Қўшнининг оқибати


 

     Шаҳар чеккасида эл орасида "Шимолий туман" деб номланадиган маҳаллага янги оила кўчиб келди.Қатор қилиб қурилган кўркам коттежлар, ёнида икки қаватли уйлар солинган бу жойга асосан ёш оилалар кўчиб келишаётган эди.
     Нозигул ва Ахтамжон ҳам уч қиз-у, бир ўғиллари билан янги коттежга кўчиб келишди.Атрофда ҳали ҳамма уйлар тўлиқ қуриб битказилмаганлиги боисидан деярли ҳеч ким яшамас, фақат ўнг тарафларидаги уйда чол кампир Одил бобо ва Тўйбиби хола яшарди. Нафақадаги кекса чол кампирнинг уч қиз ва икки нафар ўғиллари бўлиб,катта ўғиллари Қодиржон иш юзасидан бошқа шаҳарда яшар,қизлари турмушидан тинчиб кетишган, фақат кенжатой ўғиллари Камолжон ҳарбий хизматдан қайтишини кутишаётган экан.Коттежлар кичик қишлоққа туташиб кетган эди.
     Нозигулга янги уйлари жуда маъқул бўлди.Хоналари унча катта бўлмаса -да болалари билан яшаш учун ҳамма шароит бор.Ошхонаси ҳам ичида.У кўп йиллар қайноғасининг оиласи билан бир ҳовлида тиқилишиб яшашгани учунми,бу ерда ўзини жуда эркин ҳис қилаётганди.Нозигул боғчада тарбиячи бўлиб ишлар,Ахтамжон эса ҳайдовчиликни ўргатадиган мактабда ўқитувчи эди.
    Янги қўшнининг кўчиб келиши Тўйбиби холага унча ёқмади. Хола табиатан ғийбат қилишни яхши кўрадиган,кўчада дарвозасининг олдида ўтирволиб, қишлоқчага ўтиб қайтадиган кишиларга ҳамманинг орқасидан гапириб ўтирадиган аёллар тоифасидан бўлиб, Нозигулнинг унинг бекорчи гапларига эътиборсизлиги,гап-сўзга ҳуши йўқлиги холани ранжитган эди.Нозигул кўнгли, қўли очиқ бўлса -да,миш-миш гапларни ёқтирмаслигини айтгани холанинг аччиғини келтирди."Ҳап сеними,ҳали шошмай тур" -хола ўзича қўшнисини шундай деб ичида яниб қўйди.
     Бу орада кўклам нафаси сезилиб қолди.Ахтамжон фарзандларини ёнига олиб кичиккина экин ерини тартибга келтирди.Қўшниларининг катта ўғли,қизлари шаҳарда яшашларини билгани учун улардан ҳам ўз ёрдамини аямади.Ўзи ва қўшнисига тегишли бўлган экин ерларини текислаб,помидор,бодринг,қовоқдан тортиб ловиягача экди.
     Аммо Одил бобонинг еридаги экинлар унча яхши ўсмади.Ахтамжоннинг ери эса гуллаб яшнади.Эҳтимол,Нозигул ҳам эрига ёрдам бериб,болалари билан бирга экин ерига алоҳида меҳр билан қарагани бунга сабаб бўлгандир.Қўшниларнинг ҳовлиси орасида девор бўлмаганлиги боис,уларнинг гуллару,экинлар билан чиройли кўринаётган ҳовлиси Тўйбиби холанинг асабини қўзғарди.
Бир куни Ахтамжоннинг ҳовлисида ҳеч ким йўқ деб ўйлаган хола секин уларнинг ҳовлисига ўтди.Гуллаб яшнаб турган атиргул кўчатларини, эндигина бош кўтараётган токларни тагидан қўпориб ташлади.Ҳовли юзасида қолиб кетган болалар ўйинчоқларини,кичик велосипедни олиб ўз ҳовлисига ўтиб кетди.Аммо мактабдан бироз эрта келиб, унинг қилмишларини дераза орқали кузатиб ўтирган қўшнисининг катта қизи Озодани кўзи илғамади.
     Озода 9 -синфда ўқийдиган,эс- ҳушини таниган қиз бўлса-да,қўшни холанинг нега бундай қилганини дастлаб тушунмади.Хола укасининг велосипедини олиб кетгани жуда алам қилди."Демак ҳовли юзасида қолиб кетадиган қанча буюмларнинг ўз ўзидан ғойиб бўлаётгани бекорга эмас экан да.Тўйбиби хола нега бунақа қилади? Онам эшитсалар қанча хафа бўладилар.Ўтган куни кир ювадиган катта тоғорамиз йўқолди.Қайсидир куни Гули синглимнинг чиройли туфличаси ғойиб бўлди...Энди ҳовлида ҳеч нарса қолдирмай ўзим йиғиштириб қўяман."
     Озода шу хаёллар билан ҳовлига тушди-ю,ҳозиргина хола қўпориб ташлаган атиргул ниҳолларини,токларни қайтадан ўрнатмоқчи бўлди.Айрим ниҳолларнинг илдизи қолиб,танаси узиб ташлангани учун қайта ўрнатишнинг иложи бўлмади. Қизнинг йиғлагиси келиб кетди.Онасининг асабини бузмаслик учун кечқурун отасига бугунги воқеани гапириб берди.
     Ахтамжон бироз ўйланиб турди-да, қизига бу гапни онасига айтиб ўтирмаслигини тайинлади.Ўзи бўлса қўшни билан орасини бузмаслик учун аввалгидек муомала қилиб юраверди. Нобуд бўлган кўчатлар ўрнига бошқаларини экди.Ўғлига худди ўшанақа бошқа велосипед олиб берди.
     Бу орада бир йилдан ортиқроқ вақт ўтди. Нозигул доимгидек қўшниларига меҳрибон,тансиқ овқат қилса албатта илинар, холанинг қизлари меҳмонга келса яқин дугоналари келгандек хурсанд бўлиб уйига таклиф қилар,ҳатто тандирда нон ёпса ҳам "ҳамсоянинг ҳаққи,"-деб киритар эди.
     Тўйбиби хола эса барибир ўзгармади. Бир куни қўшнисининг уйидан одатдагидек қолиб кетган чиройли пахта гулли косани ҳовли юзасидаги стол устидан олиб кетаётганида эса орқасидан кимдир "хола,тўхтанг," -деб чақираётганини эшитиб тўхтади.Қараса,Озода экан.
- Косани менга беринг,-деди қиз.
-Ие,узр қизим.Мен ўзимизники деб ўйлабман. -Тўйбиби хола косани узатаётиб қизарганича узр сўраган бўлди.
-Хола доим бизнинг ҳовлимиздан нарсаларимизни олиб чиқиб кетасиз. Уялмайсизми? -Озода ёшларга хос қизиққонлик билан сўзлаганча Тўйбиби холанинг кўзига қаради.- Қанча буюмларимизни олиб кетганингизни кўрганман.Укамнинг велосипедини қизингиз Гулбаҳор опага бериб юборганингизни ҳам кўрдим.
- Вой худойим.Сири очилган хола лўлилик қилишга ўтди.-Менга сенларнинг нарсаларинг нимага керак? Бувинг тенги кишига туҳмат қилишга уялмайсанми? -деди у овозини баландлатиб.-Қачон олганимни кўрдинг?
-Хола,бўлди қилинг. Мен сиз билан уришмоқчи эмасман.Фақат бу ишингиз яхши эмаслигини айтмоқчийдим. Озоданинг буғдойранг юзлари оқариб ,кўзларига ёш келди.- Биз нима ёмонлик қилдик,сизга? Э қўйинг- э.
Қиз шу гапларни айтди-да, бурилиб уйига кириб кетди.
- Вой тавба қилдим.Туҳматчи қўшниларнинг дастидан дод!- Хола ўзига ўзи гапирганча ҳовлисига ўтиб кетди. -Ҳали қараб тур,сенлар...Туҳматинг бошингдан қолсин.Мени ўғри қилолмайсан!
     Озода бу воқеа ҳақида ота-онасига гапирмади. Бу орада мактабни тугатиб,олий ўқув юртига сиртдан ўқишга кирди.Ўзи ўқиган мактабда етакчи бўлиб иш бошлади.Табиийки унга оғиз соладиганлар пайдо бўлди.
Бир куни Озодани сўраб келган совчилар тасодифан Тўйбиби холага дуч келишди.Хола Ахтамжон билан Нозигулни зиқналикда,Озодани бўлса ишёқмасликда айблаб роса ёлғон тўқиди.Совчи аёллар унга ҳеч нарса демай, хайр -маъзурни ҳам насия қилиб жўнаб қолишди.Хола ўзича Озодадан шу тахлит ўч олди.
Бу орада Тўйбиби холанинг ўғли Камолжон ҳам ҳарбий хизматдан қайтиб,вилоят марказидаги педагогика университетига ўқишга кирди.У ҳафталаб ўқишда бўлгани учун шанба якшанба кунларидагина уйда бўлар,қолган кунлар эса хола чоли билан иккиси қолишарди.
Ахтамжон коттежнинг тўрт томонини девор билан ўраб,чиройли темир дарвоза ўрнатди.Ҳовлининг бир томонидаги бўш ерда ҳавас билан ўғли учун иморат,ҳаммом ростлашга тушди.
Ёзнинг охирги кунлари эди.Ўша куни Одил бобо Камолжон билан катта ўғли Қодиржонникига меҳмонга кетди.Хола келини билан унча келишмаслиги боисими ёки ҳовлисини ёлғиз қолдиргиси келмадими, шаҳарга бормади.Хамирли овқат егиси келиб,шилпилдоқ пиширди. Қиймали шилпилдоқни еб,жойига чўзилган эди,бирдан мазаси қочди.Боши қаттиқ оғриб,кўнгли айниб,ўзини ёмон ҳис қилаётганини сездию, "Нима бало қон босимим кўтаряптими?" -деб ўйлаганча,ҳовлига чиқмоқчи бўлди. Ўзича сўрига чўзилиб ўтирса,яхши бўлиб қоладигандек туюлди.Аммо ҳовлига чиқиш учун хонанинг эшигини очган пайт кўз олди қоронғилашиб, ерга қулади...
     Ўша куни Нозигул иссиқ нон кўтарганча қўшнининг уйига чиқди.Унинг чақириғига ҳеч ким жавоб бермагач,кичик дарвозани очиб,ҳовлига кирди.Қараса, Тўйбиби хола хонасининг эшиги ёнида чўзилиб,хириллаб ётибди.Қўрқиб кетган аёл уйига қараб югурди.Ахтамжон дарров "тез ёрдам"га қўнғироқ қилди-ю, қўшниникига чопди.Орқасидан етиб келган хотинига ёстиқ олиб чиқишни буюриб,холани жойидан қўзғатмай бошини тагига ёстиқ қўйди.
     Тўйбиби хола касалхонада ўзига келди. Билагига улаб қўйилган томчидорини тўғрилаётган ҳамшира қиздан зўрға "Менга нима бўлди?"- деб сўради.Хушсуратгина ҳамшира қиз унга қараб жилмайганича:
-Э,холажон,роса қўрқитдингиз ҳаммани.Сизни худо асрабди.Ўғлингиз билан келинингиз сизга жуда меҳрибон экан.Иккиси ҳам тонггача бошингизда ўтириб чиқишди-я.Қон босимингиз кўтарилиб кетибди.Шифокорларимиз зўрға туширишди.Сизга ҳозирча жойингиздан қўзғалиш мумкин эмас.Келинингиз уйига кетди.Сизга бирор нима пишириб олиб келмоқчи, шекилли.Ўғлингиз бўлса ҳозиргина дорихонага чиқиб кетдилар, -деб жавоб берди.
Хола ўйланиб қолди."Ўғлим? Ахир ўғилларим иккиси ҳам шаҳарда-ку.Кеча нима бўлди ўзи менга?Мени ким олиб келди экан касалхонага? Наҳотки қўшниларим бўлса?" Эсига чолининг ўғли билан шаҳарга кетгани,ўзининг шилпилдоқ пиширгани,бошининг қаттиқ оғригани тушди.Ҳовлига чиқмоқчи бўлганини ҳам эслади."Демак,менга нимадир бўлган..."
Хонага кириб келган Ахтамжон ҳамшира қизга "Мана дориларни олиб келдим.Аҳволлари яхшими?"- деганини эшитиб,хола қайта кўзларини очди.Ахтамжоннинг орқасида қўлида кичик кастрюлка билан жилмайиб турган Озодага кўзи тушиб,ғалати бўлиб кетди."Мен буларга қанча ёмонликлар қилдим.Шу қизга келган совчиларга қанча ғийбат қилиб ёлғон гапларни айтдим...Аммо булар ҳаммасини билишса ҳам билмасликка олишди.Одамгарчилик қилишда давом этаверишди.Агар шулар бўлмаса,аҳволим нима кечарди?"Кекса аёлнинг юрагида илк бор ўз қилмишларидан пушаймонлик пайдо бўлди." Шулар бўлмаса,ўлиб қолишим мумкин эди -ку"
-Ҳа,холажон анча яхшимисиз? Сиз бунақа қилиб бизни чўчитманг,бошқа.Хўпми? Тўй бошлаб қўйдик,худо ҳоҳласа ўзингиз бош бўласиз,энди.-Ахтамжон қисиқ кўзларида бир олам қувонч билан холага қаради. -Тезроқ тузалинг.Ҳали Камолжоннинг тўйи ҳам бор.
- Насиб қилса болам,албатта. Ўша кунларга етказсин.Муборак бўлсин,тўйлар.-Тўйбиби хола зўрға шундай дедию,узун сочларини битта қилиб ўриб олган Озодага қаради.- Бахтли бўл,қизим...Мени кечир.


Моҳигул Назарова.