Қайтадан кўришмасмиз биз


     

     Ўзбекистон халқ шоираси - Ҳалима Худойбердиеванинг 1976 йилда чоп этилган «СУЯНЧ ТОҒЛАРИМ» ТЎПЛАМИДАН - "Қайтадан кўришмасмиз биз". Малоҳат Мирзомуҳаммад қизи ижросида. 

 

Сиз билан қайтадан кўришмасмиз биз, 
Биз юрган сўқмоқни ўт-ўлан босди. 
Юлдуздай икки ён учдик иккимиз, 
Нурга ғарқ бўлганда юлдузлар ости. 
Бу оқшом оламни нурга ғарқ этди, 
Туташ юракларни, аммо, тарк этди. 

Ёнма-ён турмаган мисоли учдик, 
Абадул-абадга менсиз яшайсиз. 
Кузатар эмишсиз суратимни лек, 
Йўлга умид билан нигоҳ ташлаб сиз, 
Қорасин кўрсатмас, — дер эмишсиз лол 
Йўлдан изларимни супурган шамол. 

Тушуниб-тушунмай бахт ошиёнин 
Тарк этдик, қайтадан учиб бормасмиз. 
Ва амин бўлингки, чиқса ҳам жоним, 
Кетганим кўчадан солмагайман из. 
Билмассиз лек ниҳон Сизни кўрганим, 
Дунёга сиғмай шод, маъюс юрганим... 

Интиқ туйғуларим, ўйларим маним 
Ўжар ғуруримнинг қурбони бўлур. 
Умрим сўнгигача Сизнинг эканим, 
Шу ўйим, куйимни ёритгувчи нур. 
Бундай тоқ ва лекин пок севолгай ким, 
Бу тақдирдан зарра зорим йўқ, бегим! 

Сиз билан қайтадан кўришмасмиз биз...

 
1974 йил 14 май