ЗУККО БОЛАНИНГ ЖАВОБИ


 

ЗУККО БОЛАНИНГ ЖАВОБИ

 

 (Ҳажвия)

 

     Бектемир акани биласиз-а? Йўқ, дейсизми?! Унда зукко бола ҳақидаги анави латифани-чи? Ҳа ана, биларкансиз. Бўлмаса, бир бошидан гапириб берай. Аслида бу воқеа Бектемир аканинг ҳаётида бўлиб ўтганди. Ўзим гувоҳи бўлганман.

Бектемир ака азалдан шўх одам. Болаларнинг жиғига тегиш энг яхши кўрган амали. Айниқса, қўлида китоб тутган болани кўрса, савол бериб уни "мот" қилишни ёқтиради. Индамай келади-да, ё қулоғидан тортади, ё бир туртиб кутилмаган савол беради.

Хуллас, теша тегмаган савол билан болани қизартиради-да, “ана кўрдингми, сен ўқиган китоблар бўлмайди, мана биз ўқиганмиз китобнинг зўрини" деб, қаҳ,-қаҳ отиб кулади. Одатда у исмини билса ҳам "хўш Кимжон, бир саволга жавоб бер-чи..." деб |гап бошлайди. Турган гап, "Кимжон" кимлигини англаб олгунча боши қотади.

Ўша куни ҳам шундай бўлди. Бектемир ака бекатда автобус кутиб ўтирганди. Қараса, бир бола келиб бекатдаги ўриндиққа ўтирди-да, йўлга бир қараб олиб, сумкасидан китоб олиб варақлай бошлади.

Бектемир акага жон кирди.

– "Кимжон...", - деди тиржайиб.

–  Бир бўғин, - деди бола қувлик билан.

–  Нима?

–  Бир бўғин етмаяпти.

– Йўғ-е?! Ростданми, - масхаромуз кулди Бектемир ака. – Қаерда яшайсан?

–  Бу ердан кўринмайди.

  • Оҳо, оҳо, шундай эканми? Хўш, ким билан яшайсан?
  • Уйдагилар билан, - жавоб берди бола пинагини бузмай.
  • Ия, - қизиқиши орта бошлади Бектемир аканинг – Оилам билан десанг-чи!
  • Ҳа оиламиз билан.
  • Бектемир ака тайинли гап олиш илинжида уни сўроққа тута бошлади:
  • Менга қара оилаларинг каттами?
  • Ўртача.
  • Нечта одам бор, уйларингда?
  • Нечта коса бўлса, шунча киши бор.

Бундай жавобни кутмаган Бектемир ака нима қилиб бўлса-да, аниқ, жавоб олишга уринди.

  • Ҳа, ана. Уйда нечта коса бор ўзи?
  • Ҳар қошиққа биттадан коса бор, - деди бола автобус келадиган йўлга бир қараб олиб.
  • Ўв бола, ҳазиллашма. Хўп ана, қошиқчи, қошиқ, нечта?!
  • Қизишманг, амаки. Ҳамманинг ўз қошиғи бор,- деди бола ва етиб келган автобусга ўзини урди.

Бектемир аканинг хуноби ошиб унинг ортидан бақирди:

  • Уйда каттасимисан, кичигимисан?
  • Ўртанчасиман, - жавоб берди бола, автобус деразасидан бошини чиқариб.
  • Кимжон... Э-э, ҳой бола, тўхта
  • Мен тўхташим учун автобус тўхташи керак.
  • Битта саволга жавоб бер-чи, бу нима деганинг, кимдан кейингиси?.
  • Акаларимдан кейин, укаларимдан олдин туғилганман.
  • Бектемир аканинг ростакамига жаҳли чикди. Шу автобус уйи томонга юрмаганлиги алам қилди. Атрофга аланглаб, такси қидира бошлади.

Бу пайтда бола ўриндиққа ўтириб, сумкасидан "Зукко болалар" нашриётида чоп этилган "Ғалати саволларга - қизиқарли жавоблар" деган китобни олиб вараклай бошлади...

 

    Норсафар ИМОМОВ