ГИРДОБДАГИ ГУЛ


      Тақдир экан,  Раъно болалар уйида улғайди. Онаси энди дунё юзини кўрган чақалоғини шу муассаса остонасига ташлаб кетган экан. Шунгаям ўн олти йилдан ошибди.

     Болалар уйининг ходимлари етим болаларга ҳар қанча ғамхўрлик кўрсатишмасин, Раънога барибир ота-онанинг меҳри етишмаётгандек эди. Қиз яқин, қадрдон кишиларининг суйиб, эркалашларига эҳтиёж сезарди. Ота билан онанинг ўрнини ҳеч ким босолмас экан.

      Болалар уйида тарбияланувчилар ҳеч нарсадан камчилик кўрмаётгандай бўлиб ўсадилар. Аммо уларнинг баъзилари нимагадир ҳаётдан норози, аламзада, серзарда, қўпол бўлиб улғаядилар, ўзларининг шу кўйга тушишларига биринчи навбатда ота-оналарини айбдор деб биладилар, кейинроқ эса эркин ўйнаб-кулиб юрган, ота-онасининг бағрида шодон яшаётган “эркатойлар”га ҳасад аралаш нафрат билан боқишади.

      Мутахассислар буни яхши билишади, шу сабабли тарбияланувчилар кўнглида эзгу туйғулар уйғониши учун мутолаага, адабиётга ва санъатга зўр беришади, уларда бирон ҳунарга қизиқиш уйғотишга ҳаракат қилиб қолишади.

Раъно китобга меҳр қўйиб улғайди. Балки шу сабаблидир, болалар уйида ўзининг одоби, ибратли хулқи билан ажралиб турарди.

       Намунали хулқи учун Раънога туғилган кунини муассаса ҳудудидан ташқарида, аммо тарбиячилар назорати остида нишонлашга рухсат беришди.

       Раънонинг қувончи чексиз эди. Лекин унинг бу қувончига ҳамма ҳам бирдек шерик эмасди. Айрим тарбияланувчилар ҳатто очиқдан-очиқ пичинг, кесатиқлар билан Раънонинг кўнглини чўктиришга, ўкситишга уринишди.  

—  Раънохон, қандай қилиб рухсат тегди? Бу дейман, попукдай қош-кўзларингни сузиб, бошлиқни эритгандирсан-да, а? Чатоқсан!

       — Ҳа, энди, баъзиларнинг шохи бор-да, шохи бор!

       Шу чоққача индамай ўтирган Раъно китоб ўқишда давом этаверди-ю, бироқ ўқиганларининг ҳеч бир хаёлига кирмас, ҳадемай бу ердан қутуламан-ку, шулар билан пачакилашиб, нима обрў топардим, деганча, ўзини юпатишга, уларнинг гап-сўзларига аҳамият бермасликка уринарди.

      Каравотда ётганча, қош-кўзларига бўёқ чаплаётган Шоҳида ҳам гапга аралашди:  

 — Йўқ, йўқ, у йиғла-а-аб бошлиқнинг кўнглини юмшатган, ахир Раъно арти-и-ист! Ўзини бечора қилиб кўрсатиш унинг учун чўт эмас.

     Шоҳиданинг бу гапини кўтаролмаган Раъно унга ялт этиб қаради:

      — Нималар деяпсан, дугонажон?!  Сенга нима ёмонлик қилгандим?!

      — Во-о-ой, мен нима дедим?! Сени қайтага мақтаяпман-ку! Бизга уюштириладиган томошаларга саҳна кўринишларини ёзиб берсанг, бунинг устига устак, қойилмақом қилиб ўзинг яратган ролларни ўйнасанг, талант, артист, демай, яна нима дейишим керак?!

      Раъно индамасдан дам олиш хонасига қараб кетди. Кўнгли тўлиб, йиғлагиси келган пайтларда, кўз ёшларини ҳеч кимга кўрсатмаслик учун ўша ерга кириб олиб, овоз чиқармасдан, тўйиб-тўйиб йиғлаб оларди...

 

      Туғилган кун жуда мароқли ва эсда қоларли даражада ажойиб ўтди! Уни камситиб, масхара қиладиган қизлар ҳам унга яхши тилаклар билдиришганда, Раъно севинчдан сал бўлмаса йиғлаб юборай деди, лекин яна “артист, ёлғондан кўз ёш тўкишга уста” каби таъналарни эшитмаслик учун, ўзини йиғидан аранг тийди.

      Таваллуд топган куни нишонланаётган қаҳвахонада, Раъно тасодифан Шавкат деган йигит билан танишиб қолди. Йигит туғилган куни ўтказилаётганидан хабар топгач, ялтироқ қоғозларга ўралган бир қучоқ атиргулларни гулдастани Раънога ҳадя қилди! Шу чоққача қизга ҳеч ким гул совға қилмаганди. Беихтиёр тўлқинланиб кетган Раъно кўзларига ишонгиси келмасди. Йигит келишган, баланд бўйли, чиройли, худди эртаклардаги шаҳзоданинг нақ ўзи эди! Аммо асосийси бу эмасди. Энг муҳими, Раъно умрида илк маротаба йигит кишидан ёқимли ва нафис сўзларни эшитди.

      — Бу ерга қайси малика ташриф буюрган деб қизиқсам, дугоналарингиз сизнинг таваллуд топган айёмингиз билан муборакбод этиш учун йиғилишганини айтишди. Раъно, исмингизнинг маъноси чиройли гул, демакдир. Сизга туҳфа этган, арзимаган гулларимнинг қаршисида сизнинг жамолингиз янада мафтункор ва атиргуллар ҳам ҳуснингиз қаршисида хижолат! Сиз ниҳоятда гўзалсиз!

      Раънонинг икки юзи ловуллаб, уялганидан ерга тикилди. Қиз қулоғи билан севади, деган гап бор. Шу тарздаги гапларни эшитиш қайси қизга хуш келмайди, ким ҳам эриб кетмайди! Раъно ҳам худди шундай ҳолатга тушганди… Қизларнинг-ку, ҳасаддан ёрилиб кетишларига бир баҳя қолди. Чиройли сўзлар фақатгина китобларда, кинолардагина учрайди ва ёқимли овоз ҳамда таъсирли сўзлаш фақат сухандонларгагина хос, деб юрган қизалоқ, бугун фикри хато эканлигини англаб, юрагида алланечук ширин туйғулар уйғонди... Шаънига айтилган мақтов сўзларидан Раъно ўзини еттинчи осмонда парвоз қилиб юргандек ҳис этди!

     Базм тугагандан сўнг йигит уни ташқарида кутиб турганини кўрган Раънонинг юраги алланечук орзиқиб кетди. Наҳотки... ниҳотки ўзи ҳамиша орзу қилиб келган шаҳзодасини учратган бўлса?!

       Йигит қизга жилмайиб тикилганча:

— Сизни кўриб тургани олдингизга бориб турсам майлими? — деб сўради.

      Қиз дастлаб нима деб жавоб қайтаришни билмай, каловланиб қолди: “Ҳа”, дейишга, ёнидаги дугоналаридан истиҳола қилди, “Йўқ”, дей деса, ўзи ҳам уни қайта кўриш учун ичидан “жон-жон”, деб турибди.

      Шаддод дугоналаридан бири Шоҳида унинг ўрнига жавоб бериб, мушкулини осонлаштирди:

— Шуниям сўраб ўтирасизми, келавермайсизми келгингиз келса!

     Шавкат Раънодан кўз узмаган кўйи яна саволини такрорлади:

— Майлими?

— Ихтиёр ўзингизда, — деди Раъно уялинқираб.

    

...Шу-шу бўлди-ю, улар тез-тез учрашиб турадиган бўлишди. 

     Бу қизнинг ҳаётидаги энг бахтли дамлар эди!

Раъно балоғат ёшига етгани учун, паспортини олган ва эндиликда иш тақсимотини кутаётганди.

      Байрам арафасида кутилмаганда бошлиқ уни чақириб қолди.

      — Раъно, байрамга бағишлаб тадбир ўтказмоқчимиз. Энди бу ёғига ўзинг бош-қош бўлмасанг бўлмайди. Ҳадемай, биздан ҳам қутуласан, – деб ҳазиллашиб, кулди. — Театр бошлиғи билан гаплашиб қўйганман, ҳайдовчим билан бирга борсангизлар, тадбирда кийиш учун зарур бўладиган турли костюмларни бериб юборади. Ҳозироқ бориб олиб келинглар. Кейин бугуноқ тадбирга тайёргарликни бошланглар.

       Раъно бошини ирғаб, “Хўп бўлади”,  деди-ю, Шавкатни огоҳлантира олмаслигини, у кутиб қолишини ўйлаб, ичидан зил кетди. Лекин буни бошлиққа қандай айтади?

 Шавкат бало! Тарбиячи Холис опани ҳам қўлга олволди-я! Кунда-кун ора қутида шоколад олиб келиб: “Жон опа, бир соатга рухсат беринг, айланиб келайлик”, дерди. Холис опа ҳам Раънонинг раъйини қайтаргиси келмай, унга “хўп” дерди, тезда қайтишни тайинлаб қоларди.

      Раъно бошлиқнинг хонасидан чиқиши билан йўлакда ўзини кутиб турган ҳайдовчини кўрди. У Раънога қараб:

— Тайёрмисиз, кетдикми? — деб сўради.

     Раъно индамай, бош ирғаб қўйиш билан кифояланди.

     Театр жамоаси репетициядалиги боис, режиссёрни анча кутиб қолишди. Ниҳоят, репетиция тугаб, режиссёр чиқди ва узр сўраб, бир аёлни чақирди.

      — Озода, сиз буларга ўша эски костюмларни бериб юборинг.

     Аёл Раънонинг қўлига эски-туски кийимларни тутқазди...

     Қадрдон гўшасига етиб келиши ҳамоно Раъно Шавкатни излади. Аммо у ҳеч қаерда кўринмас эди... Нима бўлдийкан? Уни кутмасдан кетиб қолдимикан? Нега кутмади экан? Раъно қўлига қоғоз ва қалам олиб, тадбир режаси ва қўйилажак томошаларнинг тахминий рўйхати, табрик сўзларини ёзишга киришди, аммо фикрларини бир жойга жамлай олмаётганди. Фикру хаёли фақат Шавкатда эди.

Раъно ўша куни кечгача уни маҳтал бўлиб кутди, лекин йигитнинг дараги бўлмади. Дугоналаридан сўраганди, улар “билмадим”, дегандек, елка қисиб қўйишди. Шоҳида эса энсаси қотгандек:

— Нима, Шавкатингга қоровулманми? Қаердан биламан! Бор, бошимни оғритма, ўзи бошим оғриб турибди! — деб бобиллаб берди.

Раънога дугонасининг муомаласи оғир ботса-да, ноиложлигидан индамай, тадбир тантаналарини қоғозга туширишда давом этди...

       Шавкатнинг Раънони кутмасдан кетиб қолишининг ўзига яраша сабаблари бор эди. Раъно топшириқ билан кетганини бошлиқдан бошқа ҳеч ким билмагани боис, бошқаларга қизнинг қаёққа, нима учун кетгани номаълум эди. Бу ҳолатдан Шоҳида фойдаланиб қолди. У йўлакка термулиб ўтирган Шавкатга яқинлашиб, гап отди:

— Салом берди-и-ик, йигитни гули! Булбул сайраяптими-и-и, ишқилиб?

       Қизнинг гап оҳангидан сал ўнғайсизланган Шавкат мужмал тарзда “Шукр, яхши”, деб қўйди.

      — Сизга бир гап айтса-а-мми, айтмаса-а-мми, деб турибман. Фақат эркакмисиз ёки чақмачақар хотинмисиз − шуни билмай турибман.

      Бу гапдан Шавкатнинг жаҳли чиқди.

— Ҳой, қиз, тилим бор экан деб, оғзингга келганини валдирайверма! Ўғил бола бўлганингда, шу гапинг учун ўзим билардим сени нима қилишни!  

      — Дўқ уришдан олдин Раънойизни тийиб олсангиз яхши бўлармиди. Бир қараса, бошлиқ билан, гоҳ ҳайдовчи, баъзан эса сиз билан... дон олиши-и-иб юрибди. Мен сизни бу ҳақда биласиз, лекин ҳамиятсиз йигит экан, бунга фарқи йўқ экан, деб ўйловдим. Лекин кўриб турибман, содда, лақма, ўлгудай гўл йигит экансиз! Раъно сизни лақиллатиб юрибди. Бизда шунақа қизларам бор, яхши еб-ичгиси, яхши кийингиси келади-да, кўнгилхушлик қилиб-қилиб, кейин сизга ўхшаган анойини топиб олади-ю, йигит шўрликнинг бошини айлантири-и-иб, тегиб олади. Сизга ачинганимдан айтаяпман бу гапни. Шим кийиб юрибсиз, ҳар ҳолда эркаксиз деб ишонаман, орамизда бўлиб ўтган гап-сўзлар шу ерда қолсин! Раънога айтсангиз, менинг ундан қўрқадиган ерим йўғ-у, ўйнаши — бошлиғимизга айтса, менга бу ердаги тор каталакни янаям торроқ қилиб қўйиши мумкин. Эҳтиёт бўлинг, тағин “бўйимда бўлиб қолди”, деб сизни чув тушириб, осилиб олмасин. Мулойим кўрингани билан, у ичидан роса пишган, пихини ёрган айёр. Алданиб қолманг, дейман-да. Бўпти, йигит! Ишондим-а...

       ...Орадан икки-уч кун ўтди ҳамки, Шавкатнинг дараги бўлмади. Бу орада Раъно ич-этини еб, адойи тамом бўлди. Бир томондан дугоналарининг “Ҳа, Шавкат ташлаб кетдими?”, “Бошқасини топиб олибдими?”, қабилидаги гап-сўзлардан безиб қолган бўлса, иккинчи томондан йигитдан хавотир олаётганди. Ишқилиб, тинчлик бўлсин-да. Касал бўлиб қолмадимикан? Ичида ҳар лаҳза “Э, Худо, уни ўз паноҳингда асра, бало-қазолардан сақла!”, деб илтижо қиладиган бўлиб қолди... 

    Ниҳоят Шавкат муассаса биноси олдига маст ҳолатда келиб, Раънони чақиртирди. Раъно дугоналаридан Шавкат келиб, уни йўқлаётганини эшитиб, севиниб кетди, аммо ёнига яқинлашганда йигитдан тарқалаётган ароқ ҳиди “гуп” этиб димоғига урилди-ю, кўнгли беҳузур бўлиб кетди.

     — Салом, менсиз зерикмагандирсан, а? Ка-а-йф қилиб юрибсанми?! — Шавкатнинг кўзлари сузилиб, гаплари чўзилиб чиқарди.

− Ассалому алайкум, Шавкат ака! Бу нимаси? Сизнинг ичишингиздан бехабар эдим... Кайфни мен эмас, ичиб олиб сиз қилаяпсиз, шекилли? 

− Э, йў-ўқ, мен ароқ кайфини айтмаяпман... Гўзалсан, ошиқларинг кў-ўп. Ишқдан кайф қилиб юрибсанми, деяпман! Ҳа, майли... Бир соатга сўраб чиқ, таксида бир жойга бориб келамиз.

     — Қанақа ошиқлар? Нималар деяпсиз? Ҳеч қаерга бормайман, сиз мастсиз. Ҳушёр бўлиб келсангиз, ўшанда гаплашамиз, — деди йигитнинг совуқ муомаласидан кўнгли ранжиган Раъно.

       — Демак, мени яхши кўрмас экансан-да. Гапларинг ёлғон экан-да!

     — Ундай эмас. Буни ўзингиз ҳам яхши биласиз.

     — Унақада исботла, юр мен билан. Сиз билан дунёнинг нариги четига кетишга ҳам тайёрман, сиз ёнимда бўлсангиз бас, дегандинг-ку.

    — Аммо бу аҳволда эмас.

    Шавкат ялиниб туриб олгач, Раъно ночор розилигини билдирди. Тарбиячидан бир соатга рухсат сўраб чиқди.

Улар муюлишгача жимгина кетишди. Чорраҳага етганларида Шавкат такси тўхтатиб, бориладиган манзилнинг номини айтди.

Икковлон “Тико”да манзилга етиб боргунларига қадар, на йигит бир сўз айтди ва на қиз оғиз очишга ботинолди.

     Тўққиз қаватли бино қаршисида таксидан тушишгач, қиз Шавкатга эргашди. Улар лифтга чиқишгач, Шавкат олтинчи қаватнинг тугмачасини босди. Улар то юқорига кўтарилишгунга қадар қизни турли хаёллар ўз гирдобига олди. Раъно Шавкат акам мени ота-онаси билан таништириш учун олиб бораётган бўлса керак, деган ўйга бориб, ўнғайсизланди. Улар “Ота-онанг ким?” деб сўраб қолишса, нима деб жавоб беради? Шавкат унинг етимлигини яширган бўлса-чи? Улар “Насл-насабининг тайини йўқ қизнинг бизга кераги йўқ”, дейишса-чи?!.

     Лифт эшиги очилиб, иккаласи йўлакка чиқишди. Шавкат ўнг тарафдаги эшикни калит билан очиб, Раънони ичкарига таклиф қилгандагина, қиз уйда ҳеч ким йўқлигини пайқади, акс ҳолда Шавкат эшик қўнғироғини босмасмиди?

      Раъно:

− Кирмайман! −  деб туриб олди.

Шавкат ялинди:

− Раъно, илтимос, кира қолсанг-чи, нима, менга ишонмайсанми? Икки оғиз гапим бор, холи жойда гаплашиладиган гап эди. Шу учун шу ерга олиб келдим.

      — Бу сизларнинг уйингизми? Ота-онангиз қаерда?

      — Йўқ, бир танишимнинг уйи. Ўзи ишда. Кирақол, қўшнилари кўрса, бошқа хаёлга боришмасин!

       Кўнгли ғашланган Раъно итоат қилишдан ўзга чора тополмади.

     Ичкарига киришгач, эшикни қулфлаган Шавкатнинг ўзига қаттиқ тикилиб турганини кўрган Раъно ўзини ноқулай сезди ва ерга боқди.

      Қизнинг ерга қараганини Шавкат ўзича бошқа нарсага йўйди.

      — Кўзларимга бир қара.

      Раъно кўзларини ердан узиб, йигитга саволомуз боқди.

      “Тавба, наҳотки шунчалик самимийдек боқувчи бу кўзлар алдамчи, хиёнаткор бўлса? — деган ўй кечди Шавкатнинг хаёлидан. — Наҳот у бошқалар билан... Йўқ, йўқ, бундай бўлишига ҳеч ишонгиси келмайди, лекин Шоҳиданинг ёлғон гапиришидан не наф?..”

        — Ўша куни, учрашишга келишган кунимиз қаерга кетгандинг?

        — Бошлиғимизнинг топшириғи билан театрга либослар олиб келишга.

       — Ҳайдовчи биланми?

       — Ҳа.

       — Нега айнан сени юборди?

       — Чунки тадбирни ташкиллаштириш ва рол ижро этиш менинг зиммамга юклатилган эди.   

      “Э, ҳа, ҳаммаси тушунарли. Нега бунчалик содда кўринади, десам, саҳнада роллар ўйнайвериб, ҳаётни ҳам саҳна ўйинига айлантириб юборган экан-да. Гап буёқда экан-да. Артист! Ўзини беғубор кўрсатишга бунчалар устаси фаранг бўлмаса!”.

     — Менга бир дугонанг сени тўғри келган одам билан юриб кетаверади деб айтди, — дангал гапга ўтди Шавкат. − Қиз бўлсанг уйланаман...

      Эшитган гапи қулоғимга янглиш чалинмадимикан, деб қулоқларига ишонмай қолган Раънонинг тили базўр айланди:

— Нима?

      Қиз  кафтлари билан юзини тўсганча, ҳўнграб йиғлаб юборди.

     — Менга ишонмасангиз, ишонманг, майли. Лекин ҳақорат қилманг.

Дабдурустдан Шавкат қизни ечинтиришга урина бошлади. Раъно авваллари Шавкатнинг бармоғи тегиб кетсаям вужудида қайноқ тафтни ҳис қиларди, ҳозир эса совуқ илон тегиб кетгандек сесканиб, ўзини орқага тортди.

      — Илтимос қиламан, тегманг менга! Худо хайрингизни берсин, шарманда қилманг мени! Сизга ишонганим учун келгандим!

Аммо маст Шавкат қизнинг ялиниб-ёлворишларига парво қилмай, уни маҳкам қучоқлаб олганча, бир қўли билан оғзини бекитди, иккинчи қўли ечинтира бошлади...                  

 

...Шавкат ваннахонага кириб, ювинаётганидлгина кайфи сал тарқаб, нима иш қилиб қўйганини англаб етди.

 “Нималар қилиб қўйдим? Нега аллақаёқдаги ғийбатчининг гапига ишона қолди-я? Энди уни бу аҳволда ташлаб кетиш ғирт номардлик бўлади-ку!”

      Шавкат хона бурчагида қунишиб, икки тиззасини кўллари билан қучоқлаб олганча зор-зор йиғлаётган Раънога тикилар экан, ўзидан нафратланиб, жирканиб кетди.

    — Раъно, мени кечир! Қаршингда гуноҳкорман!

     — Нималар қилиб қўйдингиз? Тарбиячиларим, дугоналаримнинг кўзларига энди қандай қарайман?

    — Мен... сенга уйланаман, ҳаммаси яхши бўлади. Сен ҳеч кимга “чурқ” этиб оғиз очмасанг, ўзинг оғзингдан гуллаб қўймасанг, ким ҳам билиб ўтирибди?

      — Эҳ, сиз!... Агар бизни текширишга гинеколог врач келиб туришини билганингизда, бунақа демаган бўлардингиз. Эртами, индин келиб қолиб, бизни кўрикдан ўтказса, менинг аҳволим кундай равшан бўлади-ку! Нима деган одам бўлдим?!! Бу кунимдан ўлганим яхшийди!!!

      — Унақа дема, ўзингга ўлим тилама, Раъно! Яхши гапга ҳам, ёмон гапга ҳам фаришталар омин дейишармиш. Нафасингни ел учирсин! Дўхтир келган куни, мен албатта ўзим у билан гаплашаман. Ҳаммасини ётиғи билан тушунтираман, керак бўлса, оғзига сиққан пулини ҳам бераман. Унинг ҳам бола-чақаси бордир. Кўрасан, ҳали иккаламиз аҳил-тотув яшаймиз, бахтли турмуш кечирамиз. Сен менга кераксан! Сенсиз ҳаётнинг менга асло қизиғи йўқ!

      Ҳалигача ўзига кела олмай, дағ-дағ қалтираб, кўз ёш тўкаётган Раънога йигитнинг гаплари самимий бўлиб туюлди.

       “Мастлик қурсин-а, ароқ таъсирида ножўя иш қилиб қўйди-да, аслида мени қаттиқ севади!” деган ўйга борган Раъно бироз таскин топди.

     — Илтимос, мени тезроқ олиб боринг, у ерда мени қидириб қолишмасин... 

      — Ҳа, албатта, ҳозироқ йўлга тушамиз!.

      — Шавкат ака, сизга ёлғон гапирган одам ким? Унинг кимлигини менгга айтинг, илтимос.

     — Раъно, тушун, буни сенга айта олмайман. Тасаввур қилиб кўр: сенга бировга айтмайман, деб сўз берсам-у, сўзимни устидан чиқолмай, ваъдамни бузсам, менга бўлган ишончингга дарз кетмасмиди?

      “Гапи тўғри, ваъдасини бузолмаса, нима қилсин! Шавкат акам ваъдасига вафо қиладиган йигит!”.

      Раъно ёнида гуноҳкорона бош эгиб кетаётган Шавкатга тикиларкан, боягина ундан нафратлангани ёдидан кўтарилиб, қалбини яна оташ муҳаббат ҳисси чулғаб олди.

     

Шавкат Раънони ичкарига киритиб юбориб, энди орқага қайтаётган маҳали қаршисидан Шоҳида чиқиб қолди.

Бу гал Шавкат пичинг қилишдан ўзини тийиб туролмади:

— Салом берди-ик, оппоқ қиз.

Шоҳида Шавкат ўзини мазах қилаётганини тушуниб, унга худди суваракка тикилгандек, ижирғаниб қаради.

      — Мақсадга ўтинг! Нима гапиз бор эди менда?

− Аввало бирор холироқ жойга ўтсак, дегандим.

        Улар чеккароққа ўтишгач, Шавкат дўқ аралаш гап бошлади:

      — Менга Раънони бузуқ, дегандингиз, лекин гапингиз мутлақо ёлғон бўлиб чиқди! У қиз бола экан!

      — Йўғ-е! Сиз буни қаёқдан била қолдингиз? Ўзи шунақа дедими ёки-и... бирга бўлдингларми?

      Бунақа илмоқли саволдан Шавкат калавасининг учини йўқотиб қўйди... Қош қўяман, деб кўз чиқариб қўймасайди!.. Шоҳида йигитлар билан учрашиб юраверганидан кўзи пишиб кетгани боис, Шавкатнинг ҳолатидан, юз-кўзидан аллақачон ўзига керакли хулосани чиқариб олганди.

Шоҳида кутилмаганда хо-холаб кулиб юборди:

   — Вой, ўлиб қоламан! Раънодан кутсам ҳам, сиздан кутмагандим... Бало экансиз-у! Роса ичингиздан пишган писмиқ экансиз-а!

      — Нималар деяпсиз ўзингизча? — Шавкат миясига қўққисдан келиб қолган фикрдан суюниб кетди. — Мен уни таниш гинекологга олиб борган эдим. Гапингизга аниқлик киритиш учун. Эътиборингиз учун, у бокира экан! Ҳа, гинекологнинг ўзи буни тасдиқлади!

       Ҳозирги айтилган гап тўқиб чиқарилгани Шавкатнинг шундоққина юз-кўзидан билиниб турарди.

Шоҳида Шавкатни саволга тутди:

— Қайси гинекологга олиб бордингиз?

      — Ўзимизнинг поликлиникадаги таниш гинеколог дўхтир хотинга.

     — Поликлиникаларда гинеколог бўлмайди-ку.  − Шоҳида аслида поликлиникаларда гинеколог бўлиш-бўлмаслигини билмаса-да, йигитга ҳужум қилаётганди. — Гинекология марказига борган бўлсангизлар керак, а?

     — Ҳа, ҳа, гапимдан адашиб кетдим, поликлиника деб юборибман, ўша ёққа... ҳалиги... гинекология марказига борувдик.

     — Адашмаётган бўлсам, пешиндан кейин чиқиб кетдинглар, шундай эмасми? Раънони тушлик пайти ошхонада кўргандим.

     — Ҳа, нима бўпти шунга? Қачон борганимизни сизга нима дахли бор? Гапни чувалатмай, нега бўҳтон қилганингизни гапиринг!

     — Намунча ичингиз тор бўлмаса! Дахли бўлгани учун ҳам гапираяпман. Билмасангиз, билиб қўйинг, гинекология марказида гинеколог врач соат саккиздан ўн иккигача ишлайди! Сиз у ерга бормагансиз, Раъно билан кайфу сафо қилиб келаяпсиз! Тўғри топдимми?! Гапимни бўлмай, охиригача эшитинг, гапим тугаса, кейин сизни эшитаман, хўпми? Мен сизни лақма, гўл, деб ўйласам, кечириб қўясизу, қип-қизил аҳмоқ ҳам экансиз! Қизишманг! Негалигини айтайми? Ҳозир тиббиётимиз тараққиёти а-аанча жадаллашиб кетган! Пули тўланса бас, истаган жувонни бир зумда қиз болага айлантириб беришади. Нима демоқчи бўлаётганимни тушунаётган бўлсангиз керак ё янаям очиқроқ айтайми? Пул нималар қилмайди! Эрта-индин етимхонамизга текширувга гинеколог келиши керак. Шунақа пайтларда, бошлиғимиз гап-сўзга қолмаслик учун ҳайдовчиси билан Раънони шифохонага жўнатади. Севгилингиз эса... у ердан бир юмалаб онаси ўпмаган қизга айланиб қайтади! Тушунарлими?

       Шоҳиданинг бу қадар ўзига ишонч билан гапириши Шавкатнинг бошига урилган гурзидек бўлиб туюлди! Боягина кўнглида пайдо бўлган ишончни яна шубҳа, гумон эгаллаб, бу ҳислар унинг юрагини илондай  заҳарлай бошлади! Юраги “Раънога ишон, Шоҳида туҳмат қилаяпти”, деса, кўнглидаги шубҳа “У рост гапираяпти, Раънонинг ўзи ҳам эрта-индин гинеколог текширувга келади, деганди-ку, демак, у хиёнаткор,”, дерди! Шавкат икки ўт орасида қолди...

    — Туҳмат! Сизнинг ҳамма гапларингиз бошдан-оёқ ёлғон! Сизга умуман ишонмайман!

   — Ихтиёрингиз! Мен сизга ишонинг, деб ялинаётганим йўқ. Ишонасизми, йўқми, бундан қатъий назар, шуни билинг: ҳақиқат ана шунақа аччиқ бўлади!

Раънонинг онаси нега уни ташлаб кетгани ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Буниям билиб қўйсангиз ёмон бўлмасди: унинг онаси фоҳиша бўлган! Ноқонуний орттирган боласидан ҳазар қилиб, шу ерга ташлаб кетган. Етимхонадаги болаларнинг кўпчилигиҳароми! Мен ҳам онамнинг фаришта бўлмаганини яхши биламан. Шунинг учун айримлардек ўзимни покдомон қилиб кўрсатишга уринмайман ҳам! Бир мақолни эшитгандирсиз: “Қазисан, қартасан, асли наслингга тортасан!” Ирсият ҳақидаям эшитган бўлсангиз керак? Қондан қонга, наслдан наслга касаллик ҳам, хулқ-атвор ҳам ўтади. Киноларда кўрганман, сиз ҳаётда кўргандирсиз, яхши оилалар келин олишдан олдин унинг насл-насабини, етти пуштини суриштириши бекорга эмас! Яхши боринг. Менинг сизга айтадиган бошқа гапим йўқ! Кетдим. Чао!

     Шоҳида рўпарасида бақадай бақрайиб қолган Шавкатга разм соларкан, йигитни тамомила мот қилиб қўйганига ишонч ҳосил қилди ва ортига бурилганча, ётоқхонасига кириб кетди.

      Айниқса, тиббиётдаги “ютуқлар”, Раънонинг онаси ҳақидаги гаплари роса ишонарли чиқди-да ўзиям! Ирсият тўғрисидагиси-ку, чинакам қақшатқич зарба бўлди! Шоҳида ирсият борасидаги сўзларни аллақайси кинода эшитганди. Эшитганлари жуда қўл келди-да! У ўзига ўзи: “Қандингни ур, Шоҳида! Бопладинг! Мени Шоҳида дейдилар! Мен сенлар чиқмоқчи бўлаётган дарахтнинг шохида юраман! Сенлар эндигина шохига чиқсаларинг, мен аллақачон баргида юрган бўламан!” деганча севинчини ичига сиғдиролмаёсди!.. Бир томондан Шавкатни мулзам қилиб қўйгани унга олам-олам завқ бағишлаётган бўлса, бошқа тарафлама, ҳаммага ахлоқ-одобдан маъруза ўқиб, намунали эканлигидан ўзича керилиб юрган Раънонинг бугун шарманда бўлгани фош бўлиб қолди!!! Эндиги ҳужум — Раънога! Олға!                                          

       …Шоҳида хонасига кирганида  Раънонинг юм-юм йиғлаб ўтирганини кўрди. Нимагадир унга дилида тугиб қўйган гапларини айтиш фикридан қайтди. Аслида, Шоҳида Шавкат сен билан бирга бўлганини айтди, каби гапларни тўкиб ташламоқчи, Раънонинг тилини қисқа қилиб қўймоқчи эди. Аммо шундоқ ҳам бўлари бўлиб турганини кўргач, “Ўлганни устига чиқиб тепган бўлмай”, деган ўйгда Раънога яқинлашиб, ундан ҳол-аҳвол сўраган киши бўлди.

     — Нима бўлди? Нега йиғлаяпсан, дугонажон? Ким хафа қилди?

− Ўзим, шундоқ, негадир кўнглим тўлиб кетди, ичимдаги дардларни кўз ёшим билан бир бўшатиб олгим келди-да. — Раъно кўз ёшларини кафти билан артиб, Шоҳидага синиқ жилмайди. — Ана, кулдим. Бўлди йиғламайман.

     —  Доимо шундай кулиб юр. Сенга кулгу ярашади. Сенинг бахтли бўлишингни истайман, дугонажон.

     Шоҳиданинг гапидан кўнгли тўлқинланиб кетган Раъно унга миннатдорона тикилди:

− Сенгаям Худодан бахт тилайман.

      “Ҳм... Ичини бўшатмоқчи бўлганмиш... Ҳадемай, тез орада ичингдаги болангни ҳам бўшатасан”, – деб ўйлади Шоҳида...

      Қоп-қоп ваъдалар берган Шавкат, мана, орадан қанча вақт ўтдики,  қорасини кўрсатмай, дом-дараксиз кетди. На ўнгида, на уйқусида ҳаловат бўлган Раъно ҳеч кимга қўшилгиси келмас, одамови бўлиб қолган, иштаҳаси йўқлигидан чўпдек озиб кетаёзганди. Тадбир ўтказилишига масъуллиги учунгина, дугоналари билан репетициялар қилишга мажбур эди. Таассуф... илгарилари байрамларни шодиёна кайфиятда қаршилаб олар, тадбирлар арафаси ҳаяжонланарди. Ҳозир бўлса... ҳамма нарсадан кўнгли совуб, ҳафсаласи пир бўлган.

Байрам тантаналари ҳам бўлиб ўтдики, Раънонинг ичига чироқ ёқса, ёришмас эди.

Энг ёмони... қўрққан нарсаси бўлди. Шифокор қизларни навбатдаги текширувдан ўтказгач... Раънонинг ўзига унинг ҳомиладорга ўхшаётганини, махсус аппарат текширувидан ўтиши шартлигини тайинлаб, йўлланма ёзиб берди! Шунда Раъно йиғлаб-сиқтаб, бу ҳақда ҳеч кимга айтмаслигини сўраб, илтижо қилди, бироқ шифокор бу маълумот ҳозирча гумонлигини, текширувдан ўтгачгина аниқ бўлишини, буни фақатгина бошлиққа айтишга мажбур эканлигини маълум қилди.

      — Мени тўғри тушун, ҳар бир қизнинг саломатлиги ҳақида бошлиғингни хабардор қилишим шарт. Қолганлардан эса бу маълумотни сир тутишга ваъда бераман, — деди шифокор.  

      Табиийки, озиб кетган қизнинг ҳомиладорлигини қаппайиб бораётган қорни ошкор қилиб қўяди... Шоҳида ҳам дугонасининг тез-тез қайт қилиши-ю қорнига қараб, гап нимадалигини дарҳол фаҳмлади.

      — Ҳаммадан нега ўзингни олиб қочаётганинг сабабини мана энди тушундим. Раъно, касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади, билиб қўй. Бўйингда бўлиб қолгани қорнингдан, кўнглинг айниб, қусаётганингдан яққол билиниб турибди. Сен Шавкат билан албатта гаплашиб, унга бор ҳақиқатни айтишинг керак. Нега у тараллабедод қилиб, мазза қилиб юриши кераг-у, азобини сен тортиб, иснодга қолишинг керак?

      Раъно бу гапни эшитиб, кўз олди қоронғулашиб, каравотга беҳол ўтириб қолди.

      — Шунчалик... сезиладими? Шарманда бўлдим! — қиз ҳўнграб йиғлаб юборди.

       — Қўй, йиғлама, садқаи кўз ёшинг кетсин! Чақиртир у номардни, сенга маслаҳатим шу!

     — Шундай-ку-я, лекин мен унинг турар жойиниям, телефониниям билмайман-да... Кейин... нима дейман?

     — Ё товба, манзили, телефони, ота-онаси кимлигини билмай туриб, яхши танимаган кишинг “Севаман, қучоғимга кир”, деб, лақиллатса, чув тушиб, тўшагида ётибсан-да! Сени қара-ю... Бўпти, бўпти, йиғлама, барибир энди йиғидан фойда йўқ. Яхшиси, бундан буёғига  нима қилиш кераклигини ўйла. Менинг Азим деган танишим бор. Ўшаникига бир-икки борганимда Шавкатни ҳам ўша ерда кўргандим. Азим менга улар қўшни эканликларини айтувди. Ўша орқали сенга унинг телефонини, манзилини билиб бераман. Дугонангман, ахир. Сенга жоним ачийди.

      — Раҳмат, дугонажон, яхшиямки сен бор экансан бахтимга. Қилган яхшиликларинг мендан қайтмаса, Худодан қайтсин! Фақат... ўзинг телефон қилганинг яхшимиди... Агар иложи бўлса, албатта... илтимос... йўқ дема.  Мен... нима дейишни билмаяпман, умуман... овозини эшитсам, гапиролмай, йиғлаб юборсам керак. Хўп, дегин, жон дугонажон!

      — Бўпти, бўпти. Ўзим унга ҳаммасини тушунтираман. Кўнглинг тўқ бўлсин!

      — Илоё барака топ, раҳмат сенга!

          “Нима учун Шавкат мени алдаб, ташлаб кетди? Энди нима қиламан? Одамларнинг кўзига қандай қарайман? Нега тақдирим бунчалар аччиқ? Бундай шармандагарчиликдан кўра, туғилажак болани туғмай туриб, ўлганим яхшимасми?” Раъно ёстиқни қучоқлаб олганча, аччиқ-аччиқ кўз ёш тўкаркан, виждонсиз кимсанинг қўлида аянчли қўғирчоқ бўлганидан ўкинаётганди.

Шу каби жавобсиз талай-талай саволлар гирдобида қолган шўрлик қиз йиғлашдан ўзга чорани кўрмаётганди...

…Ниҳоят келишидан деярли умидини узган кишиси... Шавкат келганини, уни чақираётганини айтишди. Йигитга интизор бўлиб, уни кўришга муштоқ кезлари, келиб қолса, қай аҳволга тушаркинман, деган хаёллар оғушида юрган Раъно бу хабарни лоқайдгина қабул қилди. У муҳаббатнинг нафратга айланиши мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмаганди. Раъно истар-истамас кириш эшиги ёнига чиқди.

      Қизнинг таъналар билан лиммо-лим, совуқ нигоҳларга тик қарай олмаган Шавкат аранг салом берди.

     — Яхшимисан, Раъно? Соғликларинг яхшими?

     — Соғлигим қачондан бери сизни қизиқтирадиган бўлиб қолди? Худога шукр, нолимайман, — деб қуруқ оҳангда жавоб қайтарди Раъно.

       — Бир айланиб келсак, дегандим... Сенга айтадиган гапларим бор эди.

      — Бирга айланишга кимнидир излаётган бўлсангиз, ана, шаҳар тўла қиз. Гапларингизга келсак, сизни гапларингизни эшитишни ҳам истамайман, сизга айтадиган гапим ҳам йўқ!

      Раънодаги бу қадар кескин ўзгаришни, унинг тўнини мутлақо тескари кийиб олганини кўрган Шавкатнинг кўнглидаги ҳадик баттар авж олди.

Шавкатни Раънонинг олдига келишга ундаган сабаб аслида Шоҳиданинг гаплари эди. Кеча Шавкатни қўшниси Азим уйига чақириб, Шоҳиданинг унга айтадиган ўта муҳим гапи борлигини айтди. Салом-аликдан сўнг Шоҳида бидирлаб кетди.

      — Раънойизнинг бўйида бўлиб қолганидан хабарингиз борми? Дугоналарига, шу қатори менга ҳам бу бола сизданлигини, бола туғилса сизни судга бериб ё уйланишингизни талаб қилишини, ё бўлмаса сиздан алимент ундиришини гапириб юрибди. Шўрингизга шўрва тўкилай, деб турибди, эҳтиёт бўлинг!

Шавкат Раънонинг озиб-тўзиб кетганини кўриб турарди. Тавба, қуппа-қуруқ тарашанинг нақ ўзи бўлиб қолибди-ку. Бу алвастининг нимасини ёқтириб қолдийкан ўшанда? Қаердан ҳам шунга илакишиб, бошига ғалва орттириб олди-я?! Энди дарҳол чорасини кўриб, масалани узил-кесил ҳал қилмаса, оқибати ёмон бўладиганга ўхшаб қолди.

      Хайр-маъзурни ҳам насия қилиб, индамайгина ортига бурилиб кетаётган Раънони кўргач, Шавкат хаёлларини йиғиштириб олиб, жон ҳолатда унинг қўлларига ёпишди.

      — Кетма, ўтинаман, Раъно, сенга икки оғизгина гапим бор, холос.

      — Бўлди, бундан буён ўзингизни ҳам, мени ҳам қийнаманг, илтимос, мени тинч қўйинг! Ўз ҳолимга қўйинг! Сизни кўришни ҳам истамайман!

       — Туғилажак боламиз ҳаққи-ҳурмати... қайт!

      Бу гапни эшитган Раъно “ялт” этиб, унга ўгирилди.

− Гапларингизни шу ерда айтаверинг, қулоғим сизда.

     —  Сени ота-онам билан таништирмоқчиман. Келинингизни олиб келаман, деб келдим бу ерга. Раъно, мен сени севаман, ишон! Сени бу ердан уйимизга олиб кетаман... иккаламизнинг уйимизга. Биргаликда туғилажак фарзандимизни ўстириб, тарбиялаймиз! Мени ота-онам бошқага уйлантиришмоқчи бўлишганди. Уйдагилар билан жанжаллашиб, бошқа вилоятга, аммамникига кетиб қолгандим. Шунинг учун олдингга кела олмадим. Кечир мени! Истасанг, қаршингда тиз чўкиб, кечирим сўрайман!

       Ортиқча сўзларга ҳожат йўқ эди. Раънонинг содда юраги йигитнинг ёлворишлари қаршисида ожиз қолди. Раъно ҳатто Шавкат ҳақида беҳуда хаёлларга борганидан хижолат чекиб, ўз-ўзидан уялиб кетди. Ахир, Шавкат фақат уни дея, бошқага уйланишни истамай, уйидан кетиб қолгани учун кела олмаган экан. Раъно эса, ундан шубҳаланиб, турли хаёлларга бориб ўтирибди.

− Бўлди, Шавкат ака, ишондим. Кетдик. Фақат рухсат олиб чиқай.

     —  Рухсат олиб нима қиласан, ҳали ота-онам совчиликка келишганда, ўзлари билиб олишади. Энди бундан буён рухсат сўраб ўтиришнгнинг ҳам мутлақо кераги бўлмайди.

      Шавкат машинада келган экан. Улар машинага ўтиришиб, йўлга тушишди. Шавкат машинани шаҳар четига, дарё бўйига қараб ҳайдади.

     — Қаёққа кетаяпмиз? Нега овлоқ жойга қараб ҳайдаяпсиз?

     — Хавотирланма, уйдагиларнинг олдига боришдан аввал, дарё лабида сен билан бир сайр қилгим келди. Майлими? Табиат қўйнида, ташвишларни бир зумга унутиб, манзараларнинг гўзаллигидан баҳра олсак, кайфиятимиз чоғ бўлиб, уйга борамиз. Ҳозирги ҳолатингда жуда ғамгинсан... Мана, етибам келдик, туш машинадан. Бирпас дарё соҳилида биргаликда айланамиз.

Улар шиддат билан оқаётган дарё лабида бирга айланиша бошлашди. Дарё бўйидаги тик нишаблик ёнига келганлари маҳал Шавкат тўхтади.       

Раъно қаттиқ ҳаяжондан қаерда юрганини ҳам унчалик англай олмасди! Наҳотки... бутун орзулари рўёбга чиқса?! Қанчалар қўрққанди-я! Шавкат уни ташлаб кетди, деган фикрлардан тамоман ақлдан озай деяёзганди! Бугун эса ундан бахтли одам бормикан?!

     — Шундай қилиб, мулла сендан менга ўзингни тан маҳрамликка топширишга рози ёки розимаслигингни сўрайди. Кел, мен мулла бўлиб, сенга савол бераман. Сен жавоб берасан. Келишдикми?

      Раъно уялинқираб, бош ирғади.

      — Хў-ў-ўш, Раънохон... Ие, отангнинг исмини билмайман-ку. Отангнинг исми нима?

      — Хуршид.

      — Отангни кўрганмисан ўзи?

      — Йўқ, бу исмни етимхонадагиларнинг  ўзлари қўйишган...

      — Давом этамиз... Раънохон Хуршид қизи, сиз ўз инон-ихтиёрингиз ила ўзингизни Шавкат Аббос ўғлига тан маҳрамликка бағишлайсизми?

      Орага сукунат чўкди.

      — Мен жавоб кутаяпман.

     — Ҳали уч марта бўлмади-ку.

Тўсатдан Шавкат тутақиб кетди.

— Ҳали сен, отаси, онаси кимлигини билмайдиган ҳароми, нимангга ишониб менга тегаман, деб ўйлаяпсан-у, нимангга ноз қилиб, уч марта савол сўрайди, деяяпсан?

       Раънога бундай кутилмаган ҳақорат тарсаки каби тушгани камдек қилгандек, Шавкат унинг юзига чинакамига икки-уч бор шапалоқ тортиб юборди! Кутилмаган ҳолатдан Раъно ўзини тамомила йўқотиб қўйиб, гангиб қолди!

       — Ҳали сен мени судга бериб, алимент ундирмоқчимисан? Ўйнашларингдан орттирган боланг учун мен алимент тўлайманми ҳали? Сен оила шаъни нималигини биласанми? Оиланг бўлмагандан кейин оиланинг қадри, шаънини қаерданам тушунардинг?! Сен бузуқи, оиламиз шаънига доғ туширмоқчимисан ҳали? Чучварани хом санабсан! Мени ўз ҳолимга қўйганингда бунақа бўлмасди! Буни тушунмадинг! Ўзинг-ку, ҳароми бўлиб туғилгансан, шунинг учун, сени ўзингга ўхшаган енгилтак, фоҳиша онанг ташлаб кетган. Аммо сен, онангдан ҳам баттар тубансан! Биласанми, нега? Онанг сен ҳаромзодани ҳеч кимга мажбурлаб тиқиштирмаган, етимхонага ташлаган-кетган, сен бўлса ўзинг сингари ҳаром болангни менинг бўйнимга илмоқчисан! Мени аҳмоқ деб ўйлаб, алдамоқчи бўлдингми? Дунёга келтирмоқчи бўлган боланг ҳам, агар дунёга келган тақдирда ҳам, худди ўзингга ўхшаган бўларди! Ҳе, онангни.....

      Эшитаётган гапларидан юраги ларзага келиб, чидай олмасдан йиғлаётган Раъно овоз чиқариб, ўз-ўзига гапира бошлади:

− Э, Художон! Тезроқ жонимни олиб қўя қолсанг-чи! Бундан кўра ўлганим минг марта яхши эди!

      — Ҳа, тўғри айтдинг. Ўлганинг яхши. Сен ҳам қутуласан, мен ҳам қутуламан.

      Шавкат кутилмаганда Раънони қутуриб дарёга итариб юборди.Сиртидан сокиндек кўринадиган, аммо шиддат билан оқаётган дарё гирдоби қурбонини шу лаҳзанинг ўзидаёқ ютиб юборди...

         ...Орадан бир ой ўтар-ўтмас Шавкатни уйлантиришди. Тўй куни бўкиб ичиб олган Шавкат, чимилдиққа кирганда... келиннинг ўрнига... Раънонинг ўтирганини кўриб, эсхонаси чиқиб кетаёзди!

      У кўзига сиймоси қайта-қайта кўз олдида пайдо бўлаётган Раънони бошқа кўрмаслик, виждон азобидан халос бўлиш, ўйламаслик, бўлиб ўтган воқеаларни унутиш учун фақат ароқ ичиш билангина кифояланиб қолмасдан, танишларидан сўраб-суриштириб, наша топтирди ва нашавандликка ҳам муккасидан кетди. Шавкат ҳаловатини тамоман йўқотганди. Наздида, Раънонинг безовта руҳи уни тинимсиз таъқиб қилаётганди. Кўзини юмди, дегунча, қизнинг ўлим олдидан ёлвориб тикилганларии хотирасида намоён бўлаверарди. У ичиб, чекиб олгандагина, сал бўлса-да, бу оғир виждон азобидан қутулгандек бўлар, лекин энди унга турли шарпалар кўрина бошларди. Раънони кўргандан кўра, шу мавҳум, қўрқинчли шарпаларни кўришга ҳам рози эди...          

     Шундай кунларнинг бирида, маст ҳолатда шаҳар марказида юрганида уни милиция ходимлари тўхтатишди. Шахсини аниқлаш учун шу яқин атрофда жойлашган жамоат хавфсизлигини қўриқлаш бўлимига олиб боришди. Текширув пайти Шавкатнинг чўнтагидан гиёҳванд модда солинган қутича чиқди...

     Дарёда шахси номаълум, аёл жинсига мансуб шишиб кетган жасад чўмилаётган болалар томонидан кўриб қолиниб, милицияга хабар берилган ва мурда ҳалига қадар ўликхонада эди. Ўша болалар бундан тўрт-беш ҳафта бурун дарё бўйига келган машинани ҳам эслаб қолишган экан. Хуллас,   тезкор тергов-суриштирув тадбирлари асосида аёлнинг шахси, унинг иккиқат бўлганлиги аниқланди. Терговчилар бир тарбияланувчилари йўқолиб қолганлиги ҳақида ариза берилган болалар уйида ҳам бўлишди. Раҳбар билан, Холис опа билан суҳбатлашишди. Айниқса Холис опанинг кўрсатмалари кўп сирларга ойдинлик киритди. Раънонинг йўқолиб қолганидан ваҳимага тушиб юрган Шоҳида ҳам йиғлай-йиғлай бор гапни айтиб берди.

Рад этиб бўлмайдиган далиллар келтирилгач, Шавкат айбини бўйнига олишдан ва ўз айбига иқрорлик аризасини ёзиб беришдан бошқа иложи йўқлигини тушунди... 

Асаблари чидай олмаган Шавкат тўсатдан бақира бошлади:

− Мен ўлдирдим! Мен ўлдирдим Раънони! Мен!..

 Музаффар МУҲАММАДНАЗАР