Эркалатиб эркимни йўқотдим


 
 
     Раҳматли онам ҳеч биримизни "асалим, шакарим, жоним” деб эркаламаган бўлса-да, ҳар доим унинг меҳрини сезиб турардик. Бўй етиб узатилдик, она бўлдик. Уч ўғилдан кейин қизли бўлдим. Унга Асал деб исм қўйдик. Қизим оппоқ, қош-кўзи попукдек, сочлари жингалак, исми жисмига мос эди.   Дадаси ҳам, мен ҳам уни еру-кўкка ишонмас, акалари хафа қилса, ёнини олиб, ҳар кимдан ҳимоя қилиб ўстирдик. 12-13 ёшларида у гапга кирмайдиган, ўзи билганидан қолмайдиган, арзимаган нарсага аразлайдиган одат чиқарди. Дарс қилақолсин деб уй юмушларини ўзим бажарганим сари қулоғидан телефон тушмайдиган, танбеҳ берсам, бетга сапчийдиган бўлди. Катта ўғлимни уйлантирдик.  Келин келса, яхши томонга ўзгарар, қайсарликлари қуюлиб, ювош тортар, деб ўйлагандим. Афсус, икки куннинг бирида келинойисига ҳам гап қайтариб, ҳар бир ишидан қийиқ топиб, янги келинчакнинг  ҳам  юрагини доғ қилди. 
     Мактабни бир амаллаб битириб, тиббиёт коллежига ўқишга кирди, тўғрироғи таниш-билиш қилиб тўғриладик. Шундан сўнг баттар бебош бўлди. Алламбало кийимларни кияди, сочини пешонасига тушириб, бошига кўзойнакни қўндириб олади. Оёғида баланд пошна, кўчага пардозсиз чиқмайди. Отасидан пул олиб, ўзига ёққан нарсани сотиб олади. Дадасига "Пул берманг, талтайиб кетяпти”, десам, "Менинг давримда ўйнаб қолсин”, деб баттар эркалатдилар. Коллежни тамомлагач, олий ўқув юртига ўқишга киритдик. Дадасини мансабига учиб, Асални келин қиламан деганлар кўпайиб кетди. Мен эса қизимнинг бир хонадонга бориб, у ерга мослашиб кетишига кўзим етмасди. Онасини беҳурмат қилиб гап қайтарган, ҳар бир ишни ўзи билганча ҳал қиладиган қизнинг янги уйда қўним топишига ишонгим келмасди. Ниҳоят, Асални 19 ёшида, институтнинг 1-босқичини якунлаш арафасида турмушга бердик. Қудаларимиз бамаъни, обрўли, зиёли одамлар бўлгани учун икки йил  чурқ этган товуш чиқмади. Мен эса хотиржам эмасдим. Барибир бир кун сабрлари тугагач, гап чиқишини ичимдан сезардим. Қизимнинг эрка-тантиқлиги ошган бўлса ошгандики, камаймаганди. Ҳатто фарзандли бўлса ҳам ўша-ўша шаддод, жиззаки, буйсунмас эди. Уйга ҳар икки ҳафтада келар, қудаларимнинг ҳол-аҳволини сўрасам, қўрс жавоб берар, бундоқ  фарзандга ўхшаб "Она тузукмисиз, дадам яхшимилар, акаларим яхши юришибдими”, деб қизиқмасди ҳам. Болани ташлаб, аёллар салонига югурар, сочини, тирноғини бўятиб, бозорга тушиб янги кийим олар, боласи йиғладими, қорни оч қолдими, иши йўқ эди. Мен қудаларим биздан истиҳола қилганлари учун ҳам қизимнинг феъл-атворига қаноат қилиб яшаётганларини ҳис этардим ва улар олдида қарздор ва уятли эдим. Куёвим  қизимдан тўққиз ёш катта бўлгани учун уни аяр, қаттиқ гапирмасди. Аммо сабрнинг ҳам чегараси бор деганларидек, қизим институтни тамомлаб, уйда қолгач, рўзғор иши, уй юмушларига дош беролмади. "Бўлак бўлса, ўзи учун қилади”, деб қудаларим кенжа ўғлини уйлантириш арафасида қизим ва куёвимни алоҳида квартирага кўчириб чиқаришди.  Бечора қудаларим қизимнинг айбини хаспўшлаб, ёпиб юришган экан. "Дом”га чиққач, унинг шалтоқлиги аён бўлди-қолди. Эрининг ишдан келишига овқат тайёр эмас, куйлаги ювилмаган, уйлар ивирсиқ. На боласига қойиллатиб қарай олди, на уйини эплади. Бир куни қудам келиб, "юринг, Асалхонникига кетяпмиз, набирамни бирам соғиндимки, хабар олиб келамиз”, деб қўярда-қўймай олиб кетдилар. Борганимга минг пушаймон едим, қудам олдида ер ёрилмади, кириб кетмадим. Асал телевизор кўриб, писта чақиб ўтирган экан, мебеллар чанг, ошхонасидаги газ, чойгумга қараб бўлмайди. Чирки чиқиб кетибди. Қозонда кечаги макарон қандай бўлса, шундай турибди. Қизим овқатни кичикроқ тоғорачага бўшатиб, музлатгичга ҳам қўймаган. Набирам  ўз ҳолича ўйнаб ўтирибди. Асал бизни хушламайгина қарши олди ва эриниб у ер-бу ерни йиғиштира бошлади. Ўша пайтдаги ҳолатимни сўз билан тасвирлаб беролмайман. Эҳ, қудаларимга минг раҳмат, тепса-тебранмас қизимга чидаб ўтирганларига, дедим ўзимга ўзим. Қудам сир бой бермай, "Асалхон, халтадаги гўшт, ҳўл меваларни музлатгичга олиб қўйинг, набирам кўз олдимдан ўтавериб, дадангизга айтмай келавердим. Бош набира барибир бошқача бўларкан”, деб, дарҳол фартукни тақиб, ошхонани йиғиштиришга тушиб кетди. 
     Ўша куни қайтишда қудам уйга ташлаб кетдилар. Машинада келаётганимизда ичимдан нима ўтаётганини билдилар шекили, Асал ҳақида  ҳеч нарса демадилар. Шу бир оғиз гапирмаганлари мен учун тарсакидан баттар эди. Чунки қудам гапирмасдан қизимнинг аслида қандайлигини менга кўрсатиш учун олиб келгандилар.
     Орадан бир муддат ўтиб қизим аразлаб келди. Телевизор кўриб ўтириб, овқат тагига олиб, қирмочи чиқиб кетибди. Куёвим ишдан қорни очиқиб келган экан, жаҳл устида Асални уришса, у гап қайтарибди. Кейин эридан калтак ебди. Менинг аччиғим чиқиб, "Ҳаммасига ўзинг айбдорсан, яхши хотин бўлганингда, ҳаммаёқни чинни чироқ қилиб қўярдинг, на болангни эплайсан, на эрингни”, дегандим, "Ўзингиз айбдорсиз, бошидан эркалатиб,  уй ишларига аралаштирмагансиз, юмушга ўргатмагансиз, энди эса юзимга соляпсиз”, деб ҳаммасини ўзимга ағдарди-қўйди. Бир кун, икки кун ўтди, куёвим келиб қолар деб йўл пойладим. Йўқ, келмади. Қизим ҳам ўзига етгунча, телефон қилмади, ялинмади. Иккита мағрурнинг бир-бирига бош эггиси келмади. Охир-оқибат, яшаб турган уйини қизимга ташлаб, куёвим уйдан чиқиб кетди. Қудаларим ўғлига ҳар қанча насиҳат қилишмасин, ортга қайтмайман, у менга хотинлик қилмайди”, деб кўнмади. Бир йилдан сўнг улар суд орқали ажрашишди.     
     Мана, энди ўз уйимда эмас, қизимнинг хизматкори бўлиб унинг раъйига қараб яшаяпман. Набирамни боғчага бердик. Уни олиб бориб, олиб келиш, уй тозалаш, кир-чир, идиш, товоқ, ўчоқ-қозон, деганларидек, ҳаммаси менинг зиммамда. Қизим ишга тушган. Эрта кетиб, кеч келади. Ҳеч нарса билан иши йўқ. Мен эса шу уйга ипсиз боғланиб ўтирибман. Бир жойга бемалол бориб келолмайман, маҳалла-кўйда одамлардан уяламан. Бировга қизингдан шикоят қилсанг, нотўғри тушунади, қолаверса, фарзанд тарбияси учун ота-она жавобгар. Барибир гап айланиб ўзимга келади. Шунинг учун дардимни айтолмай ичимга ютаман. Ҳеч кимга бундай тақдирни раво кўрмайман. Бошқаларга ҳам шуни такрорлайман: тарбияни бола она қорнидалигидаёқ  бошлаш керак экан. Акс ҳолда менга ўхшаб фарзандингизга сўзингиз ўтмай куйиб ўтирманг!
                                                                                             Она ноласини Азиза СОЛИҲ ёзиб олди