ҚОРА ИЛОН ҚАСОСИ


  Ўзи асли қишлоқдан чиққан, аммо маълум бир сабабларга кўра шаҳарда қолиб кетиб, оз-моз пул тўплаган уддабурон  йигит - Собиржон чекка бир қишлоқларнинг биридан каттагина ери бор данғиллама ҳовли-жой сотиб олди. Уйнинг бир томони боғ. Унда турли хил олмалар, анор-у, беҳилар бош эгиб солиб ётибди. Сал нарироқда эса катта теракзор ва сой. Улар ҳам ҳовлига туташиб кетган. Бир томондан олисдаги қир-адирлар кўзга ташланади. Ҳаммасидан ҳам зўри - мол-қўй боқиш учун ҳовлида ажойиб бир шароит яратилган. Кенг ва катта оғилхоналар, мустаҳкам қилиб қурилган товуқ учун жой.

     Собиржонни хурсанд қилган нарсалар биргина бу эмас. Бундан олдинги уй эгаси ҳовлини  жуда арзон нархга сотди. Бу ҳам етмаганидек ҳовлига элтадиган йўл асфальт қилиниб, унга арчалар экилганди. Тўғри, уйнинг аҳволи шаҳардагидек зўр қилиб таъмирланмаган, аммо бунга чидаса бўлади. Ҳовлининг энг катта устунлиги шундаки, агар каллани ишлатиб тадбир қилинса, бир неча йил ичида чорвани кўпайтириб улкан даромадлар олиш мумкин. Буни яхши англаган Собиржон ўйлаб ўтирмай мана шу уйни сотиб олди ва эртасигаёқ бу ерга оиласини йиғиштириб кўчиб келди.

     Янги уйга келган оила дастлаб бунга кўника олмади. Ҳар ҳолда болаларнинг  тили шаҳарда - кўп қаватли уйда чиққан. Собиржоннинг аёли ҳам шаҳардаги дўконда сотувчи бўлиб ишларди. Ҳеч кимса йўқ бу зерикарли ҳовлига у ҳам кўника олмади. Чунки у ҳар куни ҳовлини супуриб тозалаши, қуриб битган хазонларни йиғиштириб, яна бошқа юмушларни бажариши керак. Ҳовлига ўз вақтида қаралмаса, расвоси чиқиб кетади. Шу боис ҳам Собиржон келганларидан буён аёлини бир дақиқа ҳам тиндиргани йўқ. Ўзи ҳам бўш ўтирмайди. Иккита ёш боласини ҳам ишга солиб қўйган. Бири онасига сув ташийди, бири қудуқдан сувни чиқариб туради.

     Мана шундай ўтаётган кунларнинг бирида Собиржоннинг хаёлига бир фикр келиб қолди.

- Хотин, - гап бошлади у. - Шу десанг, уй олишдан ортиб қолган пулларга қуён болаларини сотиб олмоқчиман! Хўш, нима дейсан?! - жилмайди у аёлига қараб.

- Вой, дадаси, яқиндагина она бола сигир олиб бермоқчи эдингиз-ку?! Ҳа, сути қоринни тўйдиради, болалари улғайиб пул бўлади ахир, дадаси! 

- Э, аҳмоқ хотин! Сигирни кейин ҳам олиб беравераман! Ҳозирдан қуёнчаларни боқиб, семиртириб қўйсак, эрта қишда олдимиздан чиқади-ку! Ҳар бирини палон пулдан шаҳарликларга сотамиз! Эсингдами, "дом"даги қўшнилар янги йилга қуён гўштини қанчадан олишганди! Каллани ишлатиш керак хотин, каллани! - аёлининг бошига ниқтаб гапирди Собиржон.

- Ихтиёрингиз, - аразлади жувон тескари қараб. - Эрталаблари олдингизга иссиқина сут қўймоқчи эдим! Қуёнларингизни ўзингиз боқаверинг!

Собиржон аёлининг ёнига яқинроқ келиб ўтирди. Бир қўли билан унинг белидан қучганича, кулиб деди:

- Онажониси, қўлингдан сутчойни ҳали кўп ичамиз! Аввал оддийроқ чойни қуйиб берақол! Ҳадемай "заказ" қилган қуёнчалар ҳам келиб қолади...

     Тонг отди. Иссиқ ўрнида ухлаб ётган Собиржон аёлининг чинқирган овозидан уйғониб, ташқарига чиқди. Кеча тунда келган қуёнчалар қамалган хона олдида қотиб турган аёлини кўриб, унинг олдига югуриб борди.

- Ҳа онаси,нима бўлди сенга?! - деди у қўрқувдан қотиб қолган аёлининг қўлларидан ушлар экан.

- Да..Дадаси! Дадаси! Ил..Илон, илон бор экан! Қуёнхонада қоп-қора илон бор экан!.. - йиғлаб юборди аёл эрини қучиб.

- Бўлди, бўлди йиғлама! Қани, қани ўша илон? Юр, ичкарига кирамиз. Ўзим уни тутиб олиб мажағлаб ташлайман!

- Йўқ, йўқ! - эрига ёпишди аёл йиғлаб. - У жуда катта дадаси! Афтидан...У кеча келтирилган қуёнчаларни...Еб битирибди!

     Собиржоннинг қулоғига бошқа гап кирмади. Бир қўли билан аёлини туртганича, қуёнхонага кирди. Не кўз билан кўрсинки, кечагина олиб келинган оппоққина қуёнчалар қора қонига беланиб ётибди. Баъзилари эса ҳатто йўқ ҳам.

- Қани, қани ўша кўрган илонинг?! Кўзини ўяман, қани?! - қичқирди Собиржон алам билан.

- Ҳозиргина шу ерда эди! Қуёнчалардан хабар олиш учун кирганимни биламан, вишиллаб олдимдан чиқиб қолди! Ҳозир у яшириниб ётибди дадаси! Илтимос, чиқа қолинг шу ердан!

     Аммо Собиржон буни эшитмаганликка олиб, қўлига ўроқни ушлаганича, ёнверига қарай бошлади. Шу тоб, думини ликиллатганича қоп-қора илон пайдо бўлди. Собиржон дастлаб қўрқувдан чўчиб кетди. Кейин унга қараб судралиб келаётган маҳлуққа қаратиб ўроғини зарб билан отди ва ўроқ бориб илоннинг бошига кирди-да, ўша ернинг ўзида қора илон жон таслим қилди.

- Дадаси, бекор қилдингизда шуни ўлдириб! Морбозни чақирсак бўларди! Шу яқин ерда Қоравой Морбоз деганлари бор эмиш! Тағин билмадим, илонни қасосга ўч дейишади...

- Э сен жиннимисан?! Ўлдириш керак буни! Анавилардан бирини чақиб олса яхши бўлармиди?! - ҳовлида ўйнаётган болаларга ишора қилди Собиржон. - Бари бекор гап! Илон одамдан хун олмайди! Шуни эсингдан чиқарма, хотин! Эссиз шунча қуёнлар-а...

     Шундан сўнг илон воқеасига нуқта қўйилди. Бутун оила енгил нафас олиб, нонушта қилиш учун уйга кириб кетишди. Аммо...

     Эртасига яна бир нохуш воқеа юз берди. Ҳовлида ўйнаб юрган етти ёшлик Мафтунани қора илон чақиб олишига бир баҳя қолди. Қизча шўрлик йиғлаганича отасининг бағрига кирди.

- Кеча сизга айтмаганмидим, илон қасосга ўч бўлади деб! Энди ҳаммамизни ўша маҳлуқлар чақиб ўлдирмаса гўрга эди! 

- Ваҳима қилма, аҳмоқ хотин! Биттаси қолиб кетган ҳовлида! Уни ҳам тутиб олай ҳали, калласини узаман...

- Ҳо, яна ўлдиринг! Баттар қонимизга ташна қилинг! Дадаси, қўйинг морбозни чақира қолайлик! - ялинди аёл йиғлагудек бўлиб.

- Бўпти, ҳозир ўзим сўраб суриштириб топиб келаман! Болаларни ҳовлига чиқарма!..

Орадан бироз вақт ўтиб, Қоравой Морбозни етаклаганича Собиржон кириб келди. Морбоз дастлаб ҳаммаёқни ўрганишга тушди. Тешикларни, чуқурчаларни кўздан кечирди. Кейин тунд бир қиёфада уй эгаларининг олдига келиб деди.

- Нима қилиб қўйдинглар, ука! Ҳеч замонда илонни ҳам ваҳшийларча ўлдирадими?! Ҳа, унинг болалари ўч олишга киришибди-ку! Ҳаммаёқни илоннинг ўткир иси тутиб кетибди! Ахир ҳадисларда ҳам аввал илонни уч бора синаш ёзилган! Кейин ўлдиришга рухсат этилган, ука! 

- Ака! Ўша қотил қуёнларимни ўлдирди! Нима қараб туришим керакмиди?! Ундан кўра ўша қотилларни ушласангиз бўлармиди!..

- Энди кеч! Қора илоннинг ҳамма яқинлари ҳовли атрофида юрибди! Мен...Ожизман укажон! Уйда ёш болаларим бор! Қўйинг,мен яхшиси кета қолай...

Морбоз шундай деганича ҳовлидан чиқиб кетди. Кетиш олдидан эса бир гапни Собиржонга тайинлаб айтди.

- Иложи бўлса уйни тезроқ сотиб юборинг! Қора илон болалари бугун яна келади! Ука, тунда хонангиздан бир қадам ҳам ташқарига чиқманг! Эшик деразага ҳам ҳушёрроқ бўлинг...

Шундан сўнг Собиржоннинг боши қотди. Аёли эса бир чеккада уввос солиб йиғларди.

- Дадаси, жон дадаси! Қўрқиб кетаяпман! Шу уйни сотиб кетақолайлик! Қанчага бўлса ҳам сотинг шу лаънати ҳовлини!

- Оббо! Сен шу одамнинг гапига ишондингми?! Хотин, бу уйни олиш учун озмунча меҳнат қилмадим! Келиб келиб бир илонни деб...Кўрамиз, агар бугун тунда ўшалар яна пайдо бўлса, уйни сотиб юбораман...

Кеч кирди. Морбоз тайинлаганидек, Собиржон яқинларини ҳовлига чиқармади. Хаттоки, электр плита олиб келиб, хонанинг ўзида овқат пиширишди. Лекин ташқари ҳовлига чиқмасликнинг иложи йўқ эди. Собиржоннинг ўн икки ёшли тўнғичи - Анвар ҳовлига чиқаман деб хархаша қила бошлади.

- Бор, манавини эшикка олиб бориб кел! Чидолмай кетаяпти бола бечора! - ўшқирди Собиржон аёлига қараб.

- Вой, мен қўрқаман дадаси! Ўзингиз олиб чиқинг! Э, йиғлайверма сен ҳам! - бақирди аёл Анварга қараб.

- Бўпти, қани юр, ўғлим! Илон тугул аждар чиқса ҳам, ўзим сени олиб бориб келаман...

     Ота-ўғил ҳовлига жуда эҳтиёткор бўлиб чиқишди. Ҳар бир шитирлаган нарсага, ҳар қандай тиқ этган товушга юраклари така-пука бўлар, гўё бутун ҳовлида илонлар яшириниб ётганга ўхшарди.

     Бир пайт аста қадам босиб кетаётган Анвар "қора илон, дада!" - деганича қаттиқ чинқириб юборди. Собиржон эса ўғлининг қўлидан ушлаб олганича ортга -  уй ичига томон қоча бошлади...

     Эртаси куни Собиржон кўч-кўронини йиғиштириб, ҳовлидан кўчиб кетди. Уйни эса арзон гаров нархга бир қўшнига сотиб юборди ва ўша қишлоққа қайтиб қадам босмади...

     Янги уйнинг соҳиби бўлган қўшни, уникида меҳмон бўлган Қоравой Морбоз билан остонадан туриб хайрлашар экан, унга бир халта қоғозга ўроқлик нарсани тутқазиб, кулимсираганича шундай деди:

- Рахмат, Морбоз ака! Бу яхшиликларни унутмаймиз! Келишганимиздек, бу хамир учидан патир, ака...

- Қуллуқ биродар! Яна хизматлар бўлса айтаверинг, қора ёрдамчиларимиз ҳали яна хизматга тайёр...- Қоравой Морбоз шундай деганича, қора илоннинг бошини силаб қўйди. Остонадан ташқарига чиқиб ўз йўлига равона бўлар экан, шундай ҳашаматли ҳовлига яна янги бир харидорни кўндиришни ўйлади...


Шерзод  Ҳайдарбеков.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот