Энг катта бойлигим - оилам


   Бугунги суҳбатдошимизни ойнаи жаҳон маликаси, мафтункор сухандон ҳамда фидоий инсон дея атасак адашмаймиз, албатта. Аввалига Мавлудахон Сафарова бўлиб мухлислари қалбидан жой эгаллаган ёш қиз, мана салкам 20 йилдирки, касбининг устасига айланишга улгурди. Ёдингизда бўлса, Мавлуда Аҳмедовасиз кўплаб концерт дастурлари-ю, ойнаи жаҳонни тасаввур қилиш қийин эди. Ҳатто Россия телевидениеси орқали ҳам бу инсоннинг самимий чеҳрасини учратиш мумкин эди, 80-йилларнинг иккинчи ярмида Мавлуда опа айни кунларда нафақат телевидение,балки оиласининг  ҳам соҳибжамоли. Наврўз Аҳмедовнинг севимли рафиқаси ва 3 фарзанднинг меҳрибон онаси.
- Мавлуда опа, ҳаммаси нимадан бошланган эди?
- Барчаси албатта болалигимдан бошланган. Бувижоним "Бу неварам томоша қиладиган қиз-да, келажакда диктор бўлиши керак", - дея тўғри башорат қилган эканлар. Уларнинг гапидан илҳомланиб, ойнага қараб ўтириб олардиму, гўёки ҳақиқий сухандондай гапира бошлардим. Мактабни тамомлагач, опамнинг ундаши билан ҳозирги Маннон Уйғур номидаги санъат олийгоҳига кирдим. У пайтда, танловдан барча ҳам осонликча ўтиб кетавермасди, чунки биринчи галда ташқи кўринишга эътибор бериларди. Талабалик давримда телевидениеда сухандонлар танлови эълон қилинганини эшитиб қолганман. Болалигимдаги орзу менда жўш урган, ҳамда синовлардан ўтиб ишга кирганман.
- Сиз нафақат бизнинг, балки Россия телевидениесини ҳам забт этгансиз, шундай эмасми?
- 1987 йил Низомий номидаги Педагогика институтида сиртдан ўқиб юрган кезларим, яна танловлар...Бу гал эса Москвага йўлланма. Эсимда, ўша пайтда  "Сухандон Мавлуда Сафарова Москвага кетибди, у ерда турмушга чиққанмиш", деган миш-миш тарқалганди. Москвада иш қизғин, эфирларни, турли кўрсатувларни олиб борардим, хуллас сухандонликнинг сирларини тобора чуқурроқ англаб борардим. Маълум муддат ишлаганимдан сўнг, она Ватанимизга қайтиб келдиму, фаолиятимни давом эттирдим.
- Қайси бир фаолият даврингизни ширин бир энтикиш билан хотирлайсиз?
- Барибир ёш, кучга тўлган, ишлар қайнаган давримни-да. Ҳали оила қурмаганман. Тўғридан-тўғри эфирми, концертларми, мени таклиф қилишарди. Тасаввур қилинг, ҳар 20 минутда эфирга чиқиб, дастур давомини эълон қилардим. Ўша кезлари мухлисларимдан жуда кўплаб хатлар келарди. Аввалига қизиқиб, ҳар бирини ўқиб кўрардим. Кимдир севги изҳор қилган, яна кимдир учрашувга таклиф қилган, хуллас иш ҳам, таассуротлар ҳам кўп бўлган.
- Бугун-чи?
- Бугун эса оилам, турмуш ўртоғим, болаларим бор. Аёл учун эса оиласидан-да муҳимроқ маскан йўқ, аслида. Ҳаётим давомида кашф этган олтин қоида ҳам шу-да. Фарзандларимга кўпроқ вақт ажратишга ҳаракат қиламан. Хиёбонлар борми, байрамларда доим биргаман. Мени тушунадиган, ҳаётда қўллаб-қувватлайдиган суянчиғим - турмуш ўртоғим ажойиб инсон. Онажоним ҳам дуоимда.
- Ҳозирги пайтда телевидение орқали нафақат сухандонлар, балки кўрсатув муаллифлари, журналистларни ҳам кўраяпмиз. Олдин эса фақат сухандонлар эфир олиб боришарди...
- Сизни тушундим. Бундай ҳолатдан хафа эмасмисиз демоқчисиз-да. Асло. Ўз даврида мазза қилиб эфир маликаси бўлганмиз, бугунги ёшлар учун рақобат кучли. Улар бизга ҳавас қилса арзийди. Бугун талаб бошқача, шу сабабли замонга қараб мослашиши керак. Айни пайтда иш жуда кўп бўлмаса-да, ҳар ҳолда фаолият юритаяпмиз. Биласизми, мумтоз адабиётимиз дурдоналари ғазалларни ўқишни хуш кўраман. Худо хоҳласа, эфир орқали томошабинларга тақдим этаман.
- Тасаввур қилинг, кўчада сизни ҳеч ким танимаяпти, кўрсатувлар олиб боришга таклиф  қилишмаяпти.
- Агар шундай вазият бўлиб қолса, ҳеч ҳам  афсус чекмайман. Юқорида айтганимдек, менда энг катта бойлик бор - оилам.  Инсон бир умр бирор бир лавозим ёки машҳурликни ушлаб тура олмайди.
- Ойнаи жаҳонда ўзгача ибо, латофат, вазминлик ила намоён  бўласиз. Ҳаётдаги Мавлуда опа қандай?
- Ўзимга баҳо бериш қийин. Бу саволингизга атрофимдаги инсонлар яхшироқ жавоб беришса керак. Авваллари барча нарсаларга эътироз билдирмай рози бўлаверган бўлсам, бугун эса ундай эмас. Бугун тўғрини тўғри, нотўғри ишни  нотўғри дейишга одатланганман. Бундай хислат ҳаёт давомида шаклланган бўлса керак.
- Ўзингизни кучли аёл деб ҳисоблайсизми?
- Оилада турмуш ўртоғим устун, албатта. Мабода ҳукм чиқариш ёки вазиятдан тезда чиқиб кетиш талаб қилинса, эплай олсам керак.
- Суҳбатимиз сўнггида "Бекажон" ижодкорларига, мухлисларига дил сўзларингиз.
- Мен аввало "Бекажон" ижодкорлари ва мухлисларига соғлиқ, тинчлик, бахт тилайман. Рангли саҳифалару, турфа мақолалар, сканвордлар билан инсонларни хушнуд этишда, ҳормай-толмай ишлашда куч-қувват тилаб қоламан.
- Мазмунли суҳбатингиз ҳамда самимий дил сўзларингиз учун раҳмат. Доимо шундай мафтункор бўлиб юришингизга тилакдошмиз.

Нодирахон суҳбатлашди.
Манба: "Бекажон" газетаси, 2003 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот