Таваллуд топган кунингиз муборак, Юлдузхоним!


    Таваллуд топган кунингиз муборак, Юлдузхоним!
 
    Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбекистон чегара қўшинлари капитани, заҳирадаги офицер, хонанда - Юлдуз Абдуллаева таваллуд топган кун... Юлдузхонимнинг тасвири акс этган суратларни кўздан кечирар эканман, "Осиё Гранд" ресторанида қизи, келинимиз - Фарангизхоним ва куёвимиз - Аъзамжоннинг висол оқшоми ёдимга тушди. Ўшанда унинг Онажониси қизи ва набирасининг қувончига шерик эди...
     Ўзбек миллий академик драма театри директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист - Фатхулла Масудов  Ўзбек миллий академик драма театри ва кино актрисаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист - Лола Элтоева билан Юлдузхонимнинг  шодлигини баҳам кўришиб, тўйида бошловчилик қилишганди. Раҳматли Фатхулла ака ўта камтар инсон эди. Юлдузхон ҳам худди шундай камтарин, самимий ва оқила аёл. Исми жисмига монанд, санъатда чинакам ЮЛДУЗ бўлса-да, ЮЛДУЗЛИК касаллигига чалинмаган саноқли санъаткорлардан бири. Юлдузхоним тонгдан Онаизорини ёдга олибди... Волидаи муҳтарамаси - Боқияхон ая Аминжоновна Пирматовани Оллоҳ раҳматига олган бўлсин... 2021 йили оламдан кўз юмгандилар... Эндиликда  жондан азиз Онажониси қизини ҳеч қачон табриклай олмаслигидан куюниб, ўкинганча, Онаизорини қўмсабди... уни ҳис қилдим, жуда таниш ҳолат... негаки бундай лаҳзалар кўпчилигимизнинг, шу жумладан менинг ҳам бошимдан ўтган... Оламдан ўтган яқинларимизни эслаш асносида тушкунликка эмас, аксинча, дунёнинг фоний эканлигини англаб, унинг ҳар лаҳзасидан баҳра олиб яшашга, имкон қадар эзгулик қилишга чорламоқчимиз, холос. Юлдузхонимнинг ҳали-ҳануз қўшиқларини севиб тинглайман. Негаки, унда кибрдан заррача асар йўқ, қалб қўридан қайнаб чиққан дил нолалари... Юлдузхоним, умрингиз зиёда, мартабангиз янада юксак бўлсин! СИЗга энг эзгу истакларим армуғон! Янги қўшиқларингиз билан биз - мухлисларингиз қалбига малҳам бўласиз, деган умиддамиз! 

Камоли эҳтиром ила, мухлисингиз - Музаффар Муҳаммадназар.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот