадонига тегишига рухсат бермади. Хизматчилар буни «Оврупача маданият» деб тушуниб ўзларини хотиржам қилишди.
− Бино жуда зўр эканми хоним?! Сизга энг яхши хонани ажратиб беришади ишонаверинг! – деди жаноб Билли йўлак бўйлаб кетаверишда. 
− Ўзим ҳам шунга умид қиламан, ишқилиб бу ерларда гўзаллик марказлари, аёллар учун салонлар бормикин?! Йўлакдаги ойнага қараб, ўзимни таний олмаяпман!
− Мен ҳам фикрингизга қўшиламан Мария хоним, сал бўлмаса бу кўринишингиз билан хизматчиларни чўчитиб юборай дедингиз-а! Бечоралар қўрққанидан юкингизга тегишмади.
- Раҳмат жаноб Билли, сиз жуда ҳам "илтифотли"сиз... - Мария хоним шундай деганича ўз хонасига бурилиб кетди...
 Тонг отиши билан бир гуруҳ кишилар катта машинага ўтириб, Саваннанинг бепоён кенгликлари бўйлаб йўлга чиқишди. Улкан ғилдираклар ортидан эса бир инсонни «яширишга» қодир бўлган чанг-тўзон кўтарилди.
− Жаноб Родриго, меҳмонхона шароитлари сизни қониқтирдими?! Яъни кечаси тиниқиб ухлай олдингизми?! – Биллининг бу саволига Родригодан ҳам олдин Мария хоним жавоб қайтарди:
− Умуман ухлай олмадим азизлар! Деразани очиб ётсам қандайдир бир нарсалар кириб, қулоғим остида шовқин сола бошлади. Мана улар етказган жароҳатлар! – аёл шундай деб қўлидаги нуқтадек келадиган «жароҳатини» ҳамкасбларига кўрсатди. 
−  Эҳ Мария хоним! Сизни жароҳатлаган нарсани чивин дейишади, чивин! Бу ерларда уларнинг юзлаб хили учрайди. Наҳотки ҳашоратларга қарши «адаптор»лардан фойдаланмаган бўлсангиз?! Сиз бундай нарсаларга ўта эътиборлисиз-ку?! Наҳот билмасангиз?!– деди жаноб Билли кўзларини аёлдан олиб қочишга уриниб.
− Мен, − гап бошлади аёл, − бу ерга статистика учун келганман. Жониворларни фарқлаш ва уларни сақлаб қолиш эса сизларнинг ишингиз! Эрталабдан бери мана шу шалдироқ аравада сизлар билан юришга мажбурман! Мана, қўлларим ҳалитданоқ куйишни бошлабди. Мен уларни не-не ҳасратларда Лондондаги салонларда оқартирган эдим! Сочларим ҳам сизнинг гапларингиз эвазига тўзғишни бошлади Билли! Бу ҳам етмаганидек, бошим бироз айланиб, тобим қочиб бормоқда. Сиздан яна бир марта ўтиниб сўрайман, менга бошқа пичинг қилманг!
  Шу билан суҳбат тугади. «Қутқарувчилар» буёғига жим кетишди. Аниқроғи Мария хонимгина суҳбатларга қўшилмади. Товоқдек келадиган электрон ускунасини олиб, бир нарсаларни ёза бошлади.
− Қаранглар, анави ерда бир нарса борга ўхшайди! – Родригонинг бу ваҳимаси ҳаммани чўчитиб юборди. Машина баландроқ бир нуқтада тўхтаб қолди.
− Тинчликми, нега тўхтадик?! Родриго нимани кўриб қолдингиз?! Бу ерларда жониворлардан бошқа ҳеч нима йўқ. 
− Тавба, «примат»ларнинг энг каттасини шу ерда, ногаҳон дурбин билан кўришга муваффақ бўлдим! У... У қора рангда эди! Унинг икки оёқлаб юришини кўрсангиз эди...
− Ҳой Родриго сиз айтаётган жонивор тропик иқлимдагина бўлиши мумкин! Приматларнинг кўпчилиги ҳозир қирилиб кетган. Сизнинг кўзингизга  йирик шохли қорамол кўринган бўлиши мумкин! Бу аниқ!
− Жаноб Билли! Нима, сиз мени жониворларни фарқлай олмаслик бўйича «Гиннес»га киритмоқчимисиз?! Ўз кўзларим билан кўрдим уни! Гавдаси тахминан сизникидан каттароқ, кўриниши қора балки юнглидир, ишқилиб у икки оёқда юрарди. Кейин эса бирдан ғойиб бўлди! Онт ичаман ахир!
− Яхши, унда биз тез орада ҳалқаро «Нобел» мукофотини қўлга киритар эканмизда, қойил Родриго, тасанно! – жаноб Билли шундай деганича ёнидан тамаки олиб, уни тутатишни бошлади. Бу нарса унинг асабийлаша бошлаганидан далолат қиларди.
− Билли, кесатиқларни йиғиштириб менга қулоқ солинг. Ўша нарсани албатта топиб, илмий марказга олиб боришимиз керак, тушундингизми? Бу оламшумул ҳодиса бўлади ҳали! 
− Янглишмаётганингизга аминмисиз?! Балки ростдан ҳам кўзингизга кўрингандир?! – ажабланди хоним ҳам.
− Мария хоним, агарда дурбинимда кузатув камераси бўлганида буни ўз кўзларингиз билан кўрган бўлардинглар! Афсус, лекин камера йўқ! Бироқ, мен юз фоиз аминманки, сизлар олдин бу мавжудотни мутлақо кўрмагансиз!
− Ҳовлиқманг жаноб Родриго! Баъзи бировлар оддий бир чивинни ҳам олдин учратмаган...
− Билли яна бошладингизми?! Эй Худо қачон қутуламан-а сиздан?! – Мария  хоним бошқа гапирмади. Қуёшга қарши упасини олди-да, уни юз-кўзларига сурта бошлади.
− Хуллас, бугуноқ ўша мавжудотни излашга тушамиз. Кейин гапларим қанчалик тўғри эканлигини англаб етасизлар! – Родриго шундай деганича қора танли ҳайдовчига қараб «олдинга юр» ишорасини қилди. Мария хоним ҳам, жаноб Билли ҳам унинг бу гапларидан  сўнг ўзаро жилмайиб қўйишди. Чунки улар наздида Родригонинг бу ваҳимаси гўёки телба бир одамнинг «мен энди тузалдим»имига ўхшаб кетарди.
   Хуллас, катта машина яна жойидан қўзғалди. У ортидан чанг-тўзонни «эргаштириб» жуда узоқ йўл босди. Аммо кун кеч бўлган маҳалгача  Родригонинг режаси амалга ошмади. Ҳеч қандай ноодатий из ёки бир белгинида топа олишмади. Охири, машина ортга – меҳмонхонага қараб қайтиб кетди...
    ***
  Бепоён Саванна кенгликлари бўйлаб яна қуёш чарақлай бошлади.Сувсизлик ва очлик балоси сабаб ҳали ҳамон тириклик нашидасини сураётган жониворларга эса яшаш учун курашнинг яна бир куни бошланди. 
   Эрта тонгдан кайфиятсиз ўтирган «бечора» Родригони кўриб, жаноб Биллининг жини қўзиди ва ўзининг ҳар доимги «қилиғи» билан унинг ғашини келтирмоқчи бўлди.
− Қадрдоним Родриго, бундай тушкун ҳолатда ўтириш йигирма биринчи аср одамига, айниқса сиздек илмли инсонга мутлақо тўғри келмайди. Биламан, ўша кунги ғалати қилиғингиз сабаб оромингизни йўқотгансиз. Ва ўз навбатида... – бироз тин олди у, − ўз навбатида бизнинг ҳам кайфиятимизга салбий таъсир ўтказаяпсиз!
− Ўзим ҳам ҳайронман қадрдоним! Мен ҳали ҳамон бу жумбоқнинг сирини ечишга ожизлик қиляпман. Ахир, мен уни аниқ учратдим, аниқ биламан бу ноодатий жонивор эди! Икки оёқда маймунга ўхшаб юришлар, беўхшов тана тузилиши... Нима қилишга ҳам ҳайронман азизим...
− Родриго! Сизни яхши билмаганимда ҳозироқ  бу ерни тарк этиб, биринчи рейс билан ватанимга қайтиб кетган бўлардим. Аммо сиз бир нарсани билмасангиз гапирмайсиз! Дилимда сизга нисбатан илиқлик ва ишонч сақланиб қолган...
− Яъни?!
− Айтмоқчиманки, гарчи бир неча кундан бери ўша номаълум нарсани излаб бирон натижага эриша олмаган бўлсак-да, бу ишга яна бир марта уриниб кўрсак менимча зиён қилмаймиз! Тушунганингиздек, биз ҳали қидириб кўрмаган фақат битта жой қолди азизим!
− Хўш, гапиринг жаноб Билли, нима демоқчисиз?! – сабрсизланди Родриго.
− Анави ер! Яхшилаб қараб кўришимиз лозим, балки сиз айтаётган нарса ўша ердадир! – жаноб Билли қўли билан меҳмонхона тарафга ишора қилди. Буни кўрган Родригонинг ҳафсаласи пир бўлиб, шеригидан ихлоси қайтгандек бирдан бўшашиб қолди ва деди:
− Сиз ҳам устимдан кулинг энди! Фақат сиз камлик қилаётгандингиз...
  Шу пайт кутилмаган ҳолат юз берди. Меҳмонхона яқинидан аёл кишининг аламли чинқириғи эшитилиб, ҳаммаёқни ларзага солди.
− Бу Мария эмасми?! Билли тезроқ борайлик!
− Айтмадимми Родриго, ўша ерни бир қараш керакдеб...
  Атрофда одам кўп. Уларнинг ўртасида ўзини четга олиб қочмоқчи бўлган, кўзлари қўрқувданми, ёки бўлмаса аллақандай нотаниш туйғуданми хуллас кишига умидвор боқувчи Мария хоним турарди. Ҳеч ким унинг ёнига яқин келолмас, хоним қаршисида турган ғалати бир «мавжудот»дан ўзини пана қилиб, одамларни ёрдамга чорлаш билан овора эди.
  Шу пайт оломон ичига жаноб Билли ва Родриголар етиб келди. Улар дам бир бурчакда йиғламсираб турган Мария хонимга, дам эса неча кундан бери излаб юрган ва фавқулотда бугун  рўбаро келган антиқа «мавжудотга» ҳайрат билан боқишарди.
− Бу ўша! Билли бу ўша мен кўрган мавжудот! Мен исботладим, унинг борлигини ҳамма кўрсин, бутун дунё билсин! Энди мен халқаро мукофотлар, турли анжуманлардан бўшамайман! Ҳамма мен ҳақимда ёзади энди! Одамлар нимага қараб турибсиз?   Билли?! Ушланг бу мавжудотни! У хавфли бўлиши мумкин...
− Родриго! – кескин оҳангда деди жаноб Билли. – Майнавозчиликни бас қилиб, аввал маҳаллий аҳолини тингланг!Илтимос, инглиз тилида бу икки шеригимга ҳам тушунтиринг, улар сал қизиққонроқ... – у шундай деганича қора танли бир мўйсафидни ўртага таклиф қилди.
  Қария бир қўли билан ерга қараб хомуш турган «мавжудотни» «меҳмонлар» ёнига олиб келди. Унинг уст боши қора, териси дағаллашиб, бўртиб кетган. Икки оёғи йўғон, танаси букилиб қолган. Сочлари ўсиб, тўзғиб кетганидан юзини аниқ кўриб бўлмасди. Бир қарашда ҳақиқатдан ҳам «горилла»ни эслатарди. Танасидан келаётган бадбўй ҳид эса мана энди ҳамманинг димоғига урила бошлади. Йиғилганлар орасида шовқин кўтарилди. Мария хоним дарҳол қўли билан бурнини беркитди-да, ёнидан ширин ҳаво пуркагичини олиб, атрофга сепди. Родриго ва жаноб Биллилар эса уч-тўрт қадам ортга чекиниб, юзларини четга бурди.
  Қария одамларни тинчланишга чорлаб, бор овозида гапира бошлади:
− Одамлар! Сизларга нима бўлди?! Наҳот бир ажнабийларни деб бу бечорадан «ор» қила бошлаяпсиз?! Ахир сизлар буни танийсиз, биласизлар-ку?! Нега шовқин кўтариб, ваҳима солаяпсиз?!
− Ҳой қария, бу нима бало ўзи?! Одамми?! – савол берди Родриго бурнини жийириб. – Шу ҳам одамми-а?! Кўриниши нақд маймуннинг ўзи-ку?! Билли қаранг буни! Тавба, бунчалик ҳам тасқара ва жирканч одамни биринчи маротаба кўришим...
− Родриго, ўша кунги кўрган нарсангизни қаранг! Ҳа Мария хоним қўрқиб кетдингизми?! – илжайди жаноб Билли.
− Бунга нима қилган ўзи?! Ким бу ёқимсиз одам?! – йўтала бошлади Мария хоним.
  Қария «ёқимсиз» одамни бошини силаб, Родригога яқинлашди. Унинг кўзларига тик боқиб, шундай деди:
− Унинг исми ТАЛОДА! Мен уни шундай атайман! У мен учун АДОЛАТнинг ёрқин тимсоли. Бундан бир неча йиллар олдин бу шўрликнинг қабиласи сув ичиб, чанқоғини қондирадиган  муқаддас   кўл ҳавзаси кучли исиш оқибатида қурий бошлади. Орадан бир неча кун ўтиб эса қабиладаги нимжон ва бемор инсонлар бирин кетин вафот этишди. Нимага биласизларми?! Чунки уларнинг эътиқоди бўйича фақат ўша қуриган кўлнингина сувидан ичиш лозим ва фақат ўша кўлнингина сувида чўмилиш даркор! Энди бу бечоранинг ҳолини тушуниб етаяпсизларми?! Унинг барча қабиладошлари сувсизлик дан вафот этди. Фақат шу бечорагина тақдирнинг ҳукми билан тирик юрибди,тирик! Тўғри, у бизнинг сувдан ичиб жон сақлаб қолган. Бироқ, қабиласига берган аҳдига мувофиқ бошқа бирон бир ерда ўн бир йил чўмилмади! Шунинг учун ҳам танаси қуриб, қорайиб қолган. Ундан ҳамма нафратланади, ҳамма ундан қочади! Чунки  у аҳдига содиқ қолган! Чунки у ишонади: бир кун келиб ўша қуриган кўллар яна ўз ҳолига қайтишига, ўша кўлнинг атрофига қурилган КАТТА-КАТТА  чиқинди иморатларнинг йўқ бўлишига, ўзлари муқаддас деб билган жониворларнинг яна уйлари олдида пайдо бўлишига умид қилиб яшайди!
− Қойил, бир челак сув топилмабдида бу бечорага! Майли, унда биз тезроқ меҳмонхонага кириб уст-бошимизга қараб олишимиз даркор! Тавба, унинг ёқимсиз ҳиди янги кўйлагимга ўтириб қолган бўлса-я?! – Мария хоним шундай деганича кийимининг енгларини ҳидлаб кўра бошлади.
− Қария, у нега бу ерга келди. Нима, ҳар бир икки ҳафтада сув ичиб кетадими?! – деди жаноб Билли.
  Қария унинг «шаъма»сига тушуниб, қаттиқроқ овозда жавоб қайтарди:
− Унинг нима учун келганини мен биламан! Фақат мен! Чунки унинг тилини, қилган имо-ишорасини аллақачон англаб бўлганман.
− Хўш, нега келибди унда?! – энсаси қотиб деди Родриго.
− У кўчиб юрадиган ерларнинг бирида зебралар тўдаси ҳалокатга учраган. Тўданинг бир қанчаси сувсизликдан вафот этган, қолгани эса чалажон бўлиб қолган экан. Бу бечора, сизларга умид қилиб шу ерларгача келди, акс ҳолда бу ерларга умуман қадам босмасди...
− Демак, биз зебраларга ёрдам беришимиз лозим шунақами?! Уларга нима бўлган, қандай ҳалок бўлган, буни билмаймиз. Бунинг учун марказга боғланиб, ёрдамчи куч чақиртириш керак! Ёки ўша ерга бориш лозим. – деди Родриго жаноб Биллига қараб.
− Ё бўлмаса, маҳаллий кенгаш билан келишиб, зарур асбоб-ускуналарни, жумладан бирор учар «вертолёт»ни олиб туришимиз лозим. Бунинг учун эса камида уч тўрт кун керак бўлади.
− Аввало, марказдан рухсатнома олиш керак! Балки бу хабар ғирт ёлғондир?! Қаёқдаги бир «ёқимсиз»нинг гапига кириб, жиддий ҳаракат қилолмаймиз! Биз ўша ерни ўрганишимиз зарур! – деди Мария хоним Родригога жавобан. – Кейин шахсан мен, бу ғалати нусха билан бир машинада кетмайман!
 «Ёқимсиз» одам бир нималарни ишора қилиб ерга ўтириб қолди ва «ажнабий» меҳмонларга қараб таъзим қила бошлади.
− Бу нима қилаяпти яна?! – асабийлашди Родриго.
− Бечора рост гапни айтдим деб қасам ичяпти ва сизлардан зебраларни қутқаришингизни сўраб, илтижо қилаяпти! – изоҳ берди қария.
− Қойил-е, бу одам нима истайди ўзи?! Шунча йил чўмилиш ақлига келмаган одам, зебраларнинг фалокат ёқасига келиб қолганини қаёқдан ҳам биларди?! – тиржайди Мария хоним Родригога қараб.
− Бўлди бас, − гапни қисқа қилди жаноб Билли, − қария, бунга айтинг тезда бу ердан даф бўлсин! Ким билади, балки унда юқумли бирор касаллик бордир?! Одамларга юқиши мумкин! Айтинг, тезроқ кўздан йўқолсин!
  «Ажнабийлар»  меҳмонхонага кетмай туриб, «ёқимсиз» одамнинг ўзи кўздан ғойиб бўлди. Унинг ортидан қараб қолар экан, қария бир нималар деганича кўзига ёш олди...
                                                 ***
  Кечга яқин янграган қаттиқ сигнал товуши хонада дам олиб ўтирган жаноб Биллини ўрнидан қўзғалишга мажбур айлади.
− Эшитаман, − деди у телефон гўшагини қулоғига тутар экан.
− «Жаноб Билли! Сизга зудлик билан еттинчи параллел ҳудудга экспедиция ўтказишингиз лозимлигини маълум қиламан. Барча эҳтиёт чораларини кўриб, мазкур ерларни кўздан кечиринг! Қабул тугади...»
− Родриго, − деди жаноб Билли унинг тепасига келиб, − тезроқ анави хонимга хабар қилинг, зудлик билан ҳудудга чиқиб вазиятни ўрганишимиз лозим! Ҳа айтгандек қора танли ҳайдовчини ҳам чақириш ёдингиздан чиқмасин...
 Машина бепоён кенгликлар бўйлаб дадил кетиб борарди. Йўлда турли хилдаги жониворлар бир-бир кўриниш берар, бу ерларда тез-тез юрадиган ҳайдовчи йигит жониворларнинг сонини кескин равишда камайганини пайқаб,  билинар-билинмас бош чайқаб қўярди.
  Манзилга етиб келдилар. Дастлаб икки нафар ёрдамчи қора танли кишилар салон ичидан тушишди. Сўнг эса Родриго, жаноб Билли ва Мария хоним. Айниқса Мария хоним эринибгина ерга оёқ қўйди. Айни дамда унинг сира ҳам юришга мадори, аниқроқ айтадиган бўлсак истаги йўқ эди. Унинг бошида чиройли қилиб кийилган «француз» бош кийими, эгнида янги кўйлак, гўёки муҳим бир учрашувга кетаётгандек ясаниб олган. Аслида, бу ўзгаришларнинг ортида кеча « ёқимсиз» одам билан боғлиқ воқеа ётар, Мария хоним кечанинг ўзидаёқ эгнидаги либосини йўқ қилиб юборган эди...
− Аҳвол ўша-ўша, − ерга туфлади Родриго, − ҳеч қандай ўзгариш йўқ! Тавба, лабораториядагилар бунча ваҳима қилмаса?! Ўлгур «детектор»лар ҳам салга қўнғироқ чалаверади.
− Тўғри, лекин бирон ўзгариш бўлмаган бўлса, раҳбаримиз бекордан-бекорга огоҳ қилмайди. Қаердадир бир нима содир бўлгани аниқ!
 Шу тоб, бояги икки нафар хизматчи йигитлар бир-бирига бидирлаб «қутқарувчилар»га қарата гапира бошлашди:
− Жаноблар, анави ерда тушуниб бўлмас воқеалар содир бўлмоқда! Мана, қўлимиздаги «детонатор» шуни кўрсатмоқда! Боядан бери ишламай, энди ёнганини қаранг!
− Қани, менга берчи! – Родриго яқин атрофдаги ўзгаришларни, масалан: об-ҳаво, ер қимирлаши, ўтхўр жониворлардаги ўзгаришларни ва шунга ўхшаш бошқа нарсаларни кўрсатиб турадиган қора қутили «детонатор»га қараб, хизматчи йигитларнинг ваҳимасини англагандек бўлди, ва кўрсатилган манзил бўйлаб шерикларини олға бошлади. – Юринглар, анави томонда!
Барчалари кўрсатилган манзил бўйлаб етиб келишди. Келишди-ю, бундайин «даҳшатли» манзарани кўриб, чунонан ҳайратга тушишди.
   Бир тўда чалажон зебралар тупроққа беланганича хириллаб ётар, уларнинг ёнида эса иккита йирик арслон ҳушсиз ҳолатда ётарди. Сал нарироқда эса бир қарашда кўзга унчалик ҳам ташланмайдиган, аммо яқинроқ бориб қаралса унинг ОДАМ эканлиги аниқ бўладиган , агар яхшилаб текширишса аллақачон вафот этган ўша «ёқимсиз» одам ҳам қонга беланган эди.Аммо унга ҳеч ким аҳамият бермади.
− Қаранглар, бу зебралар ҳали тирик! Уларни тезроқ лабораторияга олиб бориб ҳаётларини сақлаб қолиш мумкин! – хизматчи йигит дарҳол бориб юк машинанинг орқа қисмини тушира бошлади.
− Тўғри, булар жуда ҳам ноёб турдаги зебралар! Афтидан анави арслонлар буларга ҳужум қилмоқчи бўлган, қилган ҳам... Аммо нима сабабдан арслонлар ўлиб, зебралар тирик қолди бунисига энди ҳайронман...
− Ҳа, зебраларнинг омади келибди! Менимча бу арслонлар ўта заиф бўлган, шу боис ҳам зебралар улардан осонликча қутулиб қолган... – фикр билдирди жаноб Билли.
− Тўғри айтасиз! Бу улкан бахт-ку! Бу ноёб турни бир умрга йўқолиб кетадими деб ўйловдим...Родриго, сиз нега жимиб қолдингиз, ахир қувонмайсизми?! – деди Мария хоним шеригининг ёнига яқинроқ келиб.
− Менимча, ўша кунги одам бизни алдамаган... – жимиб қолди Родриго.
− Кимни айтяпсиз ўзи?! Родриго нималар деяпсиз?! Тўхтанг,тўхтанг! Сиз ҳали анави... Ўша « ёқимсиз»ни айтаяпсизми?! Оҳ Родриго, уни эндигина ёдимдан кўтарганимда яна эслатиб дилимни хира қилдингиз азизим! Унинг номини бошқа менинг ёнимда айтманг! Эсласам, ҳали ҳамон кўнглим айниб кетяпти...
− Рост, Родриго уни унутинг, ундан кўра бугунги зиёфатни қаерда нишонлашимиз лозимлиги ҳақида ўйланг! Эҳ, бу янгиликни бўлим бошлиғимиз жаноб Эрни эшитса борми, ҳаммамизни мукофотлаши аниқ! «Жониворларни қўриқлаш федерацияси» ҳам бизни қуруқ қўймайди...
− Тўғри айтасиз азизим, Билли! Гарчи сизнинг гапларингизни унчалик ҳам хушламасам-да, аммо бу сафар маъқуллашга мажбурман! Қани, тезда зебраларни юкхонага ортайликда, зиёфатга шошилайлик бўлмаса...
                                                        ***
  Орадан бир неча соат ўтиб, ҳаммаёқни чанг-тўзонга белаган юк машинаси қандай келган бўлса, шундай кўздан ғойиб бўлди. Шу тариқа бу ҳикоя ўз ниҳоясига етмоқда.
 Айтгандек, ўша «ёқимсиз» одам... Унинг нима сабабдан ўлганини зийрак ўқувчиларимиз аллақачон тушуниб бўлгандир. Агар билолмай қолган бўлса ё бўлмаса ҳикоя бироз тушунарсизроқ чиққан бўлса мен унинг энг ачинарли қисмини бироз эслатиб ўтаман. Ўша ТАЛОДА исмли киши зебраларни, умуман бутун жониворларни қаттиқ яхши кўрарди. Шу боис ҳам уларни қутқариш мақсадида, оч қолиб,кучдан қолган икки арслонни бир ўзи маҳв этди. Аммо ўз жони эвазига... Сизда савол пайдо бўлдими?! Айтишингиз мумкин, агар у жониворларни яхши кўрса, нега арслонларга ҳам раҳм қилмади ?! 
   Қадрли ўқувчим, ўша дамда ТАЛОДАнинг юрагидан қандай ҳислар ўтганини ёлғиз Парвардигор билади! Аммо шу нарса аниқки, ТАЛОДА ўз исмига монанд ишни амалга оширди. У бугун ҳийла йўқолиб бораётган бир туйғу – АДОЛАТга таяниб, ночор қолган зебраларнинг ёнини олди. У арслонларни ҳам қутқариб қолиши мумкин эди... Қўлидан келган барча ишни қилди ҳам: ОДАМЛАРнинг ёнига бориб, улардан МАДАД сўради! Бироқ...
  Ҳа айтгандек, ўша «ажнабийлар»  «ёқимсиз одам»ни унча хуш кайфиятда қабул қилишмади. Агар уларнинг бугунги «муваффақияти»орқасида унинг ҲИССАси борлигини билганларида, эҳтимол унга бўлган ҲИСлари ўзгарармиди?! Хўш,сиз нима дейсиз азиз ўқувчи,шундай бўлиши мумкинмиди?!..
                                                                                                
Шерзод  ҲАЙДАРБЕКОВ










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот