Дўстлар


Агар сизни дўстларингиз алдаса, уларнинг дўстлигига лоқайд қарасангиз ҳам, лекин бахтсизлигига ҳамдард бўлинг.

                             Ф.Ларошфуко.

 

                          

       Ўн ёшлардаги Чарос Козимнинг дарвозаси тагига яқинлашаркан, ичкаридаги шовқинларни эшитиб тўхтаб қолди. Ортига қайтиб кетмоқчи бўлдию, кўз олдига иситмалаб ётган Шоирбек келди. Таваккал қилиб дарвозани тақиллатди. Бироздан кейин дарвоза очилиб, ўзи тенги Козим кўринди.

       - Чарос! Кир, киравер, - деди Козим суюнганини яширолмай.

       - Йўқ, киролмайман. Ойим уришадилар.

       - Биламан, ойинглар мени ёмон кўрадилар. Ўзинг айт, мени Шоирбекдан қаерим кам? Айбим унга ўхшаб кўп китоб ўқимаганимдами? Нима қилай китоб ўқисам кўзим оғриб кетяпти.

       - Йўқ, ойим сен ҳақингда ҳеч нарса демаяпти, улар дадангдан қўрқадилар. Шунинг учун бирга ўйнашимизга рухсат бермаяпти.

Ичкаридан эркакларнинг бақир-чақир қилиб кулган овозлари эшитилди.

       - Уйингларда меҳмонлар борми? – Чарос чўчигандек орқага тисарилди.

       - Ҳа, дадамнинг ўртоқлари келишган. Биласанми, улар карта ўйнашяпти. Сен ўзи нега чиқгандинг, бирон нима сўрамоқчимидинг?

       - Ҳозир Шоирбекларнинг уйидан келяпман. Бечора иситмалаб ётибди. Ойиси бизникига чиқиб дорига пул сўраганди. Ойим бермадилар, чунки ўзимиз пулдан бироз қийналиб қолганмиз. – Шуларни гапираркан Чарос ялинганнамо давом этди, - Козим, сени дадангда пул кўп-ку, сўраб кўр.

       Чароснинг нима сабабдан келганини тушунган Козимнинг жаҳли чиқиб, қошларини чимирди.

       - Намунча Шоирбек учун қайғураверасан? Ким айтди унга анҳорда чўмилсин деб!

       - Қизғанчиқ бўлмагин Козим, ахир Шоирбек дўстимиз-ку. Дўстлар шунақа оғир кунда бир-бирини корига ярамаса қачон ярайди?!

       Козим бироз шаштидан тушаркан, бўпти, пойлаб тур, деганча ичкарига кириб кетди. Бирпасдан кейин  қайтиб чиқдида чўнтагидан пул олиб Чаросга узатди.

       - Вой, раҳмат Козим! Сен ҳақиқий дўстимизсан. Дадангдан сўраб олдингми ишқилиб? – деди Чарос хурсанд бўлганча.

       - Йўқ. Ҳозир меҳмонлар бор, олдиларига киролмайман.

       -  Ўғирлаб олдингми?

       - Уйимизда пул мана бунча, - Козим кафти билан бўйнини кесди, - дадам олганимни билмайди ҳам.

                                    ***

       Орадан йиллар ўтди. Козим, Чарос ва Шоирбек улғайишди. Мактабни битиришди. Ҳар уччаласи пойтахтга бориб интститутга киришни режалаштиришди. Кетишларидан аввал болаликлари ўтган қадрдон боғда тўпланишди. Олма дарахти тагида ўқишга кириш учун қандай хужжатлар тўплаш керак, қачон йўлга чиқилади, шу каби маслаҳатларни пишитиб олишди.

       -Болалар энди кетақолайлик, - деди Чарос ўрнидан туриб. - Йўлга тайёрланайлик, ҳадемай қоронғу тушиб қолади.

       Уч дўст ўрниларидан туриб уйлари томон кетишаркан, Козим анҳор тепасида очилиб турган гулга кўзи тушди. Аста гулни узиб олди. Шоирбекнинг қўлтиғидаги китобни ўзига билдирмай бир туртганди, китоб ўтлар орасига тушди. Шоирбек китобини оламан деб ерга энгашганида Козим Чароснинг ўнг томонига ўтиб олдида, қизга гулни тутқазди. Уни пойламай кетаётганларидан Шоирбекнинг жаҳли чиқди. Китобини яна қўлтиқлаганича ортларидан етиб олди.

       Бу пайтда дарвоза тагидаги ўриндиқда Чароснинг ота-онаси уларнинг  боғдан қайтишаётганини кўришаркан дадаси гап бошлади:

      - Қизинг кап-катта бўлиб қолди, ҳадемай турмушга чиқади, ҳалиям ўғил болалар билан юрибдими? – деди бироз жаҳли чиқиб.

       - Булар болаликдаги дўстлари-ку дадаси, кўздек қўшнилар, болалигидан кўз олдимизда катта бўлишди, нега хавотир олаверасиз? – ойиси ҳам Чаросдан хавотир олсада вазиятни юмшатишга уринди.

       - Шоирбекдан-ку хавотирим йўқ,  тоғасини қўлида катта бўлган, етим бўлса ҳам ақлли-ўқимишли йигит. Онаси раҳматли бекорга исмини Шоирбек қўймаган экан, келажакда у шоир бўладиган бола. Лекин анави Козим шу пайтгача ёмонлигини кўрмаган бўлсамда барибир унга ишонмайман. Минг қилсаям отаси қиморбоз, ёшлигида хотини шўрликни юрак касалига чалинтириб ўлдириб юборган. Мана энди, ўзи касалванд бўлиб қолди. Қазисан қартасан асли зотингга тортасан деганлар. Қараб тур хотин, Козим ҳам худди отасига ўхшаган бўлади. Балки қиморбоз бўлмас-ку, барибир яхши тарбия кўрмай улғайди.

       - Ҳали булар уччаласи биргаликда ўқишга киришмоқчи. – ойиси бироз жим бўлиб қолдида хавотир билан, - дадаси, шаҳарда Чарос ёлғиз ўзи, ёнида Козим бўлса нима бўларкина?

       - Э, буёғидан хавотир олма онаси, Шоирбекнинг ўқишга кириб кетишига юз фоиз аминман. Лекин Козим икки дунёда ҳам киролмайди. Ҳозир пули борни эмас, мияси ишлайдиганни олишади ўқишга, хотин. Кўрасан, Козим киролмай қайтиб келади.

                                            ***

       Чарос, Козим, Шоирбек уччаласи мандат доскаси тагида рўйҳатларга тикилганча фамилияларини излашмоқда.

      - Чарос, қара! – Шоирбек бармоғи билан ёзувни кўрсатди. - Сени фамилиянг, табриклайман!

       Чарос рўйҳатга кўз югуртираркан қувонганидан чапак чалиб юборди.

       - Шоирбек қара, сениям фамилиянг ёзилибди. Урре!

       Улар энди Козимнинг фамилиясини излай бошлашди, топишолмади. Бир-бирларига қараб ҳижолат чекканча Козимнинг ёнига яқинлашишди. Козим алам билан уларга тикилиб турдида қўлидаги дафтар-ручкани ерга жаҳл билан улоқтирганча дарвоза томон кета бошлади. Чарос билан Шоирбек унинг ортидан эргашишди. Шоирбек Козимни тинчлантирмоқчи бўлиб энди гап бошлаганида Козим итариб юборди. Жаҳл билан машинасига ўтириб, шиддат билан юриб кетди.

       - Бор-е, нима, киролмасанг биз айбдормизми! – Козимнинг ҳаракатидан Шоирбек хафа бўлганча ортидан бақирди. - Аҳмоқ эдинг, аҳмоқлигингча ўтиб кетасан!

       - Уф, жаҳли бурнининг учида туради-я, - деди Чарос уст-бошини қоқиб. - Кўйлагимни  ҳам чанг қилди, ярамас.

                                        ***

       Козим ўз хонасида хаёлга толиб ётаркан, хамон ғазабини босолмасди. “Ҳозир Чарос билан Шоирбек нима қилишаётган экан? Улар ҳар куни, ҳар дамда биргалар, - деди ўзига ўзи Козим. - Ётоқхоналари ёнма-ён, парталари битта, дарсга бирга бориб, бирга қайтишаётгандир менсиз!”. У алам билан ўрнидан турди. Дераза қаршисида турганча сигарет чека бошлади.   “Шоирбек, омадинг келди ўртоқ, Чарос билан ёлғиз қолишингга ўқиш баҳона бўлди сен учун. Лекин билиб қўй, Чарос меники! Уни мендан тортиб ололмайсан!”.

       Алламаҳалгача шу ўйлар билан ётган Козимнинг уйқуси келавермади. Ўрнидан турдида, дадасининг хонасига кириб борди. Дадаси ҳам ухламаган экан, ерда ўтирганча пулларни санаб, гули гулига тахланганларини коробкага жойларди.

       - Дада, сизда зарил гапим бор, - деди Козим унинг тепасига бориб.

       - Тўхтаб тур, чалғитма, ҳисобдан янглиштирмай тур.

       - Дада...

       Отаси “йўқол” дегандай қўл силтади. Бу ҳолдан Козимнинг жаҳли чиқиб кетди. Оёқлари билан ердаги пулларни тепа бошлади.

       - Пул, пул! Сизнинг хотинингиз ҳам, болангиз ҳам мана шу пуллар дада! Бу ҳаётга келиб қимор ўйнаб, пул йиғишдан бошқа нарсаларни ҳам биласизми-йўқми! – шундай деркан бир даста пулни чангаллади. - Мен ўқишга киролмадим! Мана шу пуллариз менинг орзу-ҳавасларимга, истакларимга ёрдам ҳам беролмади-ку. Шу пуллар туфайли онамдан жудо бўлганман, пуллар туфайли жигарлариз биздан юз ўгириб кетишган!

       Отаси Козимнинг қўлидаги пулларни эхтиёткорлик билан тортиб олди.

       - Пулларга тил теккизма билдингми? Ўқишга киролмаганингни аламини нега мендан оляпсан? Агар шу пуллар бўлмаганида мана бу уй-жой, тагингдаги машина, еб-ичаётганларинг қаердан келяпти? Катта холангникиданми?

       - Сиз ҳам холамга тил теккизманг. Болалигимда неча марта холам йиғлаб келганди, мени олиб кетмоқчи бўлганида йўл қўймагандингиз. Балки холам билан кетганимда ҳозир ўзимни ёлғиз, ҳеч кимга кераксиз ҳис қилмаган бўлардим!

       Дадаси коробка қопқоғини ёпдида, ўрнидан турди. Стол устидаги ароқдан пиёлага қуйиб ичиб юборди. Сўнг ховуридан тушиб, гап бошлади.

       - Ўтир, нима гапинг бор ўзи? Шаҳардан қайтганингдан бери шу аҳвол, ўқишга киролмаган фақат сенми? Ўв бола, менга қара, ўқишга кириб қуруқ дипломни қучоқлаб юрганингдан нима фойда? Сенга нима етишмаяпти ўзи?

      - Бахт етишмаяпти дада, бахт! – деганча Козим кўксига муштлади.

      - Бахт?! – дадаси бор овози билан баралла кулиб юборди. -  Бахт дегани нималигини сен тирранча халиям тушуниб етмадингми? Мана бахт, кўз олдингда сочилиб ётибди-ку!

       Козим ховуридан тушиш учун бир оз тин олдида, босиқ овозда давом этди.

       - Дада, Чаросникига совчиликка чиқинг. Мен уни яхши кўраман.

       - Нима? – дадасининг ҳайратдан кўзлари олайиб кетди. - Ҳали уйланишга ёшлик қиласан. Ундан кейин Чароснинг уйи шундоқ тумшуғимизда бўлса, чиқарман совчиликка вақти-соати келганда.

       Козим яна тутақиб кетди.

       - Унгача кеч бўлади, дада, Чаросдан айрилиб қолишим мумкин.

       - Э... ўша камбағални қизини ким оламан деб ўлиб турибди. Шартнома асосида ўқиётган талаба бўлса, ота-онаси барибир хали-вери узатишмайди, - дадаси ўйланиб қолди. - Бўпти, бугун кеч бўлди, бироз кайфим ҳам бор, эртага чиқаман.

                                     ***

       Чарос билан Шоирбек институт дарвозасидан чиқиб келишаркан Шоирбек қўл телефонига тикилганча гапирди.

        - Чарос, негадир Козимга қўнғироқ қилсам ўчириб қўйяпти. Мабодо сенга қилмадими?

       - Мен ҳам икки кундан бери гаплашмадим. Ҳозир қилиб кўрайчи.

       Чарос сумкасидан қўл телефонини олиб керакли рақамларни излай бошлади.

Бу пайтда Козим супада ўтираркан хамон ич этини ерди.  “Биламан, ҳозир иккалангиз биргасиз, сизларни биргаликларингизни эшитганимдан кўра гаплашмаганим маъқул”, унинг хаёлини телефоннинг қўнғироғи бўлди.

Жавоб бўлавермагач Чарос елкасини қисди.

       - Тавба, яна ўчириб қўйди. Ишқилиб тинчликмикин?

       - Ўқишга киролмаганига биздан хафа. Нима биз айбдормизми? – деди Шоирбек энаси қотиб.

       - Қўявер, бизларни соғинса ҳадемай ўзи келиб қолади. Қўнғироқларимизга жавоб бермагани учун кўради ҳали. Юр кетдик, кутубхонада одам кўпайиб кетмасин.

       Козим Чароснинг навбатдаги қўнғироғини кутди. Лекин бошқа қўнғироқ бўлмади. Юраги сиқилиб ўрнидан турди, ҳовлида у ёқдан бу ёққа юрганча дадасининг келишини пойлади. Ниҳоят дарвоза очилиб, дадаси кўринди.

       - Дада, Чаросни ота-онаси билан гаплашдизми? Нима дейишди?

       - Кўнишмади.

       - Нега?

       - Вей... қизиқ саволларни берасан-а? Негалигини мен қаёқдан билай. Уй-жойим, йиққаним ҳаммаси шуларники, берсанглар Козимдек йигитга берасизларда десам ҳам кўнишмади. Сен ҳам ҳадеб ялинаверма, дарахтни силкитсанг қиз ёғилади. – шундай деркан дадаси кўксини силай бошлади. - Вой юрагим, бош оғриғи қилиб бирпас ётмасам бўлмайди.

       Дадаси ичкарига кириб кетгач Козим  Чаросга қўнғироқ қилди. Қисқа гудокдан кейин Чароснинг жаранглаган овози эшитилди.

       - Козим! Ҳайрият, тирик экансан-ку! Нега қўнғироқларимизга жавоб бермаяпсан?

       Оғир жимликдан кейин Козим овоз чиқарди.

       - Чарос, сени соғиндим.

       Чароснинг жарангдор кулгуси янгради.

       - Биз ҳам сени соғинганмиз.

       - Биз? Шоирбек ёнингдами?

       - Ҳа, ҳозир кутубхонадамиз. Қачон биздек мусофир дўстларингни зиёрат қилишга келасан?

       - Билмадим, балки эртага борарман.

                                          ***

       Эрталабдан эзмаланиб ёмғир ёға бошлади. Козим институт ҳовлисидаги қулочи кенг дарахт ортида сигерат чекканича Чароснинг чиқишини пойларди. Шу пайт Чарос билан Шоирбек кўринишди. Шоирбек костюмини ечиб Чаросни пана қиларкан, Чарос ҳам унинг қўлтиғидан маҳкам ушлаб олди. Иккаласи севишганлар каби кулишганча ёмғир тагида чопиб кета бошлашди. Уларнинг ортидан кузатиб турган Козим ёмғир остида жиққа ҳўл бўлганча рашк, алам билан қараб қолди.

       Қоронғи тушди. Момақалдироқ гумбурлади. Ухлаб ётган Чарос гулдурак овозидан чўчиб уйғониб кетди. Уйқуси ўчиб кетмаслиги учун кўзларини юмиб ётаверди. Қулоғига кўча томондан Козимнинг уни чақираётгани эшитилгандек бўлди. Чарос сакраб ўрнидан турдида деразадан ҳовлига мўралади. Ҳақиқатдан ҳам Козим ёмғир остида, ҳовлининг ўртасида турарди. Чарос курткасини устига ташлаб ҳовлига тушди.

       - Козим? Шу маҳалда қаердан келиб қолдинг?

       - Чарос! –Козим Чароснинг олдига яқин борди, унинг қўлини ушлаб ўзига тортди. - Мен сени яхши кўраман Чарос! Сенсиз яшолмайман.

       - Қўйиб юбор, бу нима қилганинг? – Чароснинг ҳайратдан кўзлари янада катталашди. - Нима бало мастмисан? Қачон ичишни ташлайсан аҳмоқ?!

       - Сендан айрилиб қолишим мумкинлиги билган кунимдан бери дунё кўзимга қоронғу. Барибир мен сени ҳеч кимга бермайман, сен меникисан, Чарос, сени болалигимдан яхши кўраман.

       Чарос Козимнинг юзига тарсаки туширди.

       - Кет Козим, кет. Мен сени дўст деб юргандим, сен эса...

       - Шоирбек-чи, у ҳам дўстингми ёки севгилингми? Биламан, иккаланг севишиб юрасанлар, мендан қутулганларингга хурсандсанлар, ҳаммасини ўз кўзим билан кўрдим.

       Чарос ўз хоналари деразасидан мўралаётган талабаларни кўриб ҳижолати ошди.

       - Козим илтимос, кетақол. Ҳаммани уйғотиб юборасан, илтимос мени шарманда қилма, ўтинаман.

       - Сенсиз ҳеч қаёққа кетмайман, - деди Козим хамон Чароснинг қўлидан маҳкам ушлаганча. - Ҳозироқ мен билан бирга кетасан. Тўй қиламиз, оила қурамиз. Мен ҳам одамман, одамларга ўхшаб яшамоқчиман, бахтли бўлмоқчиман. Юр Чарос!

       Шундай деганча Козим Чаросни судрай бошлайди. Шу пайт Шоирбек пайдо бўлди, у Козимнинг ёқасидан маҳкам тутганча ғазаб билан гап бошлади.

       - Ўзингни бос Козим! Уялмайсанми? Бу ерга Чаросни  ҳамманинг ёнида шарманда қилгани келганмидинг?

       - Ўзингчи? Ўзинг кимсан? Сен севги ўғрисисан! Менинг муҳаббатимга эга бўлиб олдинг, Чаросни мендан тортиб олдинг. Ўзинг менга дўстмисан ё душманмисан? Мен сенга Чаросни севишимни аллазамон айтгандимми? Айтгандим. Юрагимдаги дардни билиб туриб менга хиёнат қилдинг.

       - Нима, юрак фақат сенда борми?! - Шоирбек шундай деганча Козимнинг юзига мушт туширди. Козим гандираклаб йиқилди. Бошидан қон оқа бошлади.

       - Ҳай нима шовқин! Нима қиляпсизлар? Кимсизлар? – хизмат жойини бир муддатга холи қолдирган ётоқхона қоровули югурганча келиб қолди. Ерда ётган Козимни, унинг тепасида нима қиларини билмай турган Чарос билан Шоирбекка бир-бир қараб қўйдида:

       - Нега анграйиб турибсизлар? “Тез ёрдам” чақириш керак, - деганча ичкарига қараб югурди.

       Касалхона. Козим боши боғланган холда ётибди. Тепасида терговчи саволга тутмоқда.

       - Ҳақиқатни нега яширяпсиз йигитча? Гувоҳларнинг айтишича сизни калтаклаб йиқитишган, тан жароҳати беришган.

       - Ҳеч ким мени калтакламади. Ўзим сирпаниб йиқилдим. Маст эдим, гандираклаб кетдим, - деди Козим бепарво.

       - Охирги сўзингизми бу.

       - Ҳа, ҳеч кимда даъвоим йўқ.

       Терговчи чиқиб кетиши билан ҳамшира кириб келди.

       - Сизни кўришга дўстларингиз келишибди. Бир қиз билан йигит. Қишлоқдошларингиз экан.

       - Айтинг, киришмасин, уларни кўргим келмаяпти.

       Ҳамширадан рад жавобини эшитган Шоирбек жаҳли чиқиб Чаросга юзланди.

       - Козимнинг қилиқларини тушунолмаяпман, нега бунақа қиляпти ўзи? Ҳозир кириб юзма-юз гаплашиб оламан.

       - Тўхта! – Чарос унинг йўлини тўсди. - Керакмас, кирма. Барибир фойдаси йўқ. Энди у сенга рақиб, у билан орамизда дўстлик қолмади.

       - Барибир кираман, - деганча Шоирбекнинг қайсарлиги тутди.

       - Ундай бўлса ёки уни, ёки мени танлашингга тўғри келади! – деди Чарос ҳам асабийлашиб.

       Шоирбек шаштидан қайтдида билганини қилсин деганча қўл силтаб касалхонадан чиқишди.

                                              ***

       Орадан йиллар ўтди. Чарос билан Шоирбек ўқишни битириб, олий маълумотли мутахассис бўлиб қишлоққа қайтиб келишмоқда эди. Автобусда келишаркан, таниш манзаралардан завқланиб суҳбатлашиб келишарди.

       - Чарос, бугуноқ тоғамга муносабатимиз ҳақида айтаман, - деди Шоирбек қулай фурсат келганидан енгил тортиб. - Эртага сизларникига совчи бўлиб чиқадилар.

       Чарос ҳеч бир сўз айтмади. Жилмайганча унинг елкасига бошини қўйди. Орқадан бир йўловчининг овози эшитилди.

       - Шопир ака, илтимос, “Козим” номли ресторан олдида тўхтатиб кетинг.

Чарос билан Шоирбек бараварига орқага, овоз келган томонга ўгирилишди.

       - “Козим” ресторани дедими? – Чарос Шоирбекка маъноли тикилди.

       - Хабаринг йўқмиди? Козим дадасининг вафотидан кейин мерос қолган пулларига ўзининг шахсий ресторанини қурдирибди. Бадавлат бўлиб кетган дейишади.

       - Ишқилиб отасига ўхшаган қиморбоз бўлмаганмикин?

       - Унисини билмадим.

       - Биласанми, гоҳида уни эслаганимда болалигимизда бирга ўйнаганларимиз, кўлда чўмилганларимиз ёдимга тушиб кетади. Қаёқданам Козим менга кўнгил қўйди ҳайронман. Барибир унга ичим ачийди, минг қилсада болаликдаги дўстлар эдик.

       Козим Чароснинг қўлини кафтига олди.

       - У вақтлар болаликда қолиб кетди. Энди ҳаммамиз улғайдик, ўз ҳаётимизни қуришга ҳаққимиз бор. – Шоирбек бир муддат табиатга қараб турдида, жилмайганча яна гапида давом этди. -Чарос, инсонлар кечиримли бўлишлари керак. Кел иккимиз уни кўришга борамиз. Балки ўзгаргандир.

       - Бўпти, бизни кўриб севиниб кетса керак, - Чаросга Шоирбекнинг таклифи ёқди.

       Эртасига улар “Козим” ресторани тагида йўловчи машинадан тушишди. Ҳашаматли ресторанга хавас билан тикилиб туришдида, зиналардан кўтарилишди. Ичкарига киришлари билан официант уларни мулозамат билан кутиб олди.

       - Кечирасиз, шу рестораннинг хўжайинини чақириб келинг. Биз унинг дўстлари эдик, - деди Шоирбек бўш стулларга бориб ўтиришгач.

       Бироздан кейин Козим пайдо бўлди. Шоирбек билан Чаросни кўриб ғалати бўлиб кетди. У анча улғайган, жиддийлашган. Қиёфасида аввалгиданда жаҳлдорлик зоҳир эди. Биринчи бўлиб Чарос ўрнидан туриб унга қўлини чўзди.

       - Яхшимисан Козим.

      Шоирбек ҳам ўрнидан туриб қучоқ очиб кўришмоқчи бўлдию. Кафтлари  ҳавода муаллақ қолди. Козим ўзини орқага тортиб қўл чўзди.

       - Ўтиринглар. Хўш, ўқишларни битириб, ўз сохангизни мутахассиси бўлиб келганинглар билан табриклайман. Буни албатта ювмасак бўлмайди Официант! Коньяк келтиринг.

       - Кераги йўқ, - деди Шоирбек Козимнинг совуқроқ кутиб олганидан хафа бўлиб. - Биз ичмаймиз.

       - Нега энди, шоирларнинг кўпчилиги ичади, йўқса илҳом париси қочиб кетади деб эшитгандим, - деди Козим пичинг оҳангида. - Ҳая... узр унутибман, ахир сенинг ўзингнинг илҳом фариштанг бор-ку. Тўғрими Чарос.

       - Козим, анча йиллардан бери кўришмадик. Минг қилсада болаликдан дўстлар эдик. Биз олдингга сени соғиниб, сендан хавотир олиб келгандик.

       Чароснинг бу гапи Козимга эриш туюлди. Шоирбек тараф бўлаётганидан жаҳли чиқсада, ўзини босди. Кулганча гап бошлади.

       - Нега мендан хавотир оласизлар? Мана кўриб турибсизлар тўрт мучам соғ-саломат, мана шу ҳашаматли рестораннинг хўжайиниман. Қаерга қўлимни узатсам етади.

       Шундай деркан рюмкаларга коньяк қуйди. Шоирбек қуйма дегандек рюмкани тортиб олаётганида унинг қўлини итариб ташлади.

       - Бу ерда мен мезбонман, сизлар эса меҳмонсизлар. Меҳмон иззатини билиб жим ўтириши керак. Қани, олдик бўлмаса, бундан беш йил аввал қабрга кўмилган дўстлигимиз учун кўтарамиз.

                                       ***

       Бу пайтда Чароснинг отаси билан онаси суҳбатлашиб ўтиришарди.

       - Эрта индин Шоирбекнинг совчилари келиб қолади. Тайёргарлигимизни кўриб қўяйлик дадаси.

       - Э, Шоирбекнинг тоғаси билан худони берган куни маҳаллада учрашиб турамиз-ку. Нимасига тайёргарлик кўрасан. Шарт-шароитимизни, аҳволимизни яхши билади. Анови озарбайжонларнинг киноси бор-ку “Аршин мололон”, ўшанга ўхшаб битта мулла, иккита қанд, нима дединг онаси...

       - Уялинг-е дадаси, ёлғизгина қизимиз бўлса. Аввал қўшни бўлган бўлса, энди қуда бўлмоқчимиз. Куёвнинг ҳурматини ҳозирдан жойига қўймасак уят бўлади. Ростини айтсам, авваллари Шоирбекни ёқтирмасдим. Тоғасиникида сиғинди, болалигида жуссаси  кичкинагина, бўш-баёв бола эди. Ҳозир биб-бинойидек келишган йигит бўлибди. Майли, ёқтираманми-йўқми энди фойдаси йўқ. Чарос турмушга чиқсам, фақат шунга тегаман деяпти.

       - Қўявер, қизимизнинг ақли-ҳуши жойида. Иккаласи бир-бирини обдон синашди. Худо хохласа бахтли бўлишади.

                                       ***

       Козим маст бўлиб қолди. Шоирбек билан Чарос унга раҳмлари келганича тикилиб ўтиришарди. Чарос Шоирбекка “кетамиз” дея имлади. Шоирбек ўрнидан тураркан:

       - Козим, оғайни, юр уйингга олиб бораман. Кайфинг ошиб қолди, - деганча унинг билагидан тутди.

      Улар Козимни кўчага олиб чиқишди. Кўча қоп-қоронғу, Чарос машина тўхтатмоқчи бўлди. Ҳеч бир машина олиб кетгиси келмас, Шоирбек Козимни йиқилиб тушмаслиги учун маҳкам ушлаб турарди. Шабада таъсир этиб Козим ўзига келди. Шоирбекка нафрат билан тикилди.

       - Сен дўст эмассан, сен ўғрисан! – деди қўлини пахса қилиб. - Менинг бахтимни ўғирлаган ўғрисан!

       Шоирбек жаҳл билан уни қўйиб юборди.

       - Яна бошлаяпсанми? Биз сени одам деб келсак. Сен бўлса... Чарос, юр, иззатини билмаган одам билан тил топишиб бўлмайди, кетамиз.

       Шоирбек Чароснинг қўлидан тутганча кетишга чоғланини кўрган Козимнинг баттар рашки қийнади. Бор кучини тўплаб ўрнидан турди. Шоирбекни елкасидан тутиб ўзига қаратди.

       - Бир пайтлар менга мушт туширгандинг Шоирбек! Ўшанда мен индамай кетганман. Ҳозир ўша қарзингни узиш фурсати етди.

       Козим тугилган муштини Шоирбекнинг юзини мўлжаллаб кўтарган замон Шоирбек унинг қўлини итариб ташлади. Козим гандираклаб йиқилди, жон ҳолатда  ўрнидан турдида, бу сафар Шоирбекнинг юзига зарб билан мушт туширди. Энди Шоирбек гандираклаб машина йўлига учиб тушди. Ўқдек учиб келаётган машина Шоирбекни уриб юборди. Чарос қаттиқ қичқирди. Козим қилиб қўйган ишидан ҳушига келиб Шоирбекнинг тепасига борди.

       - Шоирбек, кўзингни оч дўстим! Оч кўзингни. Атай қилмадим, бундай қилмоқчи эмасдим!

       - Козим, нима қилиб қўйдинг?! – Чарос Шоирбекнинг бошини кафтига олиб силкита бошлади. Шоирбек ўликдек миқ этмасди. - Шоирбек, кўзингни оч, илтимос, ўлма, мени ташлаб кетма! – Чарос йиғлаганча Козимга қаради. - Сен қотилсан Козим, минг лаънат сенга! Қотил!

                                              ***

       Касалхона. Козим бошини чангаллаганча ўтирар, Чарос деворга суянганча ўз хаёлларига ғарқ бўлганди. Эшик очилиши билан иккаласи шифокорга илинж билан тикилишди.

       - Аҳволи қанақа? Ўзига келдими? – деди Чарос шифокорнинг ёнига яқинлашаркан.

       - Ҳозирча комада. Ўзига келтириш учун барча муолажаларни қиляпмиз. Ҳа, олдиндан айтиб қўйишим керак. Бемор ўзига келиши мумкин, лекин тўшакка михланиб қолади. Яъни оёқлари ҳаракатдан тўхтайди.

       - Бу нима деганингиз?

       - Бу деганим у яшаб кетган тақдирда ҳам ногирон бўлиб қолади. Сизларга фақат сабр тилайман.

       Шифокорнинг гапларини эшитаркан Козим бошини чангаллаган кўйи йиғлаб юборди. Шу пайт тепасида Шоирбекнинг тоғаси пайдо бўлди. Козимнинг ёқасига чанг солди.

       - Сен айбдорсан ҳаммасига, сен айбдорсан! Энди ногиронни қандай қарайман?! Болалигидан пайпалаклаб ўстиргандима, емай-ичмай, топганимни унга бағишладим. Оғир иш қилдирмай катта қилдим, ўқисин, одам бўлсин, келажакда суянчиғим бўлар дегандим. Энди бу кўргулик бормиди бошимга, эй худо! Бир оёғим ерда, бир оёғим гўрда бўлса... Энди унинг хунини ўзинг тўлайсан! Бир умр пешонангга тамға бўлади унинг ногиронлиги!

       Козим айбига иқрор бўлиб, миқ этмай тураверди. Шу топда Шоирбекнинг тоғаси уни бўғиб ўлдириб қўйишига ҳам рози эди.

                          ***

       Орадан бир неча кун ўтади. Чарос оқ халатда гул кўтариб Шоирбек ётган палатага кириб борркан, ўзини хурсанд кўрсатишга ҳаракат қиларди.

       - Салом, тузукмисиз Шоирбек? Кўз тегмасин бугун рангингиз анча дуруст. Ҳадемай уйга жавоб беришаркан, - гулларни вазага сола бошлади.

       Шоирбек Чароснинг ҳаракатларини кузатиб тураркан, қалбини тирнаётган гумонларни сиртига чиқаргиси келди.

       - Чарос, энди мендан юз ўгирсанг керак?

       - Нега унақа хаёлларга боряпсиз. Айтдимку, биз ҳеч қачон бир-биримиздан айрилмаймиз деб.

       - Нега тўсатдан мени сизлаб қолдинг?

       - Ҳозирдан ўрганишим керак, эртага тўйимиздан кейин бирданига сизласам ғалати бўлиши мумкин.

       - Энди ногиронман-ку, мени бошингга урасанми?! Чарос, сендан илтимос, мени қийналишимни истамасанг олдимга бошқа келма. Сени унутгим келяпти.

       - Унақа деманг, бу фалокат ўртамиздаги муносабатни ўзгартиролмайди. Вой айтганча, яхши янгилигим бор. Биласизми, ҳориждан аравачаларнинг зўрлари келганмиш. Шундай пультини босса ўзи юриб...

       Шоирбек ялт этиб Чаросга қаради.

       - Ўчир овозингни! Ҳеч нарсани кўришниям, эшитишниям истамайман. Кет, йўқол Чарос! Сени кўришга кўзим йўқ, билдингми? Мени бу аҳволга тушишимга сен сабабчисан! Сен!

       Шоирбекнинг бирданига ўзгариб, асабдан бўғилаётганидан Чарос ўзини йўқотиб қўйди. Йиғлаганча хонадан отилиб чиқиб кетди. Югуриб кетаётганида йўлакда келаётган Козимга урилиб кетди, Козим беихтиёр Чаросни қучоқлаб олди.

       - Нега йиғлаяпсан? – деди Козим Чароснинг ёш тўла кўзларига ачиниб тикиларкан. - Яна хафа қилдими?

       - Козим, у мендан юз ўгирмоқчи, ёнига йўлатгиси келмаяпти.

       - Бу табиий, ногирон бўлиб қолгани учун сени ўзидан узоқлаштиришга уриняпти. Шоирбек билан ўзим гаплашаман, сенинг бахтли бўлишинг учун ҳамма нарсага тайёрлигимни билсанг эди Чарос.

       Козим ҳамон уни ушлаб турганидан ҳижолат бўлиб Чаросни қўйиб юборди. Шоирбекнинг ёнига кирди, у эса энсаси қотганча юзини бурди. Козим вазадаги гулга кўзи тушди, уни  олиб ҳидлади. Энди Шоирбек маъносиз кўзлари билан уни кузатиб турарди.

       - Шоирбек, нега Чаросни хафа қилдинг? – Козим шундай деркан Шоирбекнинг тепасига борди. - Ахир у сени деб ҳаракат қиляпти-ку? Бечора қийналиб кетди. Нима аламинг бўлса мана мендан ол. Нега уни қийнаяпсан? Нега устимдан даъво очмадинг, сени бу аҳволда кўргунимча қамалиб кетганим яхшийди. Сен атайлаб мени қаматмадинг, виждон азобида қийналсин дегансан-да тўғрими?

       Шоирбек унинг гапларини эшитмаётгандай маъносиз кўзларини шифтга қаратиб ётаверди. Козим ерга мук тушиб ўтираркан Шоирбекни қучоқлаганча йиғлаб юборди.

       - Нега жимсан? Бирон нима дегин дўстим, ҳеч бўлмаганда мени сўккин, ургин! Фақат жим ётиб мени қийнама! Бирон нима де!

       Козимнинг бехосдан йиғлаб юборгани таъсир этдими, Шоирбек хста товушда гап бошлади. Унинг овозида тарки дунё қилган, ҳамма нарсага бехафсала одамнинг кўриниши мужассам эди.

       - Козим, болалигимиздаги беғубор дўстлигимиз ҳаққи-ҳурмати бир илтимосимни бажара оласанми? Агар бажарсанг сени кечираман, йўқса бир умр қўлим ёқангда бўлади.

       Шоирбекнинг неча кундан бери энди гапираётганидан Козим бироз бўлсада енгил тортди.

       - Нима десанг розиман, истасанг мана шу пичоқ билан юрагимни суғуриб сенга бераман. – Козим тумбочка устидаги пичоқни олиб кўксига тиради.

       - Жонинг менга керакмас. Сен Чаросга уйланишинг керак.

       - Нима?

       - Эсингдами, ҳужжатларни топшириш учун шаҳарга борган кунимиз? Сен музқаймоқ еявериб қаттиқ шамоллаб қолгандинг. Чаросга ҳайвонот боғига олиб борамиз деб ваъда бергандик, ўшанда сен иситма таъсирида алаҳсираб, мендан Чаросни албатта ҳайвонот боғига олиб боришимни,  ўша ерда уни севишингни айтиб қўйишимни ялиниб сўрагандинг. Мен эса сени касал холингда ташлаб кетиб, Чарос билан ҳайвонот боғига борганмиз. Чаросга сени ичиб маст бўлиб қолди деб алдаганман. Сени севгинг мен учун омонат эди, мен эса ўзимнинг изҳоримни Чаросга айтиб, сендан аввал юрагидан ўрин эгаллаб олгандим. Балки ўша қилган номардлигим туфайли худо мени шу кўйга тушириб жазолагандир!

       Козим ўйланиб қолди, аста ўрнидан туриб деразадан ташқарига тикилиб қолди.

       - Шоирбек, агар шу тобда бетоб бўлмаганингда ўзим билардим нима қилишни. Лекин энди кеч, Чарос сени танлаган, барибир у менга ҳеч қачон муҳаббат кўзлари билан қарамаган.

       - Йўқ, Чарос иккимизни ҳам бирдек ҳурмат қиларди, лекин севги изҳорини биринчи бўлиб мендан эшитган. Ўшанда тунда ётоқхона ҳовлисида тўполон қилганингда қалбингни очишга жудаям кеч қолгандинг. Бунинг устига маст эдинг. Анча вақтгача Чарос уни севишингни билиб ўзига келолмай юрди. Хўш, илтимосимни бажарасанми?

       - Йўқ! Бу мумкинмас!

       - Биламан, Чаросни ота-онаси мендек ногиронга раво кўришмайди. Мен унга оналик бахтини беролмаслигимни ҳам биламан.

       Козим ялт этиб Шоирбекка қаради.

       - Олдиндан фол очма. Ниятингни яхши қил.

       - Мени овутишга уринма, болалигимдан етимликнинг нонини еб, қийинчиликларга ўрганиб қолганман. Агар Чаросга сен уйланмасанг барибир бошқаси илиб кетади. Унда иккимиз ҳам ундан буткул айриламиз.

       Козим анча вақт унсиз ташқарига термулиб турдида сўнг Шоирбекнинг тепасига келди.

       - Розиман, лекин менинг ҳам шартим бор. Мен Чаросга расмий равишда уйланаман. Лекин унга қўлимни теккизмайман, чунки мен эркакман билдингми?! Сени бу кўйга солиб қўйиб, сенга насиб қилган ёрни тортиб оладиган номард эмасман! Сени ҳам уйимга олиб кетаман. Ҳаммамиз бирга яшаймиз.

       Шоирбекнинг нигоҳларида ҳайрат аралаш умид порлади.

       - Қанақасига?

       - Энг тўғри йўл шу. Чарос қай биримизни танлашини эса вақт кўрсатади. Чаросга ҳаммасини ўзим тушунтираман. У икки ўт орасида қолганини, ота-онаси келаётган совчилардан бирига мажбурлаб узатиб юборишмоқчилиги ҳақида хабарим бор.

                                   ***

       Шоирбек ногиронлик аравачасида дераза тагида ўтирибди. Қўшни уйлардан карнай-сурнай садолари янграмоқда. У кўзларидан шашқатор ёш оққанича муштларини янада қаттиқроқ тугди.

       Никоҳ оқшоми. Чарос ҳарир парда ортидан дамба-дам меҳмонларнинг олд қаторида, аравачасида ўтирган Шоирбекка қараб қўяр, у ҳам нигоҳларини Чаросдан узолмасди. Козим эса ўзида йўқ бахтиёр. Чароснинг хомуш чеҳрасига қараганида эса бу тўй ёлғонлиги  ёдига тушиб у ҳам хомуш тортиб қоларди. Тўй авжига чиққанида Шоирбек аравачасини ғилдиратиб тўйхонадан узоқлашди.

       Тўй тугаб, меҳмонлар тарқалишди. Козим алламаҳалгача отасининг хонасида хаёлга толиб ўтирди. Сўнг Чарос учун ясатилган хонага кириб борди. Чарос оппоқ либосни атлас кўйлак, лозимга алмаштириб бошини қуйи эгганча ўтирарди.

       - Чарос, янгаларни ҳайдаб юбордим. Бемалол ухлайвер, мен меҳмонхонада ётаман. Агар бирон нарса керак бўлса чақирарсан, - деди Козим меҳрибонлик билан.

       - Хўп, ҳалиги, - Чарос иккилангандек давом этди, - Шоирбекнинг хонаси қаерда?

       - Юр, кўрсатаман.

       Козим Чаросни Шоирбекнинг хонаси томон бошлаб борди. Эшик тагида мудраб ўтирган хизматкор уларни кўриб нари кетди. Унинг ортидан Козим ҳам чиқиб кетди. Чарос эшикни тақиллатди. Ичкаридан Шоирбекнинг кираверинг деган овози эшитилди. Чарос аста кириб борганида у китоб ўқиб ўтирарди. Чарос Шоирбекнинг рўпарасига тиз чўкиб ўтираркан, кўз ёшларини артиб жилмайди.

       - Шоирбек, мана, яна биргамиз. Бизни ҳеч ким ажратолмайди энди. Козим сўзининг устидан чиқди. Энди уччаламиз бирга яшаймиз. Бу хонадонда фақат дўстлик ҳукмронлик қилади. Биз энди бир-биримизни аяб, қўллаб-қувватлаб яшашимиз керак. Худо хохласа тузалиб кетасиз. Сўнг Козим билан ажрашаман, биргаликда турмуш қурамиз. Нега жимсиз, халиям мендан хафамисиз?

       - Сен келинчаксан, мен энди сенга номаҳрамман. Гуноҳ қилма, бор ётоғингга кир.

       - Ахир ҳаммасини келишганмиз-ку, эсингиздан чиқдими?

       - Мен чарчадим, ухлашим керак. – Шоирбек жаҳл билан китобни ёпди.

Чарос унга илтижо билан қараб турдида чиқиб кетди.

                                         ***

       Кунлар осойишта, лекин маъносиз ўтарди. Козим эрталаб офисига кетади, кечқурун кириб келади. Рўзғор юмушлари, Шоирбекнинг дори-дармонлари унинг бўйнида. Чарос уй юмушлари билан банд. Шоирбек эса кун бўйи китобдан бошини кўтармайди. Козим хизматкорга Шоирбекдан бир зум кўз узмасликни буюргани учун фақат Шоирбекка қарайди.

Бугун ҳам Чарос дазмол қиларкан, дарвоза очилиб Козим машинасида кириб келди. Багаждан халталарда озиқ-овқатлар олиб ошхонага қўйиб чиқди. Сўнг Чароснинг олдига кирди. Рўпарасига ўтириб гап бошлади.

       - Шоирбек овқат едими?

       - Бугун озгина еди. Гапирсам индамайди, юзимга ҳам қарагиси йўқ. Гўё ҳаммасига мен айбдордек мендан юзини буряпти.

       - Сиқилма, унга осонмас. Кеча бир профессор билан гаплашдим. Туғма бўлмаган фалажларни тузатса бўларкан, иложи бормиш.

       Янгиликни эшитиб Чарос суюниб кетди. Дазмолни бир четга чуриб қўйди.

       - Ростанми? Қачон келаркан ўша профессор?

Шу пайт                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                         

 

дарвоза қаттиқ тақиллаб уларнинг суҳбати бўлинди. Чарос ҳовлига чиқиб эшикни очди. Остонада қўшни қизалоқ Наргиза йиғламоқдан бери бўлиб турарди.

       - Наргиза? Нима бўлди тинчликми?

       - Кеннойи, ёрдам беринг, дадам ўляптилар!

       - Нима? Нега ўлади?

       - Ҳозир ўлиб қоладилар, жон кеннойи дадамга ёрдам беринг.

       - Қўрқма Наргиз, сен дадангни олдига бориб тур, ҳозир Козим аканг билан чиқамиз. - Чарос Наргизани тинчлантириб югурганча уйга қайтиб кирди.

       - Козим! Наргизанинг дадаси...

       - Чиқмайман! – унинг гапини бўлди Козим. - Сен ҳам борма.

       - Нега? Иззат аканинг аҳволи оғирлашиб қолибди, бечора қиз дир-дир титраяпти.

       - Бетоб бўлса ўзига. У одам яхшиликни билмайди барибир. Дадамнинг ичкиликаа берилишига, ўлиб кетишига айнан Иззат ака сабабчи билдингми? Нега мен дадамнинг қотилига ёрдам беришим керак?!

       - Козим, ахир у ҳам одам-ку, даданг ажали етган эканки бетоблиги сабаб бўлди. Иззат ака ён қўшнимиз бўлса, бечора болаларида гуноҳ нима. Юр, ёрдам берайлик!

       - Уйга кир.

       - Ахир қўшнинг ўляпти-ку.

       - Уйга кир деяпман!

       Козимнинг қўрс овози Чаросга оғир ботди.

       - Сен бераҳмсан, юрак деб тошни кўтариб юрибсанми хали. Агар менга етишиш истагинг бўлмаганида Шоирбекка ҳам меҳр кўрсатмаган бўлардинг!

       Чарос йиғлаганча чиқиб кетди. Козим бақирганидан афсусланиб унинг ортидан қараб қолди. “Уф, нима қилиб қўйдим. Нега унга бақирдим, доим қўполлигим панд беряпти” деганча деворга мушти билан урди.

       Саҳарга яқин Чарос чўчиб уйғонди. Аста юриб ҳовлига чиқди. Дарвозани оҳиста очиб қўшни Иззат аканикига кирди. Ҳовли жим-жит, даҳлизда ухлаб ётган Наргизани аста турта бошлади.

       - Наргиза, Наргиза!

       - Келинойи, сизмисиз? – деди Наргиза уйқусираб кўзларини ишқаларкан.

       - Даданг тузукмилар? Ичкаридамилар? Хабар олай деб чиққандим.

       - Ахир кечаси Козим акам дадамни касалхонага олиб бордилар-ку, - ҳайронлик билан гапирди Наргиза ўрнидан тураркан. – Касалхонага мен ҳам укам билан бордик. Дадамни операция қилишди.

       Чарос ҳайрат билан қараб қолди.

       - Нима? Козим аканг олиб бордими?

       - Ҳа. Касалхонада ошхона бор экан. Дадамни операция қилишгунича бизларни овқатлантирдилар.

       - Козим акангдан Оллоҳ рози бўлсин, - деди Чарос хаёлга толганча. - Майли, сен ухлайвер, чарчагансан, ҳали яна чиқаман.

       Чарос қайтиб кириб, аста Козимнинг хонасига мўралади. Козим кийимларини ечмаган холда қотиб ухлаб ётганини кўриб Чароснинг кўзларидан ёш оқиб, жилмайди. Аста кириб борди, Козимнинг устига адёл ёпиб қўйди. Сўнг Шоирбекнинг хонасига мўралади. У ҳам аравачасига суянганича ухлаб ётар, қўлидаги китоб ерга тушиб кетганди. Чарос хизматкор аёлнинг хонасини тақиллатди.

       - Тинчликми? Бирон нима керакми? – сўради хизматкор эшикни очаркан.

       - Нега Шоирбек аравачасида ухлаб ётибди. Ўрнига ётқизмадингизми?

       - Э, унингизнинг қайсарлиги жонимга тегиб кетди. Шунча ялинсам ҳам ухламайман, китоб ўқийман деб туриб олди. Кута-кута ўзим ухлаб қолибман. Уф... бунақа қайсар беморни умримда кўрмагандим.

                                   ***

       Чарос анча вақтдан бери кўчага чиқмай зерикиб кетганди. Шоирбекка китоблар олиш баҳонасида бозорга борди. Бир қанча китоблар сотиб олди. Бозор ичидаги ошхонага кириб учта кабоб сотиб олди. Еб ўтирганида рўпарасидаги столда ёши ўн тўққизлардаги чиройлигина қиз бир унга, бир кабобларига қараб-қараб қўяётганини сезиб қолди. Чарос қизнинг юпунгина эгнига, оёғидаги йиртиқ туфлисига назар ташлади. Қиз қуруқ чойнинг ўзини ичиб ўтирганини билиб қўли билан уни имлаб чақирди. Қиз “мени чақиряпсизми” дегандек имладида, сўнг Чароснинг ёнига келди.

       - Ўтир. Қорнинг очми? – Чарос унга яқин бўлиш учун сенлаб мурожаат қилди.

       Қиз индамай рўпарасига ўтираркан Чарос официантга яна учта кабоб буюртирди.

       - Овора бўлманг, қорним тўқ, - деди қиз уялиб.

       - Кўриб турибман қорнинг тўқлигини. Қани ол, уялма, мен ҳам бир пайтлар талабалигимда сенга ўхшаб бировларнинг кабобига тикилиб, сўлагим оқиб кетарди. Аҳволингни ҳис қиляпман.

       Қиз кулганча, кабобни ея бошлади.

       - Исминг нима? – сўради Чарос унинг иштаҳа билан ейишига тикиларкан.

       - Севинч.

       - Ў, чиройли исм экан. Ҳойнахой ота-онанг севиниб юрсин деб қўйишганда исмингни. Эркатоймисан?

       Севинчнинг юзида маъюслик пайдо бўлди.

       - Йўқ, мени эркалатадиган ота-онам болалигимда ўлиб кетишган. Мен меҳрибонлик уйида катта бўлганман. Олти ёшлигимда ҳозирги ойим асраб олган.

       - Кечирасан, дилингни оғритиб қўйдимми?

       Севинч стол устида турган китобларни кўриб қувониб кетди.

       - Вой, манави китобларни! Майлими кўрсам?

       Чарос китобларни у томон суриб қўйди. Севинч эса кабоб ҳам қолиб кетиб китобларни варақлашга тушиб кетди.

       - Вой опажон қаранг, манави ерда менинг севимли шеърим бор экан. Эшитинг, - Севинч китобдаги шеърни қироят билан ўқий бошлади.

       Чарос унинг шеър ўқишга берилиб кетганини кўриб ҳайратланиб турди, сўнг атрофдагилар улар томон қарашаётганидан кулиб юборди.

       - Ҳой! Ҳой қиз деяпман., - деди имлаб, - одамлар қарашяпти.

       Кўзини юмганча шеър ўқиётган Севинч ўзига келди. Уялиб узр сўраркан, китобларни Чароснинг ёнига суриб қўйди.

       - Болалигимдан шеъриятга жуда қизиқаман. Агар ота-онам бўлишганида мени ўқитишган бўлармиди? Балки шоира бўлишим мумкинмиди?

       - Шеър ёзишни биласанми?

       - Шеър ёзишни ўрганмайдилар опажон, шеърни яратган эгам шоирларнинг дилига қуяди. Менинг ҳам ўз шеърларим бор, фақат одамларга кўрсатишга уяламан. Энг катта орзуим келажакда шоира бўлиш, шеърларимни китоб қилиб чиқариш.

       Севинч хаёлини йиғиб оларкан, Чаросга қараб жилмайди.

       - Орзуга айб йўқ дейишадику, тўғрими. Майли, кабоб учун катта раҳмат, энди мен борай.

       - Севинч, бозорда нима иш қиласан?

       - Нима қилардим опажон, одамлардан садақа сўрайман.

       Чароснинг чайнаётган луқмаси тиқилиб қолиб, ўқчий бошлайди.

       - Нима? Садақахўрмисан?

       Севинч ўрнидан туриб кета бошлади. Чарос унинг ортидан бориб билагидан тутди.

       - Тўхта Севинч, тўхтасанг-чи! Сендек ёш, чиройли, бунинг устига истеъдодли шоира қизга гадойчилик қилиб юриш уятмасми-а? Биласанми, менинг бир дўстим бор, у ҳақиқий шоир. Манави китобларни унга атаб олганман. Истасанг у билан таништириб қўяман, шеърларингни ўқиб кўради. Жуда кўп сенга ўхшаган ёшларга устозлик қилган.

       - Йўқ, боролмайман, ойим уришади.

       - Севинч, дўстим ногирон, юролмайди, унга сенга ўхшаган дўст керак. Бунинг устига у ҳам сен каби етим.

       Севинч Чаросга тикилиб қолди, кўзларига ёш қуюлиб келди.

                          ***

       Козимнинг офиси. У иш билан банд. Ёрдамчисига егуликларни багажга солишини буюриб ўзи ҳам кўчага чиқди. Уйга етиб борганида дарвозани Чаросни хушкайфиятда кўрди.

       - Яхши бориб келдингми Козим?

       - Раҳмат, тадбиркорлик йили менга омад келтирди. Янги фирмам учун ҳужжатларим осонликча ҳал бўлди.

       - Табриклайман.

       - Хўш, мен йўғимда қандай ўтирдинглар? Шоирбек тузукми? Профессорнинг муолажаларидан кейин ҳеч бир ўзгариш бўлмадими?

       - Ҳозирча ҳеч қандай ўзгариш йўқ, - деди Чарос хўрсиниб. - Лекин, бир янгилик бор.

       - Нима экан, яхшиликми ишқилиб?

       - Юр, ўз кўзингиз билан кўрасан.

       Боғдаги фаввора олдида Шоирбек аравачасида ўтирар, ёнида Севинч, иккаласи кулишганча бирнималарни баҳслашишар, Шоирбек қизга нималарнидир тушунтирар, қиз эса дафтарига ёзиб оларди. Иккиси хурсанд кайфиятда.

       - Ие, бу қиз ким? – сўради Козим ҳайронлик билан. - Шоирбекни анчадан бери бунақа хурсанд кайфиятда кўрмагандим?

       - Бу қизнинг исми Севинч, уни мен олиб келдим. Уч кундан бери Шоирбекнинг олдига репетиторликка қатнаяпти. У келдию Шоирбекнинг бағри тўлгандек бўлди. Севинч ҳовлимизга севинч олиб келди.

       Козим мароқ билан гапираётган Чаросга тикилиб қолди. “Қизиқ, Чарос наҳотки бу чиройли қизни  ўзи топиб келди. Шоирбекнинг ҳозирги ҳолатини кўриб уни бегона қиздан қизғанмаётганмикин? Балки ич-ичидан рашк қилиб, мендан беркитяптими? Балки Шоирбекнинг ярим кўнгли шу шоира қиз туфайли ёришганига хурсанд бўлаяптими?” Шу ўйларга ғарқ бўлган Козим беихтиёр Чароснинг қўлларини оҳиста ушлади. Чарос сесканиб тушди. Қўлларини тортиб олди.

       - Ҳалиги... қорним оч эди, овқат қилганмисан?

       - Ҳа, ҳозир сузаман. Шоирбекдан хабар олиб келгунингизча дастурхон тайёр бўлади.

       Чарос ошхонага кириб лаганга овқат сузаркан Козим ушлаган бармоқлари титрай бошлади. Бармоқларини букиб ҳаяжонини босди.

       Бир куни Севинч ўгай онасидан хабар олиб келиш учун кетди. У кетдию Шоирбекнинг яна авзойи ўзгарди. Чарос сотиб олган янги кўйлагини Шоирбекка олиб кирди. Шоирбек жаҳл билан кўйлакни деразадан улоқтириб юборди. Шу пайт Севинч келиб қолди. Ҳозиргина дарғазаб ўтирган Шоирбекнинг чеҳрасида Севинчни кўрган замон табассум югургани кўриб Чаросга алам қилиб кетди. Йиғлаб юбормаслик учун ҳовлига отилди. Севинч Шоирбекни буткул ўзгартирганини, энди Шоирбек у туфайли ҳаётини тубдан янгилаётганини ҳис қилиб таслим бўлишга қарор қилди. Кунлар шу зайлд сокин ўта бошлади. Лекин бир куни нима бўлдию Севинч ҳеч кимга ҳеч нима демай ғойиб бўлди.

                                        ***

       - Ҳайрият, вақтида келдиз!

      Хизматкорнинг бесаранжомлигидан Чарос хавотирга тушди.

      - Нима бўлди?

      - Анови эркатойиз ҳаммаёқни остин-устун қиляпти. Ҳечам босолмаяпман.

      Чарос тўғри Шоирбекнинг ёнига кириб борганида уни кўриши билан эшикни ёпиб қўйди. Чарос нима қиларини билмай Козимга қўнғироқ қилди.

       - Козим, Шоирбекнинг аҳволи оғир.

       - Нега? Яна нима бўлди?

       - Кўчадан келсам нарсаларни улоқтириб, ҳаммаёқни остин-устун қилаётган экан. Ёнига кирмоқчи бўлгандим, киргизмади. Ғазабдан, жаҳлдан юзлари қизариб кетган. Козим, Шоирбек жуда қийналяпти.

       Бир муддат жим бўлиб қолган Козим гап бошлади:

       - Севинч бугун ҳам келмадими?

       - Йўқ, келмади. Ойиси бетоб бўлиб қолган экан.

       Гўшакдан Козимнинг кулгани эшитилди.

       - Нега куляпсан? – сўради Чарос ажабланиб.

       - Ҳали ҳам тушунмаяпсанми, Шоирбек Севинчни севиб қолган. У келмагани учун ғазабланяпти.

       - Бўлмаган гап! Нима ҳаққинг бор бундай дейишга? Атайлаб менинг жиғимга тегиш учун шундай деяпсан, тўғрими?

       - Чарос, бу ҳақиқат. Мен сени севганим учун Шоирбекнинг дардини ҳис қиляпман.

       - Бўлди қил Козим, ортиқ эшитишни истамайман. Шартномамизда ҳеч қанақа севги ҳақида сўз бориши мумкинмаслигини ёдингдан чиқарма.

                      ***

       Козим хонасида ўйга чўмиб ўтираркан Чарос кириб келди.

       - Чақирдингми?

       - Ўтир Чарос. Ўзинг чарчамадингми? Шоирбек нима қиляпти?

       - Ҳозир, яқиндагина ухлади, тинчлатирувчи дори ичирдим.

       - Иззат аканинг аҳволи яна оғирлашяпти. Шифокорлар операциядан кейин барибир кўп яшолмайди дейишганди.

       - Кеча Иззат аканикига чиқгандим, болаларини кўриб эзилиб кетдим. –    Чарос анча вақтдан бери ўйлаб юрган режасини айтиш фурсати келганини англади. - Козим, бир маслаҳатли гапим бор эди. Иззат ака тириклигида болаларини асраб олсак қандай бўларкин?

       - Ўйлаб гапиряпсанми? Эртага Шоирбек оёққа турса сен у билан қўл ушлашиб кетасизлар. Мен эса ёлғиз ўзим етим болалар билан қоламан, шундайми?

       - Козим, тушун, ҳозир гап биз ҳақимизда эмас, болаларнинг тақдири ҳақида кетяпти. Эртага Иззат ака ўлиб-нетиб қолса, болаларини меҳрибонлик уйига бериб юборишади. Кўз олдингда катта бўлган болаларни қандай қилиб кўзинг қияди? – Чарос кутилмаганда Козимнинг оёғи тагига тиз чўкиб ўтириб олди. – Ўтинаман Козим, болаларни асраб олайлик.

       Бундай бўлишини кутмаган Козим Чаросни ўрнидан турғизиб, елкасидан тутганча ёшли кўзларига тикилди.

       - Чарос, агар сен меники бўлганингда болаларни бағримга олмасмидим! Сенинг хурсанд бўлган ҳар бир кунинг, лаҳзанг мен учун бахт бўлмасмиди... Агар шу болалар иккимизнинг фарзандларимиз бўлсаю, бир умр уларга биргаликда ота-оналик қилсак қани эди Чарос.

       Козим ҳаяжонини боса олмай Чароснинг лабларига лаб юбормоқчи бўлганида Чарос зарб билан унинг юзига тарсаки туширди.

       - Уятсиз! Ўзинг ҳам онасиз ўсганлигинг учун етимларга раҳминг келади деб ўйлагандим. Сен эса вазиятдан фойдаланмоқчи бўлдингми? Сени танламай тўғри қилган эканман!

       Чарос йиғлаганча чиқиб кетди, кўз ёшларини артганча Шоирбекнинг хонасига борди. Лекин у хонасида йўқ эди. Уни излаб боққа чиққанида Шоирбек телбаларча Севинчнинг дафтарларини йиртиб, фаввора ичига ташлаётганди. Чарос ўз изтиробларини унутиб, югурганча ёнига борди.

       - Шоирбек, тўхтанг! Нима қиляпсиз?

       - Чарос, аралашма. Бор! Мен билан ишинг бўлмасин!

       - Шоирбек, нега мендан бунчалик нафратланяпсиз? Сизга нима ёмонлик қилгандим? Айбим нима? Сизни севганимми? Қачон мени қийнашни бас қиласиз?

       Чарос Шоирбекнинг тиззасига бош қўйиб йиғлай бошлади. Шоирбек унинг сочларини силамоқчи бўлдию журъати етмай кафтларини тортиб олди.

       - Қийналишингга ўзинг айбдорсан, - дея гап бошлади Шоирбек. - Агар мендан воз кечмасанг бир умр шу ғурбатга ўтиб кетаверасан. Мени ҳам, ўзингни ҳам қийнама Чарос. Балки авваллари сени севгандирман, ҳозир эса бефарқман, негалигини ўзим ҳам билмайман. Балки аввалги муҳаббатим шунчалик дўстона муҳаббат бўлгандир, балки Козимдан қизғангандирман. Ўйлаб кўрсам мендан кўра Козимнинг муҳаббати кучлироқ экан. Ишон, оёқларим юрмаса ҳам, ҳаммасини кўриб-билиб юрибман. Козим сен туфайли яхши одамга айланиб боряпти. Сени шунчалар севадики, сенинг қалбингдаги тозалик, унга ҳам кўчиб боряпти. Сен Козимни одам қилдинг Чарос.

       - Бўлди қилинг, бошқа гапирманг илтимос.

       - Гапимни бўлма, ҳали айтадиганларим кўп. Эсингдами, уччаламиз шаҳарга биринчи бор ҳужжат топширишга борган кунимиз. Ўшанда...

                                        ***

       Ўша куни Козим, Чарос, Шоирбек институтга ҳужжатларини топширишгач ётоқхонага қайтиб келишди. Ҳаммалари чарчашганди.

       - Козим, менга зоопаркни кўрсатаман деб ваъда бергандинг, - деди Чарос йигитларнинг дам олмоқчи эканларидан аразлаб. - Нима энди олиб бормайсанми?

       - Олиб бораман, албатта борамиз. Фақат эртага, вақтли чиқиб кетсак кечгача мазза қилиб айланамиз.

       Эртасига эрталаб Козим бетоб бўлиб қолди. Унинг алаҳсираётганини кўрган Шоирбек тепасига келиб пешонасини ушлаб кўрди.

       - Ие, Козим, нима бўлди, иссиғинг борми?

       - Кеча музқаймоқни кўп еб қўйибман. Болалигимдан ангинам бор, ўша қўзияпти, - баъзўр гапирди Козим.

       - Мен ҳозир, дўхтир чақираман.

       - Кераги йўқ, Чаросга ваъда бериб қўйгандим. Менинг ўрнимга ҳам сен борасан.

       - Жиннимисан, сенсиз ҳеч қаёққа бормаймиз.

       - Борасан, қайтанма касал бўлиб қолганим яхши бўлди, мен йўғимда Чаросга уни севишимни айтасан. Шунча ҳаракат қилсам ҳам ўзим айтолмаяпман, дўстим, сенга ишонаман, сен ўзинг чиройли қилиб Чаросга менинг изҳоримни етказиб қўясан, хўпми?

       - Хўп, - деди Шоирбек хомуш тортиб.

       Шоирбек бекатга етиб борганида Чарос аллазамон келиб, уларни пойлаб турганди.

       - Козим қани?

       - У боролмайди.

       - Нимага?

       Шоирбек бироз иккиланиб турдида давом этди.

       - Кеча сен кетганингдан кейин озгина ичиб олганди. Шунга ҳалиям кайфи тарқалмай ухлаб ётибди.

       - Уф... қон билан кирган жон билан чиқади деганлари рост экан! Менга шунча ваъдаларни бериб қўйиб ўзи маст бўлиб ётибди дегин? Юр, усиз ҳам кетаверамиз, ўзидан кўрсин, шу қилганига қоронғида қайтиб келамиз, бир алам қилсин.  

                                     ***

       Козим ҳикоясини тугатаркан узрли нигоҳлари билан Чаросга тикилди.

       - Чарос биламан, ўшанда Козимга нисбатан ноҳақлик қилганим учун худо мени жазолади. Ногирон бўлиб қолганимга ўзим айбдорман. Мана бугун ёлғонимнинг бадалини тўлаяпман.

       Барча гапларни унсиз тинглаб ўтирган Чарос хушига келдию йиғлаб юборди.

       - Иккингиз ҳам одаммассиз. Дўст дегани ҳам шунақа бўладими? Иккалангиз ҳам ёлғончисиз, бир умр мени алдаб келгансизлар?

       - Бунақа виждон азобида қийналиб яшагандан кўра, жонсиз қуруқ танани кўтариб юргандан кўра ўзимни ўлдирганим яхши! Ҳаммасидан қутулишни истайман. Бу истагимга ҳеч ким тўсқинлик қилолмайди!

       - Ўзини ўлдириш гуноҳлигини билмайсизми?

       - Ўз жонимга қасд қилсам нима бўларди? Дўзах азобида куяманми? Бу дунёда қалб азобида куйганимдан кўра, дўзах азобида куйганим яхшимасми?!

       Шоирбек шиддат билан ногиронлик аравасини ғилдиратганча дарвозадан чиқди. Чарос унинг ортидан чақираркан, шоша-пиша Козимга қўнғироқ қилди.

       - Козим! Тез етиб кел! Шоирбек уйдан чиқиб кетди! У ўзини ўлдирмоқчи!

       Чарос Козимнинг жавобини кутмай ташқарига томон югурди. Дарвозадан чиқиши хамон бирқанча китоблар кўтарганча Севинч келиб қолди.

       - Опажон, мен келдим, ие сизни нима бўлди? Қаерга бунчалик шошяпсиз?

       - Йўлда Шоирбекни учратмадингми?

       - Йўқ, кўрмадим. Тинчликми ўзи?

       Севинчга тушунтиришга вақт зиқ. Чарос катта йўл томон югуриб кетди. Унинг ортидан Севинч эргашди. Кўчада ўйнаб юрган Иззат аканинг болалари нимадир нохушликни сезиб, улар ҳам эргашишди. Шоирбек шиддат билан катта йўлда аравачасини ғилдиратиб кетмоқда. У дам-бадам ортига қарар, узоқдан чопиб келаётган Чарос билан Севинчни кўриб янада шошиб қолди.

       - Улгуришим керак! Улгуришим керак! Тезроқ етишим керак! – дерди Шоирбек жон холатда аравасини тезлатаркан.

       Арава жарлик тепасига етиб келди. Шу пайт рўпарадан Козим  машинасида етиб келди. Машинадан тушиб, бақирганча Шоирбек томон чопа бошлади, бу орада қизлар ҳам етиб келишди. Шоирбек жарликка томон аравасини бурди. Арава бурилган замон ағдарилиб, пастга қулади. Югуриб келиб, юзтубан ерга йиқилган Козим чаққонлик билан Шоирбекнинг билагидан тутиб қолди.

       - Аҳмоқ! Нима қилиб қўйдинг?! – деди бор кучи билан Шоирбекнинг қўлидан тортаркан.

       - Қўйвор мени, ҳалқит берма! Қўйвор деяпман Козим!

       - Йўқ... қўйвормайман... – Козим бақувват қўллари билан Шоирбекнинг билакларини янада маҳкамроқ сиқди. - Ўзинг ташвишлардан қутилиб, мени баттар азобга ташлаб кетмоқчимисан?

       - Илтимос дўстим, қўйвор, дўстлигимиз ҳурмати қўйвор!

      Шоирбек шундай деркан иккала оёғи билан типирчилай бошлади. Бу манзарани кўрган Козим кўзларига ишонолмай қувончдан бақириб юборди.

       - Чарос! Ёрдам берсаларинг-чи!

       Қўрққанларидан нима қиларини билмай турган Чарос билан Севинч ўзларини қўлга олиб ёрдамга шошилишди. Биргаликда Шоирбекни жар ёқасидан тортиб олишди.

       - Шоирбек дўстим! Сездингми? Қимирлади, оёқларинг қимирлади.

       Шоирбек ерда ётганча хурсандлигидан йиғлар, Козим уни қучиб олганди.

       - Ҳа, сездим! Сездим, Козим. Оёқларим  тошларга тегиб оғриганини ҳам сездим.

       - Тур ўрнингдан дўстим, тур. Ҳаракатларинг тўхтаб қолмасидан тезроқ турақол! – деди Козим уни турғизишга ҳаракат қилиб.

       Шоирбек ўрнидан турди. Чарос уни йиқилиб тушмасин дея қўлларини чўзаркан:

       - Секинроқ юринг Шоирбек, илтимос шошилманг, - деди титроқ овозда.

Шоирбек Чарос томон қадам ташларкан, унинг ортида турган Севинчни кўрди. Эҳтиёткорлик билан қадам ташлаганча, гўёки Чаросни кўрмаётгандек ёнгинасидан ўтиб кетди, Севинч томон қўлларини узатди. Чарос қўллари ҳавода муаллақ қотганча ҳайрон қараб қолаверди. Шоирбек Севинчга етиб, уни қучоқлаб олди. Чарос аввалига ҳайратланиб турди, сўнг Шоирбекнинг юриб кетганидан қувониб йиғлаб юборди. Севинч билан Шоирбек гўё улардан бошқа атрофда ҳеч ким йўқдай, бир-бирларини табриклашарди.

       Козим бир четда мунғайиб турган Чароснинг холатини кузатиб тураркан унга раҳми келди. Аста ёнига бориб далда бергандек жилмайди. Нарироқда улар томон қараб турган болаларни кўриб Чарос билан Козим бир-бирларига маъноли боқишди. Чарос бир муддат ўйга толиб қолдида, ерга тиз чўкканича болаларга бағрини очди. Болалар ҳам шуни кутиб тургандай югуриб келиб Чаросни қучоқлаб олишди.

       - Чарос опа, сизга бир нима бўлдими деб қўрқиб кетдик, - деди Наргиза йиғлаганча.

       - Йиғлама қизим, оналарга ҳеч нарса қилмайди. Сизлар бор экансиз, менинг ўлишга ҳам, узоқларга кетишга ҳам ҳаққим йўқ, - деди Чарос.

Сўнг ортига ўгирилиб, уларни меҳр билан кузатиб турган Козимга юзланди.

       - Козим, болаларни уйга олиб борайлик.

       - Ҳа, Чарос, булар...сенинг, менинг... - Козимнинг бўғзига нимадир тиқилди. – Бизнинг болаларимиз тўғрими?

       - Ҳа Козим, уларни иккимиз, умримизнинг сўнггигача парваришлаймиз. Оналаридан, оталаридан кўролмаган меҳрни биз берамиз.

       Козим билан Чарос ўзларини ўнглаб, болаларини етаклаб кетишга чоғланганларида Шоирбек Севинчнинг билагидан ушлаганча анча олислаб кетишганди.

 

Раъно МАҲМУДОВА.