“ЭРИМНИ ЎЙНАШИ БИЛАН ТУТИБ ОЛДИМ...”


 
ШАҲАРНИ СОҒИНДИМ

 

     Эрим уч кунлик хизмат сафарини рўкач қилиб туриб олдию, эринмасдан бориб, мени ўзининг қишлоғига ташлаб келди.

     Келишувимизга кўра, бу ерда бир ҳафта туришим, сўнг шанба куни эрталаб йўлга чиқишим керак эди. Содиқжон акам мени автобекатда кутиб турадиган бўлганди.

     Аммо, очиғини айтай, шаҳарнинг қулай шарт-шароитларига анча ўрганиб қолган эканман. Қишлоқда оддийгина газни айтмай қўя қолай, чироқнинг тез-тез ўчиб туриши, айниқса, совуқ сувнинг вақти-вақти билан келиши асабларимни ўйната бошлади.

     Ахир шаҳар барибир яхши-да: бир жўмракни бурайсан, муздай сув келади, иккинчи бурайсан — қайноқ сув.

     Қишлоқдаги чанг-ғубордан сўнг кечқурун ҳеч бўлмаса муздай сувга бир чайиниб олгим келади. Қаёқда дейсиз. Ариққа бориб сувга тушиб келишга уяламан.

Кечқурун эса энди ўзим яхши кўрадиган сериал бошланиш олдидан чироқ бир-икки липиллаб туради-да, ўчади-қолади.

     Қишлоқ одамлари бунга ўрганиб кетишган. Парво ҳам қилишмайди. Мабодо кечқурун чироқ ўчавермаса, хавотирланиб тез-тез соатга қараб қўйишаркан:

— Вақт бўлди-ку, — деб қўйишади норози тарзда. — Нега ўчмаяпти?

Беихтиёр:

— Нега ахир ўчиши керак? — деб юборишдан ўзимни базўр тияман.

Ниҳоят даврадан кимдир изоҳ беради:

— Бугун ўчмайди. Фалончинкида тўй. Кундуз бориб энергетикларнинг оғзини мойлаб келган.

Дастурхон атрофида ўтирганлар бир нарсани тушунгандай:

— Ҳа-а, унда яхши бўпти, — деб қўйишади.

Ишқилиб, шундай кунлари телевизор кўриб қоламан.

Тўй бўлмаган оқшомлари эса ётавераман, ётавераман, сира тонг отмайди.

Қишлоқда ҳаёт жуда эрта бошланаркан. Кекса қайнонам билан қайнотам намоз ўқишгани учун ҳам тонг саҳарда туриб олишади. Уларга иссиқ сув тайёрлайдиган катта овсиним Улбўсин чол-кампирдан аввал туриб олишини кўриб, ҳайратга тушаман.

Муштдай Улбўсин кун бўи тиним билмайди. Худди пружинаси бураб қўйилган қўғирчоқдай у ёқдан-бу ёққа зипиллаб қатнагани-қатнаган.

Ў, бу Улбўсиннинг чарчамаганини! Ҳовли супуради, сигир соғади, нон ёпади, овқат қилади, бўтана сувда идиш-товоқ ювади, яна орада вақт топиб мендан хабар олиб қўяркан:

— Зерикмаяпсизми? — дея меҳрибонлик ҳам қилади.

Уч кун чидадим, тўрт кун, қарасам, жуда қийналиб-эзилиб кетаяпман. Шаҳарнинг муздай сувларини соғина бошладим. Бу ернинг илиқ, таъми аллақандай ғалати сувига ҳеч кўника олмадим. Чойини-ку, ичиб чанқоғим қонмасди.

Аҳволимни сезди шекилли, Улбўсин бир куни ҳеч тугамайдиган юмушлари орасида мендан хабар олиб қўйишга келган маҳали жилмайиб туриб:

— Қайнимизни соғинибсиз-ов, — деди.

Очиғига кўчдим:

— Қайнингизни билмадим-у, лекин шаҳарни соғинганим рост.

Улбўсин яна жилмайди:

— Ҳар кимнинг ўрганган жойи. Биз бу ерга кўникиб кетганмиз. Шаҳарга борсак қийналиб кетамиз. Ҳамма ёқ уй, ҳамма ёқ одам. Ердан қайнаб чиққандай...

— Шундай, — деб қўя қолдим.

Бу ерда бир ишни ёлчитиб қилишим амримаҳол эди. Бунинг устига тиниб-тинчимас Улбўсиннинг менга бирон иш қолдириши ёки қилдиришини тасаввур этишнинг ўзи мушкул эди.

Шу сабабли соф виждон билан ўзимни ўзим кўндирдим-да, Улбўсин орқали қайнона-қайнотамга шаҳарга жума куни қайтишим лозимлигини, чунки худди шу куни Содиқжон акам мени шаҳардаги автобус бекатида кутиб туришини билдирдим.

Ишқилиб, бир кун бўлсаям эртароқ қайтмоқчийдим.

Зеро, қишлоққа келганимдан буён ҳар куни терлайман. Гўё вужудимга ачимсиқ тер иси ўрнашиб қолгандай. Чўмилайин десам...

Содиқжон ака мени шу аҳволда кўрмасин, деган ўйга ҳам бордим. Ахир онангни отангга бепардоз кўрсатма деганлар.

Яхшиси уйга бориб, маза қилиб ювиниб, кийимларини алмаштириб, атир-упаларнинг ёқимли исига бурканаман-да, эримни кути-иб ўтираман.

Содиқжон акамга бир “сюрприз” тайёрлай.

Ваҳоланки, ўша пайти ўзимни қандай “сюрприз” кутаётганлиги хаёлимга ҳам келмабди.

 

 

ЎЗ УЙИНГ — ЎЛАН ТЎШАГИНГ

 

Барибир, қишлоқнинг қандайдир сеҳрими, меҳрими бор.

Тўғриси, эрим туғилиб ўсган қишлоқдан чиқиб кетар маҳал ҳис қилдим буни.

Ўзим ҳам кутмагандим буни. Ҳудди юрагимнинг бир парчаси шу ерда қолиб кетаётгандай. Ҳолбуки, кетганча ошиқаётгандим-ку.

Қандай эплаган, ҳайронман, келган кунимдан бери мендан айланиб-ўргилиб чарчамайдиган қайнонам катта рўзғор халтасига бир тандир патир ёпдириб берибди. Бошқа бир халтада туршак, майиз, ёнғоқ ва ҳаттоки парвардагача бор.

Бундай меҳрибонликни кўриб кўзларимда ёш пайдо бўлди...

Бечора қайнонам бунгаям қаноат ҳосил қилмабди. Кичик болаларини чақириб:

— Келин бунча юк билан қийналиб қолади, биронтанг обориб ташласанг яхши бўларди, — дея маслаҳат солибди.

Қарасам, бир эмас, иккита қайним мен билан шаҳарга довур келадиган.

Иш қизиган пайти бўлса, бечораларнинг бош қашишга вақти йўғ-у, мен билан саланглашиб юришадими? Шу сабабли бу таклифни дарҳол рад этдим. Сўнг кўзимни лўқ қилиб:

— Автостанцияда Содиқжон акам кутиб олади, шунга келишганмиз, — деб туриб олдим.

Ишқилиб, уларни ишонтирдиму, эски бир автобусда терлаб-пишиб шаҳарга етиб келдим.

Пулни ҳар қанча иқтисод қилишга уринмай, барибир сабрим чидамади — автобекатдан уйга қадар таксида келдим.

Ҳамишагидай, “дом”имиз ҳовлиси бўм-бўш эди. Шунгаям хурсанд бўлдим. Зеро, ҳозир бирон қўшни аёл билан гурунглашиб турадиган аҳволда эмасдим. Чунки ҳамсоялар билан ҳар қандай гурунг, ҳаттоки шунчаки ҳол-аҳвол сўрашиш ҳам энг сўнгги янгиликлар билан қўшилиб камида ярим соат, бўлмаса бир соат давом этишини аниқ биларим.

Тўртинчи қаватга учиб чиқдим ўзиям.

Эшикни ичкаридан ёпдиму, ўзимни қушдай енгил сездим!

Ниҳоят ўз маконимга етиб келдим! Ўз уйинг — ўлан тўшагинг, деб бежиз айтмаганлар ахир.

Уйимнинг ҳар бир қаричи кўзимга ўтдай кўриниб кетди.

Чуқур нафас олдим ва бахтиёр қиёфада деворга суянарканман, ҳозир ваннага кириб, муздай сувда маза қилиб чўмилишимни тасаввур қилдиму, баданим ҳузурдан жимирлашиб кетди.

 

КУТИЛМАГАН СОВҒА

 

Бир пайтлар раҳматли онам айтардилар:

— Эрга теккан аёлдан ҳеч нарса қочиб қутулмайди, энди у  териси билан ҳам кўра бошлайди.

Тўғриси, бу гапга асло ишонмагандим.

Ўзи доим шунақа бўларкан, бошингга тушмагунча...

Хуллас, энгашиб пойабзалимни ечаётган пайтимда...

Мен аввалига ҳис қилдим. Бегона исни.

Ҳа, бу бегона ис эди ва, адашмасам, аёл кишига тегишли эди. Ҳар қалай, бунақа ўткир ҳидли атирни ишлатмаслигим аниқ эди.

Содиқжон акам ҳам ҳеч қачон бунақа ҳид таратиб юрмаган.

Бирдан бўшашиб кетдим.

Туфлимни апил-тапил ечдиму, нарсаларни шу ерда қолдирган кўйи ётоқхонага отилдим.

Кўнглим бир нарсани сезган экан...

Ётоқхонада бу ҳид даҳшатли даражада ҳамма жойни эгаллаб олган эди.

Бўғилиб кетдим. Аммо энг даҳшатлиси ҳали олдинда эди.

Менинг... бизнинг тўшагимизда биров ётгани аниқ-тиниқ кўриниб турарди. Ғижимланган кўрпа дивандан сирғалиб, пастга тушиб қолган. Оппоқ чойшаб беҳаёларча очилган...

Нима қилишимни билмай қолдим.

Кўнгилда эса битта, биргина истак: “Ҳозир ошпичоқни оламану, Содиқжон акамни қиймалаб ташлайман!..”

Беихтиёр пичирлаб юборибман:

— Мана, қанақа экан эржонимнинг хизмат сафари...

Аёл кишининг қонида борми изқуварликка мойиллик ёки бунақа пайтлари яширин истеъдодлар очилиб кетадими, ҳайтовур, мен энгашиб, нимагадир хонага тўшалган гиламни диққат билан кузатиб чиқа бошладим. Нима излаяпман, ўзим ҳам билмасдим.

Йўқ, тезда топдим. Бу яна бир далил эди — аёл кишининг узун-узун соч толалари. Қўнғиртоб. Демак бўялган. Демак “модница” жувонлардан.

Беихтиёр Содиқжон акам бир-икки маротаба ишдан шундай қизларнинг рангли суратлари туширилган журналларни олиб келганини эслагандим.

Ўшанда:

— Ҳа, тинчликми, маллавойларни кўтариб қопсиз? — деб сўрагандим ҳам.

Эрим:

— Ҳа, энди булар гўзаллик тимсоллари, санъат асари, — деб қутулгандим.

Демак, ўша пайтлариям кўнгли суст кетиб юрган.

Демак, хизмат сафари баҳона мен оми, бефаросат хотинидан қутулгану, шартта биттасини бошлаб келган!

Ким билади, қачондан бери юради! Ким билади, қаерларга бирга боришган!..

Тутақиб кетдим. Аста-секин кўзимга қон тўла бошлади.

Ўзимча қонли ўч олиш режасини тузишни истардим, аммо ҳозирча буни эплай олмаётган эдим.

Мен эримга қўшиб ўша малла сочли ойимчанинг ҳам боплаб таъзирини беришни истардим.

Лекин қандай қилиб?..

 

КУНДОШИМ ЎЗ ОЁҒИ БИЛАН КИРИБ КЕЛДИ

 

Тан олай, саратонда ёққан қордай бу кутилмаган ҳолатдан эсанкираб қолгандим. Бу менинг хотиржам мулоҳаза юритишимга халақит берарди.

Кўзимга кўрингани қон ва яна қон эди, холос.

Истагим ҳам шунга яраша: қонли қасос!

Шу турган ҳолатимда қотиб туриб қолдим.

Ахийри қўрғошиндай оғирлашган оёқларимни аранг судраб, ошхонага ўтдим. Холодилüник эшигини очдим. Кутганимдай, иккита конüяк, биттасининг оғзи очилган, сув, қази-қарта, шоколад ва торт.

Иссиғим чиқиб кетди.

Мен у ёқда юрибман терга ботиб, бу ерда эса Содиқжон ака маишатнинг зўрини қилиб, конüяк ичиб, газагига шоколад еб юрибди!

Столга қарадим. Иккита финжон.

Беихтиёр шивирлаб юбордим:

— Кофе ичишибди, яшшамагурлар! 

Ҳолбуки, бу финжонларни эримнинг ўзи 8 мартда совға қилганди. Ўшанда ҳатто мақтаниб:

— Қиш келса, совуқ тушса буларда маза қилиб кофе ичи-иб ўтирамиз, — деб мақтанганди ҳам.

Шу гапларни айтгунча тилгинанг узилиб тушса бўлмасмиди, мунофиқ!

Дастурхонга қўл теккизишга ҳам жирканардим.

Ана шунда...

Ана шунда ташқаридаги темир эшикка кимдир калит солганини эшитгандай бўлдим.

Асаб толаларим бениҳоя зўриққан эди, ҳар бир нарсани кўриб, ҳис қилиб, кўрмаганларимни тасаввур этиб турардим.

Адашишим мумкин эмас эди.

Мен шамолдек елиб бордим ва қишлоқдан ўлай деб кўтариб келган халталарни кўтариб балконга ўтқазиб қўйдим.

Ўзим эса... эшик ортига ўтиб, яшириниб олдим.

Мен ниманидир кутардим.

Ўлай агар, нима кутаётганимни ўзим ҳам билмасдим. Бироқ ҳозир нимадир содир бўлишини сезиб-ҳис қилиб турардим.

Мана, темир эшикнинг иккинчи қулфи ҳам очилди.

Нимадир шиқирлади, тақиллаган товуш эса полга баланд пошнанинг урилганига ўхшарди.

Орадан мен учун йиллардек чўзилиб кетгандек туюлган бир неча сония ўтди ва мен...

Мен кўрдим. Ўз кўзларим билан кўрдим.

Йигирма беш ёшлардаги, елкасига тушган силлиқ сочлари малла, роса бўяб-безанган, торгина, ёқаси ўйиқ қора кўйлаги баданини сириб, қоматини кўз-кўзлаб турган жувон... ҳуштак чалганча, бепарво тарзда кириб келди.

Нима қилишни ҳам билмай қолдим. Аммо ҳамон эшик тирқишидан кўзимни узмасдим.

Аёл ҳуштак чалган кўйи ётоқхонага кириб кетди ва зум ўтмай гулдор халатни елкасига ташлаб чиқдию, ваннахонага кирди-кетди.

Мен жойимда шамдай қотиб турардим.

Ваннадан сувнинг шовуллагани эшитилди.

У... мегажин менинг ваннамда чўмилмоқда эди. Мен олислардан терлаб-пишиб, орзу қилиб келган ваннамда!

Миямга қон тепди.

— Ўлдираман! — дея пичирладим ўзимга ўзим. — Иккаласини ҳам! 

Айни дамда дилимда шундан ўзга истак йўқ эди.

Секин ошхонага ўтдим ва тортмадан эрим гўшт майдалаган кезлари ишлатадиган болтача олдим.

Болтачанинг муздай дастаси менга қувват бағишлагандай бўлди.

Оёқ учида бориб, аста, шиқирлатмасдан ваннани устидан қулфладим. Энди эримнинг ўйнаши қопқонда эди. Ичкарида ҳамон сув шовулларди. Манжалақи бир нималарни хиргойи қилганча чўмилмоқда эди. 

Миям жуда тез ишларди.

Нимадир қилишим керак эди.

Эрим келадими ёки йўқми? Келса, қачон келади?..

Аста юриб кичкина хонага ўтдим.

Бунақа пайтлари аёл киши кимга ҳам дардини айтарди? Энг яқин, сирдош дугонасига-да.

Эримнинг (Энди у кишини хаёлимда ҳам “Содиқжон акам” деб айтолмасдим) йигирма йиллик қадрдон дўсти Муроджоннинг хотини Лобар билан жуда апоқ-чапоқ эдим. Тўғриси, ҳамманинг бу оилага ҳаваси келарди. Эри хотинига қанчалар меҳрибон, хотини эрига! Ўзиям ярим кун кўришмай қолишса бас, бир-бирини соғиниб ўлишарди! Эр-хотиннинг бир-бирига муҳаббати тилларда достон эди, кўпчилик уларни орқаворатдан ҳам, олдиларида ҳам “Лайли-Мажнун”, қисқароқ қилиб эса “ЛМ” деб аташарди. Худди атайин қилгандай, Муроджон ака айнан шунақа номли сигарета чекарди. Ҳатто бу ажойиб, ҳаммага ибрат бўларли оила ҳақида газетада ёзишган, уларни бир неча маротаба телевизорда ҳам намойиш қилишган.

Хуллас, бу эр-хотиннинг садоқатига, меҳрига, муҳаббатига тасаннолар айтмай илож йўқ эди. Ҳамма қатори мен ҳам уларга ҳавас қилардим ва тез-тез бу Лайли-Мажнунни эримга ибрат қилиб кўрсатардим:

— Ўртоғингизни қаранг! Хотинини бошига кўтаради-я, бошига! Икки соат кўрмаса соғиниб, тентакка ўхшаб қолади! Оила дегани шундай бўлса-да...

Тўғриси, кўп масалаларда Лобарга маслаҳат сўраб мурожаат қилардим. Бу гўзал жувоннинг оқилалигига ҳам тан берардим. Бир сўз билан айтганда, Лобар билан Муроджон бир-бирига узукка қўйилган кўздай муносиб эдилар. Ҳеч ким уларни бир-биридан айро тасаввур этолмасди.

Нима қилай, дунё кўзимга қоронғи кўриниб турган маҳали биирнчи бўлиб аблаҳ эримни эмас, оиласидан бахт топган гўзал, оқила Лобарни эсладим.

Лобарга қўнғироқ қилдим. Аммо у қўл телефонини кўтаргандан кейин ҳам бир неча сония нима дейишни билмай, энтикиб туриб қолдим.

Қўл телефонида рақам пайдо бўлган шекилли, ниҳоят Лобарнинг ўзи:

— Бу сизмисиз, Дилрабо? — деди. Индамай турганимни англагач эса хавотир билан сўради: — Тинчликми, дугонажон.

Мен аранг лабларимни қимирлатдим ва ўлимга маҳкум қилинган асира янглиғ садо бердим:

— Мен эримни ўйнаши билан тутиб олдим...

Лобар ҳам бир зум жим қолди. Кейин оҳиста сўради:

— Энди нима қилмоқчисиз?

— Ўлдираман! — дедим.

— Кимни? — ҳайрон бўлиб сўради Лобар.

— Иккаласини ҳам! — дедим пичирлаб.

— Тўхтанг, тўхтанг, — деди Лобар шошиб. — Аввал ўзингизни босиб олинг. Ўлдириш қочмайди.

— Барибир ўлдираман! — деб шивирладим қатъийлик билан.

— Ўлдириш қочмайди, — дея такрорлади Лобар. — Аввал бу хиёнатнинг сабабини аниқлаш керак.

— Хиёнатда... сабаб бўладими? — дедим довдираб.

— Албатта-да, — таъкидлади Лобар. — Одатда, эр киши уйида ёки хотинида етишмаган нарсани кўчадан, бошқа аёлдан излайди. Келинг, Содиқжонни бу йўлга бошлаган сабаблар ҳақида гаплашайлик.

— Мен ҳеч нарсани билмайман, Лобар опа, — дедим довдираб.

— Сизни тушунмаяпман, — деди Лобар хавотирланиб.

— Бундай кун сизнинг бошингизга икки дунёдаям тушмайди. Шунинг учун мени тушунинишингиз қийиндир. Лекин мен...

Ортиқ гапира олмай қолдим. Томоғимга муштдай бир нима келиб тиқилганди.

— Тўхтанг, шошманг! — деб қолди Лобар. — Мен ҳозир етиб бораман. Биргаликда хотиржам ўтириб, ҳаммасини муҳокама қиламиз. Иложи бўлса Содиқжон ака билан ўзим гаплашаман...

Лобар ҳамон алланарсаларни куйиб-пишиб гапирарди. Мен гўшакни аппаратнинг ёнига қўйдим ва болтани чангаллаган кўйи аста ванна томон юрдим...

 

 

ҚОН ТЎКИЛДИ

 

Ҳали айтганимдай, бунақа маҳаллари минг титраб-қақшаманг, баъзи лаҳзаларда миянгиз худди соатдай аниқ чиқиллаб ишларкан. Бўлмаса гўшакни жойига қўймаслигим лозимлигини, чунки унда Лобар қўнғироқ қилавериб безор қилишини ўйлаб ҳам ўтирмадим, шунчаки бу ишни беихтиёр бажардим.

Кейин ванна ёнига келдим.

Ичкарида малласоч манжалақи ҳамон сувни шовуллатиб, бир нимани бақириб хиргойи қилганча чўмилмоқда эди.

Ичкаридан ҳаром иси келарди!

Мен... чироқни ўчирдим. Ванна ичи қоп-қоронғу бўлиб қолди.

Бирдан сув ўчди. Кейин ичкаридан манжалақининг нозли овози эшитилди:

— Бунақа ҳазиллмашманг, акажон! Қоронғида бирон нарсани синдириб қўйсам, кейин ўзингиз балога қоласиз севимли хотинингиздан!

Вой “акажон” деган тилларинг узилиб тушсин! Хотини борлигини билиб туриб...

Лекин индамадим.

Жимликдан хавотирланди шекилли, жувон энди сал ҳайиққан оҳангда овоз берди:

— Ўзингизмисиз?

Мана шунда “сичқон-мушук” ўйинини бас қилдим

— Бу менман! — дедим.

— Вой! — деб юборди жувон жон ҳолатда. Кейин ичкари бирдан жим-жит бўлиб қолди.

— Қани у? — дедим.

— Ҳозир келиб қолади... — ахийри садо берди жувон. — Машинамга бензин солай деб кетганди...

Истеҳзоли кулиб қўйдим.

Эрим бечора бир... хотиннинг олдида ўзини бой кўрсатиш учун бирон ўртоғининг машинасини ҳам олиб турганга ўхшайди. Кимникини олдийкин? Тўғри, дўсти Муроджон аканинг “Нексия”си бор. Лекин Муроджон ака ҳеч қачон бунақа ишлар учун машинасини бериб турмаслиги аниқ. Аксинча, эримни уришиб-сўкиб ташлаган, бирамаллаб бу йўлдан қайтарган бўларди. Демак бошқа бировдан олиб турган у ярамас! Сичқон сиғмас инига-ю...

Худди шу пайт темир эшик очилгандай бўлди.

Бу эрим эди!

Бошқа биров бўлиши мумкин эмас!

Мен жон ҳолатда атрофга алангладим. Нимагадир ишни бирдан болтадан бошламайин деган қарорга келдим. Аввал иккаласини юзлаштириб...

Кўзим ошхона эшиги ёнида турган чиқиндилар солинган пақирга тушди. Пақир ичида битта бўш конüяк шишаси, бодринг-помидорлар, тухум пўчоқлари кўринди.

Шахт билан оғиргина челакни кўтардиму кириш йўлагига отилдим.

Аллақачон ичкарига кириб олган эрим энди энгашиб туфлисини ечаяпти экан.

Кўзимга ҳеч нарса кўринмасди. Алам устида жон-жаҳдим билан челакни эримнинг бошига солдим.

Челак даранглади. Ичидаги нарсаларнинг бир қисми эримнинг бошига, устига сочилди.

Эрим мункиб кетди, аммо йиқилмади. Бир амаллаб қаддини ростлади.

Шу даражада қаттиқ урибманки...

Эримнинг чаккасидан қон оқарди. Þзида бодринг-пиёз пўчоқлари... Усти-боши чиқинди...

Эрим чайқалиб кетди ва мувозанатини йўқотиб, гурсиллаб йиқилди.

Мен қасос онлари етиб келганини ўйлаб, нафрат билан унинг юзига қарадим.

Аммо...

Бу менинг эрим эмас эди.

Бу эримнинг энг яқин ўртоғи Муроджон эди...

 

 

КИМ КИМГА ХИЁНАТ ҚИЛДИ?

 

Бироқ мен ҳатто ҳайратланишга ҳам улгуролмадим.

Худди шу маҳал зиналардан кимнингдир тапиллаб, шоша-пиша чиқиб келаётгани эшитдим.

Зум ўтмай йўлакда ранг-қути қув ўчган Лобар пайдо бўлди ва ўша ерда турибоқ менга қараб бақирди:

— Улгурдимми?

Лекин мен жавоб бермасимдан бурун Лобарнинг кўзи ерда узала тушиб ётган эркакка тушди.

Лобар жон аччиғида:

— Содиқжон ака! — деганча эркакка отилди.

Айтганимдай, бу унинг “Содиқжон акаси” эмасди...

Чиқиндига беланиб, чаккасидан қора қони оқиб ётган эрини кўрган Лобарнинг эсхонаси чиқиб, кўзлари ола-кула бўлиб кетди...

Шу лаҳзада эса ванна ичида, қоронғуликда ўтирган бояги манжалақи эшикни гурсиллатиб урди ва бор овозда:

— Муроджон ака! Келдингизми? — деб бақирди. — Қутқаринг мени псих хотинингиздан!

Ҳаммаси аралаш-қуралаш бўлиб кетгандай эди.

Аммо бизнинг бошимизга тушган савдолар шу билангина тугамаган экан.

Мана шу ғавғонинг устига қўлида одатда сафарларга чиққанда олиб кетадиган каттагина жомадонини кўтарган эрим келиб қолди!..

 

Хуллас, воқеа бундай бўлган экан.

Эрим чиндан ҳам хизмат сафарига кетаётган экан. Лекин бундан хабар топган Муроджон ака “Уйингнинг калитини бер, иш вақти озгина дам олишга кирарман”, деб туриб олган. Содиқжон акам ҳайрон бўлган, лекин барибир калитни берган...

Малласоч жувон эса Муроджоннинг янги котибаси экан...

 

Уйни уч кун тозаладим ўзиям.

Барибир ниманингдир ёмон иси ўрнашиб қолгандай, ҳеч уйга киргим келмасди. Назаримда, бу хиёнатнинг иси эди...

Эримга ҳам аввал ишонмадим. У қасам ичиб, ҳар бир гапини юзлаб далиллар билан исботлаб ташлашга уринарди. Ҳатто у киши хизмат сафарида бўлган жойларга ҳам бориб келдик.

 

Энг қизиғи...

Энг қизиғи, менинг кутганимнинг буткул аксича, Муроджон билан Лобар ажрашишмади.

Улар ҳамон бахтиёр эр-хотин... Кўпчиликка ибрат.

Ҳамма уларни ҳамон ҳавас билан тилга олади.

Ўзларини бир кўрсангиз эди, сиз ҳам бунга иқрор бўлардингиз. Меҳрибонликда эр хотинидан ўтган, хотин эридан... Бир-бирларига меҳр билан, муҳаббат билан боқишадими-ей...

Фақат нимагадир мен уларни бу аҳволда кўрсам ўз-ўзимдан уялиб кетавераман...

Балки шу сабаблилдир, кейинги пайтларда ҳамманинг ҳурмат-эътиборига сазовор бу бахтиёр оила билан борди-келди қилмай қўйдик.

Шуниси бизга маъқулроқдай...

Бизнинг оиламизда эса.

Билмадим, балки янглишаётгандирман, аммо ўша воқеадан кейин оиламизда нимадир дарз кетгандек. Бўлмаса юрган биров, хиёнат қилган биров...

Лекин барибир нимадандир кўнглим тўлмайди. Баъзан “Муроджон нима учун айнан бизнинг уйни танлаган? Демак тилларинг бир бўлган!” деб эрим билан жиқиллашиб оламан. Содиқжон акам куйиб-пишиб ўзини оқлашга тушиб кетади, ота-онасини ўртага қўйиб қасамлар ичади.

Буларни эшитиб, сал таскин топгандай бўламан.

Лекин бу туйғу вақтинча эканини сезиб тураман. Зеро, уч-тўрт кун ўтиб, бари бошидан бошланади...

Шундай пайтлари Лобарни ўйлайман. Нимагадир унга... ачинаман. Ачиниш баробарида йиғлаб-йиғлаб оламан...

Ҳа, биз аёллар шунақамиз. Бизни тушуниш қийин...

 
Дилрабонинг дил сўзларини Абдуқаюм Йўлдошев қоғозга туширди