Муаммо йўқми?


     Худо “Ол, қулим!” деб турган эканми, Икром компьютер дастурчилари танловида ютиб чиқди-ю, Европа мамлакатлардан бирига саёҳат йўлланмасига эга бўлди! Бориш-келиш, яшаш, овқатланиш, қўйингки, ҳамма харажатлар ташкилотчилар зиммасида экан!

Қувончдан Икромнинг боши осмонга етди.

 

* * *

     ...Ҳаммаёқ ям-яшил. Йўллар ойнадай текис. Чанг, ғубор кўринмайди. Ҳатто дастлабки кунлари Икром дарахтлар, буталар баргларининг бу қадар тозалигидан ҳайратга тушиб, уларни кечаси ювиб қўйишармикан, деган ўйга ҳам борди; ўз тахминининг тўғри-нотўғрилигини аниқлаш учун бир-иккита баргни ялаб ҳам кўрди. Аммо таржимон буни осонгина изоҳлаб берди:

— Ҳаво намчилроқ. Чанг йўқ. Шу сабабли барглар топ-тоза тураверади...

Дарҳақиқат, таржимоннинг гапини исботлагандай, Икром бир ҳафта мобайнида кийиб юрган кўйлагининг ёқасида заррача бўлса ҳам кир кўринмади. Ваҳоланки, қишлоғида эканида ҳар куни кўйлагани алмаштирмаса бўлмасди...

Бу мамлакат одамлари нима учун хоналарга, ҳаттоки баъзан ётоқхоналарига бемалол туфлиларда кириб кетавериши сабабини ҳам Икром ана шунда тушунди: ахир, туфлилар ялтираб турибди, чанг йўқ. Бунинг устига, одамлар уйнинг ичидан гаражларига ўтишади, машинага ўтириб офисларининг олдига қадар келишади, яна теп-текис, баъзан гиламча тўшалган йўлакдан юриб иш кабинетларига киришади. Бунақа шароитда чанг қаёқдан пайдо бўлсин!

Лекин бу мамлакатда ҳамма нарса ҳам Икромга ёқавермади. Дейлик, эрталаб уйқудан уйғонган одамлар юзларини ювмасдан бурун, тўшакда ётиб қаҳва ичишадими-ей, ё бўлмаса шу ҳолларида гаплашиб кетаверадиларми-ей...

Икром қишлоғини эслади: саҳар уйғонганидан сўнг, юзини ювмасдан туриб наинки ота-онаси, балки ака-укаларига ҳам кўринмасди, улар билан гаплашиш-ку, инчунин...

Инглиз тилини ўргана бошлаган Икром бир куни компюетр орқали мамлакат парламенти сайтига кирди ва сўзларни ҳижжалаб таржима қила-қила, ахийри депутатларнинг бир гуруҳи... кўчада итларни қандай қилиб олиб юриш тўғрисида қонун тайёрлаётганини тушунгандай бўлди.

Икром анграйиб қолди. “Нотўғри таржима қилдим шекилли”, деган хавотирда эртаси куни таржимондан сўради.

— Тўппа-тўғри, — бамайлихотир жавоб қилди таржимон.

— Ахир... — баттар ҳайратланиб сўради Икром, — ахир депутатларнинг бундан бошқа иши йўқми?

Таржимон баайни икки карра икки тўрт эканлиги ҳақидаги оддий ҳақиқатни уқтираётгандай яна пинак бузмади:

— Ахир бошқа барча керакли қонунлар аллақачон ишлаб чиқилган бўлса, депутатлар нима қилишсин?

Жавобдаги мантиқ Икромнинг попугини пасайтириб қўйди...

Бу мамлакатда яна бир нарса Икромга маъқул бўлди. Буям бўлса — бир-бирларига мутлақо бегона одамларнинг кўча-кўйда, дўконда, истироҳат боғларида, иш жойларида, қўйингки ҳамма-ҳамма жойда бир-бирларига табассум билан қарашлари, бир-бирларига меҳрибонлик билан муомала қилишлари. Кўча-кўйда ота-онаси елкасидаги ёки болалар аравачидагими бирон гўдакни кўриб қолишса-ку, тамом — баайни мўъжизага дуч келишаётгандай ёш-қари гўдакка ҳайрат ва қувонч билан қарайди, иложини топиб икки оғиз ширин сўз айтишади, сумка ёки чўнтакларидан ширинлик олиб узатишади...

Ўйлай-ўйлай, охири Икром бунинг сабабини топгандай бўлди — ахир оилада битта, кўпи билан иккита фарзанд бўлгандан кейин, бунинг устига ўн олтига тўлган йигит ёки қиз уйдан чиқиб кетиб, ота-онасидан олисда мустақил ҳаёт кечира бошлашганидан кейин бора-бора бу бечоралар гўдак исига, гўдак табассумига зор бўлиб қолишади шекилли... Аммо қаршингдаги одамнинг сенга табассум қилиб туриши... Барибир ёқади.

Тўғри, аксар ҳолларда табассум чин юракдан эмас, сунъий, гўё одамлар юзларига табассумдан ниқоб осиб олишгандек. Аммо барибир ёқади-да...

Ҳатто дастлабки кунлари Икром атрофидагиларга жиддийлик билан қарайвергани боисми, улар хавотирга тушишиб, таржимондан сўрашибди:

— Меҳмонимизнинг бирон муаммоси борми?

Икром кулиб юборишдан ўзини тийиб туролмади. Буни кўрган мезбонлар енгил нафас олишди.

Албатта, дуч келган одамга илжайиб қарайверишнинг ўзи бўлмайди. Бора-бора кечга бориб Икромнинг оғизлари оғриб қоладиган бўлди — ахир кун бўйи куйдирган тиржайиб юришу, дуч келган одамга табассумлар ила оғизни тўлдириб “Хэлло! Хау ду ю ду?” дея айтаверишнинг ўзи бўладими...

   

* * *

Олис юртдаги эртакмонанд етти ҳафта ҳам ўтди-кетди.

Икром она юртига бир олам орзулар билан қайтди. Оқшом палла самолёт қанотлари остида минглаб чироқлари порлаб турган қадрдон шаҳарини кўрганда эса қувончдан кўзларига ёш тўлди.

Бироқ кўнгилда туғилган орзу бирдан амалга ошиб, ҳаётга татбиқ этилиб қолавермаслигига Икром эртаси куниёқ амин бўлди.

Эрталаб ўзининг танловда иштирок этишига барча шарт-шароитларни яратиб берган ишхонасидагиларнинг ҳар бирига атаб олинган совға-салом ҳамда тушлик маҳали қаҳвахонада уларга бир пиёла чой бериш ниятида ажратиб қўйган пули солинган ҳамёни жойланган кичкина рюкзакни орқасига осиб олган Икром машрутли таксилар юрадиган бекат томон йўл олди.

Йигитнинг вақти чоғ. Ўз юртингга нима етсин!  Майли, озроқ чанг-ғубор бўлсин, йўллариям нотекис бўлсин, аммо барибир бу ўзингники-да.

Шундай ўйлар оғушида чет элдаги ўрганиб қолган одати бўйича оғзи қулоғида Икром бекатга келди ва тартибсизроқ равишда маршрутли таксини кутаётган йўловчилар охирроғида туриб олишга уринди.

Йўловчилар асабий тарзда йўлга қараб-қараб қўярдилар. Энг олдинда туриб олган, катак кўйлагига ярашмаган тарзда энли бўйинбоғ тақиб олган қирқ беш ёшлардаги жиккаккина, сочининг тепаси тўкила бошлаган йўловчи оғир уф тортди ва “Йўл-пўлда ўлиб қолганми булар!” дея ғудраниб қўйди. Икром сесканиб кетиб ён-верига қаради, аммо бу ҳақорат йўловчиларга таъсир қилмаганини кўргач, сал енгил нафас олди.

Шу пайт ўттиз ёшлардаги бир семизгина, шу ҳолида торроқ кўйлак кийиб олган жувон оғир рўзғор сумкасини кўтарган томонига қийшайганча ҳарсиллаб-пишиллаб келиб қолди. Икром одобли йўловчи сифатида навбатнинг охири ўзи эканини билдириб қўймоқ мақсадида жувонга жилмайиб қаради.

Лекин... Жувон шу куни чап тарафи билан турган эканми ё ўзи табиатан сал асабийроқми, ишқилиб, Икромнинг табассумига жавобан ўқрайиб, ҳаттоки ғазабланиб қараркан:

— Кўзгинанг тешилсин! — дея қарғаниб қўйди. 

Икром қип-қизариб кетганини сезди. Бироқ буни билдирмасликка уриниб, ўзини одобли, зиёли йўловчидай тутишга уринди ва чет элда ўрганиб келган одати бўйича яна бир бор жилмайиб қўяркан, сал энгашиб:

— Келинг, сумкангизни кўтаришворай, — деди.

Ҳар қалай, йигит бу таклифни ўта самимий тарзда айтган эди.

Аммо... нимагадир чўчиб кетиб, ўзини четга олган жувон Икромга адоқсиз нафрат аралаш ғазаб билан қаради-да:

— Торт-э қўлингни! — дея ўшқириб берди.

Икром ёрдам учун қўлини чўзган ҳолида мустар бўлиб туриб қолди. Аммо бир амаллаб жилмайишга уринди. Ўрганиб келганидек.  Аёлнинг кескин овози бошқа йўловчиларнинг ҳам эътиборини тортди шекилли, улар шу томонга ўгирилиб қарашди. Икромнинг юзидаги табассум семиз жувонга ёмон таъсир қилдими ё у йигит мени мазах қилаяпти деб ўйладими, ишқилиб, кўзларииннг пахтаси чиққанча йигитга қараб энди очиқ-ошкор бақириб-қарғаниб берди:

— Гап отаман десанг ёш қизлар қуриб қолганми, ергина юткур! Онанг тенги хотин бўлсам!

Икромнинг бўлари бўлди. Нимадир деб ўзини оқлайин деса, лабини жуфтлашга жуфтлайди-ю, тилига сира гап келмайди. Ҳа, туҳматнинг тоши оғир бўларкан...

Бу орда энг олдинда туриб олган, галстукли жиккаккина одам гавдасига ярашмаган тарзда йўғон овозда орага қўшилди:

— Маняк бу, синглим, маняк. Бунақалар сизга ўхшаш... нима десам экан... лўмбиллаган, дўндиққиналарни пойлаб юради-юради-да, ана ундан кейин...

Бу гапни эшитган жувон баттар қутуриб кетиб, йигитга бор ғазабини соча бошлади:

— Санга кўрсатиб қўяман бегона хотин кишига гап отиш қанақа бўлишини! Яна иржайиб турганингга ўлайми!.. Қўлидан ҳеч нарса келмайди деб ўйладингми? Келади, шундаям келадики!..

Орага яна катак кўйлакли йўловчи қўшилди:

— Милицияга бервориш керак бунақаларни! Касалиниям айтиш керак.

Йўловчилар ғала-ғовур қилишиб бу фикрни маъуллай кетишди. Энг ёмони — уларнинг барчаси Икромга нафрат билан, еб юборгудай тикила бошлашганди...  Хайрият, Икромнинг бахтига шу пайт маршрутли такси келиб қолдию, йўловчилар ўзларини “Раф”га уришди.

Шунча олдинда тургани билан, галстукли банда биринчи бўлиб машинага чиқа олмагани боисми, йўловчилар орасида бўғилиб бақириб-чақирарди:

— Қоч! Қоч дейман! Инсофинг борми, номард!.. Туртма! Туртма мени!..

Барибир, уч-тўрт йўловчи машинага сиғмай қолишди. Энг охирида келганига қарамай, қандайдир мўъжиза билан машинага чиқиб олган бояги семиз жувон эшик ёнидаги митти табуреткага ёйилиб жойлашиб ўтириб оларкан, ҳамон жойида қоққан қозиқдай қотиб турган Икромга еб қўйгудай бўлиб тикиларди.

Машина ўрнидан оғир қўзғалди. Икром бекатда қолган уч-тўрт йўловчига бош кўтариб қаролмасди. Қани эди, ер ёрилсаю, кириб кетса... У қўрғошиндай оғирлашган оёқларини аранг судраб, йўловчиларнинг нафратли нигоҳи остида бекатдан узоқлашди ва бу ердан икки юз қадамча наридаги автобус бекатига бориб турди. Номус, алам туйғулари йигитнинг юзини ловуллатарди...

 

* * *

Икром автобус бекатида қолган йўловчиларга нимагадир бош кўтариб қарай олмади. Гўё кимлардир ҳамон унга бармоғини бигиз қилиб ўқталиб тургандай...

Тез орада болали хотиндай оғир чайқалиб автобус келди. Икром орқа эшик томон юрди. Бир-бирини туртиб-суртиб салонга интилаётган уч-тўрт ўсмир ортидан энди олдинга юра бошлаган маҳал шундоқ ёнида аёл киши пайдо бўлганини кўрди. Бу беихтиёр юз берди. Ҳатто Икромнинг ўзи ҳам сезмай қолди.

У ортга ярим қадам чекинди ва йигирма беш-ўттиз ёшлардаги жувонга жилмайиб қараб, уни олдинга ўтказиб юбормоқчи бўлди. Бор-йўқ нияти шу эди унинг. Ахир дунёни кўриб келди. У юртларда аёл кишилар жамот транспортига навбатсиз чиқишарди. Аёл кишига ҳурмат дегандай.

Аммо... Жувон бирдан тўхтади ва ўзига жилмайиб қараб турган йигитга қараб шартта:

— Одам кўрмаганмисан, бунча чақчаясан, харип?! — деди.

Йигит тамомила довдираб-эсанкираб қолди. Ҳатто табассуми ҳам  юзидан сидирилиб тушди.

Бир гап билан нотаниш “ухажёр”ни боплаганидан мамнун бўлган жувон липиллаб автобусга чиқиб олди. Эшик қарсиллаб ёпилди. Автобус чанг кўтарганча ўрнидан оғир қўзғалди.

Кимдир боплаб тарсаки туширгандай икки чаккаси ловуллаётган Икром жойида бўшашиб туриб қолди.

 

* * *

Қандайдир адолатсизлик, бемаъни тушунмовчилик юз бераётгандай эди. Ахир Икром... Бор-йўғи хорижда кўрганларини...

Йигит бир-бир босиб бекатга қайтди. Унинг кайфияти расвойи раддибало бўлиб кетганди. Бунақа аҳволда жилмайиб бўладими? Яхшиям бекатда ўзидан бошқа ҳеч ким қолмагани. Акс ҳолда... ўлганнинг устига тепган бўлиб...

Шу пайт Икромнинг ёнгинасида машина сигнали чалинди. Йигит чўчиб шу томонга қаради. Анча оҳори кетган сариқ “Жигули”. Ҳайдовчининг ёнида бир йўловчи ўтирибди. Ўрта ёшлардаги, қорувли ҳайдовчи ойнадан бошини чиқариб:

— Қаёққа борасан, ука? — дея сўради.

Саволнинг дўқ аралаш берилганлиги, бунинг устига таксичининг умрида биринчи марта кўриб турган одамига “сен”лаб мурожаат қилаётгани сал оғир ботган бўлса-да, Икром ўрганиб қолган одатига кўра ёлғондан бўлса ҳам беихтиёр жилмайди ва манзилини айтди.

Таксичи ўйланиб қолди. Сўнг:

— Йўли тескари экан, — деди негадир баттар қовоғи уйилиб. — Майли. Соққасини келишсак ташлаб қўяман.

— Қанча? — аранг сўрай олди Икром.

Ҳайдовчи анча катта пул айтди. Аммо Икром савдолашиб ўтирмади. Зеро, унинг ўзини шармандаи шармисор қилган бу бекатдан тезроқ узоқлашгиси келарди.

Йигит орқа ўриндиққга ўтираркан, машинадагиларга “Ассалому алайкум”, деб қўйишни унутмади. Бунга жавобан иккалови ҳам миқ этишмади. Аксинча, ҳайдовчи баттар пешонасини тириштириб, ҳурпайиб олди. У, афтидан, бу ташқи кўринишидан ва ўзини тутишидан содда-гўл йўловчидан бир йўла янада кўпроқ пул сўрамаганидан афсусланмоқда эди.

Машинада радио ёки магнитофон ҳам йўқ экан. Худди уришган ёки гунг одамлардай бу тарзда жим кетавериш Икромга ўнғайсизроқ туюлди. У гап бошлашга баҳона қидираркан, ҳайдовчининг ёнида дунёнинг жами ғами бошига тушгандай тумтайиб, эзилиб, номаълум нуқтага бақрайганча тикилиб кетаётган, йўғон бўйнини жун босган йўловчига қаради. Йўловчи кўзига иссиқ кўринди. Икром бу тумтайган йўловчи томон ним эгилган кўйи табассум билан мурожаат этди:

— Кечирасиз, сизни қаердадир кўргандайман...

Ўзига мурожаат этишаётганини фаҳмлади шекилли, йўловчи  бошини овоз келган томонга бурди. Икром қўрқиб кетди: унинг чағир кўзларида милсиз нафрат ва ёвузона таҳдид акс этарди.

— Ҳа, ман катта холангнинг тўртинчи эриман, — хириллади йўловчи. — Гапинг борми?

Икром сесканиб ўзини орқага ташлади. Ҳайдовчи пихиллаб кулди. Сўнг қаршисидаги кўзгудан Икромга боқиб, мазахомуз оҳангда деди:

— Чакиб олганмисан, нима бало, куйдирган калладай тиржайганинг-тиржайган!

Икром беихтиёр “Йўғ-э!” деб юбораркан, шу заҳоти юзидаги табассум сўниб, унинг ўрнини тошдай ҳиссизлик эгаллади. Энди бу юзни гўё ёғочдан ўйиб ишлашгандай эди — унда ҳис-туйғудан асар ҳам кўринмасди...

— Бўлмаса валдирамасдан жим кетавер, — ўзича насиҳат қилган бўлди ҳайдовчи.  – Чарчаган одамга битта гап ҳам ортиқча.

Икром “Ахир кун эндигина бошланди-ку, қанақасига чарчаган бўлайлик?” деб эътироз билдирмоқчи эди, аммо вақтида тилини тишлаб қолди.

Ўсал бўлган Икром йўл бўйи миқ этмай келди. Ҳайдовчи бирданига кўп пул сўрамаганининг аламини олгиси келдими, ичкарига қайрилиб ўтирмай, катта йўл бўйида, ишхонадан анча берида тўхтатди машинасини. Икром пулни узатди ва барибир индамай тушиб кетгиси келмасдан “Раҳмат!” деб қўйди. У эшикни ёпаётган палла ҳайдовчининг яна пихиллаб кулганини ва “Булар чакса шунақа одобли бўлиб қолишади”, деганини эшитди.

 

* * *

Икром ишхонасига довур деярли бир бекат масофани пиёда босиб ўтди. “Чойдан оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади” деганларидек, энди у атрофга, қаршисидан пешвоз чиқаётган йўловчиларга алланечук ҳадиксираб қарай бошлаганди.

Ниҳоят, ниҳоят ишхонанинг муаззам биноси кўринди. Енгил тортган Икром кўксини тўлдириб нафас олди ва яна бир неча дақиқадан кейин ҳамкасбларига совғаларни қандай улашишини, тушлик маҳали эса қаҳвахонада бир пиёла чой, аниқроғи тўкин дастурхон устида сафар таассуротларини қандай тўлиб-тошиб сўзлаб беришини тасаввур қилдию, ҳаяжонланиб кетди. Ҳаяжон эса йигитчанинг юзини яшнатди. Унинг лабларига табассум югурди, кўзлари ўт бўлиб чақнади.

Худди шу маҳал... Икром ҳатто буни кутмаганди, бунга умид ҳам қилмай қўйганди. Аммо йигит ўз кўзлари билан кўрди: йўлнинг шундоққина нариги тарафида турган йигирма-йигирма беш ёшлардаги, кўҳликкина, чиройли қоматини кўз-кўзлаётгандай анчайин очиқ-сочиқ либос кийган жувон шу томонга жилмайиб қараб қўйди.

Икромнинг етмиш икки томири бўшашиб кетгандай бўлди. “Бор экан-ку...” Йигитнинг кўнглидан беихтиёр шу ўй, шу шукроналик кечди. Биргина табассум-а... Бор-йўғи биргина табассум... Инсон кайфияти кўтарилиши, оламга, одамга қувонч-ҳаяжон билан термулиши учун бундан ортиқ нима керак ахир... Тирикликнинг ўзи шу билан гўзал эмасми ахир...

Бояги хижиллик, ўсаллик — бари-бариси унутилгандай бўлди. Олам яна қуёш нурларига ғарқ бўлди. Икром қаддини ростлади ва тетик-дадил қадам ташлаган кўйи йўлни кесиб ўтди. Бояги жувон ҳамон жойида йигитга табассум билан қараб турарди.

— Салом, — деди қизга яқинлашган маҳал Икром худди йигирма йиллик қадрдонини кўриб қолгандай самимий қувонч билан.

Не тонгки, оғзи қулоғига етган жувон ҳам шундоқ кўтаринки оҳангда жавоб қилди:

— Салом...

Мана, саломлашилди. Икки инсон бир-бирига жилмайиб қаради. Бўлди. Вассалом. Айтиш мумкинки, қиёмат қарз, инсонийлик бурчи адо этилди. Шу билан ҳар иккаловининг кайфияти кўтарилди. Энди ҳар иккалови мана шу кўтаринки кайфиятда ўз йўлларида давом этишса бўлади.

Икром мана шундай қилмоқчи бўлди. Бироқ ўз табассумига ғарқ жувон эҳтиром ила:

– Муаммо йўқми? – деб сўраганини эшитгач, жойида таққа тўхтади.

Йигит энтикиб кетди. Саволнинг нақадар танишлигини! 

Ногаҳон Икром йўлнинг нариги тарафидаги ишхона эшиги ёнида йиғилишиб турган ҳамкасблари шу томонга деярли чопиб кела бошлашганини кўриб қолдию, шоша-пиша рюкзагини ечди. Ҳар қалай, қучоқлашиб кўришишлари аниқ. Рюкзак эса халақит беради. Буни жувон ҳам фаҳмлади чоғи, ўшандоқ хуш-хандон кайфиятда, узун-узун бармоқларини кўз-кўзлаётгандай аста қўл чўзди-да:

– Рухсат этинг, – дея нозик бир ҳаракат ила рюкзакни олиб ерга, шундоққина узун-узун оёқлари ёнига қўйди. 

 Бу қадар меҳрибончиликдан, иззат-ҳурматдан тўлиқиб кетган Икром ҳатто бир оғиз миннатдорчилик билдиришга ҳам улгуролмай қолди. Илло етиб келган ҳамкасбларнинг биринчи гуруҳи унга ташланишган эди.

Барибир, аёл кишини овора қилганидан хижолат чекаётган, бироқ айни пайтда кўзларидан тирқираб отилган қувонч, шукроналик ёшларини тия олмаётган Икром ачом-ачомлар орасида бир амаллаб ортига ўгирилди. Аммо рюкзак жойида йўқ эди. Аёл ҳам...    

 

---------------

Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ