СИНОВ (Аудио ҳикоя)


     Мен Сайёра исмли бир қизни ёқтириб қолдим. 

   Туйғуларимни ичимга сиғдира олмасдан, ёши каттароқ дўстим Жўрабекка ҳаммасини тўлиб-тошиб айтиб бердим.  Ҳар қалай, у мендан беш-олти кўйлакни ортиқроқ йиртган, бунинг устига аллақачон уйланиб, фарзандли бўлишга ҳам улгурган. Шунда у мендан сўраб қолди: 

     — Уни ҳеч синаб кўрдингми? 

     Ҳайрон бўлдим:

     — Йўқ. Қандай қилиб синаш керак?

         Жўрабек қийқириб кулди: 

     — Соддасан-да, Акмал, соддасан. Оила қуришга аҳд қилдингми, бўлажак ёрингни ҳар томонлама синаб кўриш лозим. Айтадилар-ку: «Синалмаган отнинг ёнидан ўтма, тепади, қулатади»,  деб. Биласанми, Гулзода келинойингга қанақа қилиб уйланиб олганман? Ҳозир айтиб бераман. 

      Бир куни десанг, курсдошим Аҳмад билан истироҳат боғини айланиб юрсак, ўриндиқлардан бирида ниҳоятда кетворган қиз китоб ўқиб ўтирибди. Бахтимга яқин атрофда ҳеч зоғ кўринмайди. Ичимда «Оҳ, жонингдан аканг!», дедим-у Аҳмадга ялиндим: “Жон оғайни, шу ўтирган қизга шилқимлик қилгин. Иложи бўлса, пичоқ ўқталиб, пул ҳам сўра”.

      Бу гапни эшитган Аҳмад чўчиб кетиб, худди мени биринчи марта кўраётгандек, менга ҳайратланиб қаради: “Нима бало, ақлдан озганмисан? Бирор маротаба шунақа ёки шунга ўхшаш ишлар қилиб юрганимни кўрган ё эшитганмидинг? Ке… қўй, бунақа гапларингни оғайни, мени ёмон йўлга бошлама. Пулини бошимга ураманми? Яна келиб-келиб қиз болага зўравонлик қиламанми? Йў-ўқ, бунақа бемаънилик менга тўғри келмайди”.

       Мен унга асл мақсадим бошқа эканлигини ётиғи билан тушунтира бошладим: “Гапни охиригача эшит-да. Сен ёлғондан пўписа қиласан. Мен эса уни «безоридан», яъни сендан қутқазган бўламан. Ана ундан кейин қаҳрамонлик кўрсатганим учун унинг менга нисбатан бўлган ҳурмати ортади. Бирдан севиб қолса ҳам ажаб эмас. Менга миннатдорчилик тўла оҳу кўзларини тикиб, жилмайганча: «Раҳмат! Сиз халоскоримсиз!»  дейди. Мен эса бу гапга жавобан: «Арзимайди. Юринг, уйингизгача кузатиб қўяман, акс ҳолда у изингиздан пойлаб, сиздан қасд олиши мумкин», деб юрагига ваҳима соламан. Қарабсанки, баҳонада ҳам танишиб оламан, ҳам муҳаббатини қозонаман!”

      Аҳмад кулиб юборди: “Балосан-а, балосан!”

      “ Ўчир! Эшитиб қолмасин. Хўш, розимисан?” дедим.  

      “Бўпти, сен учун розиман, аммо битта шартим бор: битта яримтага эрийсан”, деб туриб олди.

      “Э, бўпти, бўпти, имилламасанг-чи!” дедим хуноб бўлиб.

      Аҳмад яна айтганида туриб олди: “Йўқ, аввал бешни ташла”.

      Мен унинг кафтига кафтимни ташладим. У бўлса куйдирилган калладай тиржайиб турибди. Бақириб юбордим: “Тезроқ олдига борсанг-чи! Ҳозир кетиб қолади!”

      Аҳмад бўлса “Бақирма-е, керак бўлса ҳозир мен ҳам кетиб қоламан! Олдин бешни ташла, деяпман-ку, нега тушунмайсан?!” дейди яна без бўлиб. 

      Жазавам тутиб, кафтига кафтимни қарсиллатиб ура кетдим. Аҳмад қўлини тортиб олди-да, ўшшайди: “Унақа беш эмас, бошқачасидан”, дея у бармоғини бармоғига ишқалаб тушунтирди.

      Чўнтагимдаги бор пулимни икки бўлиб, ярмини тутқаздим: “Ушла, нокас, тешиб чиқсин!”

      Аҳмад бўлса яна ўзини тарозига солади: “Ие-ие, унақа дема-я, мен ҳам кетиб қолишим мумкин-а...”

      Охири Аҳмад китоб ўқиб ўтирган ўша қизнинг олдига борди. Аввал гап отди, кейин, қиз миқ этмасдан китобини ўқиб ўтиравергач ёнидан пичоғини чиқарди. Қарасам, қўрқиб кетган қиз атрофга нажот истаб олазарак боқаяпти. 

      Аҳмад бўлса пичоғини қизнинг сумкачаси томон яқинлаштираяпти. 

      Фурсатни қўлдан бой бермай, югуриб бора-сола «безори»ни роса дўппосладим. Кейин, орқамга ўгирилиб қарасам… Не кўз билан кўрайки, қиз кетиб қолибди! “Мен уни «қутқараман» деб жонимни Жабборга берсам-у, у бўлса хайр-маъзурни ҳам насия қилиб қочиб кетса-я, номард!” деб ўйладим алам билан. Энди «Тур ўрнингдан, Аҳмад, кетдик», демоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган ҳам эдимки, уч-тўрт қадам наридаги дарахт орқасидан кўриниб турган узун кокилга кўзим тушиб қолди. Аҳмадга секин шивирладим: “Ўрнингдан туриб, мени сўкканча қочиб қол”.

      Аҳмад мени бисотидаги энг ноёб сўкинишлар билан сийлаганча, жуфтакни ростлади. 

      Шундан кейингина қиз ёнимга келди ва хавотирланиб сўради:

    — Сизга ҳеч нарса қилмадими?

    — Нима ҳам қила оларди? – дея керилдим. – Кўрдингиз-ку, боплаб адабини бериб қўйдим. Аттанг, кетиб қолибсиз-да, бўлмаса кечирим ҳам сўратмоқчи эдим. 

    — Раҳмат! Сизга миннатдорчилигимни қандай изҳор қилишниям билмаяпман. Агар сиз бўлмаганингизда, ёнимдаги стипендиямдан қолган охирги пулимни ҳам олиб қўярди. Кечирасиз, исмингиз нима?

     — Жўрабек, – дедим қувониб, – сизники-чи?

     — Гулзода.

      Ана шу воқеадан кейин муҳаббат борасидаги ишқий саргузаштларим бошланиб кетди. Деярли ҳар куни учрашамиз. 

      Бир куни унинг менга бўлган муҳаббатини синамоқчи бўлиб, яна Аҳмадга мурожаат қилдим: 

      — Бугун кечроқ Гулзода билан учрашмоқчиман. Сен яна бир марта безори бўлишинг керак бўлади. Фақат бу гал пичоқни унга эмас, менга ўқталасан. Орқамдан келиб, бўғзимга пичоқ тирайсан-да: “Ҳа, қўлга тушдингми, аблаҳ?! Мана энди сен билан ҳисоб-китоб қиламан! –  дейсан. Сўнгра Гулзодага: — Қани, бўл, бор пулингни чиқаз, бўлмаса бу мишиқини сўяман!” – дейсан. Қани, нима қиларкин? Агар қочиб кетса, демак мени севмайди. Агар бор   пулини чиқарса, демак мени севади. Ундан пулни олгунга қадар бир қўлинг бўйнимда, иккинчи пичоқ ушлаган қўлинг томоғим остида бўлсин. Пулни олиш учун қўлингни узатганингда, иккинчи қўлингдан халос бўламан ва вазиятдан фойдаланиб, тирсагим билан сенга «қақшатқич зарба» бераман ва сени ўласи қилиб савалайман. Агар айтганларимни қилсанг, сени ресторанга олиб кираман. 

      Ресторанни эшитган Аҳмад дарҳол рози бўлди.

       Кеч тушди. Биз Гулзода иккимиз хиёбонни сайр қилиб юргандик. Шу топ Аҳмад орқамдан келиб, кекирдагимга пичоқ тиради. Гулзода қўрқиб кетиб, бақирмоқчи бўлганди, Аҳмад унга ўдағайлади:

      — Ўчир! Агар додлагудек бўлсанг, мана бу гўрсўхтани сўяман! Ўзи кейинги кунларда кўзим қонга тўлиб юрибди. 

      Шундан кейин Аҳмад менга дўқ урди: 

      — Хўш, ошиқ йигит! Қўлга тушмас экансан-а? Мен сен маразни қанча пойлаганимни билганингда эди. Ўшанда, эсингда бўлса, бу қизни қутқазган эдинг. Унга айт, энди у сени қутқарсин, агар қўлидан келса.

      Гулзода йиғлаб, Аҳмадга ялина бошлади: 

      — Жон ака! Мана, пулларимни олинг, розиман, аммо бу йигитга зиён-заҳмат етказманг, илтимос

      У шундоқ дея, қўллари билан юзини тўсганча ҳўнграб юборди. Аҳмад менга «Зўр-ку бу қизинг», дегандек кўзини қисиб қўйди-ю ролини моҳирона ўйнашда давом этди:

      — Пулларимни олинг, дегандек бўлдингми? Ё қулоғимга чалиндими? Қани пул? Кўрмаяпман-ку? Чўз бу ёққа!

       Мен Гулзодага: 

      — Қочинг, Гулзода! Бу нокас, разилга бир тийинингизни ҳам берманг, – дедим. 

      Аҳмад бўғзимга пичоқни қаттиқроқ тиради ва: 

      — Ўчир, кўппак! Нима, жонингдан тўйдингми? Агар бу оппоқ қиз пулларини чўзмаса, жонингдан умидингни узавер, – деди масхараомуз оҳангда. 

      Гулзода елкасига илиб олган сумкачасини очиб, ичидан пулларини олиб, унга узатганди, «безори» сўради: 

      — Бу ерда қанча?

      — Ўн беш.

      — Ие, атиги ўн беш минг сўм, холосми? Бу чойчақангни гадойга садақа қиларсан. Мен чўнтак кесганимда ҳам бу чойчақангдан кўра кўпроқ пул топаман.

     — Стипендия олган куним албатта тўлайман! Ҳозирча бор пулим шу.

     — Унда, қулоқларингдаги тилла зиракларингни ҳам ечиб берасан, – деди «ноинсоф йўлтўсар».

         Гулзода зиракларини ечиб, унга узатди. Аҳмад тилла зираклар ва пулларни олиш учун қўл узатганда, фурсатни қўлдан бой бермай, унинг пичоқ тутган қўлини маҳкам ушлаб олдим-да, тирсагим билан биқинига зарба бердим. У мункиб кетганда, қорнига тепдим… Хуллас, онасидан туғилганига пушаймон қилдирдим. Буларнинг ҳаммаси, албатта, ҳинд киноларидагидек ёлғондакам зарбалар эди. Аммо четдан қараган одамга чинакамдек таассурот қолдирарди. 

      Охири Аҳмад қочиб қутулди. Мен эса Гулзодам билан ёлғиз қолдим.

      Севгилимнинг менга кўрсатган садоқатидан кейин муҳаббатим янада ошди. Гулзода ҳам менинг «жасоратимни» кўриб, менга бўлган меҳр-муҳаббати юз чандон ортди. Ахир, бунақанги «қаҳрамон» йигитни қайси қиз ҳам орзу қилмайди? Кейин тўй қилдик... 

      Яна бу гапларни келинойингга ёки бошқа бировга оғзингдан гуллаб ўтирма-я.

      — Йўғ-ей, ўлибманми гапларингни бошқаларга айтиб, – дедим.

      — Хўш, синовни бошлаймизми бўлмаса? – деб сўради Жўрабек.

      — Бошлаймиз, – дедим.

      — Қачон?

      — Эртага кечқурун.

      – Бўпти, келишдик.  


      Эртаси куни Сайёрахонни паркка боришга кўндирдим. 

      Бирга айландик, музқаймоқ едик. Хуллас, кеч тушди. Биз истироҳат боғининг хилват чеккасидан кета бошладик. Шу пайт Жўрабек орқамдан келиб, томоғимга пичоқ тиради. 

      Мен Сайёра қўрқиб кетса керак, деб ўйлагандим. Сайёра эса, пинагини ҳам бузмай, унга дўқ урди: 

      — Қўйиб юбор уни! Кимга айтаяпман?!

       Жўрабек кинояли илжайди: 

      — Бу дейман, дағдағалари зўр-ку, а? Агар бу йигит тирик қолишини истасанг, пулларни чиқар! Имиллама, чаққон-чаққон!

— Сенга берадиган пулим йўқ. Бўлгандаям бермасдим. Акмал акам ҳам сенга бир тийин бермайдилар.

      — Ўйлаб кўр. Акс ҳолда бу йигитни мол сўйгандек сўйиб ташлайман, уволига қоласан. Агар пулинг бўлмаса, зиракларингни еч.

      Сайёра бироз ўйланиб тургач, зиракларини еча бошлади. Ичимда хурсанд бўлдим: демак, мени севар экан!

      Сайёра зиракларини унга узатди. Жўрабек зиракларни эндигина олмоқчи бўлган эди ҳамки, жағига теккан тепкининг кучли зарбидан ерга гурсиллаб йиқилди. Сайёра бу билан қаноатланиб қолмасдан, яна кетма-кет унинг лунжига, қорнига, хуллас, дуч келган ерига аёвсиз тепа кетди. Мен бўлса, анграйиб қолибман. Бир вақт дўстимнинг жон ҳолатда бақирганидан ўзимга келдим:

      — Вой-дод, Акмал, оғайни, ёрдам бер, бўлмаса ўлдириб қўяди, бола-чақамнинг уволига қоласан!

      Сайёра менга ялт этиб ўгирилди: 

      — Нима? Акмал… оғайни? Ҳм-м, ҳаммаси тушунарли. Демак, менинг пулларим ва зиракларим, тилла тақинчоқларимни олиш мақсадида шеригингиз билан олдиндан тил бириктириб олган экансиз-да. Суф-э, сизга! 

       Мен Сайёрага унинг ўйлаётгани нотўғри эканлигини, аслида мақсадим бошқача бўлганини тушунтириш учун эндигина оғиз жуфтлаган эдим ҳамки, кетма-кет қорнимга ва чотимга теккан тепкидан икки букчайиб қолдим. Яна бир тепки бошимга текканида кўзимдан ўт чиқиб кетгандек бўлди. Сўнг Сайёра айланиб, афтимга чунонам тепди-ки… «шилқ» этиб йиқилдим. 

      Бир пайт ўзимга келиб қарасам, Сайёра иккаламизнинг тепамизда икки қўлини белига тираб, рақибини мағлуб қилган моҳир каратэчидек гердайиб турибди.

      — Ана бу сизларга сабоқ бўлсин, токи бошқа ожиз қизларни алдаб, молига кўз олайтирманглар! – Сайёра бизга нафрат билан тикилди-да, қўшиб қўйди: — Ўлларинг, иккита барзанги йигит бўлатуриб, қиз боладан таёқ еб ўтирибсанлар-а!

      Шу билан Сайёра кетди-борди.  

      Бир амаллаб қаддимни тикладим ва аҳволи меникидан ҳам баттар Жўрабекни сўкдим: 

      — Аҳмоқ, нега мени исмимни айтдинг? Ҳаммасини пачава қилдинг-ку, номард!

      — Ўзинг кўрдинг-ку, бўлмаса ўлдириб қўйишдан ҳам тап тортмасди. Ўзи буни қаёқдан топдинг, галварс?! Тузукроқ қизлар қуриб қолганмиди!

      — Нима бўлганда ҳам яхши иш бўлмади… Маслаҳат берган тилинг кесилиб тушсин…

      — Каллаварам, уни синаганимиз қайтага яхши иш бўлди. Бунинг учун менга раҳмат дегин. Агар унинг каратист эканлигини билмай, уйланганингдами… Ана ундан кейин кўрардинг кунингни. Ҳар куни калтак ердинг. Бировга «хотиним урди» деб айтишга ғуруринг йўл қўймасди. Ундан кўра, бир марта таъзирингни еб, ундан қутулганингга шукр қилсанг-чи!

       Жўрабек ўрнидан турмоқчи бўлган эди, бирдан «вой, ичим!», деганча қорнини чангаллаб, ерга букчайиб ётиб қолди.

      Мен унга ёрдам бериш учун ўрнимдан турмоқчи бўлгандим, ичимдан бир нарса «чирт» этиб узилгандек бўлди ва суякларимда чидаб бўлмас даражада қаттиқ оғриқ туриб, яна беҳол чўзилиб қолдим…    


                                                                         Музаффар Муҳаммадназар.
     Мазкур ҳажвия илк маротаба 1990 йил "Сурхон тонгги" газетасида, сўнгра 2008 йили "Бекажон" газетасида чоп этилган.
   Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, актёр, режиссёр ва дубляж устаси - Фахриддин Шамсиматов ижросида овозлаштирилди.