КИНОТЕАТРДАГИ АРВОҲ


  

Бундан анча йиллар муқаддам чекка қишлоқлардан бирида кинотеатр қуриладиган бўлибди. Ўша пайтда Меъмор Тарасов хўжалик раиси, бошқача айтганда, «хўжалик отаси» экан. Бухоро амиридан кам жойи йўқ эди, дейишарди эскилар. Ўтир деса одамлар ўтираркан, тур деса тураркан. Ҳозирлари бирор фермер келиб, қайсидир хонадон эшигини қамчи дастаси билан гурсиллатиб уриб, «Ишга чиқинглар!» деб оила аҳлига дағадаға қилишини тасаввур эта оласизми? Ёки етти ёт бегонанинг келинини қўлидаги гўдаги билан далага қувганини кўрганмисиз? Бундай воқеалар Меъмор Тарасов замонасида оддий ҳол экан.

– Сен, – дебди бир куни туман каттаси Меъмор Тарасовга, – исми жисмига монанд, шу билан бирга, исми ишига ҳам монанд бўлишинг керак.

Меъмор Тарасов масала нима хусусда эканини тушунмабди. Кейин қараса, гап маданият уйи – кинотеатр қуриш ҳақида боряпти. Шусиз ҳам кинотеатр қуриш режасида бор экан.

– Қурамиз, – дебди «қишлоқ ҳукмдори». – Планни бошлаб ҳам қўйганмиз.

Барча ҳужжатлар тахт қилинибди, маблағ ажратилибди, бироқ кинотеатрни, қишлоқдагиларнинг шевасида айтганда, «қлуп»ни («клуб» сўзининг бузилган шакли) қаерда бунёд этиш мавҳумлигича қолибди. Атроф пахтазор, бўш жойлар эса қўриқ ва жарлик-лардан иборат экан.

Темирйўл ортидаги идорага кечқурун хўжаликнинг барча мансабдорлари йиғилибди.

– Кимда нима таклиф бор? – сўрабди Меъмор Тарасов бошини қашиб қоғозга тикиларкан. – Гапиринглар! Нима, фақат мен гапиришим керакми? Сизлардан ҳам бир эшитайлик-чи!

Идорадагилар бир-бирлари билан кўз уриштириб, елка қисишибди. Маданият ўчоғи зарур экан, пахта майдонини бир неча сотихга қисқартиришга тўғри келади-да. Бироқ маданият учун даланинг бир қисмини қурбон қилишга раис ўла қолса ҳам кўнмасди. «Сенинг еринг кўп», деб йигирма беш сотихли томорқа эгаларига ҳужум қилиб кўрганди, ўн битта боласини пеш қилиб дод-вой солишди. Бу болалар улғайса, ҳар бирига йигирма сотихдан томорқа керак эмиш. Кўп ўтмай Ер шарида ҳаммага ҳам ер етмай қолиши ўшандаёқ олдиндан кўриниб турган ҳақиқат экан-да. «Аммо кинотеатрсиз Ер шари ҳам сайёрами? Сайёра эмас, Қуёш тизимидаги бемақсад дайди! Бу дайдининг аҳолиси кимлигини тасаввур қилаверинг!» дебди кимдир. (Афсуски, бу гапни ким гапирганини кейинчалик ҳеч ким эслолмабди.)

Хуллас, йиғилишда «қлуп»ни қаерга қуриш ғояси Меъмор Тарасовнинг ўзидан чиқибди.

– Бўлмаса, менинг қароримни эшитинглар, – дебди раис. – Авлиё отанинг чорбоғини бузамиз. Барибир у ерда ҳеч ким яшамайди, ҳеч кимга керак эмас.

– Лекин у ер...  – дея олдинги сафда ўтирган агроном аввал ёнидагиларга, сўнг орқадагиларга қарабди.

– У ер... – деб агрономнинг гапини давом эттирибди собиқ муаллим, яъни дала иш бошқарувчиси, халқ орасида «Управлайиш» лақаби билан машҳур одам – ...у ерда қабр бор-ку, раис бова.

– Қанақа қабр? – Билиб туриб, билмасликка олибди Меъмор Тарасов. – У ер қабристон демоқчимисиз? Ким айтди сизга қабристон деб? А?! Биров отасини ё онасини кўмибдими ўша чорбоққа? Қабристон ҳув анави тепаликда! Амир Темурнинг соқчиларидан қолган тепаликда!

– Гап бунда эмас-ов, раис бова, – томоқ қирибди ферма мудири. – Авлиё отанинг ҳовлиси зиёратгоҳдек жойга айланган, одамлар ўрганган, бузсак қаттиқ хафа бўлишади. Ҳовлида мозор борлигини ҳаммамиз биламиз...

– Кечирасизу, қаерда мозор йўқ?! – Раиснинг жаҳли қўзий бошлабди. – Сизнинг фермангизнинг таги ҳам мозор!

– Йўғ-е... – Мудирнинг кўзлари ола-кула бўлибди.

– Йўғ-е эмас! Наҳотки, Умар Хайёмни ўқимаган бўлсангиз? Кўзагарга айтади, лойни эҳтиёт бўлиб теп, у бир гўзалнинг қоши-кўзи эди, деб. Минг йил олдин, миллион йил олдин фермангизнинг тагига кимлар кўмилганини, ҳатто тандирингиз ясалган тупроқ қанчалаб марҳумларнинг мозоридан олинган тупроқ эканини ўйлаб кўрганмисиз? Ноннинг орқасига ёпишган тандир кесаги, ҳа, кўпинча билмасдан еб қўядиганимиз ўша кесак минг йил бурунги одамнинг тупроққа айланган юраги, эҳтимол, жигари, ўпкаси, кўзи, мияси!

Идорага бир зум совуқ сукунат чўкибди. Раис қайси бирингни есам экан дегандек қафасдаги жониворларга – қўл остидаги ходимларга қонли кўзларини тикибди.

– Бовайлар Авлиё отанинг ҳовлисини масжид қилсакми, деяпти-да... – дебди «Управлайиш» раисни фикридан қайтариш илинжида.

– Масжид? – столни урибди раис. – Эсингиз жойидами сизнинг?! Мен маданият уйи қурамиз деяпману сиз нималарни гапиряпсиз-а! Одамларнинг онги ошиши, ахлоқи шаклланиши учун кинолар керак, театрлар керак! Бизнинг «калхўз»га ҳам артистлар келсин! Халқ маданийлашсин! Келажак авлод кинолар орқали, театрлар орқали маданийлашади! Тепадан бежиз буюришмайди! Биз кинотеатрсиз, маданиятсиз яшадик! Гўр бўлдикми?

– Кинотеатр қурилади, Авлиё отанинг қизининг мозорига эса тегинилмайди, – дебди бош ҳисобчи вазиятни юмшатишга тиришиб. – Вот, масала қаёқда! Қабр кинотеатрнинг орқасида қолиб кетади, унга ҳеч ким зарар етказмайди.  Умуман олганда, эгасиз ташландиқ жойда муҳташам кинотеатр қад ростласа ёмонми? Раис бова тўппа-тўғри айтяпти! Қишлоққа кино кириб келса, театр кириб келса, ҳақиқатан ҳам халқнинг онги ошади, маданий ҳордиқ чиқаради, кенгроқ фикрлашни, ўзини тутишни, маданиятни ўрганади. Энг муҳими, одамлар дам олади. Тўғрими, ўртоқлар? Масжид... энди... қишлоқ ўртасига ярашмайди-да. Тан олайлик, қайси биримиз бориб намоз ўқиймиз? Дастурхоннинг бошида омин қиламиз, холос. Лекин бу дастурхонда ароқ ҳам бор, чўчқа гўшт ҳам. Демак, омин қилишимизнинг динга алоқаси йўқ, ота-боболаримиздан қолган урф-одат. Хуллас, тўртта бовайнинг кўнглига қараймиз деб давлатнинг топшириғини қойиллатолмасак бўлмас.

Ниҳоят, Авлиё отанинг чоғроққина эски боғини текислаб, маданият иншоотига пойдевор қўйишга келишиб олибдилар. Ўша кезлари Авлиё отанинг ҳовлиси қишлоқ аҳли учун зиёратгоҳ каби бир масканга айлана бошлаган экан. Бундан ташқари Ҳайит айёмлари, йилгўжа маросими ўтказилар, рамазон кунлари кам сонли намозхонлар томонидан таровеҳ намози ҳам ўша ерда ўқилар экан.

– Авлиё отанинг ўрнига «қлуп» қуриш катта хато, – дебди қишлоқ мулласи. – «Калхўз»га маданият керак экан, Авлиё отанинг уйини бузиб маданият қурадими? Авлиё отанинг жойининг ўзи бир маданият-ку!

– Кинотеатр дегани келажакда ҳаммани маданиятли қилиб қўярмиш, – унинг гапини маъқуллабди бошқа бир қария. – Масжидинг бўлмаса маданиятни қаёқдан ушлаб турасан?! Кинонинг ҳам фойдаси бор, масжиднинг ҳам. Биттасининг ўрнига бошқасини қурсанг элни бузганинг қолади. Буларнинг айтгани битта оёқ бўлса, бизнинг айтганимиз иккинчи оёқ. Масжидни бузиб, ҳамма одамни чўлоқ қилишми мақсад?

Шундай қилиб, қишлоқдаги сўнгги боққа танклар каби бешта қизил бульдозер ўкириб ҳужум қилибди. Бир кунда уюм-уюм кесак бўлакларию шох-шабба ва тўнкаларга айланган боғ жарлик томон суриб ташланибди. Текисланган жойга шағал тўкилиб, қурувчилар ишга тушиб кетибдилар.

Бульдозерчилар ростдан-да боғ четидаги кичкина мозорга тегмабдилар. Аниқроғи, қабрни бузишга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмабди. Режа бўйича клуб биносининг пойдевори Авлиё отанинг қизининг қабри ёнидан қад ростлайдиган бўлибди. Шу тариқа қабр кинотеатрнинг орқасида қолиб кетиши керак экан.

Пойдеворга бетон қуйиладиган кун қурилиш ишбошиси раисга:

– Нотўғри иш қиляпмиз-да, – дебди.

– Сен ҳам афюнга ишонасанми? – ўқрайибди раис. – «Дин халқ учун афюндир» деб пешонангга ёзиб қўяйми?

– Йўқ, аксинча, – ялтоқланибди ишбоши. – Кинотеатр орқасида мозор борлигини билишса, барибир кўчиртириб юборишади. Агар қурилишни бошламасдан аввал қабрни йўқотсак эди, пойдеворни яна бир оз силжитардик. Натижада кинотеатрнинг олд тарафи ва кўча ўртасида каттароқ жой қоларди. Шунда рисоладагидек чиройли чиқарди, раис бова. Кинотеатрнинг олди бундоқ кенгроқ бўлиши керак-да. Келажакда фаввора қуриш ҳам мумкин бўлар. Балки ҳайкал ҳам ўрнатилар.

– Менгаям ёқмаяпти шу мозор, – Меъмор Тарасов ишбошининг елкасига қоқибди. – Нима қил дейсан? Кўчиртирайми?

– Битта қабр экан-ку, давлат шаҳарда бутун бошли гўристонларни буздириб ташлаяпти. Ўзи қизни нега бу ерга дафн этишган? Авлиё отанинг мозори анави тепаликда бўлса. Отаси ётган қабристонга кўмиш керак-да.

– Ким билсин, – қўл силкибди Меъмор Тарасов нари кетаркан. – Сенлар буз дейсанлар, бошқалар бузма дейди. Нима қилишга ҳам ҳайронман.

Ўша куни туман каттаси хўжалик марказидан ўтиб қолибди. Йўл-йўлакай кинотеатр қурилишини кўрмоқчи бўлибди.

– Ишни тезлатинглар, – дебди у қурилиш оралаётиб. – Байрамгача топширилсин!.. Ие, анави нима, Тарасов? Қабрми?

Меъмор Тарасов ҳаммасини сўзлаб берибди.

– Агар сизга кинотеатр эмас, мавзолей қуришни буюрганимда қурармидингиз? – сўрабди туман каттаси.

– Энди-и... – чайналибди раис. – ...жавоби аниқ. Топшириқ берилса, қурардим, албатта.

– Хўш, мен мақбара қуришни буюрдимми?

– Йўқ.

– Эртага ёнингизга тўрт-беш ишчингизни олиб, мен айтган жойга – шаҳарга борасиз. Сизбоп ҳашар бор. Ҳозир ўша ёқдан келяпман, қурилиш муҳандиси курсдошим бўлади. У йўл қуряпти. Катта йўл! Тўғри пойтахтга элтувчи магистрал. Бир кун ҳашарда қатнашиб, иш ўрганасиз.

Меъмор Тарасов эртасига бир машина ишчиси билан вилоят марказига йўл олибди. У ерда ғаройиб манзарани кўрибди. Эски қабристон бузилаётган эмиш. Ҳашарчи талабалар ва ишчилар юк машинасига одам суякларини ортаётганмиш.

– Қабристоннинг муддати ўтган, – дебди шаҳарлик муҳандис. – Янги тушаётган йўлнинг равонлигини таъминлашимиз керак. Битта-иккита марҳумларнинг чеваралари топилди, қабрларини кўчиртириб кетишди. Қолган қабрлар эса эгасиз. Умуман олганда, бу суякларга энди қаерда ётишнинг нима фарқи бор.

Меъмор Тарасов қишлоққа қайтгач, Авлиё отанинг қизининг кичкина қабрини ҳеч иккиланмасдан буздириб, суякларни тепаликка кўмдирибди. Ҳашаматли кинотеатр биноси қад кўтарибди. Қурилиш пайтида қабристоннинг шимол томонидаги жарлик текисланиб кетган эди. Колхоз маъмуриятининг саъй-ҳаракати билан бирйўла у ерда хўжалик учун янги омборхона қурилибди. Қишлоқ кўркига кўрк қўшилгандек, ободончилик авж олгандек, кўчалар замонавийлашгандек туйилибди.

Авлиё отанинг кўҳна ҳовлиси бузилишидан қариялар аввал-бошдан норози эканлар. Мозор очилиб, суякларни тепаликка элтиб, нари-бери дафн этиш уларни қаттиқ ранжитибди.

– Авлиё отанинг ҳовлиси ўрнига «қлуп» қуришларига чидаш мумкин эди, – дейишибди улар, – аммо мозорни бузиб бекор қилишди, буниси ҳеч қачон яхшиликка олиб келмайди. Мозорнинг устига қурилган бино қачон хосият келтирган! Касофати бошқаларга ҳам урмаса эди!

– Арвоҳлар борми ўзи, бова? – сўрабди бир ширакайф тракторчи. – Нега энди мозорни бузиш керакмас дейишади? Суяклар хафа бўлишига ҳеч ишонгим келмайди-да. Менимча, хафа бўлиш учун суякнинг жони бўлиши керак.

– Арвоҳ борми, йўқми, муҳокама сенинг чекингга тушмаган! – койиб берибди чол. – Менимча, унақа бўлиши керак, менимча бунақа бўлиши керак, деб у дунёни муҳокама қилишларингга умуман ҳақларинг йўқ! Тушунчанг бўйича, маданият деган нарса борми, бор! Қайси маданиятли одам гўрни бузади? Жа ҳеч нарсага ишонмас экансан, ёдгорликка ишонасанми? Гўр ҳам бир ёдгорлик-да, аҳмоқ! Отангнинг суягидан коса ясаб, ароқ ич деса, ичасанми?

– Маданиятга қарши экансиз, – илжайибди тракторчи. – И, маданиятни тушунмас ҳам экансиз. Қлуп ҳаммага керак. Кейин... ҳамманинг ҳам суягини хўрлаб бўлмайди, бова.

– Баракалла! «Ҳамманинг ҳам» эмас, ҳеч кимнинг суягини хўрлаб бўлмайди. Яна бир нарсани унутма! Ўша «қлуп»ингга ит ҳам қарши эмас! Гап унинг қандай жойга айланишига бориб тақаляпти. Шундай жойни маймунхона қилиб қўймасаларинг отимни бошқа қўяман! Қлуп ҳаммага керак эмиш! Нима, масжид фақат менга керакми? Ўзи сен масжид нималигини билганингда эди, оғзингга ароқ олмасдинг. Аттанг, эҳ, аттанг...

– Арвоҳ уради буларни, – дебди бошқа қария.

Раҳбарлар қарияларнинг бундай гап-сўзларини ирим-сиримга, хурофотга йўйибдилар.

Кинотеатрнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтибди. Очилиш маросимига вилоятдан санъаткорлар келибди. Концертдан сўнг қишлоқ аҳлига оқ матоли экранда чет эл фильми намойиш этилибди. Фильм шунчалик қизиқ эканки, одамлар дунёни унутибдилар, ўша фильмнинг хаёли билан яшабдилар. Эрлар уйига бориб, кечаси хотинига кинодаги ишқий муомалани қилибди, ўсмирлар рақиблари билан кинодагидек муштлашибди, қизлар ўша фильм қаҳрамонларининг расмларини йиғибдилар, ўзларини маъшуқа, гап отган йигитларнинг энг сараларини эса ошиқ деб ҳисоблабдилар.

Шу-шу кун-кун ора турли фильмлар намойиш этила бошлабди. Концертлар ҳам бўлиб тураркан. Йиллар ўтиб, аниқроғи, йигирма йилча ўтиб, норози қариялар бирин-кетин оламдан кўз юмибдилар. Бу вақтда Меъмор Тарасов кексайиб, аллақачон нафақага чиққан, оғир хасталикка чалинган экан. У раислик даврида кўплаб иншоотларнинг қурилишига бошчилик қилган бўлиб, ҳар бирининг тарихини алоҳида эслаёлмас, сўзлаб беролмас экан. Янги авлоднинг назарида кинотеатр азалдан бор эди. Унга ҳеч ким ҳайрон бўлиб қарамайди, ўтмишини ёдга олмайди. Концерт ёки кино келса, кечқурун кинотеатр олдини ёш-яланг-лар, қизлару келинлар, маст-аластлар, бола-чақалар босиб кетади. Кимдир писта чаққан, кимдир сигарет чеккан, сўкинган, ҳуштаквозлик қилган. Бирортаси «биз ҳам ўткинчимиз, кун келиб, шу кинотеатр тагида дафн этилган қиздек ҳаётдан ўтиб кетамиз» деб ўйламабди. Ўйлаш тугул, хаёлларига ҳам келтиришмабди. Гўёки умр абадий давом этадигандек, ота-она ҳам ўлмайдигандек, ёшлик сўнмайдигандек, ҳеч кимнинг бошига фарзанд доғи тушмайдигандек, инфаркт, инсульт, пес, мохов, қандли диабет, қон босими каби касалликлар ёпишмайдигандек экан. Ҳатто, одамлар «кинотеатр – маданият маскани» деган фикрдан ҳам йироқ бўлиб, «қлупга қизиқ кино кепти, бориб кўриш керак», «орқадан жой олсам, севгилим билан гаплашиб ўтираман, қўлидан ушлайман, ўпаман», «шанба куни дискотека бўларкан, жўралар билан бир йиғилишиб борамиз», «ойликни олсам, ошхонада икки сих кабоб билан икки юз граммни уриб, қлупда маза қилиб кино кўраман» деган гапларнигина хаёлидан ўтказишаркан. Болалар у ерга деразадан ошиб тушиш ёки кимнингдир панасида чиптачининг кўзини шамғалат қилиб ичкарига кириб олиш пайида бўларкан.

Яна йигирма йилча вақт ўтибди. Меъмор Тарасов, «Управлайиш», ферма мудири, бош ҳисобчи, қурилиш ишбошиси, ҳатто кинотеатр пойдеворига бетон қориган ишчи йигитлар – бари тақдир тақозасига кўра ошини ошаб, ёшини яшаб, бирин-кетин дунёдан ўтибдилар. Фақат бойлардан ва подшолардан мерос қолади, деб ўйлаганлар янгилишган эканлар. Кинотеатр туман каттасидан, Меъмор Тарасовдан, қурилиш ишбошисию оддий бетон қорувчидан, хуллас, кўплаб одамлардан қолган моддий мерос экан.

Авлиё ота ва унинг кўҳна ҳовлисидаги қиз қабри ҳақида биладиганлар анча камайибди. Кунларнинг бирида Меъмор Тарасовнинг ўн саккиз ёшли невараси – ҳеч қаерда ўқимайдиган, ишламайдиган Замонали деган йигит кинотеатр тарихи ҳақида бир кампирдан эшитиб қолибди.

– Менинг бобом қурдирганини биламан, лекин унинг жойида илгари Авлиё ота деган одамнинг ҳовлиси бўлганини ҳеч ким айтмаган, – дебди Замонали писта пўчоғини туфлаб. – Ростдан ҳам авлиё бўлганми ўша Авлиё ота?

– Одамлар «Авлиё ота» деб бекорга ном қўймаган. Бечора кўп яхши ишлар қилган, йўл очган, кўприк қурган, етим-есирлардан ёрдамини аямаган, ҳажга пиёда бориб келган, қуш тугул, қумурсақага ҳам озор бермаган.

– Шунақалар авлиё дейиладими?

– Шошмасанг-чи, болам. Бундай ёқимсиз оҳангда гапириб ўрганмагин. Ҳаёт кино эмас, ўзингни ҳаётдагидай тут... Нима деяётгандим?

– Қумурсқани ҳам босмаган эканлар.

– Гўри нурга тўлгур Авлиё отанинг фарзанди бўлмаган, чол-кампир ёлғиз яшаган. Умрлари яримлаб қолганида, бир қизчани асраб олган. Одамларнинг айтишларича, Авлиё ота қизчани ярим кечаси ташландиқ зиндон олдидан топиб олган эмиш. Яна ким билади дейсан, ярим кечаси, ташландиқ зиндон олдида ҳеч кими йўқ шўрлик қизча нима қилади.

Қиз бечора жуда ҳам ғамгин экан. Бир-икки йил ўтибди. У на кулармиш, на ортиқча гапирармиш. Лекин меҳнатдан қочмас экан. Саҳардан қора кечгача ишласа ҳам чарчадим, деб нолимабди. Уй ишларини тиндириб, сўнгра тўшагига кириб, мулойим бўлиб ухларкан. Авлиё отадан олдинроқ туриб, таҳоратга сув тайёрларкан. Бир кам дунё дейдилар, қизчаси тушмагурнинг ғалати бир одати бор экан. У қуёшга чиқмас, одамларга қўшилмас, ота-онасидан бошқа ҳеч ким билан суҳбатлашмас экан. Авлиё отага ҳам, кампирига ҳам нега хилватни ёқтиришини то ўлими яқинлашгунча айтмабди.

Чол-кампир қизга бутунлай суяниб қолишган экан. Қиз нафақат дастёр, худди ўзлари дунёга келтирган фарзанддек экан. Шўрликлар фарзандли бўлдик, деб ишонишган, уйимизнинг чироғини ёқиб ўтиради, дея умид қилиб яшашган. Афсуски, қиз номаълум хасталикка чалиниб, тўшакдан туролмай қолибди. Бечора эшик ва деразаларга парда тутиб, қоронғи қилишларини сўрабди.

Орадан ойлар ўтиб қиз вафот этибди. Ўлишидан олдин «Мени ташқарига чиқарманглар» дебди. Шунда Авлиё ота кўкайи куйиб: «Нима учун қуёшдан, одамлардан бекиниб яшадинг, қизим?» деб сўрабди. Қиз шундай деб жавоб берибди: «Отажон, мендан хафа бўлманг, бу дунё чанг-ғуборга ботган. Кўнглимни қанчалик асрамай, агар қулоғим ёмон сўзларни эшитса, тилим ёмон сўзларни гапириб қўйса, кўзим ёмонларни кўрса ёки осийларнинг кўзи менга тушса, ҳаммаси бекор... ҳаммаси бекор... Мени қабристонга олиб борманг... Шу ерга... ётган жойимга кўминг... Қиёмат куни мен шу ердан тирилиб чиқишни истайман...»

Авлиё ота васиятни бажариб, қизни ётган жойига дафн этибди. Кейин уйни бузиб, ҳовлисининг бошқа томонига кўчирибди. Уйнинг ичида мозор сақлаб бўладими. Гапларимга эътибор беряпсанми, болам, қабрни эмас, уйни бузган. Бу қлуп эса тескариси бўлди.

Қиз қандай касалликдан нобуд бўлганини ҳеч ким билмайди. Ишонмасанг, менга ўхшаб тирик юрган қариялардан сўра. Авлиё отанинг қизи ҳақиқатан ҳам бир дунё сир, бир дунё жумбоқ. Ўйлаб қарасанг, бу жуда тушунарли воқеа. Аслида Авлиё ота эмас, қизи бир валламат бўлган. Бировнинг машҳур бўлишига бошқа бировларнинг тақдириям хизмат қилади, болам. Ҳеч ким атрофидаги одамларсиз ёлғиз ўзи тарихда қолмайди.

У замонлар қишлоқда қабристон йўқ эди, ўликни узоқдаги Қорасой мозоротига олиб боришарди. Қиз қазо қилиб, Авлиё ота уни ўз уйига кўмгач, одамлар қишлоққа мозор керак деб, ҳув анави тепаликни гўристон қилганлар. Авлиё отанинг ўзи ҳам Темур бова тепалигида ётибди.

– Ўликни уйига кўмган бўлса, авлиё эмас, лўли экан-да, – дебди Замонали масхараомуз оҳангда. – Эшитганман, лўлилар ўликларини уйларига кўмишади.

– Бу гапинг лўлиларнинг қулоғига етиб борса, қаттиқ ўксийди, болам, – кампир йигитга ачиниб қарабди. – Гапни етти ўлчаб, бир кесиб гапириш керак. Авлиё ота қизини ўз уйига кўмганини эшитса, биз ҳақимизда ҳам шундай гап тарқатишлари мумкин-ку. Ёки шу қлуп ҳақида-чи? Чет элликлар эшитса, улар шундай халқки, аждодларининг қабрларида устида театр томоша қилади, калласи йўқ экан, демайдиларми?

– Зал тўла бошсиз одамлар... Калласи йўқ мурдалар... Ҳе-ҳе-ҳе-е... Эртак эшитдим шекилли, – кулибди Замонали. – Авлиё ота ёш болалар ишонадиган афсона экан, момо.

– У ҳолда сен ёш бола эмас, қари бола экансан, кўриниши сўлақмондай, лекин феъли бола, бола бўлганда ҳам, чувалчангдай бола, – дебди кампир. – Маслаҳатим, улғай, тезроқ улғай. Бандаси борки, тупроққа душман эмас. Ҳамма гап тупроқдан нима бунёд бўлишида. У қабрми, зиндонми, қлупми, ўйлаб кўравер.

– Нимасини ўйлайман?

– Нимасини ўйлайман дейсанми? Қлуп одамларни маишатга ўргатмади, унинг жони йўқ, у бор-йўғи бир тупроқ, лекин кимни кўрсанг, шу қлупни маишат макони қилиб олган-да. Шундан тушуниб олавер. Одамларга нима кераклигини одамларнинг ичида юрган одам билади. Қишлоққа қлуп қуришдан олдин бошқа нарсалар ҳам қуриш кераклигини раҳбарлар тушунишмади. Тушунишмагани учун ҳам қлупга тайёр бўлмаган одамларга қлуп бериб, расвои жаҳон қилди. Жонсиз нарса одамни йўлдан урмайди, аммо охир-оқибат йўлдан урган бўлиб чиқади. Ҳамма гап... – Кампир худди ўқитувчилардек чаккасига нуқибди. – ...ҳамма гап мияда нима борлигида. Тағин «бу момом кинога қарши экан» деб гапириб юрмагин. Мен кинони эмас, уни одамий қилиб ишлашни билмаганларни, одамга ўхшаб томоша қилолмаганларни ёмон кўраман. Сен ўйлайсанки, кампирлар ҳеч нарсани билмайди. Унутма, кампирлар, чоллар кўп гапиришни ёқтирмайди, холос. Рўзғордан, тўй-маъракадан, қариндош-уруғдан бошқасини гапирмайдиган момоларинг, боваларинг бошқа гапларни билмайди, деб ўйласанг, катта хато қиласан.

Замоналига буларнинг ярми китобий гаплар, ярми чўпчак бўлиб туйилибди. Кампир бошқа томонга, Замонали бошқа томонга кетибди. Кейин иккиси ҳам бир-бирини қайтиб кўрмабди.

Кинотеатр қурилиб-битказилганидан сўнг атрофи девор билан ўраб олиниб, четларига дарахтлар экилиб обод қилинган экан. Кинотеатр ҳам, омборхона ҳам гуллаб-яшнаб келаётганди. Замоналининг ўлимигача бу ерда бахтсиз воқеа юз бермаган дейишади. Йигит ўша кампир билан гаплашганидан кейин одатдагидек шанба куни кинога борибди. Чеккадаги ўриндиқлардан бирига (эҳтимол, қизчанинг қабри ўрнига) жойлашиб олибди-да, оёқларини чалиштириб, писта чаққанча оқ сурпдан тайёрланган экранга тикилибди. Кино бир бетайин аёлнинг бузуқчилигию унинг теграсидаги эркакларнинг аёлдан ҳам баттар айниганлиги ҳақида экан. Фильм йигитга ҳузур бахш этибди. Янада кўпроқ ҳузурланиш учун клуб биносига киришдан аввал бир пиёла эмас, икки пиёла ароқ ичмаганига афсусланибди. Писта ҳам, ароқ ҳам камлик қилибди. Агар писта тугаса, нос отиб олиб, ўриндиқ тагига паналатиб туфлайди. Замонали бундан бошқа эрмакни билмас экан-да.

Фильм яримлаганда, ёмғир шаррос қуйиб, чироқ ўчибди. Одамлар зулматда қолишганидан эмас, бузуқчилик томошасидан узиб қўйишганидан роса ҳуштаквозлик қилишибди.

– Чироқ! Чироқ! – қичқиришибди улар.

– «Сапожник!» – деб киномеханикни ҳам сўкибдилар.

– «Электросет» тўнка!

– Механик пиёниста!..

Томошабинлар бақир-чақир қилиб, бир оз кутишибдию «электросет»нинг бошлиғидан бошлаб киномеханиккача – ҳаммани сўка-сўка уй-уйларига тарқалибдилар. Киномеханик ҳақиқатан ҳам отиб олган экан. Залга қараб: «Ҳеч ким қолмадими?.. Ўв-в!..» деб хириллоқ овозда бақирибди. Одам зоти жавоб бермабди. Чироқ ўчган палла Замонали қаттиқ уйқуга кетган экан, бир ширакайфнинг овози иккинчи ширакайфни уйғотолмабди. Киномеханик эски эшикни тарақлатиб ёпиб, эски қулфни илибди-да, шарақ-шуруқ қулфлаб, уйига жўнабди.

Тун яримлабди. Ҳувиллаб қолган кинотеатрнинг ҳайҳотдек зали сирли бир сукунатга чўмибди. Замоналидан бошқа яна кимдир бордек экан. Кўп ўтмай ёмғир челаклаб қуя бошлабди. Зал ичига момақалдироқнинг гулдирашию тарновдан тўкилаётган сувнинг шариллаши эшитилибди. Ҳақиқатан кинотеатрда Замоналидан бошқа ҳеч ким қолмаган экан. Бироқ...

...бироқ чақмоқ ялт-юлт этган пайт зал бурчагида оппоқ кийинган қизча кўринибди. У пол тагидан чиқдими, девор орасиданми, англаш мушкул экан. Яна бир чақмоқ чаққанда, шарпа ғойиб бўлгандек зал бўм-бўш экан. Учинчи марта чақмоқ нурлари зални ёритганда, оқ кийинган қизча Замоналига яқин жойда намоён бўлибди. Унинг юзи кафандек оқ, кўзлари шишадек совуқ, лаблари қондек қизил экан. Қизча ўриндиқлар оралаб Замонали томон майин сузиб келибди.

– Ака-а!.. – деб шивирлабди қизча. – Ҳой ака-а!.. Бу сенинг жойинг эмас...

Замонали ток ургандек сесканиб, кўзларини очибди. Қоронғиликдан бошқа ҳеч нимани кўрмабди. У уйқусирамаганини тушунибди. Кимдир гапирди, қоронғилик қўйнида биров бор.

– Ким у? – дебди ўриндиққа қапишиб, атрофга аланг-жаланг боқаркан.

Ҳеч ким жавоб бермабди.

– Қаердаман ўзи? – ғудранибди Замонали. – Уҳ-ҳ... бошим...

Ичган ароғининг таъми оғзидан келиб, кўнгли беҳузур бўлибди. Ичида, эҳтимол, юрагидадир, эҳтимол, анатомия ва биология каби фанлар ҳеч қачон тузилишини кўрсата олмайдиган қалбидадир, кучли афсусланиш, чидаб бўлмас талваса тўлғанибди. Жиноят билан қўлга тушган кимсанинг муқаррар қатл олдидан пушаймонлигига ўхшаш туйғу экан. «Нега ичдим? Қайси калла билан шу ишни қилдим? Ман этилганини билардим-ку! Энди нима бўлади? Дўзахга тушаманми? Вой онажон, вой отажон... Вақт орқага қайтса... вақт орқага қайтса...»

Яна чақмоқ чаққан экан, ҳайҳотдек кимсасиз зал бир зум ёришиб, Замонали ўзининг қаердалигини эслабди. Зал яна зулмат қўйнида қолгач, олисда, қабристон томонда шамол эсишига ўхшаш увиллаган овоз эшитилибди. Гўё қиёмат қойим бошлангандек эмиш. Қишлоқ қабристонидаги мурдалар лаҳадлардан чиқиб, маҳшаргоҳга эмас, тириклигида ўзлари яшаган қишлоққа, хусусан, айримлари ёшлигида гуноҳ қилган жойларига – кинотеатрга қараб келаётгандекмиш. Замоналининг тилига на илоҳий калима, на тавба келибди.

– Ас... асс... ас... – ияги қалтирабди унинг.

Замонали бир амаллаб ўрнидан туриб, кетишга чоғланган пайтда нафақат кинотеатрга, балки бутун қишлоққа даҳшатли сукунат чўкибди. Қишлоқ аҳли ухлаганга эмас, ўлиб қолганга ўхшабди. Замонали бу дунё қачонлардир эмас, яқин орада тугашини юрак-юракдан ҳис этибди. Бу ердан тирик чиқиб, уйига соғ-саломат етиши даргумон экан. Тамом, ҳаммаси тамом.

Оёқ-қўлидан мадор кетиб, ўриндиққа ўтириб қолибди. Кейин ён суянчиқларга таяниб, ўрнидан турмоқчи экан, гавдасини кўтаролмабди.

– Ҳидинг бунча ёмон, ака! – деган овоз эшитилибди аллақаердан.

Замонали бошини хиёл буриб, ўнг тарафда, бир неча ўриндиқ нарида совуқдан титраб-қақшаб турган оппоқ кийимли қизчага кўзи тушиб, ўтирган жойига ғужанак бўлиб олибди. Қизчанинг қип-қизил лаблари четига анорнинг қуюқ сувидек қорамтир қон сизиб чиқибди.

Замоналининг тили зўрға айланибди:

– С... с... с-е-е-н... ким... кимса-а-а-н?..

– Бунчалар ёмон ҳид, – дебди қизча қаҳр билан. – Қонинг уюшиб, тилинг шишиб, гапиролмай қолмасингдан аввал тилдан қолдингми, ака?

Қизча хоҳламаса-да, Замонали томон бир қадам ташлабди. Оппоқ юзи азобдан буришиб, чўғдек кўзлари қонталаш тусга кирибди. Замонали жон ҳолатда ўриндиқлар оралаб эшик сари қочибди. Қизча соя каби эргашибди. Замонали ва қизчани инсон зоти тушунмайдиган қандайдир ип боғлаб турган экан.

– Тўхтанг, ака, – дебди қиз Замоналининг қочиб кетаётганидан ғазабланиб, вишиллаган овозда. – У ёққа бир қаранг!.. Пол тагига... У ёққа тушинг... У ёққа... у ёққа...

Замонали клубнинг эски ёғоч эшигига гурсиллаб урилган экан, қулф банди синиб, эшик тарақлаб очилиб кетибди. Ёмғирдан ҳалқобларга тўлган зим-зиё кўчадан уйига қараб сувни шалоплатиб, гандираклаб, қора терга ботиб югурибди, югураверибди. Аллақаёқда кимдир секин, аммо алланечук сирли ва қўрқинчли ҳуштак чалибди. Ҳуштак ўлимдан кўкарган лабларнинг чўччайиб, ўргимчак тўри қоплаган зах чуқурлик ҳавосидан ўпкасини тўлдириб олиб пуфлаганидан ҳосил бўлганга ўхшаркан. Ҳуштак овози то уйигача таъқиб қилиб борибди.

Замонали дарвозага қандай етиб келгани-ю ҳовлисига кирганини ҳам, хонама-хона ўтиб, тўшагини топганини ҳам билмабди. Унинг алаҳлаб ётганига шоҳид бўлган оиласидагилар шифокор чақиришибди. Адойи тамом бўлганини Замоналининг ўзи кинотеатрдаёқ англаб етган экан. У кинотеатрнинг мудҳиш сирини пичирлаб-пичирлаб, зўрға-зўрға айтибди:

– Арвоҳ... арвоҳ кўрдим... Қлупда... Оқ кийимли қиз... Мени чақирди... пол тагига... Мени қувди... мени... мени...

Иккинчи куни Замонали вафот этибди. Тез орада атроф-жавонибга у ҳақда «қаттиқ қўрқувдан ўлибди» деган миш-миш тарқалибди. Албатта, миш-мишга кинотеатр биноси ҳам қўшилибди: «Замонали ичиб, қлупда ухлаб қолибди. Ярим кечаси уйғониб, оппоқ кийинган қизчани кўрибди. Бечора Замонали уйигача югуриб келиб, икки кун ётиб, ўлиб қолибди».

– Қлупнинг олдидан кечаси ёлғиз ўтманглар, – дейишибди оналар фарзандларига.

– Кечаси ўтсаларинг, калима қайтаринглар, – ўргатишибди момолар.

– Э, бунча ваҳима қиласанлар! Ҳаммаси қуруқ гап! Арвоҳ-парвоҳ йўқ! Замонали кўп ичарди, спиртлар борган сайин сифатсизлашиб кетяпти, юрак кўтаролмаган! – деб ваъз ўқишибди оталар.

Халқни аввалгидек Меъмор Тарасовга ўхшаганлар далага ҳайдамас, биров ҳайит ёки таровеҳ намозларига қарши чиқмас, ҳар ким ўзича умргузаронлик қиларкан. Одамлар кинотеатрга кино келишини энди интиқ бўлиб кутишмас ҳам экан. Тўй бор, байрам бор, бир ёқда чақалоқ туғилиши, яна бир ёқда суннат қилдириш, қиз узатиш, эллик, олтмиш йиллик юбилейлар – бари худди кинотеатрда қандай ҳузур-ҳаловат қилинган бўлса, шундай давом этаркан. Энди кинотеатр ёлғиз эмас экан-да.

– Биз яшашни ўргандик, бурунгиларга жуда қийин бўлган-да, – дейишибди кишилар тўй-байрамларда.

– У замонларда ҳаёт оғир эди, – маъқуллашибди қадаҳ кўтарган бошқалар.

Иккинчи воқеа июль кечаларининг бирида рўй берибди. Аслида бунгача қишлоқда турли йилларда ўндан зиёд жиноят содир этилган экан. Масалан, кинотеатр ёнидаги омборхонада юз берган ўғирлик, тўйдаги қонли жанжаллар, бир ошкора қотиллик, бўй етган қизнинг номусига тегиб қўйиш, маст ҳолатдаги автоҳалокатга учрашлар... Лекин бу воқеаларни ҳеч кимга кинотеатр биносига алоқадор деб ҳисобламабди.

Алалхусус, ўша июль кечасида тўйдан ширакайф қайтаётган бир киши кинотеатр ёнига етгач, заҳар танг қилиб қолибди. У қорин қўйган, юзи тўқлик-дан қизарган қирқ-қирқ беш ёшлардаги шахс экан. Қоронғиликда бемалол юраркан ва гўдаклигидан бери қоронғиликдан қўрқмаганини табиий деб тушунса бўларкан. Кинотеатрнинг қоронғи томонига ўтиб, дераза тагини булғаб, эндигина кетишга ҳозирланган ҳам эканки, қулоғига мушук миёвлаши эшитилибди. Шунда у кинотеатрнинг синган ойнаси ортидан, аниқроғи, бўм-бўш ва қоронғи зал ичкарисидан кимдир боядан бери тикилиб турганини сезибди. Мушук ҳам биринчи марта миёвламаганини англабди. Икки-уч марта миёвлади шекилли. Миёвлаш ҳам мушукларга хос эмас эди, нимасидир одам овозига ўхшаб кетаркан. Гўё томоғи оғриган кимса мушукка тақлид қилиб, бир қўлини карнай қилиб, бўғиқ овозда, чўзиб-чўзиб «миё-ё-ё-в-миё-ё-ё-в-в-в...» дегандек. Деганда ҳам чақчайган кўзларини кинотеатрни булғаётган кимсанинг синиқ ойнадан кўриниб турган жундор бошидан узмай миёвлагандек.

Мастнинг миясига тўқмоқ урилгандек бўлибди. Тўсатдан кўп нарса ёдига тушибди. Ахир, бу ерда Замонали арвоҳ қизни кўрган-ку! Бир вақтлар кинотеатр ўрнида Авлиё ота деган одамнинг уйи, нафақат уйи, ҳатто қизининг қабри бўлганини бобоси сўзлаб берганку! Бобоси ўшанда жамоа хўжалигида ферма мудири экан. Меъмор Тарасов қабрни буздириб, кинотеатр қураман, қишлоққа маданият олиб келаман, деганида, бобоси: «Авлиё отанинг ҳовлиси зиёратгоҳга айланган, бузиб ташласак эл хафа бўлади, ҳовлида мозор борлигини ҳам ҳаммамиз биламиз», деб йўлдан қайтаришга уринган. Раис кўнмаган ва ўз билганидан қолмай, Авлиё отанинг ҳовлисига қизил бульдозерларни юборган. Бобоси умрининг охирида «Молларнинг мудири эмас, одамларнинг мудири бўлиш пешонамга ёзилмаганидан афсусдаман», деб жон берган.

– Маданият... – ғулдирабди ферма мудирининг авлоди. – ...мен маданиятни булғадимми?

Шу пайт бир жуфт чақноқ кўз зим-зиё зал ўртасидан синиқ ойнага яқинлашибди. Даҳшатдан тарашадек қотган маст худди сеҳрлангандек на қичқирибди, на қочибди.

– Уҳ-ҳ-ҳ... – деб шарпа шундай оғир уҳ тортибдики, мастнинг юзига совуқ ва зах ҳаво урилибди.

«Бу мушукми ёки оқ қиз шарпасими?» деган хаёл ўтибди мастнинг кўнглидан ва ғайриихтиёрий қизиқиш ила тикилибди. Шарпа синиқ ойнага янада яқин келибди, юз-кўзига қишлоқ чироқларининг шуъласи тушибди. Ё алҳазар, у кўп йиллар аввал ўлиб кетган бобоси эмиш. Ўша ферма мудири! Фақат аввалгидек фаранги кўйлак, бўйинбоғ, шляпада эмас, оқ сурпга ўралиб олганмиш.

– С... си...  сиз-з-з... – дея олибди авлод.

– Бу ер мозор деб минг марта айтганман, менга қулоқ солишмади, – дебди бобо. – Сен энди энг бадбўй ўликсан... Бўккунингча единг, ичдинг, булғадинг... Менга қара!.. Менга яхшилаб қара...

Шарпа синиқ ойна кўзига юзини тутган экан, авлод унда ўзини кўрибди. Ҳа, бобосининг турқ-таровати бир эврилиб, мастнинг айнан ўзига айланиб қолибди. Кўзлари ўлимтик эканини, ранглари аллақачон синиқиб, лунжлари бодраб-бодраб яра-чақага тўлганини шу онгача билмаган экан.

– Пишт... – дебди маст ўз нусхасига.

Қиёфадоши жон аччиғида ёввойи мушукдек миёв-лаб, пол тагига – дўзахга қулаб тушибди. Эсхонаси чиққан маст ҳам худди Замонали каби уйига қочиб бориб, касал бўлиб қолибди. Ўлимидан олдин тили зўрға айланибди:

– Қлупда... қлупда қора шарпани кўрдим... Мушук эди... Қора мушук... Одамга ўхшарди... Менга... менга ўхшарди...

Мастнинг кинотеатрдаги мушук шарпасидан қўрқиб касал бўлиб қолиши ва ўлиши қишлоқдаги эски миш-мишларнинг қозонига ўт қалабди. Хосиятсиз маконда арвоҳми, жинми ёки одамлар тушунмайдиган бошқа бир ёвуз кучми, нимадир борлигига энди кўпчилик, жумладан, ҳеч қандай инс-жинсларга ишонмайдиганлар ҳам амин бўлишибди. Каттароқ одамлар ҳам кечаси кинотеатр ёнидан ёлғиз ўтса, иложи борича ўзини чалғитишга, бўм-бўш, қоронғи залдан эшитилиши мумкин бўлган овозларга қулоқ солмасликка, шуълалар ўйнаётган синиқ ойналарга қарамасликка уринаркан. Диндан бехабарлар, ҳеч бўлмаса, «Астағфируллоҳ... астағфируллоҳ» деб пичирлар, ўзларини энг кучли дуони ўқиётгандек ҳис этар, аммо «Мабодо бу дуолар таъсир қилмаса, шарпалар қлупдан чиқиб, мени қувласа нима қиламан?!» деб кинотеатрдан сал ўтгач, қадамини янада тезлатаркан. «Чақалоқ йиғлаганини эшитдим», «ярим кечаси учта шарпани кўрдим, адашмасам, бири қиз бола эди», «менинг эса қулоғимга мушук миёвлагани чалинганди, ўтакам ёрилиб кетди, орқамга қарамай уйгача чопиб борибман» дегувчилар тез-тез учраб турарди.

Қишлоқдан файз кетди. Кинотеатр боғи қуриб, дарахтлар орасида моллар ва эшаклар қўним топишди. Ойнанинг синган кўзларидан залга кирган майналар, чумчуқлар кундуз шовқин солишар, ёввойи каптарлар ва мусичалар ғу-ғулаб, ку-кулашарди. Санъаткорлар ҳам энди қишлоқнинг хароб кинотеатрига эмас, яхшигина пул тўланадиган тўй-ҳашамларга борадиган бўлишди. Тошентдан келадиганлари ҳам шундай эди, албатта. Тасмали кинолар билан бирга каттакон киноаппарат ҳам йўқ бўлиб кетди. Одамлар дастлаб вагонларда намойиш этиладиган «видео» деб аталадиган киноларга бориб юришган бўлса, секин-аста бу «видео»лар ойнаи жаҳонга ҳам кўчди. Эндиликда бутун ўлкада кинотеатр муҳити ҳукм суриши айни ҳақиқатдек эди, аммо...

...аммо мамлакатда кунларнинг бирида қуёш ҳар доимгидан чарақлаб чиқди. «Истиқлол», «мустақиллик», «ҳурлик» деган овозалар ёшу қарини шод этди. Майин шамол харобазорга айланган кинотеатрга ҳам етиб келди.

– Ўтиринг, – деди терговчи қўлга олинган жиноятчи эркакка стулни кўрсатиб.

Жиноятчи ўтирди.

– Ҳуррият қишлоғидан экансиз-да... – деб терговчи папкадаги қоғозларга кўз ташлади.

– Менми? Марксданман, – палағда овозда ўшшайиб жавоб берди эркак.

– Собиқ «Маркс» совхози маркази, – тузатиш киритди терговчи.

– Мен янги номини билмайман.

– Чет элда қочиб юрган кимса бу ёқларда нималар бўлаётганини билмаслиги мумкин. Майли, нима ҳам дердим. Нега Ҳуррият қишлоғидан эканлигингизни сўраганимни дарров тушунгандирсиз?

– Қўлингиздаги «дело»да ҳаммаси ёзилган, шунга қараб гапиряпсиз-да.

– Афсус, мен сиздан бошқа гап кутгандим. Тожиқулова Зарина деган қизни танирмидингиз?

– Бўйнимга олганман, танийман. Уни мен ўлдирмаганман. Ҳаммасига Санжар айбдор. Санжар қотил эди. Мана, ўлиб кетиб, унинг ишларига ҳам мен жавоб беряпман.

– Ҳуррият қишлоғи марказидаги кинотеатрга қачондан бери уя қуриб олгандинглар?

– Мактабда ўқиб юрган пайтларимиздан бери. Саксонинчи йиллар эди ўшанда.

– Кинотеатр ертўласида жиноий бошпана қуриш фикри кимдан чиққан?

– Санжардан. Бир куни дўкон олдида сигарет қолдиқларини ахтариб юрганимда, Санжар чақирди. Қоқ туш пайти эди. Мени қлупнинг...

– Кинотеатрнинг демоқчимисиз?

– ...ҳа, кинотеатрнинг орқасига бошлаб борди. У ерда ҳеч ким йўқ экан. Эшик тепасидаги кўзи синган деразадан ичкарига ошиб тушдик. Кейин Санжар саҳнага бошлаб борди. Саҳнанинг олд томонидаги тахталардан иккитаси олинар экан. Биз саҳна тагига кирдик. Санжар ҳар эҳтимолга қарши деб тахталарни жойига ўрнатиб қўйди. «Саҳна тагида ҳам ҳаёт бор экан-да?» – дедим мен Санжар қўл чироғини ёққанида. «Сен аввал бу ерни кўр», дея у мени сал наридаги ҳандаққа эргаштириб тушди. Ҳандаққа тушиб, худди окопга ўхшайдиган йўлдан юриб кенг, мўл ертўлага ўтдик. Ер остидаги бу хонага эски кўрпачалар, стол-стуллар, ҳатто йиғма каравот ҳам келтириб қўйилганди. Чекдик, ичдик, нон ва консерва едик. Санжар менга у ерни сотмаслик учун қасам ичирди. Кинотеатр ертўласида махфий хонамиз борлигини ҳеч кимга айтмасликка онт ичдим. Сизлар изимиздан тушиб... аниқроғи, қлуп қаровсиз қолиб, ўйинқароқ болалар саҳна тагидаги яширин йўлни кўриб қолмагунларича билмадиларинг.

– Тасодифан аниқлашди деб ўйласангиз, янглишасиз. Дўкондаги ўғирлик ҳам изларингни фош этди. Орган ҳам ишлаяпти.

– Дўкон ўрни эски замонларда жарлик бўлган экан. Кинотеатр қурилганида, жарлик кўмилиб, текисланиб, совхоз омборхонаси қурилган. Биз кинотеатр тагидан макон қуриб олганимиздан сўнг лаҳм қазиб, омборхонага осонгина йўл топганмиз. Плитани жойидан силжитиб, омборда пайдо бўлардик. Сигарет, ароқ, вино, кийим-кечак, ашқол-дашқоллар – ҳаммасидан инсофи билан ўғирлардик. Сўнг плитани жойига қўйиб, изсиз йўқолардик. У замонлар ўғирлик замони эди, ака. Омбор мудирининг ўзи энг катта ўғри эмасми, бизнинг олганларимиздан кўз юмиб юборарди.

– Зарина давраларингга қандай қўшилиб қолган?

– Уни ҳам Санжар топган. Зарина туман марказида яшайдиган бетайин хотиннинг мустақил ҳаётга қадам қўйган ўн етти ёшли сатанг қизи эди. Биз егулик, ичгуликни ғамлаб, кечаси кинотеатрга кирардик. Махфий ертўламизда икки кунлаб қолиб кетардик.

– Сизнинг жуфтингиз йўқ эди шекилли?

– Биз жуфт эмас, тоқ эдик. Бошқача айтганда, Заря менга ҳам маъшуқалик қиларди. Замон, муҳит шунақа эди-да. Тепада виждон, ҳаллоллик, коммунизм ҳақида гапириларди, пастда эса биз... ҳеч қанақа гуноҳдан қўрқмасдик. Наша ҳам чекардик. У пайтларда наша арзон эди, кўкнори-ку томорқаларга ҳам экиларди. Тиқилинч сариқ автобусларда киссавурлик қилишдан афсонавий жиноятчи даражасига кўтарилишни хоҳларди Санжар.

– Қиз қандай ўлдирилди?

– У Санжарни сотмоқчи бўлди. Туғишидан аввал ертўлада бир ҳафта ётди. Онаси уни ўйнаши билан дам олгани кетди, пул ишлаб келади, деб ахтармади ҳам. Бечора роса қийналди. Бир куни кинотеатр залида йиғилиш бўлган. Йиғилишда бир кекса одам ҳаётнинг ўткинчилиги, инсон ҳамма гуноҳлари учун жавоб бериши ҳақида гапирган. Заря ертўлада ғужанак бўлиб ётиб, ҳаммасини эшитган. Ўша кеча Зари тўполон кўтариб, Санжарни сотишга қарор қилади. Санжар уни бўғиб ўлдириб қўйиб, саҳна тагига кўмиб ташлаган.

– Чақалоқ қаерга дафн этилган?

– Мен уни тепаликдаги қабристонга кўмиб келганман.

– Қотиллик содир этилганда қаерда эдингиз?

– Тепаликда... Авлиё ота қабристонида... У ерни Темур тепалиги ҳам дейишарди...

– Нима учун жиноятни яширдингиз?

– Нима учун сотишим керак эди?

– Тўғри, шунинг учун ҳам умрингизнинг қолган қисми қамоқда ўтади...  Хўш, сиз кинотеатр Авлиё отанинг ҳовлиси ўрнида қурилганини, у ерда Авлиё отанинг қизининг мозори бўлганини билармидингиз?

– Марксданман-ку. Нега билмас эканман!

– Кечаси кинотеатр ертўласида ароқ ичиб, зино қилибсиз, арвоҳдан қўрқмадингизми? Қишлоғингиз одамлари оппоқ кийимли қизнинг арвоҳини кўрган. Одамлар юрак касал бўлиб ўлган.

– Мен ишонмайман.

– Арвоҳга ишонмайсизми?

– Йўқ.

– Худогами?

– Йўқ.

– Одамларгами?

– Йўқ.

– У ҳолда нимани назарда тутяпсиз?

– Ҳеч нарсани. Мен сизнинг ҳамма саволингизга жавоб бериб бўлдим.

Терговчи жиноятчига қаттиқ тикилди. Жиноятчи шундай деди:

– «Сўнгги тилагинг нима?» деб сўрашса, «Бундай замон қайтиб келмасин» деган бўлардим.

– Агар кинотеатр ўрнида бошқа бино, масалан, масжид бўлганида сиз яхши инсон бўлиб вояга етишингизга ишонасизми?

Жиноятчи кулди. Кейин унинг кўзидан бир томчи ёш думалаб тушди...

Янги давлат Авлиё отанинг ҳовлиси ўрнида масжид қурдириб, зиёратгоҳни тиклади. Шунингдек, қишлоқ марказида янгича кинотеатр ҳам қад ростлади. Кинотеатр ёнидаги бино эса халқ кутубхонасига берилди. Кутубхонага бадиий ва илмий асарлар билан бирга одоб-ахлоқ, ҳадис, тафсир, истиқлол ҳақидаги китоблар ҳам келтирилди.

Ўша йили қирқ йилдан бери илк бор тўй дастурхонига ароқ қўйилмади. Одамлар маданийлаша бошлади...

Азамат Қоржовов