Дардкаш қалбни излайди


     Ўзбекистон халқ шоираси - Ҳалима Худойбердиеванинг 1968 йилда чоп этилган «ИЛК МУҲАББАТ» номли шеърий тўпламидан. "Дардкаш қалбни излайди". Музаффар Муҳаммадназар ижросида.

 

Ўйламангки, унинг қалби йўқ — 
Кўпни севар, кўпни кўзлайди. 
Ҳамма билан бўлса ҳам дўст, шўх — 
У бир дардкаш қалбни излайди.

Ҳаёт такрор учраштираркан, 
Кимни «сен»лаб, кимни «сиз»лайди. 
Йўқ, уларга бермайди у тан — 
У бир дардкаш қалбни излайди.

Дерсиз «ошиқ»лари эмас кам, 
У, қанчаси унга сўзлайди». 
Дил розларин тинглаб туриб ҳам — 
У бир дардкаш қалбни излайди.

Ёки деманг «қиш совуғидай, — 
Унга яқин юрган музлайди». 
Ўзгаларга ҳарорат бермай — 
У бир дардкаш қалбни излайди.

Деманг, маъюс тортиб қолган дам — 
«Унутган ошиғин эслайди». 
Ишончини ҳамон қилмай кам, 
У бир дардкаш қалбни излайди. 


1967 йил 8 июнь