ОНАМНИНГ ЁЛҒОНЛАРИ


 

     Ўша куни айни шом маҳали эди. Мен оғил айвонида боғлиқ турган соғин сигирга емиш – маккапоя ташлаш учун чиқиб кетаётганимда онам укамнинг оёқ-қўлини спиртлаб, уқалаб ўтирганди, аммо неча кундан бери йўталиб турган чақалоқ ғингшиб, тинчланмаётган эди. Мен онам ҳозир чиқиб сигирни соғади, деган хаёлда ийдириш учун онасига талпиниб турган бузоқни қўйиб юбордим. Шу пайт онам уйдан укамни кўтариб чиқди.
– Муроджон, бузоқни жойига боғлаб қўй. Сигирни келиб соғаман. Укангни дўхтрига олиб борайлик, иситмаси баттар кўтарилиб, қалтираб кетяпти. – Гапини тугатмасдан катта синглимга буюрди. – Болам, сизлар уйда яхшигина ўтириб туринглар. Дарров келамиз. Ташқарига чиқманглар, кун совуқ.      Адёлни бер.
     Мен бузоқни аранг тортиб, жойига боғладим-да, онамнинг ёнига бордим. Синглим адёлни олиб чиқди. Онам иситмалаб ётган укамни ўраб, йўлга тушди. Мен ёнида. Қор босган, яккам-дуккам из тушган тош кўчада кетяпмиз.
– Вой, каллам қурсин-а, – деди онам анча юриб қўйганимиздан ке­йин. – На пул олибман, на оёғимга тузукроқ нарса кийибман. Калишда чиқиб кетибман. Сен ҳам бошингга бирор нарса киймабсан.
– Совқотмайман, чопоним бор-ку…
Юриб кетаётганимиз учунми, ҳозир ҳавонинг совуқлиги билинмаётганди. Аммо кечки изғирин забтига ола бошлади. Эгнимда чопон бўлгани билан оёғимда мактабга кийиб бўлмай қолган, «оғзи» бир очилиб, ёпилган, эзилиб қолган кроссовка эди. Ҳадемай совқота бошладим.
– Она, дўхтирнинг уйи қаерда?
– А, йитиб кетган. Эски колхоз идорасининг олдида. – Онам юришдан тўхтаб, чирқираб йиғлаётган укамнинг юзини, адёлнинг олдини кенгроқ очди.      Йўл чеккасига чиқиб, бир деворни шамолга пана қилиб, эмизмоқчи бўлиб кўкрак тутди. Чақалоқ эммади. Онам унинг пешанасига қўлини қўйди. Иссиқ, «ёниб» ётибди. Онам адёлни менга узатди-да, укамни узун жемперининг олдига ўраб, яна йўлга тушди.
– Ё Художон, ўзинг шарманда қилмагин. Нима бўлсаям, дўхтир уйида бўлсин…
Онам шундай нола қилиб, тошкўчанинг из тушган жойларидан юриб борарди. Чамаси, уч километрлар юргач, ниҳоят, қишлоқ врачининг ҳовлисига етиб бордик. Йўлда мен бир неча марта тўхтаб, нафас ростлаган киши бўлдим, аммо онам укамни опичлаганича ҳадаҳа кетаверди.
Хайрият, дўхтир уйида экан. Чамаси эллик ёшларда. Семизлигидан пилдираб- бир ғалати юрар экан. Бизларни кўриб, ачиниш билан бош чайқади.
– Киринг, киринг. У-ҳу, она-бола совуқдан кўкариб кетибсизлар-ку. – Фельдшернинг бемор аҳволини кўрганида ачинганиданми, «У-ҳу, чуқ-чуқ-чуқ» дейдиган одати бор экан. Бизларни уйга бошлаётиб ҳам шундай қилди. – У-ҳу, нима бўлди бу полвонга?
– Иситмалаб ётибди. Қаранг.
Укамнинг юзи менга кўринмагани учун онамга қарадим, юз-кўзи кўкариб, оёқлари қизариб кетибди. Қаттиқ калиш урганми ёки аввалдан йиртиқ бўлганми, пайпоғининг иккаласи ҳам товонидан йиртилиб кетибди. У ердан қор кириб, оёғини қизартириб юборибди.
Дўхтир бирдан укамнинг ҳароратини ўлчади.
– У-ҳу, чуқ-чуқ-чуқ, ўттиз тўққиз ярим! Келин, шу вақтгача олиб ўтирдингизми-а? Ҳозир. – У картон қутидан икки хил дори олиб, аралаштирди-да, укол қилди. Сўнг никель қошиқнинг тутқичини укамнинг оғзига тиқиб, томоғини кўрди. – У-ҳу, қизариб, йиринглаб кетибди-ку. Шунинг учун истмалаб ётибди-да. Буни даволаш керак. – У кўрсаткич бармоғига дока ўраб, спиртлади-да, укамни чирқиратиб томоғини икки марта артди. Иккаласида ҳам бармоғи учида қон аралаш йиринг чиқди. – Олинг, бир эмизиб юборинг.
     Онам «Болажоним-а…» деб укамни олди-да, дўхтирга орқа ўгириб, чақалоқни эмиза бошлади. Шунда дўхтирнинг ҳам кўзи онамнинг йиртиқ пайпоқдан кўриниб турган товонига тушди.
– Ҳозир қиш бўлса, оёғингизга бутун, қалинроқ нарса кийиб юринг. Соғлиқ ўзингизга керак. Ҳозир ичаги узилгудай биғиллаб йиғлаб ётган бу болалар ҳадемай катта бўлиб, уйланса, сиз қолиб, хотинининг пинжига кириб кетади. Жон-жон, ўзингизнинг жонингиз. Ўзингизни ҳам ўйланг.
– Шошганимдан шундай чиқиб кетибман-да... Ўзимгаям билинди. Оёғим қақшаб кетди. Майли, дўхтир, қўяверинг. Ишқилиб, болам тузалиб кетса бўлди.
– Насиб бўлса, отдай бўлиб кетади. Томоғини рўмолча билан боғлаб юринг. Кейин, манави доридан кунига уч маҳал ичиринг.
Онам бир қўлини узатиб, дорини олди. Бу пайтга келиб, укам анча тинч­ланиб, уйқуга кета бошлаганди.
– Худога шукр, ухламоқчи. Кўзи илиняпти… – деди онам қувониб.
– Ҳа, индаманг, бирпас ухласин. Манави ерга ётқизинг. – Дўхтир ора-сира кириб-чиқиб юрган хотинига: «Чой-пойга қаранглар»,- деди.
Уй бекаси дастурхон ёзди. Онам билан менга чой узатди. Бир бурдадан нон еб, бир пиёладан чой ичдик.
– Энди кета қолайлик. Уйда болаларим ёлғиз қолган, – деди онам. – Дўхтир бува, сизга катта раҳмат. Илоё, қўлингиз дард кўрмасин. Болаларингизнинг ҳузурини кўринг. Бу дорига неча пул берайлик?
– Ҳа, шу… – дўхтир арзимас пул айтди, аммо онам каловланиб қолди.
– Кечирасиз-да. Шошганимдан, пул ҳам олмай чиқиб кетибман…
– У-ҳу, тушунаман. Онасиз-да. Эрта-индин етказарсиз…
– Раҳмат. Илоё, кам бўлманг.
Дўхтирнинг уйидан чиққанимизда хуфтон кириб, қишлоқда ғимир-симир тинган эди.
– Ўзларинг қўрқмайсизларми? Хўжайин қаерда? – сўради дўхтир.
– У киши ишга кетганди… – онам негадир чуқур хўрсинди.
– Ҳа, қайда бўлсаям, боши омон бўлсин. Ҳаммамиз ҳам рўзғор, бола-чақа деб яшаб юрибмиз.
Онам бошқа гапирмади. Йўлга тушдик. Онам ухлаб қолган укамни адёлга ўраб олганди. Теварак жим-жит. Фақат ён-атрофдан итларнинг ҳургани эшитилади. Ерда қор бўлгани учун ғира-шира ёруғлик бор эди. Бир маҳал онам негадир ҳиқ-ҳиқ қила бошлади. Сер солиб қарасам, йиғлаяпти…
– Нега йиғлаяпсиз, она? – деб сўрадим.
Онам аввалига жавоб бергиси келмади, кейин бурнини яна бир тортди-да, укамни янаям қаттиқроқ бағрига босди.
– Биласан-ку, кўнглим бўш. Ҳар нарсага кўзимга ёш келаверади... Уканг­нинг иситмаси тушганига хурсанд бўлиб… – онам бошқа гапиролмади.
Бироз юргач, совқота бошладим. Онам буни сезди-да, жемперини ечиб берди..
– Ма, буни кийиб ол. Совқот­япсан. Энди сен касал бўлиб қолмагин.
– Буни мен кийсам, сиз совқотиб қоласиз-ку! – дедим.
– Йўқ. Мен юрсам, исиб кетавераман… Ма, кийиб ол.
Онам мени мажбурлаб, жемперини кийдирди. Иссиққина экан. Танимга роҳат кирди, аммо энди бошим совқотаётган эди. Пича юргач, онам қизариб кетган бурним ва қулоқларимга қараб, чидолмади. Рўмолини ҳам ечиб берди, ўзи бошяланг қолди.
– Ма, буни бошингга ўраб ол.
– Она-аа? – дедим буни истамай.
– Айтганимни қил, болам. Укангга ўхшаб, иситмалаб қолсанг, мен сени бундай кўтариб юролмайман.
– Сизнинг бошингиз яхламайдими?
– Айтдим-ку, юрсам исиб кетавераман. Каллам ҳам қизиб кетади, шу рўмоллар оғирлик қилa бошлайди… Ма, болам, айтганимни қил. Шуни ўраб олгин. Кечаси ҳеч ким кўрмайди.
     Онам мажбурлаб бошимга рўмолини боғлаб, қулоқ-бурнимни ўраб ташлади. Қизларга ўхшаб қолдим. Аммо бирдан танимга ором кирди. Исидим. Уйгача шундай бордим. Онам эса укамни қўлидан қўймади, бирор жойда тўхтаб дам ҳам олмади.
Уйга боргач, укамни бешикка ётқизди. Кун бўйи йиғлайвериб, ҳориб кетган эканми, укам бир ғингшиди-ю, яна дарров ухлаб қолди. Онам боя овқатга улгурмаган экан-да, катта синг­лим овқат қилибди. Кам қилган экан, ўзлари еб, бизларга бир коса қолдирган экан. Онам уни иситиб, менинг олдимга қўйди.
– Сиз ҳам енг, – дедим.
– Йўқ, сен еявер. Биласан-ку, кўп юрсам, бир жойга борсам, овқат егим келмайди… Олақол, болам. Е! Сен ҳам катта йигит бўлибсан. Отангнинг ўрнига отаўғил бўлиб, мени дўхтирнинг уйига олиб бориб келдинг-а! Айланай сендан!
     Онам мени мақтади. Эркалатди. Овқатни ҳам едирди. Тамадди қилгач, уйқу элита бошлади.
– Жойингга кириб ёт, – деди онам.
     Ухлаб қолибман. Бир маҳал уйғонсам, бешик жойида-ю, онам ўрнида йўқ. Сингилларим, укам, ҳамма ухлаб ётибди. Секин туриб, даҳлизга чиқдим. Чироқ ёниқ, онам қўлларини, оёқларини уқалаб ўтирибди. Негадир спирт ҳиди ҳам келди.
– Нега ухламаяпсиз? – дедим.
– Уйқум қочди. Биласан-ку, кам уйқу бўлиб қолганман. Кир болам, сен безовта бўлма, ухлайвер…
– Яхшимисиз?
– Ҳа, яхшиман, болам, яхшиман. Мендан хавотир олма. Жойингга кириб ётавер.
     Эрталаб турсак, укам яхши, аммо онам бошини кўтаролмайди…
– Дори олиб келайми? – дедим ёнига ўтириб. Онам эса менинг қўлларимни маҳкам ушлади. «Ёниб» ётибди.
– Мендан хавотир олма, Муроджон. Ҳадемай ўтиб кетади. Биласан-ку, кечаси яхши ухлолмасам,баъзан шундай иситмам чиқиб туради.
– Пул беринг, дўхтирнинг уйига бориб келай. Ҳам, кечаги қарзимизни бераман.
Онам чуқур хўрсинди.
– Индама қани. Отанг Янги йил арафасида келаман деганди. Унгача ҳали ўн беш кун бор. Бугун-эрта телефон қилиб қолар…
Дўхтир нима деркин?

 

Холиёр САФАРОВ.

Манба: "Китоб дунёси" газетаси.