Бир куни...


   Ярим тунда бўладиган қўнғироқлар жонимга жазо эди. Турмуш ўртоғим: “Шу ишингни йиғиштир, жонга тегди”, дегани билан ҳамиша коримга яраб, елкадош эди. Сим қоққан ётоқхона мураббийси бир қизимизнинг иссиғи совимай, Тез ёрдам чақиргани ва уни касалхонага олиб борганини айтди. Демак, боришим шарт. Талабалар уйидаги ўқувчилар ҳам ярим тунда назоратсиз қолиши мумкин эмас. Айниқса, ўсмир ёшдаги қизлар учун алоҳида назорат ўрнатилган, малакали устозлар тунги навбатчиликда қоларди. У айтган касалхонага умр йўлдошим билан етиб бордик. Навбатчи врач уни тезкор текширувдан ўтказиш кераклигини айтганда, шошиб қолдим. Ташхис натижасини эшитгач эса саросимага тушдим. Зудлик билан кўричаги олиб ташланмаса, ёрилиб кетиш хавфи борлигини айтишди. Операцияга олиб кетаётган пайтда унга: “Қизим, ота-онангни чақиришни иложи бўлса менга телефон рақамларини бер. Ёки шаҳарда бирорта қариндошинг бўлса, манзилини айт, барибир улар билиши керак.Сени касалхонада кимдир қараши, хабар олиши керак,” дедим. Шунда онасининг қон босими доимо баланд юриши, уйдан келаётганда унинг қўлига бир амаллаб пул топиб бергани, келиб кетиши учун моддий имконияти йўқлигини айтди.Оилада олти боланинг тўнғичи эканини эшитганимда юрагим тўлиб кўзларимга ёш келди. “Онанг келмаса отанг келар, барибир бир яқининг келмаса бўлмайди, сен бир муддатга уйга қайтиб кетишинг керак”, дедим. Отаси уларни ташлаб кетганини эшитгач, тилимни тишладим. Операция оғир ўтди. Ичак ёрилиб кетган экан. Ўша куни, унда кейин ҳам унинг ёнида бўлдим. Ўқитувчилар, дугоналари навбат билан хабар олиб туришди. Оиласига бир амаллаб хабар бердик. Ҳамма хабар олиб тургани билан она кўнглим хотиржам топмасди. Ҳар куни тонгда товуқ гўштидан пиширилган қайнатмани олиб бориб, ўз қўлим билан унга ичириб, дори-дармонларидан хабар олиб, кейин ишга кетардим. У шундай одобли қиз эдики, ўз боламдек меҳрим тушиб қолганди.
    Бир куни... бир куни унинг онаси келганини эшитиб, қувониб кетдим. Худди бир яқиним билан дийдорлашгани шошаётган одамдек юрагим ҳаприқарди. Чунки онасининг тўнғичи, елкадоши, суянгани бир ўлимдан омон қолганди. У мени бағрига босиб, биз қиёматли опа-сингил бўлдик, дейди деб ўйлардим. Уйимга олиб бориб, бир-икки кун меҳмон қилишни, қизалоқ қувватга кириб, қадди тиклангунча олис йўлга кета олмаслигини ўйлаб борардим. Шундай ўйлар билан касалхонага кириб бордим. Қизининг олдида жилмайиб ўтирган аёл мени кўриб туси ўзгарди. Қизалоқ: “Она, булар мен сизга айтган устозим, Тошкентдаги онам бўладилар”, деди севинчдан кўзлари ёниб. Онаси эса ёнимга келиб: “Нега менга ўша куниёқ хабар беришмадинг?
      Мен ўлибманми, сен менинг боламга оналик қиласан?” деб юзимга тарсаки тортди...

 

***

 

     Ўша пайтда Марҳамат туманидаги чет тилларга ихтисослашган гимназияда “Одобнома”дан дарс берардим. Ўқувчилар ўғрилик ва тўғрилик ҳақидаги дарс мавзусини қизиқиб тинглашди. Дарс тугагач орқа партада ўтирган бир ўқувчи менинг ёнимга келиб: “Устоз, сиз менга ёрдам бера оласизми?” деди кўзлари мўлтираб. Ҳа болам, қўлимдан келса, албатта, ёрдамга тайёрман, дедим. Шунда у бувисининг нафақа пулидан ўғирлаб олганини айтиб, йиғлаб юборди. Сумкасидан пул чиқариб: “Бугун олдим, ишлатганим йўқ устоз. Қандай қилиб қайтариб беришни билмаяпман”, деди. Нима мақсадда олгани, қандай ва қаердан олганини суриштириб билдим. Мен учун ҳам оғир вазият эди. Пулни кечқурун ухлаб ётган бувисининг ёстиғи тагидан олган, эрталаб бувиси пулимдан кимдир сўроқсиз олган, деб ёзғириб турганини кўрса ҳам индамай чиқиб кетаверган. Кейин унга тушунтирдим. –Иккимиз бирга бориб бувингдан бирга кечирим сўраймиз, болалик қилиб хато қилганингни айтамиз. Улар тушунади. Фақат бу хатони иккинчи бор қайтарсанг, сени ҳеч ким кечирмайди, –дедим. Дарвозасининг олдига етганимда ўйланиб қолдим. Ота-онаси зиёли, ориятли одамлар. Ўғлимизни ўғрилик қилганини биз билмай, ўқитувчиси билибди, энди ҳамма билса нима бўлади, деб ори келсачи? Кейин унга тушунтирдим. Ўғлим менга айтганингни улар билмасин. Мен ҳеч кимга айтмайман. Сен ўзинг ўғрилик ёмон иллат экани ҳақидаги дарсимиздан кейин хато қилганингни тушуниб, пулни қайтариб бераётганингни айт. Улар сени уришмайди, дедим.
     У синфда дарсим бўлмаса ҳам эрталаб болани кутиб турдим. У хуш кайфиятда ёнимга келди. “Ота-онанг уришмадими, Абдурасул?”, деган саволимга. –Йўқ, устоз. Бошқа бундай ёмон иш қилмасликка сўз бердим. Фақат... сиз билиб қолсангиз жуда уятга қолиши мумкинлигини айтишди...

 

   Мунаввара УСМОНОВА - "Саодат" журналининг Бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот