ЎЗИМНИ ЎЛДИРАМАН!..


“ҲАҚИҚИЙ ЭРКАК ШУНАҚА БЎЛАДИ!”

 

   Талабалик даврингда ҳаёт кўзингга бошқачароқ кўринаркан. Нима десам экан. Худди бир умр шундай беғам, беташвиш яшайдигандайсан, сен учун ҳаммаси олдиндан белгилаб қўйилгандай, ортиқча ғам-ташвиш учун асло эҳтиёж йўқдай. Бор-йўқ арзирли қайғу — олти ойда бир келадиган сессия имтиҳонлари. Бироқ курсдан-курсга ўтган сайин бу қайғу ҳам рангсизлана бораверади.  

    Ким билади, балки шунинг учун талабаликни “Олтин давр” деб аташар.

   Эҳтимол ўтмишни идеаллаштириш менгаям хосдир, лекин, назаримда, талабалик даврим ўйин-кулгу ичида, хурсандчилик билан ўтгандай.

   Бўлғуси ҳисобчи ва иқтисодчилар ўқиётган гуруҳимизнинг асосий қисми қизлардан иборат эди.

   Тўғри, қизларга хос ғийбат, “миш-миш”лар етарлича топилиб турарди. Айни пайтда бизлар қалин дугоналар ҳам эдик.

   Мен қашқадарёлик Нигора билан анча яқин эдим. Бунинг устига, иккаламиз ётоқхонада ҳам бирга турардик.

   Анча-мунча шарттаки, айрим қалтис гапларни ҳам юзинг-кўзинг демай шартта бетга айтиб ташлайверадиган Нигора болалигида “қулоғи тишлаб” қўйилганлардан эди. Яқин қариндошларининг ўғли томонидан. Бироқ дугонам бундан сира хижолат чекмас, аксинча, ғурурланиб, мақтангани-мақтанган эди.

— Комилжон акам соямга кўрпача солади, — дерди Нигора гердайиб. — Албатта, ҳамманинг олдида эмас. Ахир, эркак деган номи бор. Бировларнинг олдида қиз болага эгилиб туриш у кишига ярашмайди.

— Бировлар йўқ пайти у соянгга салом беришдан бошқа яна бирон ишгаям ярайдими? — деб сўрардим атай бепарво оҳангда.

   Нигора бўш келмасди:

— Ичи қоралик қилмай қўя қол, Дилфуз. Худога шукр, Комилжон акам ҳақиқий эркак, жуда ўлиб турган бўлсаям, тўй бўлгунча сабр қилиб турадиганлардан. 

   Мен дугонамнинг ғашига тегишда давом этардим:

— Энди, дўхтир барибир дўхтир-да. Ҳар куни қанчадан-қанча аёлларни ёриб, юрагини юракка, жигарини жигарга, ичагини ичакка ажратиб тургандан кейин кишида ҳис-туйғу деган нарса қолармиди? Жуда нари борса “Юрак бу бир парча гўшт” деб қўя қолар. Мен йигитингнинг эти ўлиб қолмаганми, деб сўраяпман-да.

— Сен-чи, — дея менга қовоғини уйиб қарарди дугонам, — бу нарсанинг ғамини егунча... Худога шукр, Комилжон акамнинг ҳамма аъзолари яхши ишлайди.

   Менга эса шу гап керак бўларди. Қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборардим.

— Нима, синаб кўрдингми, дугонажон?

   Қизариб-бўзариб кетган Нигора жаҳл билан қўл силтарди:

— Э, бор-э! Шу ёшга кириб, бирон йигит билан қучоқлашмаган, битта муччи бермаган сендай моҳпора ойимқизга бир нарса тушунтиришга уринган мен аҳмоқ!..

   Аммо тез орада Нигора бежиз оғзини тўлдириб мақтанмаётганига ишонч ҳосил қилдик. Бўлғуси шифокор Комилжон бир куни дугонамизни ётоқхонагача кузатиб қўйди. Шунда биз уни кўрдик.

   Комилжон деганлари қарчиғайдай йигит экан. Қош-кўзлари қоп-қора, ялтироқ сочлари тепага силлиқ таралган, кўзлари ёниб туради, сал олдинга туртиб чиққан ияги иродали эканлигидан шоҳидлик бериб тургандай, юз териси оқиш, хушмўйлов, бақувват, новча, қаддини тик тутиб юради... Хуллас, талаба эмас, кино юлдузининг ўзи!

   Биз қизлар увиллаб юбордик.

   Комилжони кетар-кетмас Нигорани ўраб олиб, сўроққа тутдик.

— Ўл-а, писмиқ! Шу пайтгача Алан Делонингни биздан яшириб юрган экансан-да!.. Нега энди олиб келдинг?

   Нигора одатига кўра бурни кўтарилиб, виқор билан бизга менсимасдан бир-бир қараб чиқаркан, беписанд оҳангда деди:

— Шундай қилмасам бўлмасди-да. Сўлакларинг оқиб кетишини олдиндан билардим!.. Бир куйиб ўлинглар дедим-да!.. Билиб қўйинглар, ҳақиқий эркак дегани шунақа бўлади!..

   Нима бўлганда ҳам, Нигора жуда беғубор қиз эди. Ишқилиб, суюклиси билан бахтли яшаётган бўлсин...

 

“АММАМНИНГ БУЗОҒИ”

 

   Диплом ҳимояси арафасидаги кунлар эди.

   Ҳали кутубхонага чоп, ҳали раҳбарга ёзганларингни кўрсатиб кел, ҳали қайтадан ҳисоб-китобга ўтир...

   Таъбир жоиз бўлса, бош қашишга қўл тегмаётган шундай кунларнинг бирида қишлоқдан келган Сарви опам хонамизга жойлашиб ўтириб олди-да, дабдурустдан:

— Шундай юраверасанми? — деб сўради менга қаттиқ тикилиб.

   Мен ҳайрон қолдим.

— Қандай?

— Сен тенгилар болали бўлиб улгуришди, — дея опам дарров мақсадга ўта қолди. — Синфдошинг Санобар яқинда учинчисини туғиб олди.

— Нима қилай, — дедим гапни ҳазилга буриш учун стол устида турган қоғозларга ишора қиларканман, — ҳозир сира иложим йўқ.

— Сенга гап бўлса! — ўшшайди опам. — Хуллас, гап шу. Мен сенга бегона эмасман. Ёмонлик ҳам раво кўрмайман. Кўнглингда биров бўлса айт. Менга айтишга уялсанг, ўшанингга айт, уйга одам юборсин. Бўлмаса биз топган йигит билан бир учрашиб кўр.  

  Тўғриси, анча-мунча йигитлар билан таниш бўлсам-да, ҳалига довур биронтаси юрагимни жизиллатмаганди.

— Ёв қуваяптими бунча. Ҳеч бўлмаса дипломимни ҳимоя қилиб олай, — дедим вақтдан ютиш учун. — Кейин бир гап бўлар.

— Кейин бир гап бўлмайди, — шартта гапимни кесди опам. — Вақтида отни қичамасанг, кейин қариқиз бўлиб қоласан. Ана, қишлоқда қанчаси ўтирибди уйдан чиқишга бети бўлмай. 

— Жа унчалик эмасдир, — дедим опамни ҳовуридан туширишга уриниб. — Эркак зоти анқонинг уруғи бўлиб кетмагандир.

— Уйланмаган йигитлар камайиб кетаяпти, — дея гапнинг очиғига кўчди опам. — Қаёққа қарасанг қиз, қиз...

— Дарахтни тепсанг қиз тушади денг.

   Ҳазилим ёқмади чоғи, опам менга ўқрайиб қаради.

   Ҳижолат чекиб, тилимни тишладим.

   Зеро, опамнинг беш қизи бор эди...

— Кўзингга қара, қиз, — энди дўқ уришга ўтди опам. — Эртага афсус чекиб қолма тағин. Ҳозир-ку, ўқишдасан, билинмайди, эртага ота-онамизнинг уйида уч-тўрт йил яшасанг биласан қариқизликнинг азобини! Вақт борида биронтасининг этагидан маҳкам тут.

— Костюмидан ушлаб олсам ҳам бўладими?

   Аммо ҳазилнинг ўрни эмасди. Опам бағоят жиддий эди.

   Ишқилиб, мен ўз шароитимни тушунтиришга уриндим, ўз навбатида опам бир дунё дастакларни қалаштириб ташлади...

   Охир-оқибат поччамнинг узоқроқ қариндошининг фарзанди бўлган, туман марказидаги пахта заводида ишлаётган бир йигитдан уйимизга совчи келганлиги аён бўлди. Энди, агар “хоҳлаганим” бўлмаса,  шу йигит билан учрашишим керак экан.

   Опам бу йигитни оғзидан бол томиб нақ ярим соат таърифу тавсиф қилди. Нима эмиш, чекмасмиш, ичмасмиш, аёл зотига тик қарамасмиш, ишга борармишу, ишдан қайтармиш, вақт-бемаҳал кўчага ҳам чиқавермасмиш...

  Аввалига кўнмадим, аммо опам икки оёғини бир этикка тиқиб туриб олди. Ҳатто диплом ишимнинг мен учун нақадар катта аҳамиятга эга эканлиги ҳақидаги важларимга ҳам кўнмади.

— Оларсан ўша бир парча қоғозингни! — деди опам изоҳларимни шартта кесиб. — Бўлди. Тамом-вассалом. Поччангга айтаман. Шанба куни соат ўн иккида учрашув. Жойини айт... Орада мен турибман-а... Поччангнинг олдида шарманда қилма. Ўзи шусиз ҳам бўларим бўлиб юрибди...

  Опамнинг кўзларига ёш қалқди.

  Ҳа, бешинчи фарзанд ҳам қиз туғилганидан кейин поччам анча жанжал кўтарганидан, “Бошқасига уйланаман” деб тўполон қилганидан хабарим бор эди...

  Ноилож кўндим. 

  Чиндан ҳам вақтим жуда тиғизлиги боис “свидания” учун ётоқхонамизга энг яқин истироҳат боғини танладим.

  Учрашувга Нигора билан чиқдим.

  Душанба куни дугонам диплом ишини ҳимоя қилиши керак эди. Шу сабабли оёғи куйган товуқдай типирчилаб турса-да, мен билан қўлтиқлашиб учрашувга чиқаётган чоғи пичинг қилишдан ўзини тийиб туролмади:

— Оламга ўт кетганми, нима бало! 

  Почччамнинг узоқ қариндоши бир дўстининг машинасида келган экан...

  Хуллас, Иброҳим ака билан танишдик.

  Кун иссиқлигига қарамасдан қора костюм-шим кийиб, энлигина бўйинбоғ тақиб олганининг ўзиёқ Иброҳим аканинг учрашувга чиққанлигидан шоҳидлик бериб турарди. Унинг қўлидаги одмигина гулдастани кўрган Нигора истеҳзо билан лаб буришдан ўзини тийиб туролмади.

  Иброҳим ака жуда камтарин йигит экан шекилли, салом-аликдан кейин дарров гулдастани менга узатдию, кўзини ердан узмай тураверди.

  Ҳалиям Нигора жонимизга ора кирди.

— Диплом иши қилаётган бечора студенткаларга бирон нарса оберасизларми ё йўқми? — деди у дабдудурустдан.

  Иброҳим акам ногоҳ шолғомдай қизариб кетди ва нимадир демоқчи бўлиб бир-икки оғиз жуфтлади, лекин гапиролмади. Яхшиям бирга келган ўртоғи маҳмадонагина экан. Шу йигит дарҳол:

— Оберамиз-да! — деди ишонч билан. — Атай қизлар билан морожний еймиз деб келдик-да бу ерга.

  Нигора йигитга ёвқараш қилди:

— Гапларингиз ҳам оберадиган морожнийингизга ўхшаб мунча совуқ! Ичимни музлатиб юбордингиз-ку! Биз тарафларда аввал шашлик, табака еб, кейин устидан музқаймоқ олиш одати бор! Десертга. Яъни тўқ қоринга.

— Буни қаранг-а, биз тарафларда ҳам худди шундай қилинади, — маҳмадоналик қилди йигит.

  Нигора хўрсиниб қўйди:

— Ҳеч бўлмаса шу масалада фикримздан бир жойдан чиққанидан хурсандман.

  Дугонам менга ачингандай қараб қўйди-да, одатига кўра яна очиқ гапирди:

— Сениям жон деб таклиф қилардим-у, ҳозир томоғингдан овқат ўтмаса керак. Лекин сен ўйланма. Ҳақингни салафанга ўраб, сумкамга солиб қўяман. — Нигора ҳайдовчи томон ўгирилди: — Тўғрими, йигит?

— Тўппа-тўғри, яхши қиз, худди шундай қиламиз, — деди йигит шу заҳоти.

  Хуллас, дугонам билан ҳайдовчи боғ ёнидаги қаҳвахона томон кетишди.

  Қарасам, Иброҳим акадан ҳали-бери садо чиқадиганга ўхшамайди. Ерга қараб олганча турибди миқ этмай.

— Паркни айланайлик, — дедим ноилож.

— Ҳа, ҳа, — рози бўлди Иброҳим ака шошиб.

  Ярим соатча истироҳат боғини айланган бўлдик.

  Ўлай агар, калламнинг бир қисмида диплом иши. Иккинчисида эса...

  Ора-сира Иброҳим акага қизиқсиниб қараб-қараб қўяман. Қандай одам экан? Нималарга қизиқаркан? Нималарни ўйларкан? Нималарни орзу қиларкан?

  Ҳозир қаршимда янги уст-бошидан хижолат чеккандай қизариб-бўзариб кетаётган мана шу йигит наҳотки менинг умр йўлдошим бўлса?.. Шундай, дабдурустдан-а?...

  У-бу маълумотларни сўраб олган бўлдим.

  Иброҳим ака оилада учинчи фарзанд экан.

  Бир акаси уйланган. Бир опаси турмушга чиққан. У кишидан кейин яна бир ўғил ва икки қиз.

  Заводда иши яхши экан.

  Бир пайтлар туман марказида ишлаган отаси икки хонали уй олиб қўйган экан. Иброҳим ака ҳозир ўша уйда яшаяпти экан...

  Ўзим ҳақимда гапирмоқчи бўлдим. Бироқ алақачон поччам воситасида барча маълумотлар олинилган экан...

  Суҳбатимиз жуда унчалик қовушди, деб айта олмайман. Гап сўрасам аксар ҳолларда Иброҳим ака “ҳа” ёки “йўқ” билан кифояланади. Ўзи ташаббус кўрсатиб, бир нималарни гапиравермайди. 

  Ниҳоят бир соатга яқин вақт ўтди ва мен биз томонга яқинлашиб келаётган Нигорани кўриб, енгил тортдим.

  Шу ерда хайрлашдик. Ётоқхонагача олиб бориб қўямиз, дейишганди, Нигора кўнмай туриб олди:

— Биз ҳали бу ерда ўтириб дарс қиламиз...

  Икковлон машинага ўтириб, жўнаб қолишди.

  Икки дугона бир зум жим қолдик.

  Ахийри Нигора мен томонга ўгирилиб, бир муддат юзимга диққат билан тикилиб турди-да:

— Аммамнинг бузоғи... — деди. — На забон бор, на бундай бир эркакка хос шиддат.

— Ҳаммаям Комилжон бўлавермайди-да, — деб қўйдим нимадир дейиш учуноқ.

— Тўппа-тўғри, — таъкидлади дугонам. — Комилжон акам дунёда битта! Бошқа унақа йигитни кундузи чироқ ёқиб ҳам тополмайсан!

  Аламим келди.

— Қўнғиз ҳам боласини оппоғим деркан, — дедим ачитиб. — Ҳар кимни ўзига, ой кўринар кўзига...

— Сен мақолбозлик қилгунча эртангни ўйла, — шартта гапимни кесди Нигора. — Ҳар кимнинг таъби. Лекин менга аммамнинг бузоғи эркаклар ёқмайди. Улар жуда писмиқ бўлишади...

— Писмиққа ўхшамайди, — дедим нимагадир Иброҳим аканинг ёнини олиб. — Фақат янги кийим кийиб, пўрим бўлиб олганидан уялаяпти.

— Мени нимага олиб чиқдинг ўзи? — жаҳл билан ўшқириб берди Нигора. — Ё тўртта шашлигингга зормидим! Қисқаси, ҳаёт ўзингники, ўзинг танла, ўзинг қарор қабул қил. Менга барибир!..

— Ҳалиям ўзим қарор қабул қиламан, — дедим бўш келмай.

 

“ШОХИНГ БОРМИ?”

 

      Дарвоқе, тез орада ташвиш-тўполонлари билан диплом ҳимоясини ҳам омон-эсон ўтказиб олдим.

  Бу орада опам икки марта келиб кетди. У киши ҳамон Иброҳим акани оғзидан бол томиб мақтагани-мақтаган эди.

  Опамнинг айтишига қараганда, мен Иброҳим ака жуда ёқибман.

— Оғир-босиқ, ақлли, тарбия кўрган қиз экан, — дебди у киши мен ҳақимда.

  Албатта, биринчи ўринда “ақлли” эканлигим ҳақидаги эътироф менга унчалик ўтиришмади. Зеро, ҳар қандай бўйи етган қиз каби (ким билади, балки янглишаётгандирман) мен ўзимни чиройли деб ҳисоблашларини истардим...

  Хуллас, тўй бўлиб ўтди.

  Мен никоҳ оқшомини, ҳарир келинлик либосида ўзимни бахтнинг еттинчи осмонида ҳис қилганларимни батафсил тасвирлаб ўтирмайман.

  Тўй базмига дугоналарим қатори Нигора ўзининг Комилжони билан ҳам келди. Унинг ҳам тез орада тўйи бўлиши керак эди.

  Дугоналарим тўйда маза қилиб, кўпчилик йигитларнинг ҳавасини келтириб рақсга тушишди. Айниқса Нигора билан Комилжон роса яйрашди. 

  Мен тўйдан кейинги ҳаётимиз ҳақида мухтасарроқ маълумот бериб ўтай.

  Айтганимдек, тўйдан кейин Иброҳим аканинг туман марказидаги икки қаватли бетон уйнинг иккинчи қаватида жойлашган икки хонали уйида яшай бошладик.

  Опамнинг қатъий талабига кўра, барча расм-русумларга оғишмай амал қилдим. Яъни тўйдан кейин қирқ кун ўтгач, чиллам чиққандан кейингина ишга кирдим.

  Бахтимга уйимиз яқинидаги банкка кичик ҳисобчи керак экан.

  Иброҳим акам ишга киришимга қаршилик қилмади. Аксинча:

— Шунча йил қийналиб ўқиганингдан кейин ишлаш ҳам керак-да, — деди кўнглимни кўтариб. 

  Шунисига ҳам шукр дедиму, жон-жаҳдим билан ишга киришдим.

  Мен мана шунда олий ўқув юртимиздаги домлаларимиз бот-бот таъкидлаганларидек, замон ўзгараётганига, ҳисобчи, иқтисодчи кадрларга эҳтиёж ошиб кетганига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. Амалда.

  Ўзингиз тасаввур қилиб кўринг. Банкимизда икки юздан ортиқ фермернинг ҳисоб рақами очилган экан. Аммо уларнинг аксариятнинг ҳисоб-китоблари... Билмадим, бунақанги ҳисобчиларни фермерлар қаердан топишади? Ҳатто ҳеч нарса ёзилмаган тўлов варағига муҳр босиб, гажакдор имзо қўйиб келадиган, сўнг:

— Фалон жойга пул ўтказишга ёрдам беринг, — деб турадиган фермер акалар қанча.

  Ҳолбуки, пул ҳисоб-китобни яхши кўради.

  Ва мен енг шимариб ишга киришдим.

  Ҳар қандай амалий иш одамга кўп нарсани ўргатаркан. Фақат бунинг учун назарий билимлар ҳам етарли бўлиши керак экан.

  Ишқилиб, институтда олган билимларим қўл келгандай бўлди.

  Аввалига менга унчалик ишонқирамай қараб қўяётган тажрибали ҳисобчилар ҳам бора-бора баъзи бир масъулиятли топшириқларни ишониб топшира бошлашди.

  Банкда ишлашнинг бир яхши томони бор эди. Яъни истаган фермер хўжалигининг дебит-кредитига, чораклик ҳисоботига бир кўз ташлашдаёқ мен хўжаликнинг молиявий аҳволи ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлардим.

  Тан оламан, аввалига баъзи фермерларнинг ҳужжатларини, тўлов варақаларини текинга, бир сўм олмасдан тўғрилаб бериб юрдим. Кейинроқ бориб шу фермерларнинг ўзлари у-бу нарса совға қилишадиган ё бўлмаса столимга уч-тўрт сўм ташлаб кетишадиган бўлишди.

  Очиғи, жуда хижолат чекардим. Худди ўғирлик қилаётгандай қизариб-бўзариб кетаверардим. Ваҳоланки, бошқа ҳамкасбларим буни жуда оддий, худди шундай бўлиши керакдай қабул қилишар эдилар. Улар, одатда фермер ёки бирон ташкилотнинг ҳисоботини тўғрилаб беришса ҳеч уялмасдан ўзларининг фоизларини олардилар.

  Бироқ бу менга тўғри келмасди.

  Ниҳоят ўйлай-ўйлай бир-икки таниш фермерларга уларнинг хўжаликларида ярим ставка ҳисобчи бўлиб ишлашни таклиф этдим. Ахир вақтим бор. Бунинг устига фермерлар ҳар чоракда бир марта ҳисобот топширишади, холос.

  Буни қарангки, фермерлар жон-жон деб рози бўлишди. Ахир, бу уларга жуда қўл келарди-да.

  Шундай қилиб, мен қонуний равишда учта фермернинг ҳисобчиси бўлиб олдим.

  Табиийки, маошим ҳам шунга яраша ошди. Мен энди уйга кўпроқ пул олиб келадиган бўлдим. Бунча пулни кўриб Иброҳим аканинг юзи ёришиб кетарди.

  Тез орада эса бошқа фермерлар ҳам менга харидор бўлишди. Туман фермерлари орасида “билими зўр, ҳамма ҳужжатларни ҳеч бир хатосиз тайёрлайдиган ҳисобчи” сифатида ном чиқардим.

  Албатта, ҳамма фермерларда ҳисобчи бўлиб ишлай олмасдим. Аммо баъзи бир ишбилармон фермерлар ҳар чоракда эллик доллар эвазига уларнинг ҳисоботларини ёзиб беришимни илтимос қилишди...

  Аввалига рози бўлмадим.

  Аммо пулнинг жодуси бўлади.

  Бунинг устига, ёш оиламиз. Қариндош-уруғларнинг тўйи бор, маъракаси бор, ҳаммасига қуруқ қўл билан бориб бўлмайди. Яхши еб, яхши ичадиган пайтларимиз.

Хуллас, бошим билан ишга шўнғиб кетдим.

  Ишда сира улгуролмасдим, шунинг учун асосий ҳужжатларни уйда тайёрлардим.

  Натижада деярли ҳар куни тун ярмигача ишлайдиган бўлдим.

  Айрим отахон фермерлар мени:

— Буғалтир қизим, — деб эркалаб чақиришарди.

  Худди шундай ёши катта фермерлар ҳеч нарсадан истиҳола қилмай уйга келишар ва ўз ҳисоботларини ёздириб кетишарди.

  Ўзиям ҳисобот пайти ҳар бир сўмни қайта-қайта ҳисоблардим. Бир сўз билан айтсам, ҳар қандай ишни қўл учида қилмасдим.

  Мижозлар сони орта борди.

  Худо ҳаққи, эҳтимол мижозларимдан бир-иккитаси менга ёмон кўз билан қараса қарагандир, аммо мен ҳеч кимга кўз сузмадим. Мен учун асосийси пул ишлаб топиш эди. Зеро, мен қўл учида кун кўришни истамасдим. Шу сабабли мижозларимга кулиб қарашга мажбур эдим.

  Охири бир куни эрим чидаб тура олмади.

— Нима, сенинг шохинг борми?— деди у ғалати тарзда ишшайиб. — Нимага ҳамма сенинг олдингга келаверади? Ё районда бошқа буғалтир йўқми?

— Билмадим, — деб қутулдим. Сўнг эримни юпатган бўлдим: — Сал сабр қилинг. Кейин ўзлари келмайдиган бўлишади.

  Дарҳақиқат... иккиқат эдим. Кейинги пайтлари шўр нарсани эсласам оғзимнинг суви қочадиган бўлиб қолганди.

  Токсикоз даври... Ёғ иси ёқмайди...

  Пулни аямай, бозордан тайёр егуликлар сотиб ола бошладим.

  Қорним қаппая борди.

  Аммо илтимос билан келувчиларнинг кети узилай демасди.

  Охири уларнинг баъзиларига очиқ айтишга мажбур бўлдим:

— Энди бошқа ҳисобчи топасиз, ака.

  Шунда ҳам гапимни тушунмаганларга, ҳатто хизмат ҳақини оширмоқчи бўлган содда одамларга эса очиқдан-очиқ:

— Яқинда декретга чиқаман, — дердим.

  Ахийри бир амаллаб мижозлар сонини камайтира бошладим.

  Таътилга чиқдим.

  Тез орада кўзим ёриди.

  Ўғил!

  Нақадар бахтлиман!

  Ўғлимга Бахтиёр деб исм қўйдик.

 

“ПУЛ КЕРАК, ПУЛ...”

 

     Айтиб ўтганимдай, яхши пул топардим.

  Мен ҳеч қачон пулни яширмаганман. Умуман, оилада пул яширишни ўзаро ишончсизликнинг бошланиши деб ҳисоблайман.

  Шу сабабли топган пулимни шифонеримиз тепасидаги кичкина чамадонга солиб қўярдим.

  Тўғри, пул миқдори тез-тез камайиб қоларди. Аммо мен у пайтлари бунга унчалик парво қилмасдим. Ахир Иброҳим ака эркак киши, тўйга боради, маъракаларга, ўтиришларга. Ҳар қалай, чўнтагида уч-тўрт сўм юрса яхши-да. Пул белни бақувват қилади, ахир. Бунинг устига, ўзидан кичик уйланмаган укаси, иккита синглиси бор. Уларнинг қўлига бир-икки сўм бериб қарашиб тургани маъқул. Ҳар қалай, ака деган номи бор.

  Эримга атаб қимматбаҳо, сифатли кийим-бош харид қилишдан эринмасдим. Пойабзалнинг ҳам фақам асл чармдан тикилганидан олардим. Етти кунга етти ранг пайпоқ, етти хил дастрўмол сотиб олгандим.

  Назаримда, ҳаёт энди доимо шундай давом этадигандек эди.

  Аммо...

  Фарзандимни туғруқхонадан олиб чиққан куни уйга келиб, сал нафас ростлагач, холодилüникни қарасам, бўм-бўш. Дарров шифонер тепасидаги жомадончани олдим. Бироз пул олиб, жиянларимдан биронтаси бозорга юбормоқчи эдим. Ахир, чақалоқни муборакбод этгани онам ёки қайнонам келиб қолиши мумкин. Дастурхонга у-бу нарса қўймасангиз уят бўлади.

  Аммо чамадон бўм-бўш эди.

  Ҳайрон қолдим.

  Ҳар нечук, туғруқхонага кетаётганимда анча-мунча пул қолгани аниқ эди.

  Эримга қўнғироқ қилдим.

— Чамадон бўшаб қолибди. Бировга қарз бердингизми? — деб сўрадим.

  Худо ҳаққи, кўнглимда бошқа гап йўқ эди.

  Шу сабабли эримнинг сал дағал оҳангда:

— Қайтараман шу пулингни! — деганини эшитиб, очиғи, ҳеч нарсани тушунмадим.

  Шу билан алоқа узилиб қолдим.

  Бу мавзуда Иброҳим ака билан кечқурун гаплаша олдим.

— Укам уйланаяпти, — деди эрим менга тик қарамасдан, кўзлари олиб қочаркан. — Озгина ёрдам бердим.

— Озроқ ўзимизга ҳам қолдирмапсиз-да, — дея ўпкаладим. — Болалик уй. Меҳмон келиши бор. Ўзим ҳам тузукроқ овқатланишим керак.

— Очдан ўлмайсан, — деб қолди тўсатдан эрим. — Эрта-индин ойлик оламан.

  Туққан, демакки бир ўлимдан қолган хотиннинг кўнгли нозик бўларкан. Шунгами “Очдан ўлмайсан” деган таъна менга анчайин оғир ботди. Аммо индамадим. Ўзимни босдим.

  Лекин маош қурғур эртасига ҳам, индинига ҳам келавермади.

  Яхшиям ишхонамиздан ҳамкасбларим келиб, болалар аравачаси ва анчагина пул ташлаб кетишди.

  Бу пул эса жуда тезликда адо бўлди.

  Шундай кунларнинг бирида онам келиб қолди чақалоқни муборакбод этишга.

  Уйда бир сиқим қаттиқ конфетдан бошқа ҳеч нима йўқ эди дастурхонга қўйишга.

  Уятдан ерга кириб кетгудай бўлдим.

  Ҳалиям онам бечора нондан тортиб узумгача кўтариш билан кифояланмасдан бир лаган ош ҳам олиб келган экан. Ўзининг зиёфатини ўзига тутдим...

  Онам кетганидан сўнг хўрлигим келди.

  Ахир Бахтиёржоним тўйиб-тўйиб сут эмиши учун ҳам яхши еб, яхши ичишим керак-ку.

  Кечқурун шу гапни айтдим.

— Адаси, — дедим биринчи маротаба Иброҳим акани шундай атаб, — сут етиши учун тузукроқ овқатлардан еб-ичиб туришим керак экан. Шунга уч-тўрт сўм пул бўлса ё ўзингиз бозор қилиб келсангиз...

  Эрим бир муддат ўйланиб қолди, сўнг оғир уф тортиб қўйгач, оҳиста деди:

— Ҳаммага пул керак, пул... Лекин пул топиш осон эмас. Менам ўйнаб юрганим йўқ. Ойлик бергандан ҳаммасини олиб келиб қўлингга тутаман. Қўрқма, ўзимга бир сўм ҳам олиб қолмайман...

  Айтдим-ку, сал кўнглим нозик пайтлар эди. Шу сабаблими, чидаб тура олмай, эътироз билдирдим:

— Мен қўрқаётганим йўқ, адаси. Лекин оила бўлгандан кейин уйда уч-тўрт сўм тургани яхши эди-да...

  Мен гапимни тугатолмадим. Тўсатдан эрим менга ўқайиб қаради ва:

— Миннат қилаяпсанми? — деди қаҳр билан. — Топган пулингни миннат қилаяпсанми? Менга сенинг бир сўминг керак эмас эди. Ўзинг ишладинг...

— Вой, қанақа миннат, Иброҳим ака...

  Хуллас, шу куни биринчи маротаба жанжаллашиб қолдик ва алоҳида хоналарда ётдик.

 

МАШАҚҚАТЛИ КУНЛАР

 

     Жанжал ўз йўлига.

     Бироқ эримнинг ойлиги келиши жуда қийин кечди.

  Ниҳоят ваъда берилганининг еттинчими-саккизинчи куни Иброҳим ака бир ҳовучгина пулни олиб келиб, столга ташлади.

  Ойликни санаб чиқдиму, қўрқиб кетдим.

  Бу пулни нимага етказиб бўлади?..

  Ҳали олдинда бешик тўйи бор.

  Ўйлай-ўйлай, ахийри онамга қўнғироқ қилдим...

  Яширмайман, уч ойдан кўпроқ вақт мобайнида онам бериб турган пул эвазига рўзғорни тебратиб турдик, унча катта бўлмаса ҳам, бундайроқ қилиб бешик тўйини ҳам ўтказдик...

  Эрим, ҳар қалай, аҳмоқ ёки фаросатсиз одам эмас-ку, пул қаердан келаётганини англаб-билиб тургандир.

  Лекин Иброҳим ака миқ этмасди...

  Ўйлаб қарасам, бундай аҳволда яшаб бўлмайди.

  Эрга чиққан, бунинг устига ўз фарзандим бўлсаю, ҳамон онамнинг не азобларда топган пулига шерикчилик қилсам...

  Бунақа пайтлари ўз-ўзимни ёмон кўриб кетардим.

  Бунинг устига, қўлдан берганга қуш тўярмиди.

  Ҳамма нарсада иқтисод қилишга уринардим.

  Ахир эримнинг топгани рўзғорга урвоқ ҳам бўлмасди...

  Қийналиб кетдим.

  Нимадир қилиш керак эди.

  Аммо нима?

  Тўғри, эрим ишлаяпти, маошини тўлалигича олиб келаяпти. Иброҳим акамнинг қўлидан бундан ортиқ нима келиши мумкинлигини ўйлаб ақлимга сиғдиролмасдим.

  Замон ўзгармоқда-ку, ахир. “Олма пиш, оғзига туш” дея осмонга қараб ётиш ёки бўлмаса озгина маошга қаноат қилиб яшаш ҳам мумкиндир, эҳтимол. Аммо мен бундай ҳаётга рози эмасдим. Инсон дунёга бир марта келганидан кейин...

  Иброҳим акани бир-икки марта тадбиркорлик қилишга, ҳеч бўлмаса бозордан бирон кичикроқ дўконча очиб қўйишга кўндиришга уриниб кўрдим.

  Аммо барча саъй-ҳаракатларим беҳуда кетаверди.

— Бунақа ишлар менинг ҳам қўлимдан келади, — деб туриб олди эрим кўзини лўқ қилиб. — Лекин бунақа ишларни бошлаш учун учун ҳам катта пул керак...

  Мана шу сўнгги далил шу эслатишсиз ҳам менга аён эди.

— Эҳ, қанди энди минг долларгина пулим бўлганда, — деди эрим ҳаяжонланиб. — Катта бир ишни бошлардим. Дўкон очиб, кунига минг-минглаб пул топардим. Ана ўшанда кўрардинг менинг кимлигимни! Бозорда зўр жой бор. Озиқ-овқат дўкони очсанг, ёнбошидан пивбар очиб қўйсанг пул дегани оқиб келиб ётади-да ўзиям...

— Насиб қилиб қолар, — дедим пичирлаб.

  Аммо аввал чамадончада йиққан пулимиз минг доллардан ошганида ҳам нега бу ишга қўл урмагани сабабини эримдан сўролмадим...

 

“БУНИ БОПЛАЙМАН!”

 

     Бахтиёржоним тўрт ойлик бўлди.

  Уни эмизишда ҳамон қийналардим. Рўзғорда овқат кунига бир махал тайёрланарди. Боламга давлат тўлаётган пул ҳам рўзғор камчилигига, ҳеч адоғи кўринмас тўй-маъаракаларга кетиб қоларди.

  Охири чидаб туролмадим.

  Чақалоғимни кўтариб банкка бордим.

  Гўёки ҳамкасбларимдан бир хабар олгани.

  Аслида эса...

  Янглишмаган эканман.

  Эски мижозларимдан икки-учтаси йўлиқди.

— Болангиз бўлса, бизнинг отчётларни уйингизда бўлсаям қилиб бераверинг, синглим, — деб қолди улардан бири. — Билмайман бу падарқусур буғалтирим оёғида ҳисоблайдими, ишқилиб, бошим жаримадан чиқмай қолди...

  Аслида шу ниятда келгандим бу ерга.

  Отдан тушсам ҳам эгардан тушгим келмагани боис, бепарвороқ оҳангда гапиришга уриндим:

— Ҳа, майли, қўлим ишдан чиқиб қолмаслиги учун қилиб бераман.

  Фермернинг юзи ёришиб кетди:

— Барака топинг-ей, синглим...

  Шундай қилиб, мен уйимда фермерларнинг ҳисоботларини тайёрлаб бера бошладим. Аввал иккитасиники, кейин учтасиники...

  Тез орада мижозларим сони яна кўпайди.

  Бу эса жарақ-жарақ пул дегани эди.

  Иброҳим акам барисини кўриб-билиб турарди, аммо миқ этмасди.

  Рўзғоримиз яна тўкинлашди.

  Олган пулларимни олиб боргандим, онам уришиб-уришиб қайтариб берди.

— Сен тинч яшасанг бас, қизим, — деди онам кўзига ёш олиб. — Ўша пул бош-кўзингдан садаға.

  Бу сафар пишиқлик қилдим. Топган пулимнинг тахминан учдан бирини ўша чамадончага қўярдим, қолганини эса яшириб ташлардим. Зеро, чамадончага қанча пул қўйсам ҳам барибир эримнинг сарф-харажатларидан ортмаслигини яхши англаб етган эдим.

  Ниҳоят яширин жамғармам тахминан минг долларга етганида Иброҳим акамни чақирдим ва яна бозордан дўкон очишни таклиф этдим. Эрим пул ҳақида гап очганида маблағни қўлига тутдим.

— Бу ерда роппа-роса минг доллар, — дедим. — Боринг, кўринг, маслаҳатлашинг. Доимий даромад келиб турадиган бир дўкон очиб қўйинг.

— Буни боплайман! — деди эрим гердайиб. — Шу пайтгача пулим бўлмай қисилиб юргандим-да. Мана кўрасан, ҳали сендан ҳам кўп пул топадиган бўламан!

— Илоё айтганингиз келсин, — дедим чин кўнгилдан.

 

ЎЗИМГА ИШОНДИМ

 

     Бекорга элбурутдан хурсанд бўлган эканман.

     Минг доллар пул роппа-роса ўттиз тўрт кунга етди.

  Эримнинг дўкон, пивбар ҳақидаги орзулари юлдуз кўрмай жон берди.

  Иброҳим акам аввалдан бозорқўмга, солиққа, ишқилиб ким сўраса чўтал бераверган, ниҳоят ижарага бир дўкон ҳам олган. Лекин уловидан тушови қимматга тушган дўкон икки ҳафта ишлаб, олти юз долларлик зарар билан чиққан. Эшитишимча, бирдан сахий тадбиркорга айланиб қолган эрим қайси танишини кўриб қолса бас, килолаб колбасаю яшиклаб пиволарни текинга улашаверган...

  Эрим синди...

  Бироқ ҳаёт давом этаётганди.

  Яшаш керак эди. Ўзим учун, фарзандим учун.

  Мен яна енг шимариб ишга киришдим.

  Энди қолган фермерларни ўзим излаб бордим.

  Энди ўзимга ва фақат ўзимга ишондим.

  Машаққатли иш кунлари бошланди.

  Бахтиёржонимни эмизишим, кун бўйи қимирлаймай ўтириб ҳисоботларни тайёрлашим, савол туғилиб қолган тақдирда фермерларнинг ҳеч рисоладагидай ишламайдиган қўл телефонарига қўнғироқ қилиб, бақира-бақира бир амаллаб лозим рақамни олишим керак эди.

  Устига-устак кечки овқат тайёрлаш, кир-чир, уйни супуриб-сидириш...

  Бир йиллик умрим оғир меҳнат билан ўтди.

  Ахийри Бахтиёржонимни сутдан айириб, боғчага эмас, онамнинг қўлига топширдиму, ишга чиқиб кетдим.

  Эрим бунга қаршили қилмади. Аксинча, сукут ила розилик билдириб тургандай эди назаримда...

  Мен яна бошим билан ишга шўнғидим.

  Пул топиб келишдан чарчамасдим. Ҳамон олиб келган пулларимнинг учдан икки қисмини яшириб қўярдим. Қолган учдан бирининг тагига эрим сув қуярди.

 

“БОШҚАСИНИ ТОПДИНГМИ?”

 

     Энди ҳаётим мана шундай тарзда кечадигандай эди.

  Фақат... энди эримни ортиқ ҳурмат қилмай қўйгандим.

  Йўқ, йўқ, мен асло топиб келган пулларимни миннат қилмоқчи эмасман. Агар Иброҳим акам ҳеч бўлмаса бир марта “раҳмат” деб миннаторчилик билдириб қўйса эди. Қаёқда! Худди шундай бўлиши керакдай, мен пул топиб келишга мажбур бандидай ишдан кечқурун қовоғини очмай келади, яна шу алпозда эрталаб чиқиб кетади.

  Бора-бора чарчадим.

  Ахир мен аёлман, бетиним ишлайдиган конвейер эмасман.

  Бу кўнгил яхши гап, меҳр истайди. Ширин сўзлар эшитсам дейман, эрим менга пул тўла қопга қарагандай қарамаса, ширин сўзлар айтса, суйиб-эркаласа дейман...

  Ҳолбуки, орада муҳаббат деган улуғ туйғунинг “м” ҳарфи ҳам қолмаган...

  Мен...

  Ажралишга қарор қилдим.

  Ахир ўзинг севмаган, ҳеч бўлмаса ҳурмат қилмаган одаминг билан қандай қилиб бир умрга яшаб ўтиш мумкин?..

  Ўйлай-ўйлай, ахийри бу ниятимни эримга айтдим.

  Буни кутмаган экан, Иброҳим аканинг кўзлари ола-кула бўлиб кетди. Сўнг ўшқириб сўради:

— Айтдим-а, кейинги пайтлари юришларинг жуда бошқача деб. Топиб олибсан-да биттасини. Айт, ким у? Ҳозироқ бориб қорнини ёраман.

  Аввал кулгум қистади.

— Ёролмайсиз қорнини! У катта одам! Билмай чертиб қўйсангиз ҳам умрингизни қамоқда чиритади.

  Шунда эрим бошқача йўлга ўтди:

— Бошқасини топдингми? Ундай бўлса билиб қўй, агар мени ташлаб кетсанг, ўзимни ўлдираман! — деди у. — Кейин юрасан жавоб бериб.

  Ҳайрон қолдим.

— Сиз ўзингизни ўлдирсангиз, нега энди мен жавоб берарканман?

  Иброҳим ака ваҳимали ишшайди:

— Ўзимни ўлдириш олдидан хотиним бузуқ бўлиб кетгани учун шундай қилдим, деб ёзиб кетаман.

  Энди баралла кулиб юбордим:

— Қўйинг, Иброҳим ака, барибир бу иш қўлингиздан келмайди. Одамнинг ўзини ўлдириши учун ҳам... юрак керак.

  Шу билан даҳанаки жангимиз тугади.

  Тўғри, эрим бир-икки марта ишхонамга бостириб келди, мижозларимга ёвқараш қилиб турди-турди-да, охири индамай чиқиб кетди.

  Аёл кишининг эридан ҳафсаласи пир бўлса ёмон экан!

  Суймаган ошингни ичкинг келмайди-ку ахир!

  Охири судга ариза бердим.

  Аммо судда ниятимни тушунтириб беролмадим.

  Тўғри-да, эрим менга хиёнат қилмаса, ичмаса, чекмаса, ишга вақтида бориб, вақтида келса...

  Аммо ҳаёт деганлари фақат шулардан иборат эмас-ку ахир!

  Суд ўйлаб кўриш учун олти ой вақт берди. Ахир, ўртада фарзанд бор, болани тирик етим қилманг, деб маслаҳат ҳам беришди.

  Кўч-кўронимни олдиму, онамникига кетдим...

 

КУТИЛМАГАН МУҲАББАТ

 

   Эрим ортимдан бир-икки марта одам юборди. “Қайтиб келмаса ўзидан кўрсин! Ўзимни ўлдираман!” деб юборибди вакиллардан Иброҳим ака.

— Тинчгина жавобимни берсин, — дедим вакилларга. — Мен барибир бу одам билан узоқ яшай олмайман. Ё ўлиб қутуламан, ё тентак бўлиб!

  Мана шундай кунларнинг бирида...

  Эй худо, бу нима, банданг устидан кулишми?!

  Мана шундай кунларнинг бирида... мен севиб қолдим!

  Йўқ, йўқ, бу ҳақда ортиқча гапириб ўтирмайман. 

  Аммо севги деганлари чиндан ҳам сирли, сеҳрли туйғу бўларкан! Гўё шу пайтгача оқ-қора рангларда бўлган дунё бирдан камалак мисол товлана бошлагандай!..

  У ҳеч қанақанги “катта одам”, “амалдор” эмас, оддийгина эркак. Аёли вафот этган экан. Бир фарзанди билан яшаркан...

  Шунақа гаплар.

  Эрим ишхонамга ҳам икки-уч марта келди. Гаплашмадим. Охири у бир парча хат ташлаб кетибди. Очиб кўрсам, икки оғиз сўз: “Ўзимни ўлдираман!”

  Банкда ишлаб, қонун-қоидани ўзлаштирганм яхши бўлган экан. Анча-мунча кредит олиб, уйимиз ёнидаги бир ҳовлини сотиб олдим. Озроқ таъмирдан сўнг уй бирдан чиройли бўлиб кетди назаримда.

  Буни эшитган эрим дарҳол ҳовлига кўчиб келмоқчи бўлибди...

 

ПЎПИСАЛАР ДАВОМ ЭТМОҚДА

 

     Белгиланган олти ой ҳам ўтди.

     Судда ўз айтганимда туриб олдим. Бахтимгами, эрим судüянинг саволларига жавоб бераётган маҳал:

— Бу биттасини, катта одамни топиб олган, — деб юборди.

  Бир нимани тушунгандай бошини сарак-сарак қилган қози ниҳоят бизни ажратди.

  Уйга қушдай енгил бўлиб қайтдим.

  Дунё... гўзал эди.

  Уй-жойим, ширингина фарзандим, ўзим ғойибона кўнгил қўйган одамим бор. Бахтли яшаш учун бундан ортиқ яна нима керак?..

  Аммо, мана, ажрашганимизга беш ой бўлиб қолдики, собиқ эрим мени сира тинч қўймайди.

  У гоҳ одам юбориб, агар ярашмаса ўзини ўлдирмоқчи эканлигини билдиради. Гоҳида қўнғироқ қилиб:

— Майли, хиёнатингни кечирдим! Дарров уйга қайт ё бўлмаса мени уйингга кирит! — дейди. — Бўлмаса ўзимни ўзим ўлдираман!

  “Қанақанги хиёнат?” деб сўрасам балога қолишим аниқ. Шунинг учун индамай қутуламан.

  Собиқ эрим кунда-кунора банк эшиги ёнида мени ўқрайиб кутиб олади. Сўнг ёнимга келади-да, вишиллайди:

— Агар ярашмасанг, ўзимни ўлдираман!

  Мен авваллари ётиғи билан Иброҳим акага энди биз ажралишганимизни, битта оила эмаслигимизни тушунтиришга уриниб кўрдим. Аммо бу бефойда эди. Собиқ эрим барибир ўз билгандан қолмасди...

 

     Ҳурматли мухлислар! Олимлар, руҳшунослар! Маслаҳат беринг, нима қилай? Зеро, агар аҳвол шу тарзда давом этадиган бўлса, тез орада ақлдан озиб қолишим ҳам мумкин. Ахир... бир одамни яхши кўраман. Унга бир нима дейишга эса уяламан. Ахир у ҳам эримнинг хурмача қилиқларини кўриб юрибди-ку.

Нима қилай, азизлар? Қандай йўл тутай? Илтимос, маслаҳат беринг...

 

Ҳурмат ва эҳтиром билан, сизларнинг мактубларингизги кутиб қолгувчи

Дилфуза. Самарқанд вилояти

Оққа кўчирувчи - Абдуқаюм Йўлдошев.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот